Бу йил ҳам Андижоннинг Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғи аҳолиси “Хотира ва қадрлаш” кунини “кафанланган” ҳайкал билан қаршилашди. Андижон вилоятига қилган сафаримизда бунга шахсан гувоҳ бўлдик. Гап шунда-ки, 2011 йилнинг 3 май кунида қишлоқ фуқаролар йиғини (собиқ) раиси Муҳаммадзокир Эргашевнинг ташаббуси билан қишлоқдаги якка-ю ягона маданий ёдгорлик – «Аскар ва Она» ҳайкали қулатиб ташланган экан. Ўшанда буни 9-май – «Хотира ва қадрлаш» кунига “муносиб туҳфа” деб қабўл қилинган.
Зокир ҳожи асли мутаассиб эди, – дейишди марҳаматликлар. – «Аскар ва Она» ҳайкалини маданий ёдгорлик сифатида 2-чи жаҳон урушига кетиб қайтмаган, урушдан кейин яшаб вафот этган ва фронт ортида хизмат қилган ҳамқишлоқлари хотираси ҳаққи-ҳурмати сифатида асралса ҳам бўларди…
Мадраса кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деганлар ҳақ экан. Ҳожи саводхон бўлмаса-да, жудаям сўзга чечанлигидан ҳукуматга қўл келади. Қаердаки бузғунчилик содир бўлса, Муҳаммадзокир Эргашевдан фойдаланишади, – дейди одамлар, – ҳайкалнинг “ағдарилиши” ва кафанга ўраб қиш-қировли кунларга ташлаб қўйилиши амалда, қишлоқ аҳлининг диндан ва ёки диндорларнинг мутаассиб сифатида намоён қилиниши орқали қора бўлишидан норозилик кайфиятлари туғилишига олиб келиши керак эди. Буни ҳокимият Муҳаммадзокир Эргашев қўли билан бажарган кўринади.
Ҳожи қишлоқда нимаики йиғин бўлса, ҳукумат буйруғини бажаради. Масалан, маҳалла ўзига оқсоқол тайинлаш учун йиғилиш ўтказса, Муҳаммадзокир Эргашев албатта, сўзга чиқади. Йиғин аҳлини мақсаддан чалғитиш учун узундан-узоқ маърузасида дин, пайғамбару авлиёлардан гапиравериб ножоиз бўлган жойда ислом хусусида сўз юритиб кишиларни ҳам диндан, ҳам сиёсатдан бездиради. Бошқа мавзуда сўз юрита олмайди, чунки қишлоқнинг бу “Каттаси” бор-йўғи ўрта маълумотга эга, холос!
Албатта, маърузаси орасида “Ҳокимимиз фалончи маҳалла раиси бўлсин, деб тайинлади!” қабилида қистириб ўтгач, ҳокимнинг айтганини қилмасак бўлмайди, – дея қатъий мустаҳкамлаб қўяди. Қарабсиз-ки, аҳоли учун жон койитадиган шахслар эмас, муъте, ҳайбаракаллачи ва югурдаклар маҳаллаларга оқсоқол бўлиб қолишади. Қонун талабига кўра, маҳалла фуқаролари йиғинларида оқсоқол сайланишига ҳоким аралашмслиги лозим. Аҳоли ўз оқсоқолларини ўзлари танлаши керак. Бунга йўл қўймасликнинг бирдан-бир воситачиси Муҳаммадзокир ҳожи Эргашевга ўхшаганлар экан.
Муҳаммадзокир билан чиқиша олмаган маҳалла фуқаролар йиғини раислари охир-оқибатда юрак хуружи билан вафот этишар экан. «Хўжаариқ» маҳалласида Тошмуҳаммад, «Жийдамозор» маҳалласидан Эркин ва «Тош йўли» маҳалласидан Ҳомид деган раисларнинг ёш туриб ўлиб кетганлиги бунинг исботи сифатида айтиб келинаркан.
Муҳаммадзокир Эргашев давра тўрида баралла, “Менинг СНБда укаларим ишлайди!” дея эшиттириб қўйиши кўп нарсани ойдинлаштириб қўяди, дейди фуқаролар. Қишлоғимизда Маматқодир Отахонов деган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бор эди, устидан чақув қилиб қаматувди.. Тинимсиз таъқиблардан безор бўлган бу йигит Андижонга кўчиб кетиб жон сақлайди. Бутун марҳаматликлар ўша йигитдан ҳуқуқий ёрдам сўраб излаймиз. Тан беришимиз керак, қишлоқка керакли, жуда кучли ҳуқуқшунос эди…
Кафанланган ҳайкал воқеасидан сўнг, аҳоли М.Эргашев устидан Андижон вилоят ҳокими А.Усмоновга шикоят хати юбориб кўрган экан. Вилоят ҳокимлигидан А.Нурматов дегани бошчилигида комиссия келиб ишни ўрганган. М.Эргашевнинг “тушунтириш хати” олиниб, ишдан бўшатилгани ҳақида хўжакўрсинга эълон қилинган.
Марҳамат туманида эса дув-дув гап: “Вилоят ҳокими А.Усмоновнинг ҳам Муҳаммадзокир Эргашевга кучи етмабди”. Оддий қишлоқ фуқаролар йиғини котиби сифатида расмийлаштиришибди-да, амалда ишини давом эттирадиган бўлибди..
Бундан шу нарса аён бўлади-ки, Ўзбекистон ҳукумати ўз маддоҳларининг саводи ҳаминқадар бўлишидан манфаатдор. Маддоҳлар хизмати эса юксак қадрланади. Бурнини қонаттириб қўйишмайди…
*********
Қисқа сатрларда…
Андижоннинг Жалолқудук туманидаги Охунбобоев шаҳарчаси Кадаксин маҳалласида яшовчи Абдураҳимова Муяссар жиноятчилик Ўзбекистон банкларида ҳам юқори эканлигидан жабрланган. Бечора аёл уюшган жиноятчилик банкларни ҳам эгаллаганидан бехабар. 2007 йилнинг 13 ноябрида Ипотека банкининг Андижон шаҳар бўлимига “Келажак инвест” кредит уюшмасига уставной фонд сифатида 2 600 000 (икки миллион олти юз минг) сўм маблағини қўйган-у, ўз келажагини барбод қилган.
2010 йил ноябр ойида маблағини қайтариб олиш учун 816-рақамли сўров квитанциясини банкка тақдим этиб, хушидан кетиб қолаёзди. Банкда унга: “Сиз маблағингизни олгансиз!” дея туҳмат қилишган. 20 фоизлик устама билан маблағини қайтариб олишга умид қилган бечора Муяссар Абдураҳимова иккинчи гурух ногирон эди.
Ана ўшандан буён Муяссар сарсон-саргардон. Унинг додига етадиган валламатларнинг ўзи йўқ…
********
Андижоннинг жиноят ишлари бўйича вилоят судида “Ўзбекнефтогаз” миллий холдинг компанияси “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси Хўжаобод тумани “Ер остида газни сақлаш иншооти” директори Равшан Ибрагимхўжаев , муҳандиси Нурали Ибрагимов ва бошқа ўнга яқин мансабдорларнинг устидан бошланган жиноят иши маҳкамаси давом этяпти.
Судланувчилар ёқилғи газини талон-тарож қилганликда ва пора эвазига охак пишитиш, ғишт ишлаб чиқариш билан шуғилланган турли тадбиркор ҳамда фирмаларга газ етказиб берганликда айбланяптилар.
Амалда, судланувчилар газни сотиб “тирикчилик қилиш”нинг мутлақо имкони йўқлигини айтишяпти. Чамаси, буюртма асосида, уларни асоссиз, сохта – уйдирма айблар билан айблаш лозим бўляпти. Чунки қиш-қировли кунларда Ўзбекистондаги ахолининг норозиликларига жавобан, “мана, газ ўғирликлари фош этилди!” дея хаспўшлаш орқали уларни юпатиш режалаштирилган. Бу ўғрининг ўзи “Ушла ўғрини!” деб бақиришини ёдга солади.
Талон-тарож содир этилганлиги ўз исботини топмаса-да, порахўрлик айби юкланиши орқали барибир судланувчилар узоқ муддатга жазоланадилар, деб ҳисоблашяпти андижонликлар.
Худди шу йўсинда Ўзбекистон электр тармоғи раҳбарларининг устидан ҳам суриштирув-тергов ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида гап-сўзлар бор.
К а й к у б о д Т о ж и
2012 йил 23 июль куни