O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“КГБ”нинг сўнгги фитнаси (Анжир)

“КГБ”нинг сўнгги фитнаси (Анжир)
151 views
11 February 2018 - 20:26

Ижтимоий тармоқларни кузатиб ҳозирги ҳолатимизга ачиниб кетяпман. Ҳамма бир-бирига душман, рақиб. Эркинликни, хурфикрликни кўтара олмаяпмиз. «Ислоҳотларни ўзимдан бошлашим керакку», деган тушунчанинг ўзи йўқ! Гуруҳвозлик авжига чиққан. Қалбим тупроққа қоришган дувараклардай эзилиб кетяпти….

АНЖИР

Бу воқеалар рўй берганида мен ҳали мактабни битирмаган, ҳаётнинг аччиқ – чучугини тотмаган қиз эдим.

1989 йилнинг майи…. Қизил адирлар ёнбағрида жойлашган кичкинагина шаҳарчамизни арининг уясидай тўзғитиб юборган миш-мишлар қўрқмаганга ҳам қўш кўринтириб юборган палла. Феълига яраша лақаб билан сийланган қўшнимиз Ўктам ўпка шаҳар марказга тушиб, гап топиб келдию, қишлоқни бадтар ваҳимага солиб қўйди. Эмишки, эски пивахонада бир тожик болани турклар чавақлаб қўйибди. Белида белбоғи бор ҳамма ўзбеклар ўша ерда йиғилишаётган экан. Келгиндиларга қарши ғазавот эълон қилинибди. Уруш бошланибди! Қўлига илинган кетмон сопи билан ўпкадан “сардорга” айланган қўшнимиз, юздан ортиқ эркакларини ҳам қуроллантириб, машъум пивохона томон бошлади. Ким чопқи, ким пичоқ, ким ўқлов кўтарган… Нима бўлаётганини ҳали тўлиқ тушунмаган бўз болалар ҳам сафга қўшилди. Яқинларининг ортидан дуо ўқиб кузатиб қолган хотинлар ва бола-бақра, энг беҳавотир жой дея бизнинг қаттакон ҳовлига тўпланиб, мижжа қоқмай тонг оттиришди.. Қишлоқдан чиққан қуролли оломон қайтганида, дастурхончи Холдор хола турклар қорнини ёрган ҳомиладорлар, тутуни буруқсаб ётган маҳаллалар ҳақида сўзлар, рост-ёлғон яна бир тарихга гувоҳ бўлиб шафақ қизариб бормоқда эди…

– Адир томондан тушишар экан!

-Йўғ-эй, Марғилон тарафдан келишармиш. Учраган ўзбекни қириб ташлашаётган экан. “Бўй етган қизларингизни уйда ушланг, ёвуз қонхўрлар, ожизаларимизни хўрлаётганмиш..

– Ола, Марғилон эмиш. Пост қўйилганку! Тошбақа тоғдан тушишади кўрасизлар! Болаларингизни уйдан чиқарманг!

Фалон қишлоқда капказлар гўдакларни паншаҳага санчиб, кўчада кўтариб юришганмиш. Суратларини мана шу кўзларим билан кўрдим…

Одамлар нега бунчалик ваҳимага тушаётганини сира тушунмас эдим. Нима учун шунча йил бир аҳил-иноқ яшаган миллатдан бунчалик қўрқишяпти? Ёки улар бошқа турклармикин? Шунақа бўлса керак! Нега деганда боғчада бирга турган Сарингул, мактабимизда ўқийдиган Медали, Жамила, Дилшод, Насиба каби турк болалари билан жуда қалин эдик. Уларнинг отаси, акаси ёки қон-қариндошлари шунчалик ваҳший эканлигига ишонгим келмасди. Айниқса Шўҳрат исмли синфдошимизнинг ўзидан ҳам, яқинлари ҳам душманлик қилмасликлари аниқ. Нега дейсизми? Келинг у хақида батафсилроқ айтиб берай…

Синф раҳбаримиз Дилбар опанинг ўғли сариқ касал бўлиб қолди—ю, табиб унга “бит топиб келинг, сариқнинг энг яхши давоси шу” дебди. Бечора муаллимамиз кимга айтишни билмай бирорта қиздан топилар деган илинжда мактабга шошибди. У ўғил болаларни ташқарига чиқариб, қизларга табибнинг гапларини етказди:

– Жон қизлар Ҳикматилломга шу дори экан. Кимнинг бити бор? Ёлвораман, ёрдам бериб юборинглар! Илтимос!

Қўлида кичиккина шиша идиш кўтариб, мўлтираб турган Дилбар опага қараб, шарақлаб кулиб юбордик. Ҳазиллашяптиларми? Ким “менинг сочимда битим бор!” дейди. Ўн бешга қадам қўйган қизлар бўлсак, бит нима қилсин?! Бори ҳам олифта дугоналар олдида бошида қандай маҳлуқлар яшаётганини ошкор қиладими? Шаҳар мактаби бўлса! Жиддий турган Дилбар опанинг кўзидан думалаган бир томчи ёш кулгига нуқта қўйди. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади. Ўқтувчимиз чуқур хўрсиниб, эшикка йўналгандагина, охирги партада ўтирадиган Шўҳрат ўрнидан турди:

– Менда бит бор… Мен бераман!

Қизлар дув этиб орқага ўгирилдик.

– Шўҳрат….

– Вой, битлиқи! – Юришига ўлайми буни…Қўйчивонман дегин!

– Нимага тозаламай келдинг мактабга?

– Вой, мен яна у билан бирга ошхонага бориб юрибмана!

– Исқирт!

Қизларнинг ўқдай ботаётган таъналари остида Шўҳрат Дилбар опанинг олдига келиб бошини эгиб тургани, устозимиз унинг патила сочлари орасидан беш-олти дона миттигина жониворни ушлаб банкага солгани ва турк синфдошимизнинг “Синглим боғчада юқтирган экан, менга ҳам ўтибди”, дея ўзини оқлагани-ю, мазҳара бўлгани қолди… Аслида, ўшанда ҳар тўртта қизнинг бири битлаган эдик. Муборак, Матлуба Шуҳратни “битлиқи” деб камситган Лобар, мен… Қўлимиз бошимиздан тушмасди. Нега биз ўрнимиздан турмадик? Шуҳрат ҳам индамаса, ҳеч ким унинг айбини билмас ва мактабни битирганга қадар сатангларга эрмак топилмасди. Бироқ, касал боланинг аҳволига биз ойимчалардан кўра кўпроқ ачинган, ўн тўққизта таънадан қўрқмай устозга бошини эгиб берган синфдошимиз турк қизи Шўҳрат бўлди.

…Тўғри, қабиҳ одамлар ҳамма жойда бўлади. Одамлар ҳам ғаламисда, уч-тўрттда нодонни деб бутун бир эллатнинг юзи қора бўляпти? Ўша вақтларда қўл телефони деган матоҳ хали одамларнинг тушига ҳам кирмаган, аксарият миш-мишлар кўз-қулоқ деган аппаратлар орқали суратга олиниб, оғиз аталмиш азалий ахборот манбаи орқали тарқатиладиган замонлар эди. Паншаҳага санчилган гўдаклар ва ёввойилар томонидан зўрланган қизларни ўз кўзимиз билан кўрмаган бўлсакда, эшитган қулоқ борки, бирга минг қўшиб уни янада даҳшатлироқ қилиб тасвирлашга хизмат қиларди. Шаҳарда комендантлик соати жорий этилган, соат тўққиздан кейин кўчага фақат ҳарбийлару, дайди кучукларгина чиқишарди. Доим тинчлик ва осудаликда яшашга ўрганган шаҳарча қиёфаси ўзгарганди. Асосий йўлларга қўйилган олачипор ҳарбий постлар, уруш киноларидагина кўрганимиз баҳайбат танк ва аллақандай турқи совуқ машиналар, туну – кун маҳаллаларни изғиб юрган милтиғли аскарлар ва шубҳали давангирлар миш–мишлар асосли эмасмикин деган шубҳаларни кўпайтирар эди. Бош майдон томондан пақ-пақ отилиб турган товушлар, гоҳ у кўчадан, гоҳ бу кўчадан кўкка ўрлаётган қора тутунлар, ҳар бир дарвоза тепасига боғланиб байроғдек хилпираб турган атлас чорсилар шаҳримизда хақиқий уруш кетаётганидан дарак бера бошлагач, ҳақиқатдан ҳам қўрқув исканжасида қолдик.

– Падарига лаънат капказлар! Бир вақтлар темир вагонга осилиб оч- яланғоч келишганди, қорнилари тўйиб қолдида!

– Исталин бекорга уларни бадарға қилмаган! Мана, ўзига нон берган қўлларни чопиб, ер берган юртни қора қонига булғашяпти!

– Ўлдириш керак уларни!

– Қириб ташлаш керак!

Ҳовлимизга ёндош самоворда йиғилиб, маҳалла қоровуллаб тонг оттирувчи эркакларнинг темир вагонлар, Сталин, қаердандир ҳайдалиб олиниб келган “ваҳшийлар” ҳақидаги гапларини эшитиб, мен содда деб ўйлаган қишлоқдошларимнинг бу қадар билгин сиёсатчи эканлигига ишонгим келмас, қанчадан – қанча оқилларни – Чўлпон, Усмон Носир, Қодирийдай инсонларни йўқ қилиб юборган халқлар отаси, бир манфаати бўлмаса бутун бир халқни шунчаки туғилган еридан бадарға қилиб юборишига ақлим бовар қилмасди. Шукрки, собиқ СССР таъми билан суғорилган тарих дарсликларидан олган билимларимдан ташқари, ҳурфикр падари бузрукворимдан эшитган ҳаққонийроқ тушунчаларим билан фикрлай олардим. Ана шунда, нима сабабдан дадам чойхонага ҳадеб чиқавермаслиги, белида белбоғи борлар таънасига жавобан “Мен бу миллатнинг куфр ишларни қилишига ишонмайман. Бу ерда қандайдир ўйин бўляпти” дея гапни қисқа қиганларини тушуна бошлардим. Ола-таъсир кунлар бир-бирини қувлаб ўтарди. Минг шукур, Марғилон, Чек Шўра ва шаҳар ичкарисидан елган совуқ хабарлардан ташқари ўз кўзимиз билан ҳеч қандай ваҳшийликка гувоҳ бўлмадик. Дарвозаларимизга боғланган чорсилар офтоб тафти ва шариллаб ёққан ёмғирлар остида чириб, янгисига алмаштирилаётган маҳал “ғазавот тугади, турклар ватанига қайтармиш” деган янги миш- мишлар тарқалди.

– Бадтар бўлишсин! Ана уйсиз ҳам қолишди!

– Кетларига тепишдику келгиндиларни. Эшитишимча, ҳовлилари сув текинга сотилармиш… Агар рост бўлса, бир эмас иккитасини олиб қўярдим невараларимга.

– Первомайскийдагилар ҳам сотиларканми?

– Ҳа, албатта сотилади. У ерларда бирорта ҳам ўзбек яшамасдику! Баъриси сотилади.

Яхшики, бировнинг дардидан қувонмаётган ва онглироқ фикрлаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмасди. Кўпни кўрган Ғофир тоға, икки уруш қатнашчиси Раҳмонали бобо, қишлоқ имоми қирғиз домла, Омон муаллимнинг фикрларини кўпчилик маъқулламаса ҳам, айнан ана шундай инсонларнинг сайи-ҳаракати туфайли чопқи, ўқлов, болталар қонга бўялмай, рўзғор буюми деган шарафли номларини сақлаб қолишди…

Айнан шу кунлари яна бир унутилмас воқеа содир бўлдики, ўша совуқ йиллардан бир умрлик ибрат олдим десам муболаға бўлмайди. Июнь тонгларининг бирида уйимиз тўғрисидаги катта йўлда йигирма чоғли сариқ “Пазик” турнақатор терила бошлади. Биз ишком остидаги тахта сўрида нонушта қилиб ўтирар эдик. Дадам тўхтаган автобусларнинг ойнасини милтиқ қўндоғи билан ёпаётган ҳарбийларни кўргач гап нимадалигини тушунди чоғи, бизга тамаддини тугатишни буюрди. Биз ҳайрон. Шошилинч дуо ўқилган дастурхонни йиғишга чоғланган онам бўлса савол назари билан дадамга қаради.

– Ростдан ҳам эвакуация қилишяпти шекилли. Бечоралар тайёр уй-жойларини ташлаб номаълум томонларга кетишяпти. Ҳукумат уларни ҳеч қачон тарихий ерларига қайтармайди онаси. Ишқилиб, бошлари тошдан бўлсин! Қани, туринглар тезроқ. Уларнинг кўз ўнгида мазза қилиб чой ичиб ўтириш ноқулай болаларим… Муаззам укаларингни ичкари уйга ол! Мен борайчи, балки бирорта ёрдамим тегиб қолар. Ҳовлимиз девор билан ўралмагани учун, автобус ичига қўйдек қамалган одамларни кўриш мушкул эмасди. Ошхона деразасига тутилган парда орқали бу манзарани кузатар эканман, Шуҳрат, Дилшод, Жамилалар қайси автобусда экан дея бошим қотди. “Энди улар қайси мактабда ўқишади? Қаерда яшашади?” деган ўйлар тинчлик бермасди. Кун тепага келганида ҳам уловлар жойидан қўзғолмади. Ҳарбийларнинг кўнгли юмшаган чоғи, автобуслардан тушган бир қанча одамлар йўл четидаги майсада давра қуриб ўтиришарди. Пешинда ташқарида ғала-ғовур бошланди. Эрталабдан буён уйга қамалиб ўтирган укамларни ушлаб бўладими, онамнинг “Тинчликмикин? ” дея, хавотирли дераза мўралаши панд бериб, пайт пойлаб турган укам Музаффар ўзини ташқарига урди. Табиийки мен ҳам, унинг кетидан чиқдим. Жанжал катта йўлга уланган боғимиз томондан келарди. Соқоли оппоқ бир турк мўйсафиди дуварак анжиримиздан узиб этак тўлдирган саккиз – тўққиз ёшлардаги икки боланинг қулоғидан чўзиб, аямай ураётган экан. Биз боққа яқинлашганимизда қўшниларимиз ҳам томошага йиғилган, автобусдагилар ҳам тушган, ким кўзида ёш, ким серрайиб жазо саҳнасини кузатиб турарди.

Анжирлар эса тупроққа қоришиб, одамларга “бу томошани тўхтатинг!” дея ялинаётганга ўхшарди.

Шу вақт қаердандир пайдо бўлиб қолган дадам оқсоқолнинг қўлларига ёпишди. Икки болани унинг чангалидан аранг ажратиб олгач, эгниларини қоқиб атрофдагиларга юзланди:

– Нега болаларни уришига қараб турибсиз! Уялмайсизми? Тўрт дона анжирга шунчами? Сизчи оқсоқол?!

Ҳалитдан буён жазавага тушиб, “ўғриларни” дуч келган жойига солаётган барваста қария ерга ўтириб йиғлаб юборди. Сўнг, тупроқдаги анжирларни бир-бир териб ҳалиги болаларнинг қўлларига тута бошлади. Болалар азбаройи қўрққанидан, ҳалигина иштаҳаларини қитиқлаб қўйиб, калтакка сабаб бўлган меваларни олишни ҳам олмасликни ҳам билмай дадамга қараб мўлтираб туришарди. Дадам кўзларига қуйилаётган ёшни аранг тийиб ҳар икки халққа юзланди.

– Шунча йиллар давомида ризқимизни тенг бўлишиб едик. Бир-биримизнинг боғимиздаги мевадан тотинсак ўғри бўлмадик. Тўйи-тўйчиқ, аъзамизда елкадош, тобуткаш эдик. Энди қанақадир ғаламислар бошлаган ўйин туфайли душманга айланамизми?! ..

Шу вақт турклар орасидаги ўзига таниш чеҳраларга кўзи тушди шекилли аста бориб бир кампирнинг қўлларидан тутди.

– Урбия хола, сиз неча йиллар бизнинг далада меҳнат қилдингиз. Шу қўлларингиз ўзбекларнинг пиёзини ўтаб қабармадими? Кадрия опа сизчи? Бир турк эмас ўзбекнинг ҳам аблажонисизку! Нега жим қараб турибсизлар?! Қани, қани ҳамма болаларни чақиринг! Шу анжирларни илдизи билан қўпориб олиб кетишмайдими… Меваку бу! Егилари келган.

Дадам кўз ёшлари сел бўлаёзган аммо нимадир дейишга чоғланиб, чўккалаган жойидан турмоққа чоғланган оқсоқолни ўрнидан туришига ёрдам бериб, унга елка тутди.

– Ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз! Бу кунлар ҳам ўтиб кетар! Эртага Аллохнинг олдида мулзам бўлиб қолмайлик.

Қария сўзлари томоғига тиқилаётган дадамни қучоқлар экан, жавдираб турган “гуноҳкор”ларга ишора бергач, бир тўп болалар боғимизга ёпирилишди… Анжир, сув кира бошлаган бошка мевалар шоҳи ерга эгилиб, болаларни кузатиб турган икки халққа таъзим қилди. Автобусдан туширилган катта бидонлар ҳовлимиздан чиқадиган муздек булоқ сувларига тўлдирилди. Оқсоқол бечораларни сувга тушишига ҳам руҳсат бермаган экан. Чашма лабига югурганларни кузатиб, ҳовучларида жимирлаётган оби ҳаётни йиғлаб-йиғлаб сипқоришаётганининг гувоҳи бўлганман. Уловлар жойидан жилгунига қадар, бу сувлар қанча аччиқ ёшларга қоришди экан. Ўша июн куни айрим қўшниларимизнинг юрагини ҳам ёз қуёшидай чарақлатиб юборди. Ойимга эргашиб патнисларда чойнак-пиёла, дастурхонда нон, қанд- қурс кўтариб чиққан қўшни холалар турк оилаларини тамаддига чорлаб, ҳарбийлардан ҳам қўрқиб ўтиришмади. Хуллас, анжир сабаб икки миллат бир-бирини қайта топди десам ёлғон булмайди. Юракларга қадалган низо бир пиёла иссиқ чой тафтига дош бера олмай эриб кетди… *** Орадан йиллар ўтди.

Боғимиз яна ўшандай июн дуваракларига тўлган оқшомларнинг бирида интернет орқали Шўҳратни қидириб топдим. Қайта топишганимиздан унинг хурсандчилигини тасвирлашга тилим ожиз. Турмушга чиқибди, иккки фарзанди ҳам бор экан. Мен қизларнинг саломини етказар эканман, компютер тугмачаларини босаётган бармоқларим ҳаяжондан титрар, гўёки синфдошим дунёнинг бошқа бурчагида эмас, қаршимда тургандай ҳаяжонда эдим. Ёзмоқчи бўлаётган гапларим бўғзимдан отилиб чиқарди. Мен унга, йиллар ўтсада Шўҳратни энг мард қиз сифатида эслаб юришимизни айтиб, болалик хатоларимиз учун ундан кечирим ҳам сўрадим. Гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб, хотиралар билан ўртоқлашдик…

Шўҳрат бошларидан кечирган кечинмаларини ёзар, мен бўлса юрагимнинг энг ширин бўлакчасидан чиқиб, киприкларим орасидан мўлтираб турган болалигим билан бирга йиғлардим… Айниқса, “Қани энди болаларим ҳам мен қачонлардир еган седонали нонвой нонлардан бир мартагина тотиб кўришганида!” деган ёзувни ўқиб, мактаб биқинидаги эски нонвойхонадан таралиб, дарсхоналар оралаб димоғимизни қитиқлаган хушбўй исларни соғиниб кетдим. Гўёки масофалар эмас, ҳаётнинг энг мунаввар палласи чизиб берган беғубор йўллар бор эди ўртада… Оқсосқол, Урбия холалар аллақачон қазо қилишибди (Охиратлари обод бўлсин!) аммо дунёнинг турли давлатларидан паноҳ топган қувасойлик турк оилаларида анжир воқеаси оғиздан-оғизга ўтиб, Ўзбекистон хақидаги энг илиқ хотиралардан бирига айланган экан… Боғимиз мевасидан тотиб кўрганлар орасида Шўҳрат ҳам бўлганми, йўқми менга қоронғу. Бироқ шуниси аниқки, бир майизни қирққа бўлиб еган инсонлар юртида меҳр топган эллат, терилган анжирларни ҳам тенг тақсимлаб баҳам кўришган.

Гоҳида бир-бирини қашқирлардай ғажиётган муслимлар томонидан дарёдай оқизаётган хун иси, нафси ўпқон айрим хунхўр давлатларнинг иштаҳасини карнай қилиб юбораётганидан куйиб кетаман. Ойнаи жаҳон орқали намоиш этилаётган тало-тўпларни кўриб, энди навбат кимга экан деган хавотир билан янгиликларни ҳам кўргим келмайди.

Етим, майиб мажруҳ гўдаклар, боласини йўқотиб девона бўлаёзган одамийзотга қараб юрагим тупроққа қоришган дувараклардай эзилиб кетади. Ихтиёр менда бўлганида, қурол тутган қўлларга боғимиздаги кекса анжирнинг ниҳолчаларидан бериб, меҳр, мухаббат, саодат боғларини яратиб барча урушларга чек қўярдим!

Муаззам Иброҳимова

facebook.com