1-қисм, 2-қисм, 3-қисм
1. Тарбия масаласи.
Биз истаётган ғоя, турк миллий бирлиги ғояси узоқ вақт давомида миллий тарбияни изчил йўлга қўйиш ва чинакам тўғри давлат миллий сиёсати орқалигина амалга ошади. Демак, бунда энг олдинга тарбия масаласи, айниқса миллий тарбия масаласи чиқади, бу муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда тарбия, миллий тарбия нуқул ўзбекчиликни бўрттириш, уни авж олдириш бир томонлама тарбия, кўпроқ бу маҳаллийчиликка хос тарбия бўлиб қолади. Тарбияда, миллий тарбияда, умумий туркчилик, туркийлик, асли турклик асосий ўринни эгаллаши керак. Биз ўзбеклар, умум туркларнинг ажралмас бир қисми бўлиб, турклигимизни тушуниб етмоғимиз шарт.
Маълумки, бу ишда биз ўз-ўзимизни қайта тарбиялашимиз ва бунда чидам, ирода кўрсатишимиз керак бўлади. Бундай тарбия билан дарҳол шуғилланмоқ асосий мақсадлардан бири, балки энг муҳими ҳисобланади. Чунки, миллий бирлик бўлмаса, тарбия, миллий тарбия етарли даражада йўлга қўйилган бўлмаса мамлакатимиз, жумладан Руссия истибдодидан энди қутулган турк жумхуриятлари яна қайта мустамлакачилик асоратига (Руссия бўлиши шарт эмас, албатта) тушиб қолиш хавфи тугаганча йўқ. Буни ҳеч ёддан чиқариб бўлмайди.
Биз – барча турклар, бир мамлакатга, бир давлатга [яхлит бўлиб] бирлашмасак-да, ўзимизни бир эл, бир миллат деб билиш даражасига кўтарилишимиз келажакнинг энг муҳим ва асосий ғояси эканлигини тушуниб етишимиз керак ва бу йўлда чидам ва ирода ила ишлашимиз, сиёсат юргизишимиз мутлақо зарур. Ана шу бизнинг асосий ғоямиздир. Ана шу келажагимиз асос тошидир.
Бошқа ҳолда биз давлат сифатида ҳам, миллат сифатида ҳам ночор қоламиз. Ана шуни тушуниб етишлик ватанпарварликдир. Аммо бундай ватанпарврликни, бундай умум туркий ватанпарварликни, миллий туркийликни тарбиялайдиган тарбиячилар, қадрлар ҳам лозим, албатта. Бундай тарбиячилар ролида барча турк давлатлари(Туркия, Ўзбекистон, Козоғистон, Кирғизистон, Озорбайжон, Уйгуристон [Шарқий Туркистон], Татаристон, Башкиристон) илм одамлари, олимлари, бутун зиёли кишилари биргалашиб баракали ишламоклари зарур. Бунинг учун ҳам ўша мамлакатларда олимлар, зиёлилар янги бир саралашдан ўтмоқлари керак бўлади. Бу саралаш оқибатида танланган тарбиячилар, мутлақо руҳан соф ва тетик, иродали, диний эътиқоди мустаҳкам, ақли расо, миллий руҳияти юқори, турк, турклар тарихини яхши биладиган чинакам зиёли инсонлар бўлмоқлари зарурдир. Чунки улар, ўз фаолиятлари давомида умумий туркчиликни, чуқур исломий эътиқодни тарғиб этиши ва тарқатиши, лозим бўлади.
Бу ишнинг мураккаб ва муҳимлиги шубҳасиздир. Аммо биз бу ишга дарҳол киришмоғимиз, уни орқага қайтмас жараёнга айлантиришимиз шарт. Бу ишни амалга ошира олсак, унинг натижалари асрлар оша келажак авлодларни тарбиялаб етиштиришда ўз аҳамиятини кўрсатажак.
Миллий бирлик ғояси, умум туркийлик ғояси, туркий миллийликни барпо этиш ғояси сиёсий шиор ҳам, сиёсий дастур ҳам эмаслигини алоҳида таъкидлайман. Аммо бу ғоя – йўналтирувчи, бошқарувчи, чинакам ижодий ғоялиги аниқ. Шу сабабдан у шиор ва дастурдан анча улкан, хилма-хил дастур ва шиорлардан кўп чуқур ва олий мақсадларни кўзда тутади. У ғоя миллий шиор ва дастурларни ўз ичига олиб, бугундан бошлаб, узоқ-узоқ келажак мақсадларга қаратилгандир. Чунки унда бугуннинг миллий мустақиллик шиори ҳам, келажакда буюк эл, миллат даражасига кўтарилиш шиори ҳам жой олган. Бу ғоя учун курашадиган ва муҳаққақ ютуқларга эришадиган кишилар туркийликда (туркчиликда) тарбияланган ва шу руҳда чиниққан бўлмоклари керак. Улар биз юқорида санаган ва ундан бошқа юртлардаги турклар орасида ҳам бир-бирларини топишлари, ўзаро келишувлари, ягона ташкилотга айланишлари шарт. Бундай миллий бирлик ғояси кўпгина сиёсий дастурларга ўлчов(мезон) бўла оладиган имкониятларни сўзсиз ўз ичида сақлайди.
Бундай ғояни амалга оширмоқ учун ва чинакам миллий бирлик вужудга келтирмоқ учун турк жумхуриятларида зиёлилар ва бутун омма онгида умумтуркийлик руҳини, туркчиликни мустаҳкамлайдиган, уни умуммиллий хусусиятга, характерга кўтарадиган тарбия усулларига эга бўлмоқ керак. Давлат сиёсати ва хўжалик юритиш, [оила ва уни бошқариш ] шакллари ўша тарбия асосида қурилган бўлиши зарур.
Афсуски, бу фикрни қўлламайдиганлар орамизда ҳали анчагина бор. Аммо улар эртасини дуруст кўра олмайдиган, ҳатто Ўзбекистондаги миллий ва иқтисодий муаммоларни ҳам яхши тушуниб етмаган кишилардир. Аммо хоҳлайсизми, йўқми ундан қатъий назар Ўзбекистоннинг, жумладан бошқа турк жумхуриятларининг ҳам келажаги умумтуркчиликнинг ривожланишига бевосита боғликдир. Ўзбекистонда яшайдиган ўзбеклар ҳаётида умумтуркчиликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш орқалигина, уларда маънавиятли бўлиш, ўзликни таниш, мустақил, озод ижод этиш, Ватан озодлиги учун кураш, шахс мустақиллиги хусусиятларини юзага келтириш мумкин. Бу эса туркларнинг, жумладан Ўзбекистондаги ўзбекларнинг диний эътиқодини, руҳиятини жонлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп йиллар давомида бузилган, эътибордан четда қолиб келаётган маънавиятини тиклаш билан амалга оширилади. Бундан ташкари бундай тарбия давлатчилик ҳис-туйғуни, фуқаролик бурчни тушунишни чуқурлаштиради, унинг иқтисодни ривожлантиришга интилиш кучига қўшимча самара беради, хўжалик юритиш иродасини янгилайди.
Агар якка олинган кишининг ёки бутун бир эл (миллат)нинг кўнглидаги ижодий тартибни(тарзни), шартли ижодхона, деб атасак, миллий туркчилик хусусиятини тарбиялаш эса, у миллий ижодхонани янгилаш, уни тозалаш, кераксиз икир-чикирлардан озод этиш ва унда софлик, поклик ва барча дурустликларни мустаҳкамлашдан иборат бўлади. Бу масала эса энг муҳим, энг марказий масаладир. Бу энг асосий ва қутлуғ бир вазифадир. Ҳаётдаги [яъни барча турк давлатларининг сиёсати умумий йўналишларидаги] барча ислоҳотлар ана шу асосий муаммони ҳал этишга ёрдам берадиган воситалар бўлмоғи керак. Улар умумтуркчиликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашса яхши, унга халақит берса, уни сусайтирса, унда у зарарлидир. Барча турк мамлакатларининг моддий ва маънавий кучлари ана ўша қутлуғ ва шарафли вазифа умумтуркчиликни оммалаштиришга хизмат қилмоғи шарт.
Миллий бирликни чуқур тушунган, умумтуркчиликни миллий характер даражаси, ўз хусусиятининг асосий белгиси ҳисоблаган киши ва фуқаро ҳеч бир замон ўзга кишилар асоратига, бундай характерли фуқароси бўлган давлат эса, ҳеч қачон мустамлака истибдодига тушмайди. Ундай халқ асорат, истибдод ҳолга ҳеч бир замон чидамайди, чидай олмайди. Миллий бирлик, умумтуркчилик характери, миллий хусусият даражасига кўтарилмас экан, қўрқув, қуллик ҳисси, очидан ўлмасликка интилиш ҳисси, фақат ҳайвоний нафсни тўйдириш хусусиятининг устунлиги сақланиб қолаверади. Қуллик ҳиссиятидан қутулмаган аҳоли (нуфус) яшайдиган мамлакат бирор бошқа бир мамлакатга муте бўлишга, унга мустамлака бўлишга муҳтож бўлиб қолаверади.
Дарҳақиқат, бугун умумтуркчилик вужудга келмас экан, турк жумхуриятларининг, ҳатто иқтисодий ютуклари етарли бўлса-да (аслида бугунги ҳолда унинг ҳам иложи йўқ), уларнинг озод ва мустақил бўлиб қолишлари муаммодир.
Умумтуркчиликни жонлантиришда, уни умум миллийлик даражасига етказишда тарбиянинг, демак, мактабнинг роли мислсиз дедик. Умумтуркчилик миллий характер шаклида мактабда тарбия йўли билан юзага келади. Бундай тарбияни амалга оширмоқ учун умуммийликка келтирувчи, бирлаштирувчи тарбия усули, тарбия йўли бўлмоғи жуда зарурдир. Бундай бирлаштирувчи хусусиятга эга бўлган умумий тарбия, диний тарбия-исломий тарбиядир. Чунки Аллоҳга эътиқод тарбияда алоҳида ўрин тутмоғи лозим. Эътиқоди мустаҳкам одамларда қаноат, чидам, ирода кучли бўлганлиги барчага аниқ. Бундан ташқари чинакамига исломий тарбия мактаблари кишиларда ўзаро иттифоқ бўлиш, Ягона Яратганга эътиқодли бўлиш, иродали ва қаноатли бўлиш хусусиятларини яхши тарбиялайди. Шунинг учун мактабларимиз, биринчидан умумий дастурлар асосида ишлайдиган, ахлоқ тарбиясида чуқур исломий, илмда кенг дунёвий билимларни ўргатадиган бўлмоқлари зарур.
Ахлоқи исломий, чуқур дунёвий билимга эга умумтуркчилик руҳида тарбияланган муслим кишилар ҳаётга янгича назар соладиган, бу дунёда ўз ўрни ва мақсадини яхши тушунадиган, кўнглида, фикрида иккиланиш бўлмайдиган инсонлар бўлиб етишадилар. Улар ақлли, фаросатли ва иймони мустаҳкам, гўзал хулқли, мушоҳадаси кучли кишилар бўлади. Бундай тарбия кўрган кишилар кўпаявергач, уларнинг таъсир кучи бутун мамлакатлар бўйлаб ҳар бир туркнинг (ўзбекнинг, қозоқнинг, қирғизнинг, татар-башқирт ва бошқа туркларнинг) уйига етиб боради, уни ёритади, албатта. Иймони, эътиқоди мустаҳкам ва замонавий билимли кишида характер ҳам кучли бўлади. У чиндан ҳам сидқидил киши бўлади. Ундай инсон ҳеч қачон иккиланмайди, унга иккиюзламачилик бегонадир. Улар ишониб-ишонмай, севиб-севмай юришдан, ясама зиёлиликдан, хаёлпарастликдан мутлақо ҳоли кишилардир.
Бутун турк жумхуриятлари мактабларида ана шундай тарбияланган кишилар етиштириш келажак мақсадларимиз марказида туриши лозимдир. Тарбияда мактабнинг ролини таъкидладик. Аммо мактаб фақатгина билим ва дунёвий илмларни ўргатиш билан шуғилланиб қолмасдан, тарбияга ҳам аҳамият бериши лозимлиги ҳам сўз орасида тилга олинди. Ҳа, билим ва замонавий фан илмларини ўрганиш, инсонлар ва уларнинг жамияти учун жуда зарур бўлиб, у хотирани ўстириш ва бошқа бир қатор мақсадлар учун маълумотлар тўплаш ва уларни ўзлаштиришга имкон беради. Аммо булар чинакам зиёли киши учун тўла кифоя эмас. Бундай маълумот ва билимлар ёмон ва ноинсоф одамларда бўлиши ва уларга ҳам хизмат қилиши мумкин, ҳаётда кўпинча шундай ҳам бўлади. Машхур файласуф Гераклит “кўп билимли бўлишлик ақлли бўлишга ўргатмайди”- деганда мутлақо ҳақли эди. Шунинг учун фақат хотирани ривожлантириш ва унинг ҳисобига бир тўп билимларни мияга жойлаб олиш чала билимлилик бўлиб, ундай билимга эга киши тарбиясиз бўлса, у бебурд, субутсиз бўлади. Чала билим кишини ўз фикрини юқори кўючи, ўзини эпчил-зийрак кўрсатувчи қилиб кўяди. Чала билимлилик инсонни Аллоҳдан ҳам қайтаради, уни дидсизликка буради. Кишини такаббур қилади. Чала билимлилик, такрор айтамиз бу бебурдлик, субутсизликдир. Бу эса кишини шайтон йўлига солади, унга хизмат қилдиради. Шу сабабдан мактабда билим ўрганиш билан бирга тарбия масаласи ҳам муҳим ва бош муаммо ҳисобланиши керак. Тарбия эса, миллий бирлик, ватанпарварлик, умумтуркчилик ва исломий руҳда бўлмоғи шарт.
Бундай мураккаб ва шу билан бир қаторда ўта шарафли вазифани муваффақиятли амалга оширмоқ учун Турк жумҳуриятлари умумтуркий аҳамиятига эга бўлган дастурлар асосида ўқитувчи-тарбиячилар жамоасини тузишлари керак бўлади. Оқибатда, бутун турклар бирлашиб ўзларининг ибтидойи қутлуғ руҳини тиклаши, буюк турклар давлатчилигини ташкил этган маданиятини ўрнатмоқлари шарт.
Бугун биз чиндан ҳам ўз озодлигимиз, мустақиллигимиз учун курашмоқда эканмиз, турклар тарихий маданиятидан руҳланишимиз, уни бўй-басти билан тиклашимиз ва унинг асосида бирлашишимиз зарур. Ривожланишимиз, озодлигимиз ва мустақиллигимиз учун бирдан – бир ягона йўл шудир!
Шундай қилиб, биз ўзимизни қандай тарбияламоғимиз керак, деб яна бир бор сўроқ қўямиз? Биз истаган тарбияни оммага, халққа қандай қилиб етказамиз ва қайси усуллар билан буни унга сингдирамиз? Умумтуркчилик, миллий бирлик руҳи, характери деганда асосан нималарни тушунамиз ва [тушунишимиз керак]? Умумтурк миллий бирлигини байроқ қилувчи, руҳи тетик, бақувват характерга эга кишиларни тарбиялашга қандай йўлдан боришимиз керак ?
Киши кўнгли(қалби)нинг доимий тарзи, унинг характери-хусусиятидир. Бундай тарз ёки кўнгил “қурулиши” ўз-ўзидан унинг сифатини аниқламайди. Бу тарз, яъни кўнгил тарзи меҳрибон ёки ёвуз, етарли даражада олижаноб ёки ўта инсофсиз, қувватли ёки заиф, содиқ ёки сотқин бўлиши мумкин. Айни шу маънода характерсизлик, бефарқлик ҳам ўз навбатида характер, кишининг хусусияти бўлиб ҳисобланади. Ҳақиқатан, инжиқ (тантиқ), тажанг (жазавали), жанжалкаш (мижғов), боғритошлик (жаҳллилик) каби хусусиятли кишилар ҳаётда тез-тез учираб туради. Шу сабабдан характерни, хусусиятни тарбиялаш деганда маънавий характерни тарбиялашни тушунмоқ зарур. Бу ишда ўзи бўларликка, кишиларда кўнгил тарзлари ўз-ўзидан қандайдир йўллар билан шаклланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Инсон ўз озодлиги ва эркидан келиб чиқиб, у турли хил ҳодиса ва вазиятлар таъсирида ўз хусусиятини, характерини шакллантириши мумкин, деб қараш ва шунга ўхшаш нуктаи назар билан мутлақо келишиб бўлмайди. Инсондаги бундай мутлақ “эркни” қўллаб-қувватлаб бўлмайди. Масалага бу шаклда ёндашиш кишида ҳайвоний хусусиятларни ривожлантиришни маъқуллаш бўларди. Кимки ўз фарзандини тарбиянинг илк бошида унда руҳий маънавиятни тарбияламас экан, у одам боласини ўзи бўларлик ҳукмига топширган, ҳатто унга (болага) нисбатан хиёнат этган ҳисобланади. Инсоннинг эрки, унинг эркинлиги – бу Аллоҳ тарафидан берилган буюк бир неъмат бўлиб, уни маънавиятдан, маданият чегараларидан, виждон ва шан-шараф, номусу ор нормаларидан ҳам озод, деб тушуниб бўлмайди. Маънавий тарбия, кишини чинакам эркка, эркинликка ва ундан роҳатланишга, ундан баҳраманд бўлишга тайёрлайди. Муҳтожлик ва вазият таъсирида инсонларнинг (миллатнинг) номуносиб ҳолатларга, мутеликка тушиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай бир мамлакат учун бу ҳалокатлидир. Бундай вазиятда улар(миллат) ўша аянчли ҳолатга мослашиш жараёнида айёрлик, муғамбирлик, ҳалот(вазият)га мослашувчан(хамелеон)лик каби салбий хусусиятларни ўзлаштиради. Умуман олганда уларда қуллик характери, мутеликда яшашга мослашиш тарзи ривожланади. Бугунги ўзбек туркларида, бошқа бир қатор турк эллатларида ҳам бу қуллик хусусияти кишилар характерига жуда чуқур сингдирилган. Ана шунинг учун одамларимизни айёрлик, чапдастлик, тутуруксизларча ҳамма ҳолатга, ҳақоратга, доимий камситилишга мослашиш каби иллатлардан тозалаш олдимизда турган энг муҳим ва катта муаммодир. Чинакам туркчиликни, ҳақиқий эркни, озод туркларни тарбияламоқ учун энг аввал уларни қуллик балосидан кутилтириш лозим.
Етар шунча замон қул бўлишлик!
(давоми бор).
Алибой Йўляхши
25.02.2012, шанба