O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

КЕЛАЖАКНИНГ ҒОЯВИЙ АСОСЛАРИ ҲАҚИДА ФИКРЛАР (3)

КЕЛАЖАКНИНГ ҒОЯВИЙ АСОСЛАРИ ҲАҚИДА ФИКРЛАР (3)
173 views
27 March 2012 - 13:20

Мақоланинг 4-қисми

1-қисми 2-қисми 3-қисми

Давоми,  боши  http://www.uzerk.org/archives/8737, http://www.uzerk.org/archives/8908  , http://www.uzerk.org/archives/9190 – ларда,  эълон қилинган.

3. Миллий давлат қурулиши ҳақида.
Замонамизнинг турк давлатларидан бири Ўзбекистонда миллий давлат қурулишининг асосида, халқ маданияти, маънавияти, унинг инсоний характери туриши лозим, албатта. Бошқача бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Шу замонда ҳокимиятни ушлаб турган бир гуруҳ билимсиз, тарбиясиз милитсионер ва жосуслар хусусиятларидан келиб чикиб, уларга суяниб миллий давлат асосини тузиб, уни қуруб бўлмайди. Бунга асло йўл қўйиб ҳам бўлмайди. Яна бир муҳим ҳолатни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Масалан, биз узоқ вақт мустамлака ҳолида қолдик. Бу даврда бизнинг давлатчилик анъаналаримиз атайлаб тўхтатилиб қўйилди. У тенгсиз давлатчилик анъаналаримиз босқинчи, истилочилар томонидан ўзлариники этиб ўзлаштирилди. Натижада биз ўз давлатчилик удумларимизни деярли унутдик. Халқда давлатчилик, давлатни мустақил бошқариш, ҳокимиятга мансабдорларни анлаш ва сайлаш каби тартиб, қоидалар, бу сайловлардан манфаат ҳис-туйғулари йўқотилди. Давлат ҳокимиятини бошқарувда давлатчилик шуури бўлишлиги, ҳокимият ходими(бюрократияси)да пасткашлик, лаганбардорлик, номардлик хусусиятларининг учраши кечирилмас айб эканлиги батамом унутилди. Унинг ўрнига масалан, айниқса мустамлакачиликнингг сўнгги даври – совет замонида салбий характерли, лаганбардор, сотқин кишиларн мансаб чўкқиларига кўтардилар. Ҳозир, ана ўша совет замонида халқ маданиятини, урф-одатини поймол қилган, уни сотган, Москва останосини ялаган лаганбардор, мансаб учун ҳеч нарсадан қайтмас, амал учун ҳар қандай пасткашликни бажарадиган, порахўр, ўғрилар Ўзбекистон ҳукуматини бошқармокда. Уларнинг мафкураси, яшаш тарзи, “шуури”, хусусиятлари Ўзбекистонда қурулиши шарт бўлган миллий давлат тузуми учун бошланғич нуқта вазифасини бажара олиши мумкин эмас. Шунинг учун биз бу масалада энг аввал андозани тарихдан олишимиз лозим. Ундан сўнг оз бўлса-да эл, халқ ичида сақланиб қолган шуурли, элсевар, мард, мардонаворлик, жанговарлик хусусиятларини йўқотмаганлар характерларини андоза этиб қабул қилишимиз ва бу хусусият ва характерларни оммага сингдириб боришимиз энг муҳим ва асосий вазифа, деб билишимиз керак.

Агар мамлакатда кишилар мустаҳкам руҳий характер ва фуқаролик хусусиятларга эга бўлмаса, улар ўз руҳий кучи нималигини билмаса, фуқаролик бурчи ва ҳақини тушунмаса, озодлик ва мазлумлик, эрк ва эрксизликни ажрата олмаса, давлатчилик, давлат, миллий давлат тушунчалари ҳақида сўз юритиб бўладими? Ҳатто олим бўлса-ю, характерсиз, принсипсиз бўлса, у нимани билади, нимага амал қилади ва нимани тасдиқлайди? Борди-ю ана шундай характерсиз, принсипининг тайни йўқ одам давлат ҳокимиятини эгалласа, айниқса у ҳокимиятнинг энг юқори поғонасига чиқиб қолса-чи? Улар ҳуқуқни ҳимоя қилиш, тартибни сақлаш органларида ўтириб, ҳарбий қумондонлар фақат ўшалардан иборат бўлиб қолса-чи? Ундай кишилар билан қанақа давлат (миллийми ёки бошқа хил) тузиш ҳақида сўз юритиб бўлади? Характерсиз, принсипсиз, тарбиясиз олимнинг илми нималар ҳақида бўлиб, ўшандай файласуфнинг фалсафаси накадарлиги, рассом ва санъатчининг асарлари кишиларни нималарга ундагани, бошқаргани, худди шундай мансабдорнинг нуқул сотқинлик, ўғирлик, порахўрлик билан машғул бўлганларига совет замони жуда яхши мисол-ку ахир (Бугунги Ўзбекистондаги Каримов бошлиқ гала ҳам ҳам ўша мисоллардандир). Ўшанақа ҳарбийларнинг кимлигини Озорбойжонда, Тожикистонда, Чеченистонда кетаётган урушларда бемалол кўриш мумкин бўлди ва бўлмоқда. Бу урушларда бир томондан иккинчи жаҳон урушида фашистлар тарафидан ҳам содир бўлмаган ваҳшийликлар, раҳм-шафкатсизликлар бўлаётган бўлса, бошқа томондан инсон тарихи билмаган пасткашликлар, ҳатто қўлидаги қуролларини қаршидаги душманига (масалан Озорбойжон ва Арманистонда шундай бўлди) пулга сотиш ҳолларининг бўлаётгани совет даври ўртага чиқарган характерсизлик ва принсипсизлик оқибатидир. Бундан аянчлирок ҳолнинг бўлиши мушкул. Биласизми, иродаси бақувват, руҳан маҳкам, характерли, ватанпарварлик руҳида тарбияланган офитсер (қумондон) ёки аскар (солдат учун) нима энг муҳим, энг асосийси? Душман ила савашиб ғалаба қилишми, ўлимми ёки бўлмаса қўрқоқларча жон сақлаб қолишми? Ёки тупроқнинг бир қисмини душманга бериб бўлса ҳам ҳокимиятда мансаб, амал курсисини сақлаб қолиш аҳамиятли, маънавиятлими? Бу саволларнинг бири қаҳрамонликни, иккинчиси очиқдан-очиқ бебуртликни, сотқинликни ифодалайди. Совет даврида, бутун миллатни сотган сотқин, оддий турмуший ишларда ўта пасткаш кимсалар рағбатлантирилди ва улар давлат ҳокимиятига келтирилди. Афсуски, улар бугун ҳам Ўзбекистон ҳукуматида яна савлат тўкиб ўтирибдилар. Улар билан янги давлат, янги миллий давлат тузуми тузиб бўлмайди. Улар миллий ҳис-туйғулардан ҳам бенасиб, ахир. Бугун Ўзбекистонда мансабдорлар-ку ҳамин қадар, аммо у ерда бутун халқ оммасида шу ҳислат вужудга келганда. Бу халқнинг барчаси бирдай “оч қорним, тинч қулоғим”, дейишга шунчалар ўрганганки, ҳеч кўяверинг. Шунинг учун қайта-қайта тарих деймиз, уни такрор-такрор тилга оламиз. Тарихий маданиятимизни, маънавиятимизни ўрганайлик ва унга суянайлик демокдамиз. Чунки ўзга йўл йўқ. Буюк боболар тарихини, уларнинг жасоратларини ўрганган келажак авлодда бу бефарқлик, бу мантиқсиз фалсафа бўлмасмикин, деймиз.

Тарихни эслаганда кўпчилик (ҳатто Ўзбекистоннинг бугунги мансабдорлари ҳам) Амир Тимур замони, унинг давлат тизими (структураси) ҳақида, баъзида у замондаги ўзига яраша демократияни ҳам эслашадилар. Аммо у даврнинг бир томонини, яъни у замонлар одамларининг тарбияси, хусусиятлари, характерлари, маданияти, ахлоқи, билими ва илм даражаси ҳақида деярли гапирилмайди ёки масаланинг бу тарафига эътибор қилишга уринишмайди. Чунки у тарихий замонни эслашаётганларнинг ўзларида ахлоқнинг, маданиятнинг, билимнинг тайини озроқ, тўғриси йўқдир. Масалан, Тимур замонининг бир қиррасини эслайлик. Амир Тимурнинг ўзи Қуръони каримни ёддан билгани, яъни мукаммал қори бўлганлиги бугун бизга аниқ. Ҳатто у Қуръонни чуқур тафсир қила олиш даражасида билимли бир инсон бўлган. Тимур каби бир Амирнинг (подшоҳнинг) бу қадар билимли бўлиши бугун учун ҳайрон қоларли бир ҳол эмасми? Аммо бу ҳол фақат амирни эмас, балки ўша замонни, ўша давр кишиларини характерлайдиган муҳим бир фактордир.
Шу замонда, яъни ҳозир Ўзбекистонда яшаётган, турмуш юргизаётган кишилар, уларнинг характерлари, билими ва илми билан, одоби, тарбияси билан Тимур давлатини, унинг империясини яратиб бўлурмиди? Йўқ, албатта тузиб бўлмасди. Тимурнинг шахсидан катъий назар бугунги Ўзбекистондаги муҳитда кўнгилдагидек улкан ишлар бажариб бўлмайди. Бундай буюк ишлар қилмоқ учун умумий муҳит, халқ оммасининг руҳий кайфияти, жанговарлиги чиндан ҳам юқори бўлмоғи зарур. Ўкувчи мени тўғри тушунар, деб ўйлайман, мен Тимур империясини қуруш ёки уни тиклаш борасида фикр юритмоқчи эмасман, балки ҳолатни, вазиятни, муҳитни тўғрироқ тушунтиришга уринмоқдаман, холос. Умуман, чинакам миллий давлат тизими қурмоқ учун қандай муҳит бўлмоғи лозимлиги ҳақида фикр билдирмоққа ҳаракат қилмоқдаман.

Бундан кўринадики, мустаҳкам миллий давлат тизими яратмоқ учун энг аввал фуқарода руҳан бақувват миллий характерни, исломий ахлоқни тарбиялаш ва уни оммалаштириш асосий ва муҳим бош масаладир. Бизда бу масала, умумтурк миллий руҳини ва чуқур исломий ахлоқни тиклашдан иборатдир. Сўнгги йилларда совет замонидан мерос ўтган характерсизликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмасин (Масалан, Ўзбекистонда шундай қилинаяпти), қанчалик оммани ярим оч ушлаб туришга уринмасинлар (чунки камбағал халқ итоаткор бўлади), бу ҳаракатларнинг акси ҳам пайдо бўлиши табиийдир. Бу акс ҳаракат ҳам секин бўлса-да, кишиларни чиниқтиради, ўстиради. Ниҳоят улар масаланинг моҳиятини тушуниб этишлари ҳам табиий бир ҳолдир. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлар, иншооллоҳ шундай бўлади, албатта. Ана шу акс ҳаракат майдонга чиқарадиган ва мавжуд жамиятда ҳар доим сақланиб қоладиган соғлом характер, хусусиятларга суянган ҳолда ва албатта тарихдан ажралмасдан тубдан янги миллий тарбия системасини яратишга дадил киришмоғимиз ниҳоятда зарур. Чунки руҳан бакувват, жиддий характерли кишилар Ўзбекистонга фақат келгусида, бундан бирнеча ўн йиллар сўнг эмас, бугун, ҳозир, зудлик билан керак, улар кейинги асрлар учун ҳам зарур, албатта. Шундай экан, кимки ҳеч бўлмаганда бир кишини ўша руҳда тарбияласа ёки ўзини қайта тарбияласа, бу борада биррор кишига ёрдам этса, ўз ўғил-қизини ўша руҳда ўстирса, у Ватан олдида, бутун турклар олдида ва тарих олдида ўз бурчини (ҳатто муқаддас бурчини) оқлаган бўларди. Агар бугун Ўзбекистонга бирор энг зарур нарса керак бўлса, у ана ўша бизнинг тушунчамиздаги руҳда тарбияланган кишилардир. Ўзбекистонда (балки барча турк давлатлари учун ҳам) ҳеч кечиктириб бўлмас бирор муаммо бўлса, у, энг аввал тарбияни, миллий тарбияни йўлга қўйишдир. Ўзбекларнинг, умуман туркларнинг душманлари, бизда туркий миллий тарбиянинг йўлга қўйилишидан, руҳан тетик, яхши миллий тарбия кўрган, юқори билимли ўзбекларнинг (умуман туркларнинг) кўпайишидан ҳадиксирашади, қўрқишади. Такрор айтамизки, миллий тарбиянинг мазмуни, унинг асоси нима? У тарбия нимага асосланади, унинг суянадиган суянч устуни нимадан иборат? Масаланинг умумий, фалсафий томонини бир четга қўйиб, фақат амалий жиҳатини олсак, унда ўзбекларнинг-туркларнинг ўз миллий хусусиятларига эътибор бермоқ зарур бўлади.
Миллий тарбияни яхши йўлга қўймоқ учун ёки миллий руҳи бакувват кишилар тарбияламоқ учун уларда учта асосий куч-қудратнинг мужассамланишига эришмоқ зарур кўринади. Биринчидан, халқда (элда) ўзликни сақлай билиш, темпераментли бўлиб, талантли бўлишга интилиш, маҳкам, қатъиятликка амал қилувчи, ҳаракатчан, топқирликка майил, ҳар қандай ваъзиятда тўғри хулосалар чиқара биладиган хусусиятларни чиниқтирмоқ керак. Иккинчидан, унинг характери ярқин, ҳозиржавоб, чуқур ҳаётий ҳисларга эга бўлмоғи лозим. Учинчидан, улар кашфиётчиликка интилувчи ва кенг фикрли, чуқур мулоҳазали, иймонли инсонлар бўлиб етишмоқлари зарур.
Миллий руҳи юқори ҳар бир кишида, жумладан ўзбек туркларида ҳам ана ўша уч хусусият чинакамига бир-бирига боғланган ва бир-бирини тўлдирган бўлиши шарт. Бундай хусусиятга эга бўлган киши инсонга меҳр-муҳаббатли, атроф-муҳитни тоза сақловчи, илмли, иймонли инсондир. Бу иймон чиндан ҳам Ягона Яратганнинг ўзига инониш, Унгагина меҳр-муҳаббатли бўлиш билан пайдо бўлади. Шунинг учун бизнинг тарбиямизда энг илк ҳаракатлантирувчи ва илҳом берувчи куч бу иймон ва Оллоҳга ишончдан ташкил топмоғи шарт.

Оллоҳга иймон келтириш, ҳаёт реалликларидан ажралмаган ҳолда доим ибодатда бўлиш билан амалга ошади. Шундагина мақсадга эришиш мумкин. Шунинг учун биз таклиф этаётган руҳда, яъни турк миллий руҳида тарбияланган ҳар бир турк дунё ишларидаги (турмушдаги) ютуқларни Яратганга муҳаббатнинг натижаси, деб қарайди.
Инсонда дунёвий ишларга муносабат (инстинк, яъни ҳаётий ҳодисаларга мослашиш) ва руҳ, илоҳий қудрат бир-бирига мослашган бўлиши лозим. Мулоҳаза қилиб қаралса бундай мослик ҳаётда жуда зарурдир. Инсоннинг руҳи, руҳий ҳолати учун, унинг дунёвий (турмуший) ҳолати ҳам зарур. Акси ҳам худди шундай аҳамиятга эга. Ҳаётий (дунёвий) ҳодисаларга мослашмаган руҳий дунё, руҳий ҳолат ҳам ҳеч бир қимматга, бирор шакл-шамойилга эга эмас. Бу икки ҳолат бир-бирига қарши бўлса тартибсизлик, бузилиш юзага келади, у ерда ҳеч қандай куч-қувват бўлмайди, ундай ҳолда ҳеч қачон ютуқларга эришилмайди. Аммо инсоннинг руҳий ҳолати ҳам унинг турмуший ҳолатини, инстинктини тамоман босиб кетмаслиги лозим. Чунки бундай ҳолда ҳам хасталик, ақлсизлик майдонга келиши мумкин, ҳатто сабабсиз ўлим йўлига тушиб қолиш хавфи ҳам бор.

Руҳ ва инстинк орасидаги ҳолат инсон қалбидаги фаришта ва шайтон кураши деб қараш керак деб ўйлайман. Масала, бу икки кучни тарбия йўли билан ўзаро мослаштириш, инстинкни илоҳий кучга бўйинсунтириш ва унинг ўзи ҳам (инстинк ҳам) Руҳдан, илоҳиётдан эканлигини англашдан иборатдир. Шундагина инстинк ҳақиқатан илоҳий эканлиги маълум бўлади, руҳ эса, ўзининг инстинк илдизларига ҳам бориб етади ва натижада инсон қалби бутун борлигича илоҳиётга тўлади. Шундай бўлганда инстинк яхши ишлар қилишга қаратилади, руҳ эса уни бошқаради. Ана шундай бўлгандагина иблисга иш қолмайди, ёвуз ниятли кишилар камаяди ёки тамоман тугатилади.

Турклар, чиндан ҳам дунёда ўзларига мос юксак ўринни сақлаб қолмоқни истасалар, улар энг аввал Аллоҳга мислсиз муҳаббатли, чинакам иймонли бўлишлари зарур. Ундан сўнг эса улар бирлашмоқлари, миллий бирликка эришмоқлари шарт. Ер юзида вужудга келган барча буюк қурилишлар, кашфиётлар инсоннинг эҳтиросли меҳнати ва меҳри-муҳаббати натижасида барпо этилган.

Тарихга бир назар солсак, турклар дунёсида буюк кашфиётлар Оллоҳга суяниш, иймон бақувват бўлган замонларга тўғри келади. Қаранг, фанда Фаробий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбеклар тенгсиз кашфиётлар қилишган давр; инсонлар жамиятини тузиш, Амир Тимур давлатчилик тизими асослари, усмонлилар давлатчилиги даври фикримизнинг исботи бўла олади. Ўша кашфиётлар бугунги замонимизнинг фанида ҳам, жамиятшуносликда ҳам бутун жаҳон учун ўрнак ролини ўйнаб келмоқда. Улар бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача камайтирганича йўқ. Аммо турклар эллатларга бўлиниб, уларнинг давлатлари майдалашган сари, улар орасида иймон сусайган сари турмушнинг барча соҳаларида инқироз, мағлубиятлар юзага кела бошлади. Турк тупроқлари босқинчилар томонидан истило қилина бошланди. Истилочилар миллатни элатларга, уруғларга, қабилаларга бўлиб ташладилар. Оқибатда турк тупроғи ва миллатининг жуда катта қисми узоқ давр мустамлака асоратида қолиб кетди. Масалан, собиқ СССРда Туркистон ўлкаси, ҳозирги хитойнинг шимолий-ғарбий (Шаркий Туркистон) қисмида буюк тупроқ ва у ерларда яшавчи турклар парчалаб юборилди. Бир бутун Туркистон ўлкасининг ўзинигина душманликнинг мисли кўрилмаган хиёнати ўлароқ, беш бўлакка бўлиб ташладилар.
Минг шукрки, Оллоҳнинг инояти билан Туркистон (бешта алоҳида давлат шаклида бўлса ҳам) руслар истибдодидан қутулди. Аммо Шаркий Туркистон ҳамон мустамлака ҳолида қолмоқда.

Буюк турк миллатини тиклаш, унинг миллий ва илоҳий руҳини жонлантирмоқ учун ишни қайтадан миллий бирликни тиклаш ва руҳий қувватни мустаҳкамлашдан бошламоқ зарур. Бунинг учун менимча, уч белги(аломат) зарур куринади:
1. Оллоҳга суяниш, иймонли бўлиш;
2. Миллий бирлик, ватанпарварлик, туркчилик;
3. Буюк раҳбар* (миллий бирлик ғоясини байроқ қилувчи, иймонли муслим йўлбошчи). [*бир шахснинг умрбод Раҳбарлиги, йўлбошчилиги маъносида эмас, сайлов муддатидаги раҳбар маъносида айтилмоқда.]

Бу учлик фақат ва фақат иймон билан, чинакамига миллий тарбия, мустаҳкам мафкура билан мужассам бўлсагина ҳақиқий кучга, қудратга эга бўлади. Масалан, инсонда қулоқ, овоз, сўз тингламоқ ва музика эшитмоқ ва уларни англамоқ учун; кўз, нур ва турли рангларни ажратмоқ учун; таффакур эса, хаёл этиш, тушунча ва мантиқий фикрлашлар учун зврур бўлса; руҳий, илоҳий ҳолат ҳам ўз ўрни ва “органлари” бўлишини тақозо этади. Шунинг учун юқорида кўрсатилган миллий бирликнинг уч белгиси (атрибути) ҳам бир-бирига боғли бўлиб, энг аввал Оллоҳга инониш, иймонли бўлишга суянмоғи шарт. Акс ҳолда, Ватан, Ватан бўлмас, миллийлик, миллий бирлик, чинакам миллийлик, миллий бирлик бўлмас, раҳбар ҳам раҳбар бўлмас, у яна ўша жоҳил ҳукмдор бўлиб қолаверади.
Оллоҳга инонмаган, Уни чиндан севмаган киши динсиздир. У киши ҳеч қачон Оллоҳга яқинлашмайд, яқинлаша олмайди. Баъзи динларда кўрсатилгани каби инсон ўз эрки ва ақли ёрдамида Оллоҳга яқин бўлмайди. Иймонли бўлиш, Оллоҳга инониш, ибодатларни ўрнига келтириш, яъни доим ибодатларни тўғри бажариш, Оллоҳнинг кўрсатмаларига итоат қилиш билан амалга ошади. Шунингдек Ватанни севмаган ва унга ишонмаган киши ҳам беватандир. Киши ўз ташқи кўриниши, у ёки бу мамлакатга қарашлиги ҳақида хужжатларининг бўлиши билан ватанга эга бўлиб қолмайди. Унда бўлган ҳужжатлар, ҳатто унинг у мамлакатда эгаллаб турган “юқори даражадаги мансаби” чиндан ватанга эгалигини, ватаннинг ҳақиқий фуқароси эканлигини билдирмайди. Бундан кўринадики, ватан, ватанпарварлик ҳам алоҳида инсонийлик даражаси, унинг белгиси, кўрсаткичидир. Бу ҳам иймон билан бегиланади. Чинакам иймонли киши чиндан ватанпарвар ҳамдир. Худди шунга ўхшаш миллий раҳбар ҳам умум халқ севадиган машҳур, билимли, илимли ва ниҳоятда чуқур иймонли киши бўлиб, у кишиларнинг чинакамига ишончларига сазовор бўлмоғи лозим бўлади.

Мана шунинг учун ҳам яна тарбияга, турк боласини тарбиялашга қайтамиз. Демак, болани тарбиялаш, унда ўзига хос хусусият-характерни юзага келтирмоқ учун ҳамма нарсадан аввал севишни ва инонишни, яъни Оллоҳни севишни, Унга инонишни, сўнгра Ватанни, инсон учун яратилган заминни севишни, одамзотни севишни, Ватанга ишонишни ва ниҳоят Ватан – халқ раҳбарини, ҳақиқий элсевар, миллатсевар, эрксевар иймонли раҳбарни ҳурмат қилиш ва унга ҳам ишониш хусусиятини ўргатиш керак. Бу билан мен нимани истайман? Туркларнинг тарихий миллий хусусиятларини уйғотишни, буюк туркчиликни тиклашни истайман. Бунақа беғараз меҳр-муҳаббатга ва инончга лойиқ Қудратни-Оллоҳни, Ватанни, Раҳбарни руҳан соф кўнгил, маънавий юксак тафаккур ила англаб, табиий равон кўзлар билан кўра билмоқ ҳам лозим бўлади. Бунинг учун ҳам юксак тарбия шарт.

Демак, бу ерда кишининг маънавий юксаклиги, руҳий ойдинлиги алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун бу масалага алоҳида тўхташ лозим, деб ҳисоблайман.
(Давоми бор) 27.03.2012