Ўзбекистон келажаги – бу бизнинг келажагимиз, келгуси авлодларимиз келажагидир. Инсонлар одатда қандай яшаши кераклигини ўзлари ҳал қилишади, ўзлари қайсидир бир йўлни танлашади. Аммо шундай жамоалар ҳам борки, уларга кимдир йўл кўрсатади ва қайсидир бир уфқ ортидаги жаннатмакон жойга томон етаклайди. Уфққа етмоқлик осон эмас албатта. Қандайдир довонлар оша, қандайдир чўққиларни забт этиб кейин етиб бориш керак. Лекин улар уфққа томон яқинлашганлари сайин, уфқ ҳам янада узоқроққа кетаверади.
Яқин яқинларгача мана шунақа ғоялардан бири бўлган коммунизм ғояси ҳукмронлиги остида яшаб келдик. Уни қўллаганлар, уни алқаганлар қанча бўлмади дейсиз. Собиқ Совет давлатининг парчаланиши ортидан эса ҳамма бараварига уни ёмонлай бошлади. Биров ўйлаб ҳам кўргани йўқ: “нега биз шунақа тоифадаги элмиз?”. Олдинига коммунистларнинг ортидан ўша узоқдаги уфққа томон кетаётгандик, яъни еталама бўлиб. Уфққа етиб бўлмаслигини билдик, аниқроғи шундай деб уқдиришганидан сўнг ўша ўзимиз сиғинган уфққа қараб тупира бошладик.
Ҳаммасидан қизиғи, бизнинг Ватан бўлган Ўзбекистонда коммунистлар бир ўмбалоқ ошиб “Халқ демократлари”га айлангани бўлди. Кечанги коммунистлар халқ демократи бўлиб олганидани кейин яқин ўтмишидаги коммунистик ғояни сўка бошлашди. Чунки энди бизни янги бир ғоя янги бир уфқ сари етаклай бошлагандида. Янги уфққа томон элтадиган аравага ўтирдикми, энди унинг қўшиғини куйлашимиз шарт.
“Буюк келажак” деб ном берилди бу уфқимизга. Лекин буюк келажакка эса коммунистлар каби бир йўлдан эмас, турли йўллардан борса бўлар экан. Майли, бу ҳам энди ўтмишга айланди. Президентимиз балки ҳазиллашгандир, балки ёлғон айтгандир, яна ким билсин, мумкин эҳтиросларга қаттиқ ишониб, мамлакатни жар ёқасига келтириб қўйгандир. Ҳар ҳолда, бир бор бўлсин узр ҳам келтирмади.
Аммо бу билан бошқа уфқ изловчилар пайдо бўлди ва уларнинг айтишларича, улар кўраётган уфқ ортида ҳам жаннат бор экан. Унга элтадиган бир йўл бор экану, бу йўлнинг номи Ислом экан. Ўзику бир йўл, тағин унда ҳам майда, майда йўлакчалар бор ва уларнинг ҳар биридаги йўловчилар ўша уфққа томон бораётганликларини, ҳамда шу йўлдаги ўзлари бораётган йўлакча тўғри эканлигини уқдира бошлашди. Кимга ишониш керак, нима қилиш керак? Бироқ, кўпчиликнинг фикри бир тўхтамга кела олмаслиги кимларнингдир ғазабини қўзғаса, яна бировларнинг кулгисини ҳам қистайди.
“Сизнинг фикрингиз хато!” – деб юборади кимдир бошқа бировга, лекин шу топда ўзи бирор тузукроқ фикр ҳам бера олмайди. Фикри ожизимизча, ўзбеклар тепасида ҳукмрон бўладиган қандайдир бир ғояга муҳтождек ва доимгидек, унга кимдир бирор ғояни тиқиштирса айнан ўшанга эргашиб кетаверади. Ўзида эса мустақил фикр бўлмайди. Аниқроғи, мустақил фикри борлар ҳам уни ошкор қилишдан чўчишади. Чунки “катталарга” ёқмай қолса яхши бўлмайдида.
“Катта” деганда ҳар кам ҳар кимни тушунади. Кимдир биров учун Ислом Каримов “катталарнинг каттаси” бўлса, яна биров “катта” деганда қандайдир бир уламони тушунади. Аслида қиморбозларнинг ҳам, ўғриларнинг ҳам, сиёсатдонларнинг ҳам ўз “каттаси” бор албатта, лекин уларнинг катталари ватанда, Ўзбекистонда “катталарнинг каттаси” ҳукмронлиги остида қолаяпти. Шунинг учун бошқа хашаки “катталар” ҳа деганда ҳам кўзга ташланавермайди.
Камина бир мақола остида фикр қолдирарканмиз, исломийларда бирор тузукрок қурол ҳам, кўпчиликни жалб эта оладиган ғоя ҳам йўқлигини эслатиб ўтдим. Тағин эса ўзбеклардаги ноиттифоқликни ҳам келтириб ўтгандик. Бироқ бунга ўз эътирозини билдирган мухлисларимиздан бири ёзибди: “Устозлар Абдували қори, Рафиқ қори, Обид қорилар қўлига қурол олганмиди сизнингча?”.
“Мен нима дейман, қўбизим “динг, динг” қилади” дейишади ўзбеклар.
“Сизни қарашларингиз умуман хато. Миллат бирлашиши керак дейсизу, ўзингиз доимо мусулмонларни алохида жамоа деб ажратасиз”. – дея ўз фикрини давом эттиради у (http://uzerk.org/archives/19057). Албатта бу ўринда шахсдан ранжиш нотўғри бўлган бўларди. Муаммо динда ҳам эмас, муаммо ўзбекнинг тафаккурида. Биласизми, бизнинг миллат вакиллари кимнинг олдида қачон ён босади? Қачонки, фикр билдирувчи каттарок мансаб, ёки кўпроқ пул эгаси бўлса, ҳамда ўша миллатимиз вакили ундан манфаатдорлиги бўлганидагина. Бошқа ҳолатларда эса умуман ён босмайди, ёки билдирилган қандайдир бир фикрга, таклифга кўр кўрона ўз норозилигини намоиш қилиб ўтираверади. Албатта ҳар ким ҳар хил сабаблар, баҳоналарга ҳам эга бўлади бунда.
Бу бизга теккан касаллик. Лоаққал, нотўғри бўлса ҳам, ўша кимнингдир билдираётган фикрини, ёки илгари сураётган таклифи озгина бўлсин ўйлаб кўрилса яхши бўларди. “Каттага” қараймизда, у маъқулласагина биз ҳам маъқуллаб кетаверамиз. Шунда ҳам ҳар кимнинг ўз “каттаси” бор.
Масалан, таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаровнинг отилиши ортидан ўзбек диний жамоалари мутлоқ ҳаракатсиз ҳолга келишди. Режимнинг кўзлаган мақсади ҳам айни шу эди. Ўтказилган ҳар қандай пикетлар ва бошқа кўринишдаги сиёсий ҳаракатларда улар айнан мана шу имомнинг маслаҳати билан иштирок этишарди. Эндиликда эса бу инсон ўлим билан олишиб ётибди, ўзбек мусулмонлари эса ватандаги аҳволга бепарво бўлиб қолишган.
Таниқли рус сатирачиси Михаил Задорновнинг шундай сўзи бор: “ким биландир дўстликни тугатмоқчи бўлсангиз, унга ҳақиқатни айтинг” дейди у. Бу гап айнан биз ўзбекларга қарата айтилган сўз эканлигини сатирачининг ўзи билмаса ҳам керак. Ҳақиқат олдида қанчадан қанча миллатлар тиз чўксада, биз ҳақ сўзни эшитганда қулоқларимиз батанг ҳолга келади ва дўст тугул, отамизлдан ҳам кечиб юбора оламиз.
Дунёда ҳозир Исломга қарши ижтимоий онгни яратиш ҳаракатлари бораяпти ва шундай кезда Ислом жамоалари жуда катта сиёсий ҳаракатлар билан жавоб қайтаришлари лозим. Террор билан эмас, сиёсий кураш йўллари билан! Бостонда бўлсин, Россиянинг Доғистгнида бўлсин, ёки бошқа бирор жойдами содир бўлган ҳар бир портлаш ва кишилар жонининг қурбон қилиниши Ислом аҳлига нисбатан санчилган найзадир! Ироқдаги содир этилаётган кўплаб портлашлар ҳам ислом дунёсига путур етказмоқда, гарчи унда мусулмоннинг ўзи ўлсада.
Покистонни олиб қарайлик. Кунда бўлмасада, кунора кимнидир шаккокликда айлаб ўлдириб юборишади. Эмишки, фалончи Қуръон саҳифаларини ёққан экан. Балки у ақлдан озгандир, балки қандайдир бир аффект ҳолатида шундай қилгандир. Йўқ, буларнинг ҳаммаси уч пул ва у ўлдирилиши керак! Бироқ Покистон баччабозликка муккасидан кетган мамлакатлардан бири. Аммо ҳалигача шариат пешволари бировни баччабозлик қилгани учун ўлдиришгани ҳақида бирор маълумот чиқгани йўқ. Таажуб…
Бу каби иллат Бухоро амирлигида ҳам бўлганди, аммо советлар уни йўқ қилиб юборишган.
Тағин айни мана шу покистонлик баъзи уламолар Европа мамлакатларига ҳам одамларни Исломга даъват қилиш мақсадида келиб қолишади. Ўз уйидаги аҳвол бу бўлсада, даъватни бошқаларга ёйиш қандай бўларкин? Ўтирган ўрнимизни тозалаб олайлик олдин деб ўйлашармикан? Йўқ!
Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарлар асосан Ислом динини ва мусулмонларни обрўсизлантириш учун қилинмоқда. Бу билан Ғарб дунёсида мусулмонларга қарши ижтимоий онг яратилади ва кейинги босқичда эса янги қонунлар қабул қилишга ўтилади. Демократия дегани – бу қонунлар диктутураси демакдир. Шунга кўра, ҳукуматлар қонунларга эга бўлсагина Исломга қарши курашиш учун қонун билан қуролланиб олишлари керак. Буни биз ўзбеклар тушуна олмаймиз, ёки тушунишни ҳам истамаймиз ва бемалол демократик системани лаънатлайдиганлар ҳам орамизда талайгина.
Қизиқ, биз демократияни ҳақоратлаймиз, лекин шу система ичида яшашга интиламиз. Қаерда озодлик бўлса инсон ўша ёққа қараб талпинади ахир. Ҳали бирор ўзбек Покистонда, ёки Саудия Арабистонида яшаш учун интилганини учратганимиз йўқ.
Ислом мамлакатлари орасида биргина Эрон ўзининг қаддини тутуиб турганини кузатилинади. Лекин унда ҳам исломий тоталитар режим ўрнатилган. Ислом дунёси мамлакатлари орасида фақат мана шу Эронгина космосга чиқишга ҳам ҳаракат қилаяпти. Қолганлар эса пашша қўрийди. Қайси мамлакат кучга эга бўлса айнан ўша мамлакат гегемонлик қилиш қудратига эга бўлади. Кучни эса нафақат Қуръон ва Ҳадислар, балки дунёвий илмлар, фалсафалар, техник тараққиёт ва бошқа бир қанча омиллар белгилайди.
Коммунистик кўз қарашдаги ғояни олайлик. У қаердан келиб чиққанди ўзи? Унинг асл негизи оддий хаёлий утопияларда! Ўрта асрларда феодолизм зулми остида яшаган европаликлар қаердадир шундай бир давлат бор дея хаёл қилишган. Бир мамлакатки, унда одамлар тенг ҳуқуқлик, бирор хусусий мулк йўқ ва ҳамма нарсага давлат эгалиги жорий этилган. Ҳеч ким бировни меҳнат қилишга ҳам мажбурлай олмайди. Бунда пул ҳам йўқ ва одамлар ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб мол олишади, ҳамда бунинг эвазига давлатга 6 соат ишлаб беришади. Меҳнат қилиш эса инсоннинг турмуш тарзи ва ҳар ким ўз ўрнида имконига қараб ишлаб беради. Тасавур этинг-а, шундай мамлакат ҳақиқатда ҳам бўлганида эди, бу катта бахтку!
Лекин инсондаги очкўзлик ҳар қандай ғояларни ҳам йўққа чиқариб юбора оларкан. Кимдир ҳукмдор бўлишни истайди, яна биров ўша ҳукмдорнинг хизматида бўлишни орзу қилади. Бошқаларга эса Худога ёлвориб адолат келишини сўрашдан бошқа бирор нарса қолмайди. Демак, халқлар келгусида озод ва ҳур бир ватанга эга бўлиши учун нималардандир кечиб юбориши керак. Жуда бўлмаса ўз оромидан. Шундагина келгуси авлодлар эркин бир жамиятларда яшай олардилар. Келажак эса бугундан бошланади.
Тўлқин Қораев
Швеция
tulkin-karaev.blogspot.com