ЗУЛФИҚОР
Ҳафтадирки ижтимоий тармоқда ушбу рукн остида бир қанча мақолалар эълон қилинди. Бу чиқишлар билан ижодкор ёшлар ўзларини ва ижодий жамоатчиликни қийнаб келаётган баъзи муаммоларни ўртага ташлашди. Мен ҳам шу ёшлар қаторида бир мақола ёзиб эълон қилиш истагида эдим. Бу мақоламда сўз эркинлигини таълаб қилиб чиқаман деб ният қилгандим. Ҳа, жуда тўғри ўқидингиз СЎЗ ЭРКИНЛИГИ.
Аммо бугун яна бир шоир дўстимиз телефон қилиб фейсбукда Оқ Мерган дегани пайдо бўлгани ва у “Зулфиқор” рукнидаги чиқишларни шоир Муҳаммад Солиҳ билан боғлаб гўёки биз ёшлар мухолифат буюртмаси ва четдан ҳар биримизга келиб турган 500 Ақш доллари эвазига бу ҳаракатни бошлаганимизни ёзибди. Унинг наздида биз ёшлар гўёки ватанпарвармиз. Аслида моддий эҳтиёжимиз ўлароқ ёзяпмиз экан. Шу хабарни эшитиб кириб ўқидим ўша мақоласини. Унда асосий муаммо биз ёшлар эмас аммо ҳар эҳтимолга қарши 22 ёшдан 35 ёшгача бўлган 9 нафар мухолифат “хизматчилари” тилга олинибди. Бу иддаоларнинг барчаси бўҳтон эканлигини барчангиз яхши биласиз. Мана ўзингиз гувоҳ бўляпсиз, ҳали оила қурмаган ёшларга нисбатан ҳозирданоқ қўрқув ҳиссини уйғотишмоқда. “Келинг, шу мақолангизни эълон қилманг. Агар сизни ҳам Акромни ёнига тиқиб қўйишса нима қиламиз” деди дўстимиз. Хўп майли, хотиржам бўлинглар. Агар зарурат бўлмаса мақоламни эълон қилмайман. Аммо шу муҳитда бутун умр ижод қилаоламизми?
Бутун умр ҳақ ва ноҳақни баҳосини бермай ўтамиз, шунақами?
Бизни кузатиб бораётган ҳаммага шуни маълум қиламан: “Зулфиқор” ҳеч қандай сиёсий бирлик эмас. Аллоҳ шоҳид, биз ҳеч қачон ҳеч кимдан пул олмаганмиз! Масалан, мени банкдан 15 млн сўм кредитим бор. Масалан, Жонтемирнинг ҳеч вақоси йўқ! Бошқалар билан эса шунчаки тармоқда танишмиз. Шахсан мен уларни ҳаётда кўрмаганман. Ниҳоят, Ватанга муҳаббат ва садоқатимизда заррача бўлса-да ёлғон йўқ. Бизнинг истагимиз фақат эзгулик. Оқ Мерган ёзгани каби “оммавий тартибсизлик” кўтариш даражасида кучли эмасмиз. Ҳаммамизга Аллоҳ инсоф берсин. Омон бўлинглар.
Раҳмиддин АБРАЕВ