Ўзбегим, мен дил эрурман, қон каби жонимда бўл,
Кипригингман, менга энди кўз бўлиб, онимда бўл.
Офитобнинг заррасидек байти девонимда бўл,
Душманим жонин оларга сафда, майдонимда бўл,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Кўп замонлар қисматимиз хўрлигу шўрлик эди,
Ноодам келгиндиларнинг қилмиши зўрлик эди.
Сохта меҳрига учиб, бечора халқ кўрлик эди,
Юзда шона, тагда фона, асли нонкўрлик эди,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Юртимизнинг тинчлигин Аллоҳ нигоҳи сақлаган,
Меҳримизни Ҳазрати Нуҳнинг гиёҳи сақлаган.
Дилдаги дарду аламни ғамли оҳи сақлаган,
Оли Сомон иқтидорин Тур сипоҳи сақлаган,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Бизни ажратмоқчидур шайтон сабил дилқоралар,
Бир биримизни кўролмай бўлди кўр наззоралар.
Жонга тегди айрилиқ, токайгача бизни поралар,
Ўртамизда қайгача шайтон сабиллар оралар?
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Сохта обру истар ул ғарзодалар қон ўрнига,
Жонин омон сақламоқчи жон олиб жон ўрнига.
Зоти шайтонни кўпайтирмоқчи инсон ўрнига,
Токи домга тушмасак қопқондаги дон ўрнига,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Ўзбегим, тожик билан бирликдадир асли нажот,
Бирга борсак иккимиз бирлик сари айлаб сабот.
Иккимизга ўзга йўл йўқ, ё ҳаётдир ё мамот,
Токи бирлик йўқ экан, йўқдир нажот, йўқдир Ҳаёт,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл.
Ҳаёт Неъмат Самарқандий