Ўзбекистонда бошқарув тамоман ишдан чиққанлигини айтиш мумкин. Республика ва вилоят раҳбарлари хоас билан (бетартиб) вазифасидан бўшатилиб, уларнинг ўрнига вазифаларини бажарувчилар тайинланмоқда. Бошқа тарафдан эса лавозимдаги ёки ундан олинган раҳбарлардан баъзилари тўғри Тоштурмага йўл олмоқдалар. Худди, Тошкент шаҳар Прокурорининг собиқ ўринбосари каби.
Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра Ташқи Ишлар Вазири Элёр Ғаниев вазифасидан бўшатилган. Аммо унинг ўрнига янги вазир у ёқда турсин, вазифасини бажарувчи ҳам топилгани йўқ. Ҳукуматнинг хуфяси uzmetronom.com бу лавозимга номзодлар орасида заиф эҳтимол билан Каримовнинг эркатойи Гулнора Каримова ҳам борлигини таъкидлайди. Ҳа, энди мамлакат отасининг томорқаси бўлгандан кейин қизи томорқада гул терса нима қилибди…
Хуллас, Ислом Каримов режими чириб, сасий бошлади. Бундан кейин бу режимни оёқда тутиб қолишга ҳеч кимнинг қурби етмаслиги аниқ. Гулнора отасининг ўрнига томорқани эгалласа ҳам, бу бир неча кунгина давом этиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда халқ нафрат этадиган бир одам топилса, бу Гугушадан бошқаси эмас.
Ҳозир чет эл матбуотида яқинда Ўзбекистонда ўзгаришлар ва ҳатто халқ қўзғолони бошланиши ҳақида миш -мишлар тарқатилмоқда. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Гулноранинг янги лавозимга тайинланиши Каримовнинг кемасининг қояга урилганини билдиради. У ёғи маълум: Отаси ва қизи қаёққа қочишмасин, Ўзбекистон халқидан қочиб қутула олмайдилар. Эртага уларнинг адолат билан юзма -юз келишларига ҳеч шубҳа йўқдир…
Йўлдош Абдулла ўғли, 13 январь 2012 йил