O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

И.Каримовни судга берган фуқаро қамоққа олинди

И.Каримовни судга берган фуқаро қамоққа олинди
158 views
23 December 2012 - 11:52

Қашқадарё вилоятида яна бир ҳуқуқбон ҳибсга олинган. Бундан бир ойча илгари ҳибсга олинган Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшаб келган Чўян Маматқулов 2005 йилнинг бошида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзоси бўлганди ва Жамият ҳаётида етарли даражада фаоллик кўрсата олмай қолганлигига узрли сабаблар ҳам бор. Янги ҳибс этилган ҳуқуқбонга тергов органлари анчадан бери қўлланилмай келинаётган усулни қўллашганлиги айтилмоқда. Яъни уни гиёҳванд модда сақлаганликда айблашган. Шу билан бирга Чўян Маматқуловнинг Матиз русумидаги шахсий автомашинаси ҳам давлат фойдасига мусодара этилган. Ҳозирча бор маълумот шу. Суд ҳукми ўқилган, ёки ўқилмагани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

2004 йил охири ва 2005 йил бошида Чўян Маматқулов Ўзбекистонда кўпчилик ҳуқуқбонлар ва сиёсий мухолифат фаолларининг оғзига тушганди. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг устидан Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари судига арз қилиб, президентни судда жавобгар қилишга урингани ортидан, таъқиблар остида қолганди. Контракт асосида ҳарбий хизмат ўтаётган Чўян Маматқулов 2000 йилда хизматдан қувилган ва ўзининг ноҳақдан ноҳақ хизматдан ҳайдалганига Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий Қўмондонлигининг Бош Қўмондони ҳам бўлган Ислом Каримовни айбдор деб кўрсата олганди (http://iwpr.net/)

Унинг бу ҳаракати ўша даврда Ўзбекистонда расман фаолият олиб борган “Америка Овози” ва “Озодлик” радиосининг ҳам диққатига тушди. Ҳуқуқбон Тошкентда Fredoom House  идорасида ўзининг матбуот конференциясини  ҳам ўтказиб, унда ошкора тарзда Ислом Каримов Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилса, судга келишга даъват эта олди. Унинг ЎИҲЖ га аъзо бўлиш учун берган аризасини ташкилотнинг ўша дамдаги раиси бўлган Толиб ака Ёқубов қабул қилган.

Албатта Ч.Маматқуловнинг Ислом Каримовни судга бериш ҳаракати натижаси нолга тенг бўлиши олдиндан маълум эди. Яъни, Ўзбекистонда судьяларни Ислом Каримов ишга тайинлайди ва Ислом Каримов истаган вақтида уларни вазифасидан озод этади. Мамлакатда суд ҳокимияти ижроия ҳокимиятига бўйинсунган ҳолда фаолият олиб боради.

Кейинчалик Чўян Маматқулов ўзига ўхшаб ҳақсизликка учраган инсонларни жамоат-ҳимоячи сифатида суд ва тергов органларида ҳимоя қилиб келди. Ўзи қишлоқ жойда яшаётгани сабаб, асосан қишлоқ – фермер хўжаликлари унинг диққат марказида бўлди. Бироқ ҳуқуқбон Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти маркази билан алоқада бўла олмади. 2005 йилнинг 13 май кунида Андижонда содир этилган қирғин ортидан кўплаб ҳуқуқбонлар, сиёсий мухолифат партиялари вакиллари, ҳамда мустақил журналистлар ватанни тарк этишга мажбур бўлгандилар.

Табиийки, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида бундан бир ойча муқаддам Чўян Маматқуловнинг ҳибсга олинганлиги хабари бизгача энди етиб келди.

Тўлқин Қораев
Швеция