O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Киевда жанглар, қурбонлар сони ошиб бормоқда

Киевда жанглар, қурбонлар сони ошиб бормоқда
29 views
20 February 2014 - 14:08


Пайшанба куни юз берган тўқнашувларда камида 21 киши ҳалок бўлган.

Шоҳидларнинг Би-би-сига айтишларича, улардан баъзилари битта ўқдан ўлган, бу снайпер ўқига ишорадир.

Воқеалар саҳнасида бўлган Би-Би-Си мухбирлари отишмалар, ҳар икки томондан ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида хабар беришмоқда.

Қурбонлар сони ошиб бораркан, Украинанинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

“Биз элчидан зўравонликларнинг тўхталишини талаб қилаяпмиз”, деб айтган Британия Ташқи ишлар вазирлиги воизи.

Намойишчиларнинг кўчма шифохонаси ташкил этилган “Украина” меҳмонхонасидаги шифокорлардан бири Би-би-сига 15 кишининг жасади келтирилганини айтган.

Шифокор Наталя Годнинг айтишича, яраланганлардан яна 6 нафари оғир аҳволда.

“Олиб келинаётганларнинг аксари жанговар ўқдан яраланган”, деб айтган шифокор.

Мухолифат раҳбарларидан Виктор Кличко Президент Януковични муддатидан аввал сайловлар эълон қилишга чақирган.

Собиқ боксчига кўра, ҳозирда бу зўравонликларни тўхтатишнинг ягона йўлидир.

Ҳар икки томон зўравонликлар учун бир-бирини айблашда давом этмоқда.

Оврўпо Иттифоқининг уч нафар вазирлари Украинага қарши жазо чораларини муҳокама қилиш олдидан музокаралар учун Киевга сафар қилишган.

Украина соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жорий ҳафтадаги қурбонлар сони 28 кишига етган.

Тун бўйи Майдонда ёнғин тўхтамаган.

Пайшанба куни тонгда Би-би-си мухбирлари ўқ овозларини эшитишган ва бир кишининг жароҳатланганини кўрганлар.

Мустақиллик майдонига олиб борувчи кўчада зирҳли ҳарбий машиналар кўрилган.

Пайшанба қурбонлар учун мотам куни деб эълон қилинган.

Қурбонларнинг аксарияти сешанба кунги тўқнашувларда ҳалок бўлган.

Украинанинг Сочидаги олимпиадачилари зўравонликлар сабаб қишки ўйинларни тўхтатиб, уйларига қайтишган.

Чоршанба куни Президент Янукович Украина Қуролли кучлари бош штабининг бошлиғи, генерал Володимир Заманани лавозимидан бўшатган ва ўрнига ҳарбий денгиз флоти қўмондони, адмирал Юрий Ильинни тайинлаган.

Президент Обама “жиддий оқибатлар”дан огоҳлантирган

Армия бошлиғининг истеъфога чиқарилиш сабаблари изоҳланмаган.

Президент Обама “Қўшма Штатлар Украинадаги зўравонликларни қатъий бир тарзда қоралаши”ни айтган ва “ҳаддан ошганларни жиддий оқибатлар кутиши” ҳақида огоҳлантирган.

У Украина армиясини ” фуқаровий шахслар томонидан ечилиши керак бўлган масалалар”га аралашишдан тийилишга чақирган.

Чоршанба куни тунда ҳукумат ва мухолифат ўртасида вақтинчалик сулҳ эълон қилинган.

Президент Янукович маъмурияти “хунрезликни тўхтатиш, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва тинчликка эришиш йўлида музокараларни бошлашга” келишилганини эълон қилган.

Аммо вақтинчалик сулҳнинг қандай тадбиқ этилиши ҳақида тафсилотлар берилмаган.

Музокараларда мухолифат раҳбарларидан Арсений Яценюк, собиқ боксчи Виталий Кличко ва миллиятчи “Озодлик” партияси раҳбари Олег Тягнибоклар иштирок этишган.

Жаноб Яценюк Президент Янукович билан келишувга эришилганини тасдиқлаган.

Кличконинг “Зарба” партияси Янукович билан музокараларнинг пайшанба куни давом этишини маълум қилган.

Аммо Киевдаги Би-би-си мухбири Даниэл Сандфордга кўра, сулҳга эҳтиёткорлик билан қараш керак бўлади, чунки ашаддий намойишчилардан биронтаси ҳам ҳозирга қадар Президент Янукович билан музокараларда қатнашмаган.

Би-би-си Украин хизмати мухбири Святослав Хоменконинг айтишича, ҳозирда Майдонни ҳеч ким бошқараётгани йўқ.

“Мухолифат раҳбарлари бор эди, намойишчилар уларни эшитишди, лекин сўзларига қулоқ солишди, деб айтиб бўлмайди. Алоҳида сиёсатчилар, масалан, намойишчилар билан гаплашаётган, келиб-кетиб турган депутатлар бор. Лекин уларни лидер деб атаб бўлмайди. Ҳозирги майдоннинг 2004 йилдаги майдондан фарқи ҳам шунда. Бу лидерсиз майдон”, – дейди Би-би-си журналисти.

Киевдаги намойишлар ўтган йил охирида Президент Янукович Оврўпо Иттифоқи билан яқин алоқаларга доир битимни имзолашдан бош тортиши ортидан бошланиб кетган эди.

bbc.co.uk