O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Кимдурсан, ким билан келурсан?»

«Кимдурсан, ким билан келурсан?»
373 views
05 March 2016 - 4:30

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 18

(давоми)

МЕЪРОЖ ВОҚЕАСИ

Энди бу ўринда ҳақиқатга мувофиқ равишда, қисқача қилиб Меърож воқеасини баён қилиб ўтамиз. Бу ҳақда узун-қисқа сўзлар ёзилган китоблар кўп бўлса ҳам, аммо ҳақиқати ила ёзувчилар оздур. Шунинг учун Ислом оламида Қуръондин сўнгра ишонимлик китобимиз «Саҳиҳ Бухорий» сўзларига қаноат қилиб, анинг Меърож ҳақида келтирган ҳадисларини бу ўринда таржима қилдим. Аллоҳ ўзи мадад беришини сўрайман. Энди билмак керакким, Пайғамбаримизнинг бир кечада Масжидул Ҳаромдин чиқиб, Масжидул Ақсога келганлари Қуръон оятлари билан собитдур. Бунга иймон келтирмаклик мўминларга фарздур.

Масжидул Ҳаром деб Макка шаҳридаги Байтуллоҳ масжидини айтурлар. Бутун ер устида тамом мусулмонларнинг қибласи шу Байтуллоҳдур. Ҳар намозимизда юзимизни шу қиблага қаратамиз. Яна ўз ўрни келганда, Каъбатуллоҳ ва қибла ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз, иншааллоҳ!

Масжидул Ақсо бўлса Фаластин ўлкасида Қуддуси шариф шаҳрининг масжидидур. Бу масжид эрса, ўтган барча пайғамбарларнинг қибласи эди. Пайғамбаримиз ҳам Маккада турган вақтларида, ўқиган намозларини Масжидул Ақсога қараб ўқир эдилар. Қачон Мадинага ҳижрат қилиб бориб, ўн саккиз ой ўтгандин сўнгра Қибла йўткалди (ўзгарди). Ана шу кундин бошлаб, барча аҳли Исломнинг қибласи Макка шаҳрида, Байтуллоҳни ичига олган Масжидул Ҳаром бўлди. Ҳақиқий қибламиз эса, шу масжид ичидаги Иброҳим Халилуллоҳ ясаган ўнг бурчагига ҳажарул Асвад тоши қўйилган қутлуғ бир ўриндур. Юзимизни шу томонга қаратиб, Аллоҳга ибодат қиламиз.

Яна мақсадга келайлик. Пайғамбаримизнинг Масжидул Ҳаромдин чиқиб, Масжидул Ақсога келганлари ушбу оят билан собит бўлди:

«Субҳаналлазий асро, би абдиҳи лайламминал Масжидил Ҳароми илал Масжидил Ақсоллазий баракна ҳавлаҳу, линурияҳу мин оятина, иннаҳу ҳувассамиул басир».

Маъноси: «Ариғ зотлик (яъни, тоза) ул Худоким, қули Муҳаммадни, Масжидул Ҳаромдин, кечалаб, хайру-барака билан ўралган Масжидул Ақсога элтди. Бу элтишда улуғ қудратимизнинг аломатларини унга кўрсатамиз».

Мана шу оятнинг очиқ мазмунича, Пайғамбаримиз кечанинг бир парчасида Масжидул Ҳаромдин чиқиб, Қуддус шаҳридаги Масжидул Ақсога келганлари онгланади. Энди бу оят шу масалада қатъий далил бўлганликдан, Исрога инкор, яъни Масжидул Ақсога келиш инкори иймонга мухолифдур. Аммо Меърож деб «Масжидул Ақсодин осмон оламига чиққани айтилур. Бу эса ҳадис билан собит бўлган масаладур. Бу ҳақдаги ҳадислар мутавотир, яъни, шаксиз ҳадислардур.

Энди бу улуғ мўжизанинг баёни шундоғдирким, бир куни Пайғамбаримиз «Олтин тарнов»нинг ости, Каъба орқаси — Ҳатимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шул чоғда Жаброил алайҳиссалом бир неча фаришталар билан ҳозир бўлдилар. Пайғамбаримизнинг кўкрак чуқурларидин бошлаб, муборак кўксиларини ёрдилар. Олтин жомда тўлиқ «иймон-ҳикмат» суви келтирилган эди. Юракларини чиқариб, шу сув билан чайқадилар. Сўнгра илм-ҳикмат, иймон тўлдириб, юракларини ўз ўрнига қўйдилар. Шу чоғда, хачирдан кичикроқ, эшакдин чўнгроқ Буроқ оти жаннатдин келтирилган эди. Унинг илдамлигидан, кўзи етган жойга оёқ қўяр эди. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизни шу Буроққа миндирди.

Олдинларида ўзи йўл бошлаб юриб, хиёл ўтмай Масжидул Ақсога етдилар. Ул жойда Иброҳим, Мусо, Исо алайҳиссалом бошлиқ барча Пайғамбарлар кутмоқда эдилар. Буроқдин тушиб, ўтган Пайғамбарлар боғламиш ҳалқага ани боғладилар. Сўнгра Расулуллоҳ Масжидул Ақсога кириб қарасалар, барча Пайғамбарлар ҳозир эканлар. Аларнинг талабларича Пайғамбаримиз имом бўлиб, икки ракат намоз ўқидилар. Бунинг сўнгида Жаброил алайҳиссалом бир коса ароқ, иккинчи косада сут келтириб, Пайғамбаримизга: Ичгил, деб ишорат қилди. Пайғамбаримиз ароққа қарамасдин, бир коса сутни олиб ичдилар. Буни кўриб, Жаброил алайҳиссалом:

— Эй Муҳаммад, ҳақиқатни топдинг. Сенинг умматларинг яҳуд, насоролар каби ҳақ йўлдин адашиб, гумроҳликка кетмас эканлар, — деб башорат берди.

Бундан кейин Расуллулоҳни яна Буроққа миндириб, Жаброил алайҳиссалом жиловларида, носут оламидин лоҳут жонибига, яъни ер устидин осмонга кўтарилдилар. Биринчи осмонга етдилар. Жаброил алайҳиссалом эшик сақловчи фариштага: «Очгил», деди. «Кимдурсан, ким билан келурсан?» деб сўради. «Жаброилдурман, йўлдошим Муҳаммад», деди. «Анинг пайғамбарлик даври келдиму?» деб дарҳол эшик очди. Дастлаб қаршиларига отамиз Одам алайҳиссалом чиқдилар. «Хуш келдингиз, эй азиз фарзандим», деб ҳақларига дуо қилдилар. Ул жойдин кўтарилиб, иккинчи осмонга етдилар. Ул жойда ҳам юқоридагидек савол-жавоблар бўлди. Ҳазрати Исо, Ҳазрати Яҳё пайғамбарларнинг маконлари шу осмонда эди. Бу зотлар ҳам қарши олиб, хайр-дуода бўлдилар. Бундин ўтиб, учинчи осмонга чиқиш навбати етди. Юсуф алайҳиссаломнинг макони шу осмонда эди. Жаброил алайҳиссалом эшик қоқди. Юқориги савол-жавоблар ўтгандин сўнгра эшикни очдилар.

Юсуф алайҳиссалом қарши олиб, Пайғамбаримизни табриклади. Сўнгра бу жойдин ўтиб, тўртинчи осмон сари юзландилар. Унинг ҳақида «Варафаънаҳу маканан алийя» ояти келган. Ҳазрати Идрис пайғамбарнинг мақомлари шу эди. Бунда ҳам юқорида ўтган сўзлардин сўнгра, эшик очилиб, Идрис алайҳиссалом билан кўришдилар. Шундан сўнг бешинчи осмонга кўтарилдилар. Жаброил алайҳиссалом эшик қоқди. Савол-жавоблар ўтгандан сўнгра эшик очилди. Ҳорун  алайҳиссаломнинг жойлари шунда эди. Кўришгандин сўнг, бундин ўтиб, олтинчи осмонга чиқдилар. Мусо алайҳиссалом шу жойда эдилар. Ўтмиш сўзлардин сўнгра эшик очилди. Мусо алайҳиссалом таъзим билан Пайғамбаримизни кўп олқишладилар. Яна ул жойдин Буроқ учиб, еттинчи кўкка еткузди. Ул жойда боболари Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломни кўрдилар. «Отангиз Иброҳимдур», деган ишорат бўлиб, пайғамбаримиз салом бердилар. Салом жавобин қайтаргандин сўнгра: «Эй азиз фарзандим, хуш келдинг, қандоқ улуғ мақомларга етдинг», деб дуо қилдилар. Пайғамбаримиз кўрдиларким, Иброҳим Ҳалилуллоҳ осмон фаришталарининг Каъбаси — «Байтул Маъмур»га суяниб ўтирибдилар. Байтул Маъмур биноси Каъба тўғрисидаги бир уйдирким, унинг ҳақиқатини Аллоҳ билур. Ер устида Каъбани ҳожилар тавоф қилганларидек осмонда фаришталар ани тавоф қилурлар. Ул уй яратилгандин бери, Пайғамбаримизнинг айтишларича, ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиб кетгайлар. Аларнинг кўплигидин, бир қатим тавоб қилганлари иккинчи келишига қиёматгача навбат топа олмайдилар. Мана бу жойдин ҳам ўтиб, муборак қадамлари «Сидратул мунтаҳо»га етди. Пайғамбаримиз айтишларича, бу нарса Аллоҳнинг азаматлик қудратига нишона бўлғудек, емишлик улуғ бир дарахт экандур. Пайғамбаримиз шу дарахт остига келганларида, Аллоҳ таоло ўз ҳабибини ҳурматлаш учун ул дарахтга: «Безангин», деб буйруқ берди. Шу ҳолда шундоқ ҳусни-жамолга кириб, зебу зийнатлик бўлдиким, анинг васфини Аллоҳдин ўзга ҳеч кимса қила олмағай. Жаброил алайҳиссаломнинг мақомлари шу жойда эди. Сўнгра бу жойдин юқори раф-раф билан уруж қилиб, ул Ҳолиқи аъзам, Жаббори акрам улуғ даргоҳига етдилар. «Қоба Қовсайни ав адна» (энг олий мақом) мақомига эришдилар. Энди бу ўринда не сирлар ўтди, қандоқ ҳоллар кўринди? Мана улардин оғиз очмоққа ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайдур. Бу ишларга иймон келтуриб, таслим бўлмоқдин бошқа ҳаққимиз йўқдур. Аллоҳ таоло шу Меърож тунида, Пайғамбаримизга ва ҳам анинг умматларига эллик вақт намоз фарз қилди. Қайтишларида Мусо алайҳиссалом йўлиқиб, «Эй Муҳаммад, буни умматларинг кўтаролмайдилар. Қайт, Раббингдин сўрагил, буни енгиллатсин», деб у жойдин ёндирдилар (қайтардилар). Пайғамбаримиз даргоҳга келиб, енгиллик талаб қилган эдилар, беш намоз туширилди. Мусо алайҳиссалом яна сўроғил, туширсин. умматинг бунга ҳам тоқат қилолмайди, дедилар. Шундоқ бўлиб, неча қайтадин бориб келдилар. Энг охирида беш намозга қарор топди. Тангри таоло айтди:

— Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда умматларингга беш вақт намоз қилдим. Ҳар намозга ўн намоз савобини бердим, у беш вақт намозни — эллик вақт намоз ўрнида қабул қилдим. Эй Муҳаммад! Умматларингдан ҳар киши бир яхши иш қилмоққа қасд қилса, агар уни қила олмаса ҳам, шу яхшилик савобини бердим. Агар қасд қилмиш яхшиликни қилиб, битурса, ҳар бирига ўн баробар савоб ёздирдим. Ёмонлик ишни қилишга ният қилсалар, аммо уни қилиб, юзага чиқармасалар, ёмон ниятлари учун ҳеч гуноҳ ёздирмадим. Агар у қилган ёмон ниятларини амалга оширсалар, бирга-бир гуноҳ ёздирдим, — деди.

Сўнгра Пайғамбаримиз бу ишларга розилик билдириб қайтдилар. Йўлда яна Мусо алайҳиссалом йўлиқиб: «Эй Муҳаммад, бу беш вақт намоз ҳам умматларингга оғирдур. Бундан ҳам енгилроқ қилиш чорасини кўргил», дедилар. Пайғамбаримиз яна боришга ҳаё қилганликларидан бу ишга журъат қилмадилар. Қиёматгача шу беш вақт намоз умматларига фарз бўлиб қолди.

Энди бу улуғ сафарда Аллоҳ таолонинг қудрат-камолига ҳужжат бўлгудек не ишларни кўрдиларким, барчаларидин энг улуғроғи — шу кечада Жаббори Аъзамнинг жамоли покига мушарраф бўлишларидур. Бу эрса бошқа ҳеч бир пайғамбарга берилмаган энг улуғ каромат эди. Шунинг учун Расулуллоҳга берилган ҳисобсиз мўжизаларнинг энг улуғроғи Меърож мўжизасидур. Чунки энг юқориги оламдаги жаннатни, энг тубан оламдаги дўзахни бу сафар саёҳатида ўз кўзлари билан кўриб, тамоша қилдилар.

Боқинглар, эй мўминлар, Аллоҳ таоло қудратигаким, шунчалик узун муддатлик сайри саёҳатлари эса бу чексиз, тубсиз оламни айланишларида кўрилган ҳисобсиз ҳодисаларнинг тамоми шу кечанинг бир қисмидагина бўлиб ўтди. Энди биз мўминлар бу улуғ мўжизага иймон келтирамиз ва ҳам ишонамиз. Байт:

Таслим этамиз қудратига ул қодиру доно
Инкор этадур шумлигидан бир нечайи гумроҳ
Шаппара кўрмас эса кун юзини бизлара ғам йўқ
Ҳар кунда чиқар кун, ёриғидур олама пайдо.

Сўнгра шу кечада Меърождин қайтиб, Пайғамбаримиз ўз жойларига келдилар. Эрталаб Каъба олдидаги Қурайш мажлисига келиб ўлтирдилар. Шу орада Абу Жаҳл ҳам пайдо бўлиб, Пайғамбаримиз олдига келди. Кўнглига тавфиқ тушган бўлса ажаб эмас, деб Меърож воқеасини анга баён қилдилар. Бу сўзни эшитган замон Абу Жаҳл ўрнидан ирғиб туриб:

«Эй Қурайш болалари, тезликда буён келинглар», деб борлиқ товуши билан қичқирди. Бунинг нидосини эшитган кофирлар ҳар томондин югуришиб келдилар. «Ҳой, бу нима хабардур?», деб ҳар ёқдин сўрашгани турди. «Ўзидан сўранглар», деб Абу Жаҳл пайғамбаримизга ишорат қилди. Анда Расулуллоҳ: «Шу ўтган кечаси мен шундоқ улуғ бир воқеа кўрдим», деб кўрганларини баён қилдилар. Буни эшитиб, буларнинг бошларига қиёмат турди. Баъзилари эрса: «мана энди ёлғони очилди», деб суюнганидин чапак чалдилар. Иймонлари кўнгилларига ўрнашмаган бир неча янги мусулмонлар муртад бўлдилар. Қурайш кофирлари бу воқеани ўзлари учун катта ҳужжат билиб, «бориб келиши икки ойлик йўлга Муҳаммад, кечанинг бир қисмида бориб келдим, дейдур. Бу сўзга ким ишонса бўлур. Бу очиқ ёлғон эмасму?» деб мўминларга таъна қилдилар. Яна бир нечалари югурганларича ҳазрати Абу Бакр қошларига келишиб:

— Эй Абу Бакр, дўстинг Муҳаммад сўзини онгладингму, яна бир янги ёлғон чиқарди. Икки ойлик йўл— Қуддус шаҳрига кечанинг бир қисмида бориб келдим, дейдур.

Энди сен бунга ҳам ишона олурмисан? — дедилар. Анда Абу Бакр:

— Агар шу сўзни анинг айтгани рост бўлса, у тўғри айтган, албатта, унга ишонурман. Чунки етти қат осмон устидан, кеча-кундуз соатлар ичида унга келган ваҳий хабарларига ишониб, уни тасдиқ қилурман. Энди буни нечук тасдиқ қилмагайман, — дедилар.

Мана шу кундан бошлаб Пайғамбаримиз Абу Бакрга «Сиддиқ» лақабини қўйдилар. Шунинг билан мўмин-кофирлар ичида Меърож воқеаси билан шов-шув сўзлар кўпайгани турди. Қурайш кофирлари ичида Қуддус шаҳрини кўрганлари кўп эди. Пайғамбаримиз бўлсалар бу шаҳарга келмаган ва ани кўрмаган эдилар. Имтиҳон учун шаҳар белгиларини, Масжидул Ақсо сифатларини Пайғамбаримиздин сўрагани турдилар. Маълумдурки, бу шаҳарга кирган киши, биринчи навбат кўришида у шаҳарнинг ҳамма жойларини қайдин била олур. Пайғамбаримиз шу фикрни қилиб турган чоғларида Жаброил алайҳиссалом бир кўзгу кўтаргандек, Қуддус шаҳрини кўтариб, Пайғамбаримизнинг қаршиларига қўйди.

Қурайш мушриклари Қуддуснинг қайси жойидан сўрасалар, Жаброил алайҳиссалом ишоратлари ила, аларга аниқлаб айтиб турдилар. Бу ҳақдаги қилган имтиҳонлари тўғри топилганликдин, ҳаммалари ҳайрон бўлишиб қолди. Бу ишга бек таажжубланиб:

— Эй Муҳаммад, кўрган кишидек берган жавобларингнинг барчаси тўғридур. Энди бизнинг Шомдин келаётган карвонларимизни қайси ўринда учратдинг?,— дедилар. Анда Пайғамбаримиз карвонга учраган жойларини ва аларнинг ҳол-аҳволларидин хабар бердилар. Сўнгра:

— Фалон куни, кун чиқар чоғида карвон етиб келур. Энг олдида келган туянинг туси қора бўздур. Кетишда бу карвонни фалон сойда учратган эдим. Буроқнинг савлатини кўриб, туялар чўчишиб ҳуркидилар. Ҳуркиб қочган туялардан бирисини йўқотиб, тополмай қолдилар. У ердан ўтиб, Зажнон деган жойга келганимда карвоннинг бир бўлимини кўрдим. Тушган манзилларида барчаларини топдим. Усти ўралган бир идишда сув кўриб, уни олиб ичдим. Ичида сув қолмади. Илгаригидек қилиб ўраб қўйдим. Карвон халқидин шу аломатларни сўранглар. Агар шунга ҳам ишонмасанглар, мана шу ҳозирда карвон қофиласи (бўлаги) Танъим тоғидан тубанроқ туша бошлади. Энг олдида қора бўз ранглик туя бордур. Анинг устида икки дона сомон солинган қоплари бор, унинг бири оқ, бири қорадур, — дедилар.

Пайғамбаримиздан бу хабарни онглаб турган кишилар шошилинч равишда карвонни қарши олиш учун шаҳар ташқарисига қараб жўнадилар. Шу чоғда бир киши: «Мана, кун чиқди», яна бирлари: «Мана, карвон келди», деди. Қарасалар, қофила қораси йироқдин кўринмиш эди. Макка мушриклари карвонга етишлари ҳамон, аларнинг биринчи қилган ишлари Пайғамбаримизнинг берган хабарларини текшириш бўлди. Қарасалар, айтганларидек, ҳамма сўзлари тўппа-тўғри чиқди. Карвон ҳақида келтирган хабарларидан ҳеч қанчалик хилоф топмадилар. Пайғамбаримиз деганларидек, энг олдида қора бўз туя устида сомон тиққан оқ-қора қоплари билан келмоқда эди. Энди шу қадар қудрат кўрсатиш билан улуғ мўжизаларни кўзлари билан кўриб турсалар ҳам, яна ҳақиқатга эгилмадилар. «Ҳой, Муҳаммадга сўз йўқ, шунчалик кўз боғловчи сеҳрчиликни кимдин ўрганмиш экан?», деб илгаригидан ҳам ортиқроқ душманликлари кучайди.

Яна шу Меърож кечаси эрталаб Жаброил алайҳиссалом келиб, беш намознинг вақтларини, ракатларини, намоз ўқиш тартибларини Пайғамбаримизга ўргатдилар. Намоз фарз бўлишидин бурун эрта-кеч икки ракатдин, тўрт ракат намоз ўқир эдилар. Бу эса Иброҳим алайҳиссаломнинг намозлари эди. Буни бировдан кўрмасдин, ҳеч кимдин ўрганмасдин, Аллоҳнинг илҳоми ила ўқиб юрган эдилар. Энди бу улуғ мўжиза — Меърож воқеаси ўтгандин кейин, Қурайш қабиласидин Пайғамбаримиз умидлари узилди.

(давоми бор)