O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кимни алдамоқчи бу ҳокимлар?

Кимни алдамоқчи бу ҳокимлар?
151 views
24 March 2013 - 16:39

namangan_haqiqatiБизга маълумки ривожланган давлатларнинг иқтисоди асосини кичик тадбиркорлар ташкил этади. Улар эса ўз навбатида давлат иқтисодининг барча тармоқларини қамраб олишган бўлиб, белгиланган қонунлар асосида мустақил равишда фаолият юрғизадилар.

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Баҳодир Юсуповнинг фикрича. Ўзбекистонда ҳам ривожланган мамлакатлар қаторида кичик тадбиркорликка кенг этибор берилиб, тадбиркорлик мустақил бўлганимиздан буён ривожланиб, 20‑йил аввалги даврни эслаб, бугунги шароит ва қарашлар билан солиштириб бўлмас эмиш!

Бу фикрни ҳоким жаноблари 2013‑йил 16‑март куни Наманган шаҳри марказида  жойлашган Ёшлар марказида таъкидлаб айтди. Чунки бу марказда Президент соврини учун ҳунарманд, фермер ва тадбиркорлар ўртасида 17 йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ушбу кўрик танловга вилоят ҳокимлиги газетаси бўлмиш “Наманган Ҳақиқати”да аввалдан эълон берилган бўлиб, камина ҳам қизиқиб бордим.

Хўш, йигирма йил ичида қанақа ютуқларга эришдик экан? Кўргазмага кириш учун “Ёшлар марказини” асосий,  учта ёнма‑ён турган эшигига йўл олдим. Эшикни тортсам берк, атрофда ҳеч ким йўқ, айланиб марказнинг ёнига ўтдим. Кичкинагина пастқам эшикчаси бор экан, милиция вакили пойлаб турибди. Ундан кўргазма ҳақида сўрасам, шу ердан кирилар экан.  Менга қаердан келдингиз дея савол бера кетди милиция ходими.

– Наманган шаҳридан ‑ дедим.
– Қаерда ишлайсиз? ‑ сўради у
– Бунинг нима аҳамияти бор? – дея савол бердим
– Бизда шунақа кўрсатма бор, биз билишимиз керак.
– Агарда ишсиз бўлса, бирор ҳунарни йўлга қўймоқчи бўлиб, ўргангани келган бўлса, киришга рухсат берилмайдими?
– Биз қаерда ишлашингизни билишимиз керак! –  чўрткесарлик қилди милиция ходими. Мен кургазмага кириш учун фермер хўжалигида ишлашимни айтганимдан сўнг рухсат олдим.

Кўргазма бинони биринчи қаватида, асосан тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган кийим‑кечаклар – эркаклар учун, болаларга костюмлар, футболкалар, маҳсус устибош, бош кийим‑телпаклар, сочиқлар, кўл иши бўлган зардўзлик маҳсулотлари, чармдан тикилган махсилар, қўл дастгоҳида ва туқув дастгоҳда тўқилган кўримсиз матолар, сифатсиз чинни махсулотлари, чуст пичоқчи усталари томонидан ишлаб чиқарилган пичоқлар, минерал сув ишлаб чиқарувчи фирманинг баклашкаларга қадоқланган махсулотлари, аккумулятор ишлаб чиқарувчи тадбиркорнинг маҳсулотлари, пазандаларнинг ишлаб чикарган печение, торт маҳсулотлари намойиш қилинибди.

Иккинчи қаватда фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чикарилаётган деҳқончилик махсулотлари шамойиш қилинарди. Буларнинг барчаси йигирма йил ичида қўлга киритилган ютуқлар экан (?).

Ютуқ бўлса бўпти. Бунга нима этироз бўлиши мумкин? Хукумат этироф этишича мухолиф фикрдаги кишиларнинг “ичи шунақа қораки, эришилган ютуқларимизни кўра олмайди”.

Камина тадбиркорларни кўпи билан суҳбат ўтказдим, уларни ҳар биридан фаолияти намойиш қилинган буклет ёки визиткаси борлиги ва бир нусҳадан беришларини сўрадим. Аксарият ҳолларда улар бунақа нарсалари йўқлигини, ҳамда бу нарсаларни кўргазмага олиб келиш эсларидан чиқиб қолганини айтишди. Афтидан, мен сўраган нарсалар уларда йўқлигидан хижолат чекишди. Хатто Россия мамлакатига экспортга кийим‑кечак жўнатаётган икки фирманинг бирида ҳам визиткаси йўқ экан. Экспротга костюмлар ишлаб чиқарувчи иккинчи фирма “Ифтихор Кийим Саноат” фирмаси, бошлиғи Анна Добрихнинг мен сўраган буклети ҳам, визиткаси ҳам бор ва улардан бир нусхадан менга тегди, гарчи Анна мен билан гаплашишни истамаган бўлса ҳам. Унинг асаби таранглиги билиниб турарди, худди уни бу кўргазмада иштирок этишга мажбурлашгандай.

Тадбиркорлардан уларнинг ишлаб чикариш жараёнида дуч келаётган камчиликлари, муаммолари ҳакида сўрадим. Ҳеч бирлари муаммо ва камчиликлар ҳақида гапиришни исташмади. Кўринишидан, улар мени ҳокимият вакили деб ўйлашди. Бари‑бир дардингни айтганинг билан ҳеч нарса ўзгармаслиги билиш қонун тусини олганлигини ҳис қилишади шекилик. Сочиқ ишлаб чиқарадиган фирманинг бир вакили электр энергияси йўқлигидан ва шу сабаб, керакли миқдорда маҳсулот чиқара олмаётганлигидан арз қилди холос.

Мақтанишга, бонг уришга арзимайдиган, йигирма йил аввал ҳам, мустақиллик бўлмаса ҳам, бунданда кўпроқ ва сифатлироқ маҳсулотлар бозорларимизда бўлгани учун бу эришилган ютуқларни ютуқ деб бўлмайди. Аксинча, бу ютқазишни намойиш этиш эди. Содда ҳалқимизни кўзига парда тортиб,  хукумат мана мустақил бўлганимизга 22 йилдирки бизни алдаб келаяпти. Аслида бундан кўра кўпроқ, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун юртимизда етарли потенциал, халқимизнинг ғайрати, шижоати бор!

Бу кўргазмада ҳар ҳил маҳсулотлар намойиш қилингани билан у ерда мен орзу қилган нарсалар йўқ эди. Тадбиркорлар иложи борича ўз маҳсулотларини яхши ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишибди, лекин бу махсулотлардаги сифат даражасининг пастлиги, ҳажмининг озлиги, харидорларнинг замонавий талабларига жавоб бера олмаслигидан давлатимиз уларга кўрсатаётган эътибори қанчалик эканлигини намойиш қилибди.

Ҳеч бўлмаса ягона Хитой мамлакатидан келаётган, биз сифатсиз дея айтаётган маҳсулотлар билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар бўлганида эди ва улар сон‑саноқсиз бўлганда эди, унда “ҳа мана, ривожланибмиз” десак бўларди.

Камина Россия кўргазмаларида бўлиб қайтганман. У ерлардаги кўргазмаларга кириш пуллик бўлиб, кўргазмага ташриф буюрган одам албатта бир нарсали бўлиб чиқиб кетади ёки билим олади. Масалан: кўргазмалар кийим ишлаб чиқарувчи саноатники бўлса икки тарафга бўлиниб бўлиниб намойиш этилади. Бир тарафда ишлаб чиқариш дастгоҳлари намойиш қилинса, бошқа тарафида шу дастгоҳларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўлади.

Бу ерда шу дастгоҳлар ҳақида барча маълумотлар олиш, уларни харид қилиш учун шартномалар тузиш мумкин бўлади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида ҳам худди шундай маълумот олиб, уларни етказиб бериш учун шартномалар тузилади. Янги – янги моделдаги дастгоҳлару, матолар намойиш қилинади ва кўргазмага бир ҳафта, ундан ҳам кўпроқ вақт кетади. У ердаги ҳурмат, муомалани асти қўяверинг. Сизни у ёғингиздан кириб бу ёғингиздан чиқишади. Кўргазма дегани шунақа бўлиши керак. Бизда эса кўзбўямачилик” Кимни алдаяпсиз ҳокимлар?

Илҳом Мамедов

Наманган шаҳри