Ўзбекистон билан янги баҳор
Туркия билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар анча пайтдан бери ёмон эди. Баъзиларига бу ғалати кўринади, нима бўлганда ҳам, “қариндош” жумҳуриятлармиз. Аммо Совет Иттифоқининг чўкишидан сўнгра, пайдо бўлган катта муҳаббат Тошкентнинг ўпка-гиналари оқибатида совуқликка айланди, ўзбек лидери Ислом Каримов 9-Президентимиз Сулаймон Дaмирелдан хафа бўлди. У ўпка-гинасини БМТнинг Миллениум Йиғилишига ҳам ташимоқчи бўлди. Президент Сезaрга рандеву (учрашув) беришни ҳам пайсалга солди. Фақат оз вақт ўтгач, бирданига ўзгариб қолди ва Сезер билан учрашди. Илтифотларини ҳам аямай “сочди”. Ўзбеклар ҳозир Ички ишлар вазиримиз Сaодаддин Тантанни қаршилаб, меҳмон қилмоқдалар. Хўш, байрам йўқ – сайрон йўқ, бу оғайнимиз бизни нимага бирданига қучоқлаб, ўпа бошлади?
Аввало ишнинг ўтмишига боқайлик. Бир неча йил муқаддам, ўзбек ҳукуматидан ғалати баёнотлар кела бошлаган эди. Туркияни “террорист”ларга бошпана берганликда айблади улар. Бу ерда “бошпана берилган террорист” эса таъқиқланган ЭРК Партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ эди.
Нормал мезонларга кўра, ЭРКни “террорист” ташкилот, унинг лидери Солиҳни эса бир “террористбоши” деб эълон этиш учун хаёл кучимизни қаттиқ қамчилашимиз керак бўларди. Ҳозир Норвегияда яшаётган Солиҳнинг асос айби – кучли мухолиф бўлиши эди, холос. Энг муҳими, агар эркин сайлов бўлганида, унинг ғалаба қозониш эҳтимоли юксак бўлиши эди.
Шунга қарамай, Анқара, “қариндошлик бузилмасин” дея, Солиҳдан Туркияни тарк этишини истади. Аммо бу Каримов учун камлик қилди. У бир карра “Террористларимиз Туркияда тайёрланаяпти” дея ишонган ва Тошкентда 1999 йилда портлаган бомбалардан сўнгра, бу ишонч янада кучайганди.
Бошқа бир ифода билан айтсак, Туркия ила Ўзбекистон орасидаги алоқалар, Солиҳнинг қувилишига қарамасдан, тузалмади. Ҳатто яна-да ёмонлашди. Ўзбеклар қайсарлик билан “Террористларимизни беринг”, деб, Туркия эса қарорли бир шаклда “бу кишилар бизда эмас”, деб кун ўтказдилар.
Каримов сўнгра Туркияни “диний радикализм”ни импорт қилган ўлка сифатида айблади. Қўрқинчли рўёси бўлган радикал диндорларнинг худди ҳаммаси Туркияда, дегандай хатти-ҳаракатлар қила бошлади. Фатҳуллоҳ Гуланга оид бўлганларни ҳам қўшиб, ўлкадаги барча турк мактабларини ёпди. Туркияда ўқиган ўзбек талабаларини қайтариб олди. Бу орада турк ширкатларига турли тўсиқлар қўя бошлади.
Қисқаси, Туркия Каримов учун икки маънода “таҳликали ўлка” бўлди. Биринчиси, демократия ўрнаги билан, иккинчиси, бу демократик иқлимда етишган Сиёсий Ислом.
Фақат мужоҳидлар Афғонистондан Каримовнинг ўлкасига кириб, социал-иқтисодий шакли эътибори ила шариат пропагандасига мойил бўлган Фарғона водийсига қараб юрган заҳот, ваҳима ичида Русия Президенти Путин билан кўришиб, “Ислом фундаментализмига қарши ҳамкорлик” шартномасини имзолади.
Каримов учун битта йўл қолганди – Демократия ва инсон ҳақлари мавзусида АҚШдан келган қаттиқ танқидларни ичига ютиб, Туркиядан келадиган “демократия ўрнаги” қўрқувини енгиб, Вашингтон ва Анқарага тарафга бурилишга қарор берди. Туркия ҳам ўтмишни эслаб ўтирмай, ўзбек аскарларини тайёрлашда логистика, қурол-аслаҳа, ҳарбий ашёлар ва таълим-тарбия соҳасида ёрдам беришга сўз берди.
Хуллас, Каримовнинг дин қўрқуви демократия қўрқувидан кучлироқ чиқди. Бу орада Каримов яна ўлкада ваҳҳобий тушунчалар кўпаймасин дея, бухоролик Ислом мутафаккири Баҳоуддин Нақшбандийнинг қучоғига отилди. Ваҳҳобийларнинг йўлини Нақшбандия йўли билан тўсмоқ истаяпти.
Самиҳ Идиз
“Star” газетаси (Туркия)
19.09.2000