O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих-8

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих-8
40 views
15 August 2012 - 11:33

Шоирлари маддоҳу, шоири хўрланган юрт 

Шу йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Олий судида шоир – “ЭРК” Партияси раиси Муҳаммад Солиҳ, ўзларини Ўзбекистон исломий ҳаракати деб атаётган ташкилот раҳбарлари устидан ўтказилган суд жараёни тугади, ҳукм ўқилди.

Суд жараёни ва ҳукми тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар, чет эл матбуот органлари томонидан, тан олиш керакки, демократия доирасида турли-туман фикрлар, муносабатлар билдирилди, мақолалар эълон қилинди. Улардан фарқли ўлароқ Ўзбекистон матбуоти суд жараёнини мутлақо бир ёқлама жазоланувчиларга қаратган ҳолда, равшанким, юқоридагиларнинг кўрсатмаси асосида ёритди. Айтилган гаплар, ёзилган мақолаларда инсонни камситадиган, ҳақоратлайдиган барча сўзлар қўлланилди. Корхона, ташкилот, ўқув юртлари, маҳаллаларда “Ватангадолар”, “Халқ душманлари“, “Оқпадарлар”, “Мустақиллик душманлари” каби сўзлар билан бошланган Совет замонини эслатувчи шиорлар остида йиғилишлар ўтказилди. Айниқса, Республика ва вилоят телевидениелари орқали лаганбардор журналистлар шаҳарларда кўчама-кўча сандирақлаб ўтқазган сўровларига, гарчи суд жараёни тугамаган бўлса-да, баъзи лақмалар уларни (судга тортилганларни) қамаш керак, деб валдирашлари, халққа қайта-қайта намойиш этилди.

Суд жараёни якун топди, ҳукм ўқилди. Ушбу жараён атрофида ҳукумат томонидан ташкил қилинган кампания – ўзига хос шоу, айтилган гап-сўзлар ҳам гўёки тўхтагандек. Аммо Республика ахборот воситаларида айтилмай қолган сўзлар, билдирилмаган фикрлар ҳам бор. Айниқса, мен билган шоир – партия раиси тўғрисида. Ҳа, ўша халқ дардини, юрт муаммоларини биринчилардан бўлиб кўтариб чиққан – ўз дарди деб билган, Ватан, миллий ғурур учун Совет замонидаёқ курашга отланган, аммо баъзи “халқпарварлар” томонидан камситилган, ҳақоратланган шоир ҳақида.

Йўқ, мен бу сўзлар билан унга тасалли бермоқчи, юпатмоқчи эмасман, унинг темир иродаси борлигини, бундай тавозеларга мойил эмаслигини биламан. Зеро, у 80-йиллардаёқ қуйидаги сатрлар орқали бундай камситишларга, ҳақоратларга тайёр эканлигини айтган эди.

Мен ҳар сўзим учун кулги бўлишга,
Масхара бўлишга турибман тайёр.

Айтмоқчи бўлганларим – нима учун у кураш майдонига тушди, нима сабабдан Ватандан кетди, нега судга тортилди?!

Аслида у кўплаб маддоҳ шоиру ёзувчилар сингари “юртбоши” атрофида бўлиши, унга ясама табассумлар қилиши, ҳамду сано ўқиши ва бунинг эвазига катта-катта мукофотлар олиши, Ўзбекистон қаҳрамони бўлиши, ҳаттоки Парламентда каттароқ курсини эгаллаши ҳам мумкин эди. Аммо у виждон амрига зид бормади, ўзга йўлни танлади.

Ўша йилларда

“Бу ватан меники” десангиз бирор
Одам туриб демас сизга “бу ёлғон!”
Чунки, ҳақиқатни айтасиз такрор,
Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон.

деб ёзар экан, бу сатрлар ҳур Ватансиз яшаш ортиқ мумкин эмаслиги ҳақида унинг ҳайқириғи эди. Зеро, Орол фожеаси, болалар ўлими, деҳқоннинг хароб аҳволи, камқон оналарнинг сўлғин чеҳралари уни бефарқ қолдиролмас эди. Шунда у Совет замони шоирларга берган барча имтиёзлардан воз кечган ҳолда

Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,
Шаккок фарзандингни афу эт, Ватан,
Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим.
Тушдим, сакраб тушдим, тилла тобутдан!

деб ёзар экан, бу унинг кураш майдонига тушганига ишора эди. Ўша кундан эътиборан у халқимиз мустақиллиги учун кураш бошлади. Ҳа, ҳозирда ҳукумат тепасида турган “катталар” Москвадаги хўжайинлари соясига қуллуқ қилиб турган замонларда у Республика муаммоларини биринчилардан бўлиб, ошкора кўтариб чиқди. “Бирлик” халқ ҳаракатини тузишда фаоллик кўрсатди. “ЭРК” Партиясини тузди. У бошлиқ мустақиллик декларацияси Парламент сессияси кун тартибига киритилди ва қабул қилинди. 1991 йилги хунта томонидан давлат тўнтаришга бўлган уринишни ошкора қоралаб чиққан ягона инсон ҳам ўша шоир ва у бошқарган “ЭРК” Партияси эди.

У орзу қилган Республика мустақиллиги ҳам амалга ошди. Аммо унинг илк меваларидан шоир баҳраманд бўлолмади. Чунки мустакқилликни биринчи кунларидан бошлаб шоир коммунистик ҳукумат томонидан таъқиб остига олинди. Сабаби Республикада халқнинг хароб аҳволи, коррупция ва порахўрлик авж олаётганлигини “ЭРК” Партияси ва унинг лидеридай дангал айтган бошқа партия ва инсон йўқ эди. Бундан чўчиган хукумат ундан қутилиш йўлини излади. Уни “давлат тўнтаришини уюштириш”да айблади. Қамоқхонага ташлади. “Танга ўғриси”га чиқарди ва ниҳоят юртдан чиқиб кетишга мажбур қилди. Бу билан ҳукумат тинчланмади, унга қарши кампанияни  авж олдирди – 16 феврал воқеасини ўйлаб топди. Бир кўрнамак сотқин орқали ушбу воқеа асосида “Қашқирлар галаси” номли китоб чоп эттирилди. Уни янада бадном қилиш ниятида ноябр ойида суд жараёни ташкиллатилди. Зеро, ҳукумат учун ундан кўра кучлироқ мухолиф йўқлиги аён бўлиб қолди ва унинг олдини олиш зарурати юзага чиқди.

Бундай кўргиликлардан шоир тушкунликка тушгани йўқ, аксинча ўз кураш йўлини шараф деб билди ва давом эттирмоқда.

Бир ёнда ожизу бир ёнда кучли,
Кураш бошланаркан тарафма-тараф
Ожизнинг ёнини олганинг учун
“Хоин”деб ном олмоқ нақадар шараф! 

 

Ҳа, шоирни ҳар қанча ҳақоратламасинлар, хўрламасинлар – ўзи танлаган йўлдан қайтмаяжак, қайтмайди ҳам! Ахир….

Гоҳо қувонч кирар юракка:
Менда ахир имкон бор ҳали
“Шеър – севги”, деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор, ахир –
Қаламни синдириш имкони!

Мирзо Равшан
Самарканд, 2000 йил, декабр