O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих-10

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих-10
374 views
17 August 2012 - 8:49

Каримовдан Солиҳга қадар (1-мақола)

Бу узун таътил, яхши бир баҳона бўлди. Икки ойдир, пишқириб-кўпирган сувлар тиниқлашди, ички социал зилзилалар танаффусга чиқди. Бу фурсатдан фойдаланиб, қатор мақолалар билан Ўрта Осиёдаги нуфузи энг кўп қардош жумҳурият ҳақида батафсил ёзмоқчиман. Муаммога айланган Муҳаммад Солиҳ мавзуси…

10 йилдир, бу ўлкада яшаган бир эски дўстим зиёратимга келди, исмини зикр этмаслигимни илтимос қилиб, шу билгиларни берди. Унга ташаккурларимни билдирмоқчиман.

Воқеани бошдан бошлайлик: Перестройка даврининг сўнгги бўлимида Кремл уч қиррали бир муаммо орасида қолганди. Совет Иттифоқи иқтисодий бўҳронда тамомила чўкканди. Иттифоқдаги ўлкаларнинг олгани берганидан кўпроқ бўла бошлаганди. Ва бу ўлкаларда Рус нуфузи ерли халққа нисбатан борган сари озаяр эди.

Турк жумҳуриятларининг лидерлари ҳам безовта эдилар. Балки, Кремл уларни синаётгандир, деб хавотир олишаётгандилар.

Оптимизмдан ҳақиқатларга

Эстония ва Литва илк одимни отгандан сўнг тараддуд булутлари тарқалди. Мустақиллик баёнотлари изма-из эълон қилина бошлади. Туркия кўксини кериб “БМТ да 6 та Турк Жумҳурияти бор!” деяжак қадар бир умидвор шабада эсди. Лекин ғоз оёқларининг фарқли экани тез маьлум бўлди…

Отатуркнинг Советларда дини ва тили бир қардошларимиз яшаётгани, бир куни улар ўз мустақилликларини эълон этажаклари ва у кунга биз ҳам тайёр бўлишимиз кераклиги ҳақидаги гапларини биз унутгандик. Яъни биз тайёргарликсиз эдик.

“Ўрта Осиёдаги қардошларимиз ким?” деган савол анчагача ақлларимизни гаранг қилиб қўйди: ким булар, Туркми ёки ўзлари айтганларидай “Туркийлар”га уйғун халқларми? Зиёратлар қилинди, раҳбарлар учрашдилар, элчихоналар очилди, ишодамлари бориб кела бошлади, талабалар келди, аскарий ва хавфсизлик соҳасида Туркия ёрдам бера бошлади, у ерларда турк мактаблари очилди, Туркия ташқаридан қарз олиб, бу қардошларга қарз берди.

“Янги Оға”

Аммо бир муддат сўнгра ҳафсалалар ”пир” бўла бошлади. Туркия берган сўзини кучи етганича бажаришга интиларди, аммо “қардош раҳбарлар” ҳеч сўзида турмасдилар. Туркия турк ишодамларига қилинаётган хақоратларни ҳам ичига ютди, аммо, масалан, Туркманистон табиий гази бир эртак ўлароқ қолиб кетаверди.

Элчибейнинг ўлимидан сўнгра Озарбойжон нефт хатти (нефт қувури) ҳам эришиб бўлмас бир орзуга айланди…

Туркия сабр қилса ҳам Ўзбекистон деган ўлкадан ғалати саслар чиқа бошлаганди. Беш йил аввал Анқарада ўтган Турк Қурултойида ўзбек олимининг минбардан “биз Турк эмасмиз” деганига қарши Озарий ва Туркман делегатлардан ”Турк бўлмасанг, минбардан пастга туш!” дея ҳайқиргандилар. Аммо бу “фарқли овоз” шундай дер эди: ”Болше старший брат не надо!”

Туркия эса бу матбуотнинг инжиқликлари қаршисида Туркистон Туркчаси билан айтганда “тишини тишига босиб” жим турарди.

Бу “фарқли овоз”нинг соҳиби Ўзбекистон Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

***

Алоқалар таранглашмоқда (2-мақола)

Ўзбекистонда ўзига ишонган бир ёш депутатнинг борган сари халқ ичида обрўси юксала бошлаганди. Исми Муҳаммад Солиҳ эди. Ва Каримовдан Парламент Раислигини сўраётган эди. Каримовнинг бу талабни маъқулламагани ораларидаги муносабатни таранглаштирди, бир муддат кейин эса худди банан жумҳуриятларидаги каби иплар ечиб бўлмайдиган бир кўр тугунга айланди…

Нурали Қобулов деган бир миллатвакили, “Модомики, бу мажлисда истаганларимни гапира олмас эканман, бу миллат вакиллиги менга нимага керак”, деб миллатвакилликдан истеъфо қилди…

Бу нутқдан сўнгра катта жанжал чиқди, Муҳаммад Солиҳ ҳам Каримовга икки юмруқ (мушт) туширди…

Каримов 1992 йилги талаба воқеаларининг бошида бўлгани учун доим шубҳа билан қарагани Солиҳни фурсатдан фойдаланиб, дарҳол ҳибсга олди…

Муҳаммад Солиҳнинг Туркия саргузаштлари

Ҳибсдан чиққандан кейин Мамадали Маҳмуднинг (1999 йил феврал портлашлари баҳонасида қамалган) маслаҳати билан Ўзбекистондан ғойиб бўлган Муҳаммад Солиҳнинг Туркияда эканлиги иддао қилинди. Ҳафа бўлган Каримов Демиралга бир мактуб ёзиб, Солиҳнинг Ўзбекистонга таслим этилишини талаб қилди. Демирал эса “Муҳаммад Солиҳнинг жиноят қилмагани, бор-йўғи бир режим мухолифи эканлиги, бошпана сўраганни таслим қилиш Турк урф-одатига тўғри келмаслиги”ни айтди.

1995 йилда яна бир воқеа юз берди. М. Солиҳ Ўзбекистондаги бир дўстига мактуб ёзиб, Туркияда тижорат коллежида ўқитиш учун 50 та ўқувчи юборишни, уларни етим болалардан танланиши(!!!) кераклигини истади. Бу болалар коллеждан сўнг Ўзбекистонда очиладиган магазинларда ишлаяжагини қўшимча қилди. Ҳақиқатан ҳам Қарши шаҳридан 49 ёш йигит Туркияга келди, бир ётоқхонага жойлашди.

Бундан кейинги воқеалар бир оз мажҳул ва ноаниқ, бу ёшлар гўёки бир тоғли бўлгада партизан ҳаракатларига ўргатилиб, Чеченистонга жўнатилган эмиш. Бу тарафлар қоронғилик, аммо алоқаларимиз қандай қўпгани маълум…

Бу ёшлар Ўзбекистонда бошқа бир айбдан ҳибсга олинди, гўё Туркиядаги партизан кампида туширилган суратларни кўрсатганлар…

”Наҳотки?!.. Наҳотки?!”

Ўзбек маъмурлари папка-папка досьелар тайёрлаб, Туркия Буюкэлчилигининг эшигини қоқдилар. Ва дипломатик йўлдан Туркияни протест қилдилар. Туркия расмий мактуб билан воқеани такзиб қилди. Бундай ҳол юз берган бўлса ҳам бундан хабардор эмаслигини билдирди…

Ўзбек тарафининг иддаолари бу билан чекланиб қолмади. Туркияга юборилган 2 минг талаба аллақачон Муҳаммад Солиҳнинг тузоғига тушган эмиш… Талабаларнинг ҳаммаси режимнинг ашаддий мухолифларига айланганди уларга кўра.

Каримовнинг юзи аламдан буришиб, бу ҳақда гап очилганда: ”Наҳотки!.. Наҳотки!.. Туркия каби бир давлатнинг шундай воқеадан хабари бўлмаса!!??” дерди.

***

Воқеалар чигаллашмоқда (3-мақола)

Ўзбекистон досьесининг надоматли қайдлари воқеалар ривожлангани сари кўпая борди. Проф. Др. Аҳад Андижонийни танийсиз, у бир пайтлар “Туркистон” жамиятининг раиси эди. Истанбулда бир бино сотиб олиб, у ерда жамият марказини очганди…

Туркияга келган Каримовни ўзбек элчиси Абдураззоқ бей воситасида жамиятга таклиф қилди ва минбарга чиқиб “Сен бегуноҳ инсонларни қамоққа ташлаяпсан, демократияга ўтишинг керак!” деб нутқ отди. Каримов эса ташқарига чиққандан сўнг элчи Абдураззоқ бейнинг ёқасига ёпишди ва “сенинг онангни… сенинг хотинингни си…, бу одамларни сен тайёрладинг!” деган ҳақоратлар билан уни элчиликдан бўшатди. Каримов шунақайди…

Бир марта Марказий Банк раисини касалхонага тушадиган даражада калтаклаганмиш. 1999 йилда бир вазир ва унинг ёрдамчиси Каримовнинг калтагидан қўрқиб, 6-қаватдан сакраб интихор қилишганди…

Туркияга қарши пропаганда

Боласи Туркияда ўқиётган ота-оналар ўйинга киритилди. Махсус таёёргарликдан ўтганлар телевизорда чиқиб гапиртирилди: “Мана, боламнинг сурати, битта суяги қолган болагинамнинг, ҳурматли Президентимиз, болам ёзганига кўра, уларга Туркия давлати берган овқатлар етмаётган эмиш, болагинам оч ухлар эмиш!!” дея йиғлаган оналар…

Сценарий шундай ёзилди.

Қўқон шаҳридан ўз оиласига мактуб ёзган бир хаёлий (ҳақиқатда бўлмаган) бир қиз образи ижод этилди. “Унинг эътироф қилишича” уни навбатма-навбат зўрлашган эмишлар…

Бу кулгули сценарийларга давлат ижро идоралари ҳам дарров аралашиб, Туркияга яқин кўринган маъмурлар ишдан қувилди.

Шариатчи оқимларни қўллайди, деган баҳонада “Улкер” фабрикасига ҳам ҳужум қилишди, унинг банкдаги ҳисобини мухрладилар. Ўша даврнинг Бош вазири Тансу Чиллар келганда ўзбек ТВсида Муҳаммад Солиҳнинг давлат тўнтариши ташаббуси ва бунга Туркиянинг ёрдам бергани ҳақида программалар кўрсатилди.

Каримов Парламентда “Бу туркларнинг ҳаммаси- сотқин!” деган куракда турмайдиган гаплари қулоқдан-қулоққа ўтди.

Ўлим жазоси таҳдиди

1998 йил баҳорида Турк Ай-Сел иншоот фирмасининг бир ишчиси пичоқланиб ўлдирилди. Бу ширкатда ишлаганлар “Бизнинг хавфсизлигимизни таъминланг!” деган талаб билан кўчага чиқиб, Туркия Элчилигига қараб юрган заҳоти атрофи худди урушдаги каби аскарлар билан қуршатилди. Ва ҳаммаси Ўзбекистондан қувилди… Бу хусусда Демирал билан Каримов ўртасида шундай телефон диалоги бўлган:

“Сулайман ака… Сизнинг ишчиларингиз бизнинг қонунларни бузди. Нима қилайлик?..”

“Мендан сўраб нима қиласан, ука, қонунларингиз нима деса, шуни бажо келтиринг”.

“Лекин Сулаймон ака… Бизнинг қонунлар бу борада жуда қаттиқ, бу давлатга қарши исён ҳисобланади, жазоси – ўлим бўлади!”

“Ундай бўлса, уларни ўлкадан қувиб юбора қол, укажон!” дейди Демирал.

***

Турклик… Ўзбеклик… (4-мақола)

Ким бу ўзбеклар?.. Осмондан тушдиларми? Асл келиб чиқишлари, Турклик билан алоқаси нимада? Тарихда ўзбек деган бир халқни учратмайсиз. Ўзбек сўзи Олтин Ўрдадан келган Ўзбек хон билан боғлиқ бир исм.

Масаланинг қизиқ тарафи бу “ўзбеклар” 1923 йилгача ўзларини “Турк” деб атаб, Туркиядагиларни “Усмонли” деганларидир. Ундан ҳам қизиқроғи, Шайбонийхонни аждод сифатида қабул этиши керак бўлган ўзбеклар ўзини Турк деб атаган Темур ва Бобурга соҳиб чиқмоқдалар. Ўзининг “Тузуклар” китобида “ўзбек хашаклардан тозалаб, Тўхтамишга қарши юраман” деган Темурнинг бу сўзларини гўё унутганлар. Унга ҳайкаллар қўядилар.

Бобурнинг қабрини Аградан олиб келиниб, Андижонда хотира маъбади шаклида халққа тақдим қилишмоқда. Темурнинг “Бизким, Туркнинг бош бўғинимиз…” деб бошланган ифодаларини унутиб, сунъий “ўзбек халқи” пайдо қилишга интилмоқдалар.

Ҳеч қандай илмий асосга таянмаган сафсаталар баъзан кулгили аҳволга туширади инсонларни. Типик бир ўрнак келтираман:

Проф. Др. Ҳамид Зиёев, Ўзбекистоннинг энг таниқли тарихчи олимидир. Худди раҳматли Проф. Др. Закий Валидий Тўғон Туркия учун ким бўлса, Проф. Др. Зиёев ҳам Ўзбекистон учун айни даражада қийматли олимдир.

Бу олим бир куни телевизорда чиқиш қилиб, ўзбекларнинг асли Хунлардан келганини айтади. Орадан икки кун ўтгач, телевизорда Каримов бир гуруҳ тарихчини ўтқазиб, уларга шу маслаҳатни беради: ”Баъзилар бизнинг аслимизни Хунларга олиб бориб тақамоқдалар… Оврупа, Хунларни варварь дейди, агар биз аслимизни Хунларга боғласак, бу “варварликдан” биз ҳам насибимизни олган бўламиз. Хунларнинг давоми бўлган Кўктурклар ҳам Олтой тоғларида яшаганлар. Бир қисми бу ерларда қолиб, бир қисми Туркия тарафига кетганлар… Улар кўчманчи, биз эса ўтроқ бир миллатмиз. Бизнинг уларга ҳеч бир алоқамиз йўқ!!!”

“Фақат жаноб Президент…” дея дудуқланади бечора Проф. Др. Ҳамид Зиёев… “Тарих ва хақиқат бу бўлса, биз нима қилайлик?..” Каримов: “Мен бу фикрларнинг миянгизга қаердан суқилганини жуда яхши биламан, сизларни Туркияга чақириб, чўнтакларингизга уч юз-беш юз доллар қўйиб, миянгизни ювмоқдалар. Менга ҳақиқий ўзбек тарихини ёзадиган одамлар лозим… Бундай одамлар борми, йўқми?”

“Йўқ, жаноб Президент”, дея бошини эгади Проф. Др. Зиёев… “Мен ҳақиқийсини билмайман, яхшисини бошқалар ёзсин!”

***

 Тубдандинчилик паранояси (5-мақола)

Каримов Ўрта Осиё лидерлигига ҳавасманд. Фақат тутуруқсизлиги билан катта бир мақолага мавзу бўладиган Сафармурод Туркманбоши Каримовдан нафратланади.

Туркманбошининг Тошкентдаги Турк Дунёси Зирвасида, Амир Темур Музейининг очилишини кутмай кетиб қолиши ҳеч кимнинг эсидан чиқмади. Сабаби Туркманистон Президенти Амир Темурнинг туркманларни чўлда оёқ яланг юргизиб жазолантирганидан Темурни ёмон кўргани эмиш. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, телевизордаги суҳбатларида Каримовни “аҳмоқ” деганига сабаб Каримовнинг уни телевизорда “жинни” дегани эмиш.

1999 йилдаги портлашлардан кейин Бишкекда бўлиб ўтган бир йиғилишда ТВ камералари олдида тортишар экан, Каримов қўлидаги пиёлани Назарбоевга, Назарбоев эса қўлидаги стаканни Каримовга отишган.

Қирғизистон Президенти Асқар Ақаевга Каримов ҳақоратомуз ”Укаев” дейди…

Тошкентдаги бир йиғилишда Каримов Ақаевни кўпчиликнинг ёнида ”Укаев” деб камситганидан кейин Акаев-Каримов муносабатлари бугунгача совуқ бўлиб қолаяпти.

Тожикистон Президенти Раҳмонов Каримовни ўлкасидаги фуқаролар урушига сабабчилардан бири сифатида айблайди. Бошқа тарафдан “менинг томирларимда тожик қони оқар экан, менга нега душманлик қиласан?” дейди унга Каримов. Раҳмонов ТВга чиқиб, Каримов ҳақида ”ҳатто Кремл ҳам бундай қўпол муомала қилмади бизга, бу одам ўзини ким деб ўйлаяпти?” дея ғазабланади.

1999 йил 16 февралида Тошкентдаги портлашларда Каримов суиқасддан қутулади. Аввал ҳам Дўрмон резиденциясида Каримовнинг машинаси гранатомёт билан ҳавога учирилади, аммо унда Каримов бўлмайди.

Самарқанддаги бир мажлисга кетаётганда ҳам айни шаклда ҳужумга учрайди, аммо соғ қолади.

Каримов шариатчи овига чиқади

Каримов бутун бу натижасиз суиқасдларни шариатчиларга боғлайди. Ва бу “микроблар”га қарши қонининг сўнгги томчиси қолгунча курашишга қасам ичади.

Ва мингларча киши ҳибсга олинади, тезда бу рақам 18 мингга етади…

Каримов бу билан чекланмай, ишга Муҳаммад Солиҳнинг отини ҳам қориштиради. Муҳаммад Солиҳнинг Фарғонада тўпланган бир лашкар билан Каримовнинг суиқасдда ўлишини кутаётгани ҳақида хабар берилади.

Бир пайтлар Каримов ҳокимиятида миршаб тизимларидан узоқлаштирилган Жума Намонгоний ва Тоҳир Йўлдошевлар ҳам қидирув рўйхатига киритилади. Уларнинг сафларида 2 минг партизан бор, дея миш-миш чиқади. Бу орада турклар ҳам айблана бошланди. “Ўзбекистонда фаолият кўрсатган турк ширкатлари террористларга моддий ёрдам берди!” деган иддао ўртага ташланади.

Турклар тарафидан ишлатилган ресторанлар ва фабрикалар босқин қилиниб, 12 та турк қўлларига кишан кийдирилиб, ҳибсга олинади. Турк Элчиси Умур Апайдин ўзбек ҳукуматига нота беради.

Уч кун сўнгра ўзбеклар “Ўзбекистонда ишлаган Турклар диний китоблар сотиб, шариат пропагандаси юритдилар”, деган баҳона билан ҳибсга олинган 13 кишидан 8 таси ўлкадан қувилади, 3 таси эса 13 йилдан оғир қамоқ жазосига хукм қилинади.

Каримов Усома бин Лодиннинг исмини қўллаб, АҚШ наздида ўзини ҳақли қилиб кўрсатишга интилади. Бин Лодиннинг 150 миллион доллар юбориб, ўзбек террористларига ёрдам бергани ҳақида иддао қилишади. Аммо исботи топилмайди..

Ўзбекистон Молия Вазирлиги бирдан Турк фирмаларини тафтиш қила бошлайди. Бу тазйиқ 2 ой давом этади, 26 та Турк фирмаси эшигига қулф урилади.

2000 йилдаги Президентлик сайловларида Каримов катта фарқ билан ғолиб келади. Бир ўзбек мухолифи: “Албатта ғолиб келади-да, Советларнинг 70 йилда қилмаган зулмини у 9 йилга сиғдирди. Сталиннинг сиёсатини қўллаяпти халққа, яъни “Итни оч қўй, шунда у сенинг орқангдан келади” деган сиёсат”, дейди мухолиф.

“23 миллион қўйи бор”

Тўғриси, уялиб бўлса ҳам айтмоқчиман (уяламан, чунки мисолни русиялик фашист Жириновскийдан келтирмоқчиман): 1998 йилда ОРТ телевизион каналидан бир чиқишида Жириновский шундай деди:

– Дунёда энг бой одам ким биласизми?

– Ким экан? – дейди журналист қизиқиб.

– Дунёнинг энг бой одами Каримов, – деб жавоб беради Жириновский.

– Нега энди, Инглиз Қироличаси бор, Саудия Арабистони Қироли…

– Тўғри, аммо уларнинг ҳеч бирининг 23 миллион қўйи йўқ!..

Энди бир нарсани очиқ айтмоғим керак. Нега бу мавзуни 6 кундан бери ёзаяпман, нима бошқа мавзу йўқми? Мавзу кўп, аммо бу айтилаётганларни, Турк давлатларида бўлаётган воқеаларни бизнинг жамоатчилик яхши билмайди. Бу ҳақда гап очилса, худди Патагония ҳақида ҳикоя қилгандай гап бошлайди ҳар ким. Миллиятчи Ҳаракат Партияси (Туркияда ҳукуматнинг коалицион ўртоғи) эса “онаватан-отаватан” романтизмидан қутула олмаганлари учун оёқларини ерга тўғри боса олмаяптилар.

Мен на Ислом Каримовнининг душманиман, на-да бошқаларининг дўстиман.

Янглиш расмларга қараб янглиш қарорлар олинмаслиги учун бу минтақага қизиққан бир қаламкаш ўлароқ менга тушган вазифани бажаришга ҳаракат қилаяпман…

Катта империялар йиқилгандан кейин бундай воқеаларнинг бўлиши табиий жараёндир, албатта.

Менинг тилагим, Анқаранинг воқеаларга узоқни кўзлаган мақсад билан ёндошишини истардим. Ва собит бир сиёсат татбиқ қилишини истардим, албатта. Позицияларида қатъий туриб, нима истаётганини аниқ белгилаб олишини истардим…

Тарих оқимига таъсир қилиши мумкин бўлган зарарли ҳаракатлардан қочиб, золимларнинг сафида эмас, мазлумларнинг ёнида туриш кераклигини билмоғимиз лозим.

Акс ҳолда, эртага бир кун Ўзбекистондаги қардошларнинг юзига қарай олмайдиган даражага келиб қолишимиз мумкин.

Авваллари бу минтақага ҳиссий мотивлар билан ёндошган эдик, энди ҳеч бўлмаса, бу ёғига ақл ва мантиқни қўллаб ҳаракат қилайлик.

Ҳалит ҚOҚИНЧ

“Стар” газетаси (Туркия),
28.12.2000-1.01.2001