O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (13)

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (13)
299 views
23 August 2012 - 11:52

ХОТИРЖАМЛИК ГАРОВИ ЁКИ МУДҲИШ РЕЖА

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзига суиқасд уюштиришга уриниш бўлгани ҳақида баёнот берганидан кейин И. Каримов тарафдорларидан бир киши (аниқроғи уч киши) ББС ва “Озодлик” радиолари орқали бу масалага муносабат билдирдилар.

Ўзбекистон ҳукуматининг матбуот котиби Рустам Жумаев Ўзбекистон расмийлари номидан суиқасддан омон қолган Муҳаммад Солиҳга қарши очиқдан-очиқ ҳақорат тошлари отган бўлса, қолган иккитаси тингловчиларни ишонтириш мақсадида бетараф, холис одам ролини ўйнашга ҳаракат қилди.

Сиёсий мунозара маданияти тарихидан шу нарсани кузатиш мумкинки, мунофиқ сиёсатчи ўзи ҳимоя қилаётган шахснинг мудҳиш кирдикорлари фош бўлиши арафасида психологик жиҳатдан шаллақи кўппак ҳолатига тушади. Сиёсий мунозара маданиятини, этикасини унутиб, оғзидан кўпик сочиб, мантиқсиз фикрлар айтишдан, ҳақоратлар ёғдиришдан ўзини тия олмай қолади.

Суиқасд воқеасига муносабат билдирар экан, Рустам Жумаев худди ана шундай ҳолатга тушди. Ҳатто Муҳаммад Солиҳни “сиёсий мурдага айланган одам” дейишдан ҳам тоймади.

Аслида, мазкур ҳақоратли ибора Каримов режими ўз қўғирчоғига айлантириб улгурган сиёсий партияларга муносиб экани ҳар бир соғлом фикр соҳибига кундай равшан. “ЭРК” Демократик партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ Каримов режимининг асосий демократик мухолифидир. Ушбу мудҳиш режа замирида ана шу ҳақиқатни Каримов режими томонида пинҳона тан олиниши ётади. Мудҳиш режа фош этилгани билан пинҳоналик ошкораликка, Каримов режимининг бу ҳақиқатни тан олиш оҳангидаги ошкора чинқириғига айланди. Бугун бу шармандали чинқириқни бутун дунё эшитиб, кўриб турибди. Саросимага тушган Рустам Жумаев эса мавжуд далилларни, магнит ленталари, фотосуратлар ва видео кассеталарни “сохта далиллар”, деб айтади.

Халқимизда “ҳар ким ўз қаричи билан” деган нақл бор. Жумаев Каримов режимининг ўн бир йиллик бой тажрибасидан келиб чиқиб, айтди бу сўзни. Ўзи билмаган ҳолда у Каримов режими бегуноҳ инсонларни сохта далиллар асосида жазога тортаётганини, шу жумладан, “16 феврал воқеалари” асосида ишланган видеофильм ҳам сохта эканини ошкор этиб қўйди.

Р. Жумаев замонавий техника ёрдамида бундай сохта далилларни ёш бола ҳам монтаж қила олиши мумкинлигини урғулар экан, худди ана шу замонавий техника ёрдамида бу далилларнинг ҳақиқийми ёки сохта эканини ҳам бир зумда аниқлаш мумкинлигини, бугунги кунда бу далилларнинг ҳақиқийлигини эътироф этаётган Норвегия ҳукуматининг одамлари бу қалтис вазиятда Муҳаммад Солиҳнинг хавфсизлигини таъминлаш жараёнида суиқасдга уриниш воқеасининг боришини бевосита кузатдилар, яъни бевосита бу воқеанинг гувоҳи бўлдилар. Шу сабабли Норвегия матбуоти ҳам Каримов кирдикорларини дадил ёзмоқда.

Бетгачопарлик ниқоби остида халқаро эфирга чиққан Каримов режимининг иккинчи ҳимоячиси (исмини яхши эшитолмаганим учун ёзмадим) ўзига топширилган бетарафлик ролини эплай олмади. Ўзининг “бетараф”лигини унутиб, ЭРК партиясининг шаънига ҳақоратомуз фикрлар айта бошлади. ЭРКни “чўкаётган партия” деб аташгача бориб етди. Бу ибора ўзининг мазмуни ва моҳият эътибори билан тўлалигича Каримов режимига тааллуқлидир. Фикримнинг замини учун лозим бўлса, минглаб мисоллар келтиришим мумкин. Мисол излаб узоққа боришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бугун И. Каримовни бутун дунёга шарманда этган ушбу суиқасд уюштиришга уриниш воқеасининг ўзи ҳам қайси томон чўкаётганини кўрсатувчи яққол далилдир. Каримов режими ишонч билдирган Баҳром Мўминохунов – чўкаётган қўрқув салтанатининг даҳшатли панжалари орасидан қутулиш учун нажот излаётган минглаб Каримов “яқин”ларининг ёрқин тимсолидир.

Каримов раҳбарлигида ўтадиган ҳар бир мажлис бир спектакль. Бу спектаклда барча мажлис иштирокчилари Ўзбекистон тараққиётига тўсиқ бўлаётган бюрократлар, порахўрлар, таъмагирлар, лапашанглар ва ҳаказо шунга ўхшашлар ролини ўйнаганлари каби, Каримов эса, юртнинг порлоқ келажаги йўлида уларга қарши курашаётган миллий қаҳрамон ролини ўйнаши керак.

Эътироф этиш лозим, Каримов бу спектаклларда ўз ролини катта маҳорат билан, маромига етказиб ижро этади ва бошқалардан ҳам шундай артистлик маҳоратини талаб қилади. Бу спектаклда рол ўйнашни истамаганлар қамалади. Ижрочилик маҳорати заифлар эса ишдан кетади. Бугунги кунга келиб, ана шундай артистлик қилишлар, мудҳиш ишларга даъват этишлар сассиқ алафдек Каримов яқинларининг кўнглига теккан.

Ғирром йўл билан президентлик муддатини узайтирган ва ўша онларда: “Ушбу муддатим узайтирилиши қонуний бўлиши учун, бу узайтирилган муддатни менинг иккинчи, яъни қонунга кўра охирги марта сайланишим бўлди, деб ҳисобланглар”, дея дабдабали ҳолда эълон қилган Каримофф…, Оўфф!..

Шу дабдабали гапларидан кейин, яна навбатдаги сайлов арафасида қонли воқеалар уюштириб, мунофиқлик, ғирромлик ва безбетлик билан учинчи марта сайланишдан ор қилмаган Каримоффф… эндиликда умрбод президент бўлиш умидида яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўладиган қонли воқеаларни уюштирмаслигига ким кафолат беради?

Даҳшат!… Даҳшат кетидан даҳшат!… Бу даҳшатларни ўйлаб, ҳозирданоқ бошимга зирқираб оғриқ турди. Каримов бу бош нима учун оғриганини аниқласа, тамом, қамалишинг аниқ! Нима кераги бор бунинг? Нима фойдаси бор бунинг?

Муҳаммад Солиҳ каби одамларнинг иддаоларига бир фитна деб қарасанг, улар келтирган далиллар қанчалик ҳаққоний бўлмасин, кўзингни чирт юмиб, Бек Нормуҳаммад айтганидай, барибир ишонмасанг, бу даҳшатларнинг ҳаммасидан бирйўла қутуласан. Ишонмаслик хотиржамлик гаровидир.

Мана, бошдаги оғриқ ҳам кетди. Хайрият, ҳаёт яна бир маромда давом этадиган бўлди. Ҳаёт осуда, ҳаёт гўзал. Хотиржамликка нима етсин.

Бу тоифадаги одамларнинг фалсафаси мана шундай. Советлар мафкурасининг етмиш йиллик исканжасида карахтланган бу бегуноҳларни Каримов режими фалажлади. Лекин Каримовнинг аёвсиз зулм, ўта қашшоқлантирувчи сиёсати оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг бу қатлами ҳам адолат учун курашилмаган маконда чинакам тинчлик, чинакам хотиржамлик, чинакам фаравонлик бўлиши мумкин эмаслигини ўз вужудларида тобора кўпроқ ҳис этиб бормоқдалар. Каримовнинг ушбу суиқасдга уриниши бу қатламни ҳам, бир оз бўлсин, сескантирди. Вужудда бир сесканиш бўлдими, бас, бу яқин келажакда унинг уйғониши, карахтликдан, фалажликдан халос бўлиши аломатидир. Биз халқимизнинг бир бўлаги бўлган бу қатламга ҳам Оллоҳдан ҳидоят тилаймиз. Зотан, бизнинг бу қатламдан ҳам умидимиз бор.

Эндиликда Ислом Каримов ўз режимини тарих ахлатхонасига супуриш арафасида турганлигидан; қўли бегуноҳ одамларнинг қонига ботганлиги учун жавоб бериш талаб этиладиган кунлар тобора яқинлашиб келаётганидан даҳшатга, талавасага тушмоқда. Ушбу суиқасдга уриниш воқеаси ҳам ана шу юз талвасанинг бир кўринишидир. Президентлик курсиси унинг учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани сабаби ҳам ана шунда.

Лекин бу амал курсиси Каримов ва унинг яловбардорларини муқаррар жазодан буткул қутқара олмайди. Нари борса, уни бир мунча орқага суриши мумкин, холос. Қолаверса, уни истиқболда яна ҳам даҳшатлироқ жазо – охират азоблари кутиб турибди.

Бетараф ва холис сиёсатчилар номидан воқеага муносабат билдирганлардан яна бири Абдуманноп Пўлатов бўлди. Аввалига у бетарафлик ролини анча дуруст ижро этди. Воқеа содир бўлган жойдан анча узоқ масофада эканлиги, тафсилотларни яхши билмагани учун бирон фикр айтиш қийинлиги, шунингдек, нутқ оҳанги орқали ишонарли ифода эта олди у ўз “холис”лигини, “бетараф”лигини. Лекин ўзининг якуний хулосаларини айтишга келганда, у Каримовга ён босиш мақсадида мухолиф шаънига ярашмайдиган даражада ўзини соддаликка, гўлликка солди. У Каримовнинг ташқи сиёсат юритиш бобидаги маҳоратига ҳамду санолар айтгач, бундай суиқасд уюштиришга уриниш Ўзбекистон ҳукуматининг манфаатига зид эканини, айниқса, бу ишга Интерполнинг миллий бўлими аралаштирилгани ҳақидаги фикрлар мантиқсиз экани, хуллас, Муҳаммад Солиҳнинг ушбу баёнотига шубҳа билан қарашини маълум қилди.

Бир вақтлар Болеслав Берутнинг иш столи тортмасидан топилган “Мутлақо маҳфий” остидаги Сталин кўрсатмалари битилган ҳужжат матнининг мазмуни Пўлатовга яхши маьлум. Ўша ҳужжат бандларининг бирида шундай мазмундаги жумлалар бор: “Маҳаллий халқ орасида етишиб чиққан, оммага таьсир ўтказиш, эргаштириш қобилиятига эга бўлган эътиборли шахсларни пул ёки амал билан сотиб олиш керак. Сотилмайдиганларини қамаш ёки юртдан сургун қилиш зарур. Бу тадбирлар ҳам кутилган натижани бермаса, ундай одамни жисмонан йўқ қилиш тадбирларини кўрмоқ лозим бўлади”. Каримов режими худди ана шундай йўл тутаётганидан, наҳотки, бу “мухолиф” бехабар бўлса? Бу фикрни исбот этувчи бир неча юзлаб далиллар “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” Пўлатовнинг ҳам қўлидан ўтмаганми ахир? Шундай экан, биз “ҳуқуқ ҳимоячиси”нинг: “Ўзбекистон ҳукумати бу суиқасддан қандай манфаат кўриши мумкин?” дея ўзини гўлликка солиши одамни ажаблантиради ва “Абдуманнопнинг ўзи бу “содда” адвокатликдан қандай манфаат кўриши мумкин?” деган савол туғилади.

Ўзбекистон ҳукумати суиқасд уюштиришга урингани ҳақида Муҳаммад Солиҳ томонидан баёнот берилганига 10 кундан ортиқ вақт ўтганига қарамай, “Озодлик” радиоси ўзбек шўъбаси бундай “қўрқинчли гап”ларни эфирга узатишдан қўрқдими, ҳар қалай, шошилмасликни, ҳозирча бу борада Ўзбекистон ҳукуматининг манфаатларини ҳимоя қиладиган эшиттиришларни бериш билан чекланишни афзал кўрди. Ниҳоят, “Свобода” радиоси суиқасд уюштирилганини фош қилувчи бир қатор далилларни эфирга узатганидан кейин, бу радионинг ўзбек шўъбаси ҳам ҳаракатга тушишга мажбур бўлди.

17, 18, 19 май кунлари “Озодлик” радиосидан ушбу радио ходими Бек Нормуҳаммад билан суиқасд ҳаракатига асосий гувохлик бераётган Баҳром Мўминохунов суҳбати эшиттирилди. Суҳбат асносида суиқасд ҳаракатини фош этувчи далил сифатида магнит тасмасига туширилган баъзи суҳбатлар ҳам (масалан, Ўзбекистон Интерполи бошлиғи Маҳмуд Ҳайитовнинг телефон орқали айтган суиқасдга оид гаплари) эфирга узатилди.

Суҳбат ниҳоясида радио мухбири хотима ўрнида шундай хулоса қилди: “Бу ҳодисага ишонгинг келмайди, чунки бунга ишонишнинг ўзи даҳшат”. Ҳақиқатдан ҳам, бу воқеага ишонишнинг ўзи даҳшат. Тагдор ва ўта мазмунли ифода. Лекин айни пайтда бу мазмунли ифоданинг иккинчи томони ҳам бор. Бу ифода айни пайтда Ўзбекистонимиздаги “нима бўлса-бўлсин, аммо тинчлик, хотиржамлик бўлсин”, деб, ўз хотиржамлигини ҳамма нарсадан, ҳатто иймонидан ҳам устун қўядиган одамларнинг ҳам айни кўнглидаги гапдир. Ўзбекистонда бундай тоифадаги одамлар катта қатламни ташкил этади. Уларнинг фикрлаш тарзи қуйидагидай: “Ишонишнинг ўзи даҳшатли бўлганидан кейин ишонишнинг нима кераги бор, қўй, бошни оғритма, ишонмаслик керак. Ана шунда тинч, хотиржам бўласан”.

Тасаввур қилинг, Баҳром Мўминохунов келтирган далилларга ишонишга тўғри келиб қолди. Натижа нима бўлади? Натижада, даҳшат кетидан даҳшат чиқиб келаверади. Натижада Каримов президентликка ҳалол йўл билан сайланмагани ҳақдаги ҳақиқат ошкор бўлиб қолади.

Натижада “16 феврал портлашларида Каримовнинг қўли бор”, деган шубҳалар ҳам… у-у-у қандай даҳшат!

Натижада 1990 йилда Паркентнинг тинч аҳолисига, 1992 йилда эса қуролсиз талабаларга қарши ўқ узишга буйруқ берган ҳам Каримовнинг ўзи, деган тахминлар ҳам ўз тасдиғини топа бошлайди… Хуллас, “хотиржамлик” бузилади, шунинг учун ҳам ҳукумат “хотиржамлик гарови” бўлган ёлғонни, “ишониш қўрқуви”ни доим янги ёлғон ва қўрқувлар билан озиқлантириб туради. Унинг ҳаёт манбаи, “хотиржамлик манбаи” одамлар қалбидаги мана шу қўрқувдадир.

 

Оллоёр ҲАҚБЕРДИЕВ

(12-26.05.2001)