“Озодлик” радиоси мухбирининг М. Солиҳ билан Прага шаҳар қамоқхонасида ўтказган суҳбати
Prep/voice: A. Najimova
Prod: Z. Eshanova
….Раҳмат, Зебунисо, ҳақиқатан ҳам Чехия расмийлари рухсати билан мен ҳозирда Прага қамоқхонасида ушлаб турилган Муҳаммад Солиҳ билан учрашишга муваффақ бўлдим. Бу галги суҳбатимиз ғайриоддий шароитда бўлиб ўтганига қарамай, Муҳаммад Солиҳ руҳан анча сокин кўринди. Суҳбатимиз бошида Муҳаммад Солиҳдан қандай ҳибсга олингани билан боғлиқ тафсилотлар тўғрисида айтиб беришини сўрадим.
Муҳаммад Солиҳнинг сўзларига кўра, Прагага келишидан илгари у 27 ноябр куни Брюсселда Европа Парламентининг Марказий Осиё бўйича Комиссияси вакиллари билан учрашиб, Афғонистон ва Марказий Осиёдаги вазиятни муҳокама этган.
Учрашув чоғида Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда терроризмни тугатишнинг асосий йўллари мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш ҳамда сиёсий ва диний мухолифатга тазйиқларни тўхтатиш эканини урғулаган. Бу ўринда шуни эслатиб ўтмоқчи эдимки, ушбу комиссия раиси Барт Стаэс “ЭРК” Партияси раисининг Прагада ушлангани ҳақида хабар топгач, Чехия расмийларига мурожаат қилиб, Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга топширилмаслигини сўраган. Бу ҳақда биз душанба, яъни 3 декабр кунги эшиттиришларимизда маълумот берган эдик.
Энди яна Муҳаммад Солиҳнинг Прагада ушлангани масаласига қайтсак. Унинг айтишича, Прага аэропортида паспорт текширувидан ўтаётган пайтда унинг исми компьютерда Интерпол рўйхатидан чиққан.
Чунки Муҳаммад Солиҳни 1999 йил 16 феврал Тошкент портлашларини ташкил қилганликда айбланган, Ўзбекистон ҳукумати унинг исмини Интерполга жўнатган.
Бироқ, агар Муҳаммад Солиҳ ҳақиқатан ҳам Интерпол рўйхатига киритилган бўлса, бу ҳолда қандай қилиб у Бельгия, Голландия ва бошқа мамлакатларга сафар қила олган, нима учун бу мамлакатлар расмийлари Муҳаммад Солиҳни ҳибсга олишмаган?!
Камина бу саволни душанба куни Норвегия элчиси жаноб Лассе Сеимга берганимда, жаноб элчи вазиятни шундай изоҳлади: одатда, деди Норвегия элчиси, Интерполнинг Лиондаги бош қароргоҳига турли мамлакатлар ҳукуматлари ёки қонунни муҳофаза қилувчи органларидан у ёки бу шахсни рўйхатга киритиш борасида мурожаатлар тушади. Афсуски, Интерпол ҳар бир одамга оид маълумотларни синчковлик билан текшириб чиқолмайди ва уларни рўйхатга механик равишда киритади. Муҳаммад Солиҳ масаласига келсак, ҳужжатлари унинг Норвегияда сиёсий муҳожир мақомига эга эканлигини яққол кўрсатиши боис, у сафар қилган аксарият давлатлар Муҳаммад Солиҳни ўз давлатларига бемалол киритишади.
Суҳбатимиз давомида Муҳаммад Солиҳга Прагага келишидан илгари Чехиянинг Ослодаги элчихонаси билан телефон орқали боғланиб, ўзининг 1951 йилги Женева Конвенциясига биноан сиёсий муҳожир ҳужжатига эга эканини маълум қилиб, ўзига Чехияга кириш учун виза керак-керак эмаслигини суриштирган. Элчихона ходимлари Муҳаммад Солиҳга Чехия визаси керак эмаслигини билдиришган.
Ўзининг қамоқда ушлаб турилиши ва Ўзбекистонга қайтариб юборилиши мумкинлиги масаласи атрофида гапирган Муҳаммад Солиҳ шундай вазиятга тушганига ҳеч кимни сабабчи деб кўрмаётганини таъкидлаб ўтди.
“Камина на Интерпол, на Чех полицияси, на ҳукумати ва на-да Каримовни бунга сабабчи, деб кўрмайман. Бу менинг тақдирим. Шу боис мен уни сокин қабул қиламан”, – деди “ЭРК” Партияси раиси.
Қамоқдаги шароит ва ўзини қандай ҳис қилиши ҳақида сўраганимда Муҳаммад Солиҳ вазиятни, унинг сўзлари билан айтганда, нормал дея баҳолаб, бир кишилик камерада ушланаётганини ва ўзининг рўза тутаётганини айтди. У фақат ўқишга китоб ёки газеталар беришларини сўради.
Суҳбатимиз қамоқдаги шароитдан яна айланиб унинг қамоққа олинганига сабаб бўлган ҳодисаларга қайтди. Мен Муҳаммад Солиҳдан Ўзбекистон Олий маҳкамасининг унинг 16 феврал 1999 йилги портлашларга алоқадорлиги борасидаги айбловлар асосида, сиртдан, яъни Муҳаммад Солиҳнинг иштирокисиз, уни 15 ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм этганига муносабатини сўрадим. “ЭРК” Партияси раиси бу суд қораловчидан тортиб то унинг ҳимоячиси деб тайинланган шахсгача президент Каримовга қарашли бўлганлари боис, бу маҳкама ҳукмини қабул қилмаслиги ва уни қонуний деб ҳисобламаслигини баён қилди. “Агар мен ҳақиқатан ҳам террорчилар билан алоқада бўлганимда, мени аллақачон АҚШ Федерал Қидирув Бюроси ҳибсга олган бўларди. Ўзбекистон президентининг ўзи ҳам буни яхши билади”, деди Муҳаммад Солиҳ.
Тоҳир Йўлдош билан алоқада бўлгани ҳақидаги маълумотларга жавобан Муҳаммад Солиҳ ҳақиқатан ҳам Йўлдош билан Туркияда 2 марта учрашгани, бироқ у пайтда Тоҳир Йўлдош Бирлашган тожик мухолифати аъзоси бўлганини билдирди. Терроризм ҳамда 11 сентябр ҳодисалари хусусидаги қарашларини яна бир бор билдирган Муҳаммад Солиҳ ўзининг Oллоҳга ишониши ва шу боис, на ўлимдан қўрқмаслиги ва инсонни ўлдириш каби ишга қўл урмаслигини баён қилди. “Террорчилар ўз мақсадларига эришиш учун Қуръонни нотўғри талқин қилишаяпти,” деди Муҳаммад Солиҳ.
Прага қамоқхонасида бўлиб ўтган суҳбатимиз ниҳоясида Муҳаммад Солиҳ барча дўстлари, уни қўллаб-қувватлаётган ташкилотлар ва одамларга саломларини айтиб, тез орада озод этилишига умид билдирди.
(04.12.2001)