“Озодлик” радиоси Муҳаммад Солиҳнинг Прагада ҳибсга олиниши борасида
Prep: G. Saidazimova
Voiced: G. Saidazimova
Очиш: муҳтарам тингловчилар, 28 ноябр куни “ЭРК” демократик партиясининг раиси, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳ Прага аэропортида ҳибсга олинганидан хабарингиз бор, албатта. 5 декабр куни Озод Европа-Озодлик радиосининг президенти жаноб Томас Дайн Чехия расмийларига расман мурожаат қилиб, сиёсатчини қўйиб юборишни сўради. Айни вақтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор ташкилотлар ҳам Чех республикаси раҳбариятига айнан шундай мурожаатлар қилишмоқда. Ҳамкасбимиз Фарангиз Саид мурожаатномаларнинг айримлари билан сизларни таништиради. Марҳамат, тингланг.
5 декабр куни Прага шаҳри ва шаҳар суди бош прокурорига йўллаган мурожаатномасида Озод Европа-Озодлик радиоси президенти жаноб Дайн Муҳаммад Солиҳни Чехия ҳибсхонасидан озод қилишни сўраган. Мактуб “мен сизларни Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов)нинг яхши фазилатли ва олий принципларга амал қиладиган шахс эканига ишонтириш мақсадида мурожаат қилмоқдаман,” деган сўзлар билан бошланиб, унда радио таниқли сиёсатчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини суд қарори қабул қилинмагунча кафилликка олишга тайёр экани билдирилган. Ўзбекистоннинг собиқ сиёсий лидери Муҳаммад Солиҳ 1991 йилги президентлик сайловларида қатнашган ва оппоненти, жорий президент Ислом Каримовга ютқазган. Шундан сўнг, – деб давом этади Томас Дайн, – таъқибларга учраган, бир неча марта ҳибсга олинган ва шу боис кўп ўтмай мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Норвегияда бошпана топган, Ўзбекистон масалалари бўйича таниқли сиёсий таҳлилчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланган Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон Олий суди сиртдан суд қилиб, 15 ярим йилга озодликдан маҳрум этган. Хьюман Райтс Вотч каби нуфузли халқаро ташкилот маҳкама жараёнини кузатиб борган ва айбларни тасдиқловчи далиллар намойиш қилинмаганини қайд этган, дейилади мактубда.
Бундан сўнг Озод Европа-Озодлик радиосининг президенти Томас Дайн Муҳаммад Солиҳ радио дастурларида иштирок этиш учун Прагага таклиф этилганини билдириб, у ватанида инсон ҳуқуқлари ва демократияни тарғиб қилиб келаётган адолатли, виждонли, пок ва довюрак инсон экани таъкидланган. Чехия расмийларидан Солиҳни қўйиб юбориш сўралган ва у суд қарори қабул қилинмагунича Чехияни тарк этмаслигига кафолат берилган.
Муҳтарам тингловчилар, бу мурожаатномага Чехия расмийларининг муносабати шу дамгача аниқ эмас. Чехиянинг ВТК ахборот агентлигининг хабарига кўра, 5 декабр куни Чехия адлия вазирлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан Солиҳнинг экстрадиция қилиш талаби билан расмий ҳужжатларни олди. Ҳимоячи Мирослава Кохутова суд ва бош прокурордан Солиҳни қўйиб юборишни сўради. Рейтер ахборот агентлигининг хабарларига кўра, Муҳаммад Солиҳга сиёсий бошпана берган Норвегия ҳукумати ҳам Чехия республикасидан Ўзбекистон мухолифати лидерни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш эмас, балки Норвегияга қайтаришни сўраган.
Айни вақтда Чехия расмийларига бошқа ташкилот ва шахслардан мурожаатномалар келиши давом этмоқда.
Чехия президенти Вацлав Хавел, ички ишлар вазири Станислав Гросс ва бошқа расмийларга йўлланган мурожаатномасида “Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги Қирғиз-Америка Бюроси” деб номланган ташкилот вакиллари ҳам “ЭРК” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ тақдири юзасидан чуқур хавотир билдириб, Солиҳни қўйиб юборишни сўраганлар ва бу аслида ягона қарор бўлиши мумкинлигини таъкидлаганлар. “Сўнгги бир-неча йил давомида Ўзбекистон терроризмга қарши кураш ниқоби остида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини поймол қилиб келаётир. Ўзбекистон расмийлари мухолифатга ҳам, эркин матбуотга ҳам қаршидир”, дейилади мурожаатномада ва Чехия республикаси БМТнинг қатор конвенцияларига, шу жумладан, маҳбус у қийноқларга солиниши мумкин бўлган мамлакатга экстрадиция қилинмаслиги ҳақидаги халқаро ҳужжатга қўшилган давлат экани қайд этилади.
АТ, жаҳон оммавий ахборот воситалари, Интернет саҳифаларида бу мавзуда билдирилаётган фикр, эълон қилинаётган мақолалар орасида 6 декабр куни Yureyja Vyu веб-сайтида чиққан бир мақола эътиборимни ўзига тортди. Унинг муаллифи Alex Appelbaum шундай деб ёзади: “Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳ айбларини тасдиқловчи далилларни Чехияга юборар экан, шу ўринда АҚШ билан ҳамкорлигидан фойдаланиши мумкин. Афғонистондаги аксилтеррор кампаниясида Ўзбекистон АҚШнинг асосий ҳамкорига айланган. Расмий Вашингтон Солиҳ иши юзасидан ҳеч қандай баёнот қилмади“, деб ёзади Alex Appelbaum YuV интернет саҳифасида 6 декабр куни эълон қилинган мақоласида.
(06.12.2001)