O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ким қилса ҳам тўғри қилибди

Ким қилса ҳам тўғри қилибди
184 views
07 October 2012 - 13:47

Музаффар Қосимов

Янги дунё аввалари яхши, ўқишли бир нашр эди, мен ҳам қизиқиб ўқиб борардим. Негадир, охирги 2-3 йилда айниди. Ҳақоратомуз мақолалар, мақолалар остига бир-биридан жирканч изоҳлар ёзиладиган бўлди. Муҳаррир қаёққа қараяпти экан деб ҳайрон бўлардим. Кейин ҳафсалам пир бўлиб, онда-сонда бир қараб қўярдим, мунтазам ўқимасдим.
Ўтган якшанбада эрталаб очсам, “Маҳаммад Солиҳ”га очиқ хат деган пасткашларча бир мақола босилганини кўрдим. Ўқиб, хайратга тушдим, сайт муҳаррири Юсуф Расуловдан нафратландим. Муаллиф аноним эканлиги кўриниб турибди, демак бу мақоланинг масъулияти унинг зиммасига тушади.
Бир инсон авлодига, қолаверса, юртимизнинг атоқли шоири шаънига бу қадар заҳарли ҳакорат оммавий ахборотда босиладими? Ҳатто, диктатор Каримов матбуоти бу қадар пасткашликка бормаган.
Бир жойда “… бошингни мажақлаб ташлагим келади” дейди “муаллиф” (Яъни Юсуф Расулов). Бу ҳар қандай мамлакатда “Экстримизм” ва “Ўлим таҳдиди” деб баҳоланади.
““демократман” деб акиллаб қолишга ўлгунингча”, “Кимнинг сомонини кавшаб,бунча маъраяпсан?!” деган жумлалар инсонни ҳайвонга қиёслаб ҳақорат қилиш ҳисобланади.
Швеция каби бир қонун устивор мамлакатда яшаётган Юсуф Расулов, ҳақоратланган киши мурожаат этган тақдирда, бадалининг оғир бўлишини билса керак деб ўйлайман. Шунингдек, агар муаллифини топиб бера олмаса, ўзи жавобгар бўлишини ҳам билишига имоним комил.
Хуллас калом, Янги дунёни ким ёпган бўлса ҳам, жуда тўғри қилибди. Ўзини билмаган, андишасиз кишиларнинг матбуот юритишга ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман.