O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Киноя рефлексини йўқотган дунё

Киноя рефлексини йўқотган дунё
50 views
11 April 2017 - 6:00

Яқинда Ўрта Шарқнинг қонли диктатори Саддам Ҳусайн маҳкамага чиқса керак. Унинг ҳамкасби Ўрта Осиёлик диктатор Ислом (Абдуғаниевич) Каримов эса Саддам режимини «аксилинсоний» деб эълон қилди. Бу ҳам етмагандай, бутун маърифатли дунёга жўр бўлиб, Саддам шўрликнинг жазоланишини истамоқда. Шўрлик Саддам!

Шўрлик, чунки унинг омади чопмади. Агар у диктаторликни Ўзбекистонда қилсайди, ҳеч ким уни қилмаган жиноятлари учун маҳкамага чиқармасди. Унинг орқасида тоғдай бўлиб, суянчиғи Русия турган бўларди. Демократиянинг постсовет жумҳуриятларида кераксиз бир ҳашам эканлигига ишонган реалист Русия.

Саддамни сариқ аждарҳо Хитой ҳам меҳр билан қучоқлаб, Ўзбекистондаги тоталитар идора услубини самимият-ла қутлаган бўларди. Ва ҳеч шубҳа йўқки, Саддам эркинликлар маскани Ғарбнинг асосий муттафиқига айланган бўлар ва ўзи яратган террорни йўқ қилиш учун Ғарбдан ўмарган миллионлаб долларларни киссасига жойлаган бўларди. Вa албаттаки, Саддам бугунгидай Бағдоддаги бир сассиқ турмада эмас, Берлинда Бундестагда, Лондонда Лордлар Палатасида, Вашингтонда Оқ саройда қабул қилинган бўларди.

Уни ҳеч ким, ҳатто душманлари ҳам «диктатор» деб аташга журъат қилмаган бўлар, аксинча, «Ўзбекистон Президенти», дея кўкларга кўтарилган бўларди. Ва Саддам бемалол ўз Президентлик ваколатини референдумлар ёрдамида узайтиришда давом этар, «овозларнинг аксарисини олиб», қайта-қайта муродига етган бўлаверарди.

Агар хўжакўрсинга (Ғарбкўрсинга) бир сайлов қилгудай бўлса, унинг Президентлигига «рақиб» бўлган номзод сайловчиларни ўзига эмас, ҳурматли Саддамга овоз беришини илтимос ва илтижо қилган бўларди.

Ҳа, Саддам бечоранинг омади келмади. Ахир, у ҳам шу онда дор оғочи супасига эмас, Ислом Абдуғаниевич каби Парламент минбарига чиқишга шайланган бўларди-ку!

Шу йил декабр ойининг охирида Ислом Абдуғаниевич Парламентга сайлов ўтказмоқчилар. Бу сайловда шахсан унинг 5 та партияси қатнашмоқчи. Бу «партия»ларнинг истисносиз ҳаммаси ҳокимият учун курашмаётганини, балки «мўътабар инсон Ислом Абдуғаниевич бошчилигида азиз ватанга хизмат қилиш» эканлигини эълон қилдилар.

Ўзбекистон Президенти Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ва демократик ўлкаларни бу сайловларга кузатувчи юборишга чорлади. У сайловларнинг мутлақо шаффоф бўлишини ваъда қилди.

Унга ишониш мумкин. Сайлов шаффоф бўлади, чунки бутун партиялар уники. Улардан қайси бири ғалаба қилса ҳам Президентнинг партияси ғалаба қилган бўлади. Мухолифат эса ҳамон қувғин ва тазйиқ-таъқиб остида чирпинмоқда. Мухолифат бу сафар ҳам сайловларга қўйилмади.

Мухолифат вакилларига қарши уйдирма айбловлар ва ҳибсга олишлар тўхтамай давом этмоқда. Турмаларда қийноқлар тўхтамай давом этмоқда. Махфий хизмат ходимлари тарафидан ўғирланаётган ва бедарак йўқолаётганлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бугунда Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик ертўлаларида, ёпиқ турма ва колонияларда, расмий маълумотларга кўра, 6 мингга яқин, норасмий хабарларга кўра, бундан уч мисли кўпроқ сиёсий маҳбус азоб чекмоқда. Сўнгги бир ой ичида диндорлардан 9 киши ўғирлангани – факт.

Авф (амнистия) сиёсий мухолифатга татбиқ қилинмайди. Улардан бирининг жазо муддати битиб, озодликка чиқадиган бўлса, дарҳол янги бир «жиноят» уйдириб, унинг муддатини узатадилар. Ва у ҳаётини яна ертулада давом эттиради. Бундай уйдирма айб яқинда сиёсий маҳбус, «ЭРК» партияси вакили, Ўзбекистон парламентининг собиқ аъзоси Мурод Жўраевга тақилди. У ертўлаларда роппа-роса 10 йил ўтирди ва озодликка чиқиши керак бўлган мухолифатчи ҳали ҳам турмада азоб чекмоқда. Бу зулм ва адолатсизликларнинг меъмори Ислом Абдуғаниевич Каримовни халқ ичида «бизнинг Саддам» деб айтишади, аммо у Саддам каби ўз куёвини отиб ташлагани йўқ, Худога шукр. Тўғри, у куёвини «давлат мулкини талон қилди», деб Интерполга қидирув бюллетени очтирди, аммо куёв ҳам бўш келмади. Куёв ўзининг собиқ умр йўлдоши, Президентнинг қизи тўплаган бриллиант коллекциясини давлатдан ўғирланган пулларга олинганини исбот этишга киришди.

Майли, бу ишлар маҳкаманинг иши. Каминанинг демоқчи бўлгани шу: эски, анъанавий тушунчада тарбияланган баъзи инсонлар бу дунёнинг Глобал Иккиюзламачилигига ҳайратда қолиб, ёқа ушлайди.

Нега бир-бирига икки томчи сув каби ўхшаш икки сиёсий лидер дунё тарафидан мутлақо бир-бирига зид сифатлар билан баҳоланади?

Нега Саддам Ҳусайн дор оғочи супасига кўтaрилиш учун шайланади-ю, Ислом Абдуғаниевич Парламент минбарига чиқмоқ учун тайёргарлик кўрмоқда? Ва нега бу маърифатли дунёмиз тарафидан таажжубга молик бўлмаган, НОРМАЛ ҲОДИСА сифатида қабул қилинмоқда, нечук?

Нега бу ҲОДИСА, ҳеч бўлмаганда, кинояли бир табассум уйғотмайди, нега биз лoaқaл мийиғимизда кулиб қўймаймиз? Мен иккиюзлиликка қарши исён қилишни айтаётганим йўқ, ҳар бир фаросатли одамда бўлиши керак бўлган киноя туйғуси ҳақида гапираяпман. Ёки бизнинг дунёмиз киноя туйғусини ҳам йўқотдими ниҳоят?

2004 йил, декабрь

(106)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (316-318-саҳифалар.)

(давоми бор)