Ўзбекистонлик бюрократ, “олим” Шуҳрат Ризаевнинг кирил алифбосини қайта тиклаш каби жоҳилона “ташаббуси” Муҳаммад Солиҳнинг бир неча йиллар муқаддам Fergananews.com сайтида босилган қуйидаги мақоласини яна долзарб қилмоқда. Марҳамат, ўқиб хулоса чиқаринг.
ЎХҲ вебсаҳифаси таҳриряти
* * *
“УНЛИЛАР УЙҒУНЛИГИ” ТУРК ҚАВМЛАРИНИНГ УЙҒУНЛИГИДИР
Ўзбек тили Буюк Турк тилининг бир шохабчаси ўлароқ сингармоник тил, яъни унли сасларнинг уйғунлигига қурилган бир мусиқий тилдир.
Сингармонизм ҳақида, янглишмасам, 1984 йилда (мистик шоир Сўфи Оллоёр шеърлари мисолида) бир мақола ёзган ва бу мавзуда бир тилчи дўстимиз билан анча тортишгандик.
Сўфи Оллоёрнинг мисраси шу: «Ичингда ўт бўлса ўт ичиндан ўт». Камина ўзбекларнинг мавжуд кирил алифбоси айнан шу мисрадаги учта товушни битта ҳарф (иероглиф) билан белгилагани унлиларнинг ўша гўзал уйғунлигини хароб қилганлигини иддао қилгандим.
Биринчи «ўт» сўзи “жасорат” маъносини беради.
Иккинчи «ўт» – “олов”,
Учинчи «ўт» – буйруқ феъли «ўт!»(«ўтиб кет!»)дир.
Ғайримиллий тилчиларимиз бу учта товушни битта ҳарф билан ифодалашга уринганлар ва тилимиздаги унлилар уйғунлигига катта зарар берганлар.
Яъни “унлилар масаласи” бугун пайдо бўлгани йўқ.
Бу масала 84 йилда ҳам, ҳатто 20-йилларда жадидлар зомонида ҳам илк пайдо бўлмаганди. Бу муаммони улардан ҳам олдин, 16-асрда, Туркистонда “зерикканидан” Ҳиндистонга кетиб, у ерда Империя қурган андижонлик Заҳриддин Муҳаммад Бобур кўтарганди ва араб алифбосида туркчадаги унли сасларини ифодаловчи ҳарфлар йўқлигидан нолиганди.
Ҳеч шубҳасиз, сингармонизм қонуниятига энг уйғун алифбо Ўрҳун ёзувлари эди, аммо бу имло аллақачон тарихга кўмилди, уни қўллашнинг имкони йўқ, зеро сўнгги минг йил ичида турк тили фонетик ва морфологик жиҳатдан ўзгарди.
“Унлилар муаммоси” Советлар даврида янада чуқурлашди. 30-йилларда болшевиклар тарафидан юритилган нотўғри тил сиёсати – ўзбек адабий тилининг фонетика ва морфологияси фақат Тошкент ва Фаргона шевалари устига қурилиб, қолган шевалар истеъмолдан чиқарилгани ва кирил алифбосига ўтиши – оқибатида ўзбекчада форсча талаффузи унсурлари кучая борди ва адабий тилимиз бошқа турк қавмларининг адабий тилидан сезиларли даражада узоқлашди.
1980-йилларга келиб, Ўзбекистоннинг расмий тилчилари сингармонизм ўзбекчадан борган сари йўқолиб бораяпти, чунки тилимиз тараққий қилмоқда, бу табиий жараён, деган сафсатани жамоатчиликка қабул қилдирганди. Ваҳоланки, сингармонизм халқ гапираётган тилда яшашда давом этаётганди, у кирилча алифбе ва тил нималигини билмайдиган тилчиларимизнинг талаффузидан чиқиб кетаётганди. Лекин алифбонинг тилимизга бегоналиги адабий тилни халқ тилидан бегоналаштира бошлагани ҳам тўғри эди. Бу вазият бугун ҳам ўзгаргани йўқ. Аксинча, Ўзбекистон ҳукуматининг 1995-йилда тасдиқлаган “Ўзбек тили графикаси” ўзбекларни Алифбо Лабиринтларида яна бир неча йил сарсон юришига маҳкум қиладиганга ўхшайди.
Бу ҳукуматнинг барча соҳаларда бўлгани каби, тил соҳасидаги бу ташаббуси очиқчасига ғайримиллий ва ғайрилмийдир. Унинг танлаган алифбоси бизнинг бой тилимизни қашшоқлаштиришга олиб келиши шубҳасиздир. Мана шу қашшоқлаштириш сўзидаги “sh” ҳарфиннг иккита иеорглиф билан қўлланилиши, ҳукумат алифбосининг, аниқроғи, ҳукуматнинг башарасидаги қўтирнинг ўзгинаси эмасми?
Биз ЭРК веб-саҳифасида ва ЭРК газетасида ҳукуматнинг алифбосини ишлатиб кўрдик ва шунга амин бўлдик-ки, бу алифбони ҳатто унча кенг бўлмаган аудиторяда қўллаш ҳам тил маданиятига зарар бериши муқаррардир. Материлларни саҳифага қўяр экан, биродарларимиз қайси сўзни қайси ҳарф билан ифодалашни билмай қоладиган бўлдилар, ҳукуматнинг “янги алифбоси” шу қадар расво!
Биз бу кичик тажрибадан келиб чиқиб, ўзбек тилига максимум уйғун бир алифбо тузиш аввалги йилларда қандай зарур бўлса бугун ҳам шундай зарур эканлигини кўрдик.
Бўлажак янги алифбога 1939 йилда қабул қилинган кирилча ўзбек алифбосига киритилмаган 3 та ғоят муҳим унли товуш ҳарф киритилиши лозим:
1) Бу “gözal” (гўзал), “söz” (сўз), “ölim” (ўлим), “öpka” (ўпка), “ölka” (ўлка) сўзларидаги “ö” ҳарфи. Бу асло “ortaq” (ўртоқ), “oquvchi” (ўқувчи), “otirmoq” (ўтирмоқ), ўтлоқ (otlaq) даги “O” эмас.
2) Устида нуқтасиз “I” ҳарфи: “ısm”, “ısırıq”, “ıstak”даги “ı”. Бу асло иймон (iymon), мусиқий (musiqiy), ҳақиқий (haqiqiy) сўзларидаги “İ” эмас. 3) Устида ишоратли “Ü”: бу ҳарф “üstiga üstak”, “ünli”, “ündoş”, ‘’tüşmoq’’, “Ürganç”, “üka”, “taşabbüs” сўзларидаги “ü”. Бу асло “usta”, “uçmoq”, “uçqun” сўзларидаги “U” эмас.
Изоҳ: Кирилдаги “Ў” ўрнига “О” таклиф қилинаяпти. Ўз навбатıда, “О” ўрнига устида ишоратли Ă (ă) таклиф қилинаяпти.
Бугунги Алифбонинг Ундошларидаги ўзгариш таклифи:
G’ ўрнига Ğ,
CH ўрнига Ç,
SH ўрнига Ş шаклини таклиф қиламиз.
Алифбода 1939-йилдан бери қўлланилиб келган кирил алифбосидаги “цирк” сўзининг бошида келадиган “Ц” сасини берувчи бир ҳарфдан ташқари барча ҳарфлар мавжуд. Ц ҳарфини “S” ҳарфи билан ҳам ифодаласа бўлаверади, биз “ЦИРК” деганда русларга ўхшаб талаффуз қилишга маҳкум эмасмиз. Кирилда ишлатганимиз Ё ва Я ҳарфи эса иккита ишорат ЙО ва ЙА билан ёзилади. Кирилдаги “Ш” ҳарфи Туркия туркчасидаги думли “Ş”, кириладаги “Ч” эса туркча “Ç ” ҳарфлари билан алмаштирилади.
Ҳукуматнинг янги лотин алифбосида ҳар хил товушли сўзлар бир хил ҳарфлар билан белгиланиб, худди кирил алифбосида бўлгани каби, тилимизда унли саслар деформатсиясини янада чуқурлаштираяпти. Унлилар уйғунлигини тамин этмақдан мақсад, алифбомизни бошқа турк қавмлари алифбосига яқинлаштириш, улар билан маданий алоқаларнинг тамалини ҳеч бўлмаса алифбо бирлиги билан мустаҳкамлашдир. Яъни, мақсадимиз ҳукуматнинг ўз алифбосидан кўзлаган мақсадларининг том тескариси.
Балки бу алифбо Туркларнинг Бирлиги каби буюк хаёлнинг илк поғоналарига қўйилган илк одим бўлар. Ҳар ҳолда, бу турк давлатларининг интегратсиясига қўшилган кичик, аммо реал ҳисса бўлар.
Муҳаммад Солиҳ