O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“КИРИШ МАНЪ ЭТИЛАДИ”

“КИРИШ МАНЪ ЭТИЛАДИ”
185 views
08 April 2012 - 8:15

Мустақилликнинг илк йилларида Самарқанд шаҳри ва вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратурасига, Ички ишлар бошқармасига, Миллий хавфсизлик хизматига қарашли барча бинолар, ҳамда Самарқанд аэропорти ўтиб бўлмас темир панжаралар билан ўраб олинган ва куч ишлатар тизимлари томонидан қаттиқ назорат қилинар эди.
Яқинда Тошкентга билет олиш учун темир йўл вокзалига бордим. Не ажабки, вокзал биносининг икки чеккасида милиция постлари ўрнатилиб, атрофи ҳам ўшандай темир панжаралар билан ўраб олинибди. Бундай манзарани кўриб бироз гарангсираб тургач, поездга чиптани қаердан олишим мумкинлигини сўраш учун, постларнинг бирига яқинлашдим. Ўз навбатида мени кузатиб турган, қуролланган милиция ходими менга рўбарў чиқиб келди ва хушмуомалалик билан салом бергач: “Отахон, хизмат?”, деди.
Мен ҳам унга салом бериб, қаердан чипта олишим мумкинлигини сўрадим. У вокзал биносининг кунчиқар тарафини кўрсатаркан, бу тарафда кўп турмаслигимни тайинлади.
Чоғроққина чипта сотиш биносида сўраб-суриштириб, вокзал хизматчиларининг биридан йўловчини вокзал ҳудудига кириши поезд келишидан ўн-ўн беш дақиқа олдин милиция назоратидан ўтгандан кейин мумкинлигини, агарда йўловчи эртароқ, айтайлик, бир соат олдин келса, у ўзи чиқадиган поездни, жазирама иссиқми, қаҳратон қишми, вокзал ташқарисида кутишини билиб олгач, шаҳардан анча олисда яшашим сабаб, бундай хизмат менга тўғри келмаслигини англаб, поездга чиқишдан воз кечдим ва ортга қайтдим.
Ҳақли савол туғилади, Ўзбекистон фуқароси ўз юртида дарди, муаммоси билан ҳокимият, прокуратура, ички ишлар, Миллий Хавфсизлик Хизмати идораларига бемалол, тўсиқларсиз кириб мурожаат қилолмаса, Ўзбекистон фуқароси ўз юртида йўловчи сифатида сал олдинроқ келиб, темир йўл вокзали бўладими ёки аэропортнингми кутиш залида ўзи чиқадиган поезд ёхуд учқични бемалол кута олмаса, Ўзбекистон фуқароси ўз юртида, айтайлик, “юртбоши”си Самарқандга келганда милиция, МХХ ходимлари томонидан ўраб олинган ўз уйидан ташқарига чиқолмаса, бу қанақа юрт ўзи?

 

Эгамқул Худойберди,
Самарқанд,
2012 йил 7-апрел