O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Киссовур қизлар ҳужуми…

Киссовур қизлар ҳужуми…
143 views
28 March 2018 - 9:50

КИСОВВУР ҚИЗЛАР ҲУЖУМИ…

Бош оғриқларнинг бисёрлигидан содир бўлаётган воқеаларни қоғозга тушуришга ҳам улгурмай қоласан киши…

Кеча, 2018 йилнинг 5 март куни Бобомуроднинг судига шошилиб кетаётгандим. Соат тахминан 10.00 ларда Фарход бозорининг чорраҳасида йўловчи транспортдан тушдиму, сўзлашиб бўлгач, мобил телефонимни пальтомнинг чўнтагига солиб, “Шуҳрат” томонга қараб кўп эмас, 300 метрларча юргандим…

Ҳаёлга ғарқ бўлиб кетаяпман.

Бир маҳал қандайдир бир куч кутилмаганда ортимга ўгрилишга мажбур қилди. Одатда ҳеч қачон ортига ўгрилиб қарамайдиган одамман.

Дабдурустдан нега ортимга қарадим, ўзим ҳам ҳайронман…

Шундай қарасам, тасаввур қилинг, ортимда ёши тахминан 15-18 ёшлар атрофидаги лозим кийган, бошида рўмол, икки қиз турибди….

Менинг кутилмаганда ортимга ўгрилганимни кўрган қизлар лаҳза жойида қотиб қолди. Икки кўзлари менда. Улардан бири, менга ўта яқин тургани ўнг қўлини хиёл этаги томон тик тутиб яширган бўлиб турибди.

Кафти, беш бармоғи тик. Ажабланиб қизнинг тик кафтига қарадим.

Қарадиму ҳам ҳайрат, ҳам қўрқув, ҳам ғазабдан ўзим ҳам бир лаҳза қотиб қолдим.

Не кўз билан кўрайки, ортимда турган қиз тик тутган кафтига, 5 бармоқлари ортига менинг мобил телефонимни пана қилиб ўта эҳтиёткорлик билан яшириб турибди. Яшириб турибди-ю ўткир нигоҳлари менда.

Бир зум довдираб қолдим. Аввалига нима бўлганини тушунолмадим. Телефонимни ғилофидан таниб қолдим ва карахт бўлиб қолган, қочишга улгурмаган қизнинг қўлидан тутдим: “Ҳали сен ўғримисан?” деганча шаҳд билан қизнинг қўлидан телефонимни тортиб олдим.

Чап қўлим билан қизнинг тирсагидан тутдим, бу орада шериги қочиб қолди. Иккинчи қўлим билан “102” хизматини тердим. Гудок кетаяпти, телефоним шўрлик бўғилииииб чақираяпти! “102” – милиция қаники кўтарса.

Уч бор қайта-қайта “102” рақамини тердим. Ҳар гал камида 5 дақиқадан гудок кетди, чақирди, аммо жавоб бўлмади.

Бу орада шеригини ташлаб қочиб қолган кисоввур қизча ўзи билан яна худди ўзларига ўхшаб лозим кийиб, бошига рўмол боғлаб олган 3 та аёл кишини бошлаб келди. Рости, аёлми, қизми, англолмадим….Улар лозим ва рўмолда бўлганлиги сабабли аниқ ёш бериш бироз мушкул эди.

Тўртовлон бўлган хотин-қизлар менга қараб бостириб кела бошлади: “Ҳа, нима гап!” дейишди ҳурпайиб….

Ёлғиз эдим. Атрофга жовдирадим. Шашликчи, бодроқ пишириб сотаётган одам, долларчи, дўкончи, ошхона кассири эди бири, адашмасам… Хуллас, атрофимда томошабинлар бир талай. Деярли барчаси эркаклар. Улар қандай воқеа содир бўлаётганини билиб, кўриб туришибди – мириқиб томоша қилишибди….

Кисоввур қизлар ортимдан ўғри мушук каби пусиб келиб, чўнтагимга қўл солганини ҳам кўришганига шубҳам йўқ. Негаки, одам ниҳоятда сийрак эди… Одамлар кўришгану, “Менга нима!” деб индашмаган…

Ҳозир ҳам тўртта хотин-қиз менга ташланишга шай, “Ҳа, нима гап!” деб ҳурпайиб яқинлашишмоқда.

Гирдимдаги бирорта эркак кўмак қилай, милиция чақирай, ёхуд ўғри қизни лоақал тутиб турай, тарафкашлик қилай демайди….

Мийиғида кулимсираганча… Бефарқ… ту-ууришибди…

Айни дамда мен жуда шошилаётган эдим.. Судга. Қолаверса, тўртовлон, қўлимдаги “қушча” билан бешовлонга бас келадиган ҳолатда эмасдим…

Қўлимда сумка тўла ҳужжатлар…..

Хуллас, ноилож кисоввур аёлларнинг шеригини қўйиб юборишга мажбур бўлдим….

Улар мени ҳақорат қила-қила узоқлашишди…

Кисоввурлар менга ташланишни, тилка-пора қилишни исташарди.

Бироқ менинг тинимсиз “102” рақамини тераётганлигим кисоввур хотин-қизларни чўчитиб турарди…

Улар мендан узоқлашишди. Бироқ кўздан ғойиб бўлишмади, қочиб қолишган эмас…

Йўлнинг нариги бетига ўтиб арчалар ортидан менинг ҳаракатимни кузатиб туришибди, ҳув ана, кўриб турибман….

“102” кўтармагач, охийри виртуал қабулхонага – 10-00 рақамини теришга мажбур бўлдим.

“Иноятовни ишдан олганлари учун афтидан милиция ҳам хафа чамаси, ишлагиси келмасдан, соботаж қилиб ўтирибди. Илтимос, шикоятимни қабул қилинг. Нега “102” хизмати ишламайди? Уч бор тердим, узоооқ чақриди, гўдок кетаяпти, лекин кўтармаяпти. Яхшиям ўғрилар молимга қасд қилишди, жонимга қасд қилишса нима бўларди?” дедим алам билан.

Воқеани суриштирган оператор қизча, “Бу ҳақда ички ишлар Вазирига шикоят ёзинг” деса бўладими?

“102” ишламагани учун Ички ишлар Вазирига эмас, Президентга арз қилмоқчиман. Арзимни ёзиб олинг, қабул қилинг” дедим… Арзим ўғрилар, кисоввур қизларни топиш хусусида эмас, шикоятим “102” – милиция ишламаётганлиги хусусида” дедим.

Шикоятимни қабул қилиб олишди. Мен ҳамон турган жойимда қаққайиб турар, тинимсиз телефон орқали арз қилардим…

Виртуал қабулхона арзимни ёзиб олгач, яна “102” хизматини тердим. Йўқ, ҳартугул, бу гал олишди: “Токи порталга шикоят қилмагунимизча вақтида кўтармайсизларми?” дедим “102”дан гўшакни кўтарган ходимга.

“Илтимос, Фарҳод бозорининг чорраҳасидаги 2 қаватли супермаркет ҳудудига қарашли участка нозирига айтинг, бу ердаги кисоввур қизларини – “банда”ларини йиғиштириб кетсин” дедим.

“Тасаввур қилинг, бошида рўмол, кетида лозими бўлган узоқ вилоятдан келган қишлоқ қизи, қишлоқ аёли яна қаерда, мамлакат пойтахтида, сийрак кўчада қўрқмасдан ўзга кишининг чўнтагига қўл солиши мумкинми? Нега мен ҳайиқаман, улар ҳайиқмайди? Ортида қандай ҳомийлари турибди буларни? Нега булар милисадан қўрқмайди, мен қўрқаман” дедим….

“Телефонингиз қанақа эди? Қимматмиди, арзонмиди? Маркаси қанақа эди? Ўғирлаб олиб қочиб кетишдими?” каби саволлар берди “102” ходими.

“Йўқ, яхшиям кўриб қолдим. Телефонимни кисаввур қизнинг қўлидан олиб қолдим. Мен ўғри қизни ушлагандим. “102” хизмати ўз вақтида гўшакни кўтарганида эди, бира йўла 5 та кисаввурни ушлаган бўлардинглар” дедим хафа бўлиб.

Бунга жавобан “102” ни гапини қаранг:

“Телефонингизни олиб қолибсиз-ку!”

“Мен-ку, хушёрлик қилиб телефонимни олиб қолдим. Ҳамма қатори индамасдан кетаверсам ҳам бўларди, Лекин бугун мен индамай кетадиган бўлсам, эртага бу ўғриларга яна кимнингдир шўрини қуритмайдими?” дедим.

“Кўрсангиз танийсизми?” сўради ИИБ ходими.

“Албатта танийман. Қиёфаси кўзларимга муҳирланиб қолди” дедим.

Очиғи, умримда биринчи марта ўғрини кўришим эди.

Яна қизбола-я!

У менга худди гипноз қилмоқчи бўлгандек ниҳоятда ўткир тикилиб турарди…. Кўз қарашлари кўзимда қолди….

Мен киссовур қизларданам кўра атрофим тўла эркаклардан хафа бўлиб кетдим….

Бу қадар лоқайдлашиб кетган-а халқимиз!

Бугун менга кўмакка келишмади.

Ўғрини тутиб қолишмади.

Аммо эртага айнан мана шу киссовур қизлар атрофимдаги томошабинларнинг бирор бир яқинини қақшатиб кетмаслигига ким кафолат беради-а?

Малоҳат Эшонқулова

facebook.com