O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

А.Комиловнинг ўғли халқ мулкини қандай қўлга киритди?

А.Комиловнинг ўғли халқ мулкини қандай қўлга киритди?
177 views
29 November 2021 - 17:47
Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Россия фуқароси саналган ўғли Дониёр Абдулазизович Комиловнинг собиқ ДХХ марказий биносини сотиб олиши Ўзбекистонда амалдорлар халқ мулкига осонгина эга чиқиши мумкинлигини кўрсатди.
Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти ушбу бинони тарихий аҳамиятга эга эканини тасдиқлаб, уни мерос сифатида сақлаб қолишни тавсия этса-да, бино миллий рўйхатдан чиқарилган.
Ўзбекистон маданий мероси ҳисобланган Давлат хавфсизлик хизматининг “собиқ марказий биноси ҳудуди” хусусий секторга сотиб юборилгани учун маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди.
Эндиликда 1950 йиллардаги архитектура номоёндаси бўлган шу кўчада жойлашган Князь Романованинг иншооти билан бирга ноёб ансамблни ташкил қилувчи иншоот халқ мулки эмас.
Мазкур объект Давлат тендер комиссиясининг жорий йилнинг 15 июнидаги тегишли баён қарори билан Россия фуқароси саналган ўғли Дониёр Абдулазизович Комилов томонидан асос солган “Metropol Group” МЧЖга 210,0 млрд. сўмга сотилган. Орадан икки кун ўтгач, халқ мулки саналган ушбу бино Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилган.
Маҳаллий Rost24.uz сайти маълумотига кўра ДХХнинг собиқ Марказий биноси давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан сотувга қўйилганда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан чиқарилмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Ишчи гуруҳ тузиб Rost24.uz сайтида эълон қилинган материал кўра, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ДХХнинг собиқ Марказий биносини сотилиши қонунга хилоф эканлиги ҳақидаги далилларни ўрганиб чиқиб тасдиқлаган.
Ҳамда бинони тарихий қийматга эга эканлигини таъкидлаб, қуйидаги хулосаларини тақдим этган:
1. Буюк Турон кўчасида жойлашган 1950 йилларда барпо этилган маъмурий бино тарихий ва меъморий жиҳатдан сақланишга мувофиқдир ва уни миллий моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида қолдириш зарур.
2. Шу бинонинг қисми ён-атрофида жойлашган Князь Романовнинг саройи билан бир яхлит меъморий туристик объект деб ҳисоблансин.
3. Мажмуанинг Сайилгоҳ ва Матбуотчилар кўчаларида жойлашган маъмурий қисмлари ҳам ўз қийматига эгадир ва уларни ҳам меъморий тарихий объект сифатида сақланиши мақсадга мувофиқдир.
4. Иншоотлар конструктив жиҳатдан ҳам мураккаб ишланган ва узоқ муддат фойдаланиш мумкин.
Маданий мерос департаментининг хулосалари ва қонуний далилларга қарамасдан мазкур объект сотилди ва маданий мерос объектлари миллий рўйхатидан ўчирилди.
Манба: Rost24.uz