ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)
КОММУНИЗМ ШАФАҚЛАРИ
Бу тонг эмас, шом шафақларидир. Биз Кунчиқарга эмас, Кунботарга қараб турибмиз. Зотан, коммунизм қуёши ҳам бир пайтлар — нотабиий бир йўсинда — Кунботардан кўтарилган эди. Лекин у ботар экан, ўзининг табиий йўлини танлади.
Италия, Олмония, Руминия, Полония, Югославия, Чехословакия ва бошқа Оврупо мамлакатларидаги кескин сиёсий ўзгаришлар ботаётган коммунизм қуёшининг шафақларидир.
Коммунизм доҳийси Карл Маркс “Инсон ўз ўтмиши билан жилмайиб видолашади”, деган экан. Агар коммунистлар бу шом шафақларига қараб, жилмайишга куч топсалар, ҳақиқатни тан олган бўладилар.
Ҳақиқат бир қадар тан олинаяпти ҳам. Масалан, Италия коммунистлари ўз партияси номини ўзгартирдилар. Булғористон ҳам шу йўлдан кетди. Руминия коммунизм ғоясидан бутунлай воз кечди. Чехословакия, Шарқий Олмония коммунистлари саросимада ва ҳоказо. Коммунизмни фаол ҳимоя қилаётган мамлакатлар унча кўп эмас. Ғарбда — Албания, Шарқда — Хитой ва Шимолий Қурия, Лотин Америкасида — Куба. Лекин уларнинг орқасида буюк бир давлат — Советлар Иттифоқи бор.
Бугун Кубанинг раҳбари Фидел Кастро Совет Иттифоқидаги янги сиёсатни танқид қилаётган бўлса ҳам, Албания Москов тарафдан келаётган садоларни эшитмаслик учун қулоғини беркитаётган бўлса ҳам, улар батамом советларга суянади. Улар коммунизм ғоясини ҳаётга биринчи бор тадбиқ этган мамлакатдаги сиёсий структура турли хил маданиятга эга бўлган турли халқлар ҳаётига мислсиз даражада оригинал боғланганлигини ва бу тугунни ечиш Овруподаги каби осон кечмаслигини яхши биладилар.
Улар яна, бугун Совет Иттифоқида сиёсат саҳнасига чиқаётган кучлар — халқ ҳаракатлари ва турли партиялар ўзини ўнглаб олгунча, КПСС вақтдан ютиши ва ўз-ўзини чиндан ҳам қайта қуриб улгаришига ишонадилар. Дарҳақиқат, ишончга маълум асослар бор. Биринчидан, янги сиёсий уюшмалар тузилиш жиҳатидан КПССга нисбатан анчагина мўрт ва кураш тажрибалари деярли йўқ. Қанчалик бюрократ бўлмасин, КПССнинг йиллар давомиджа шаклланган иш услуби мавжуд ва бу услубга коммунизмм бирор бир янги партия эга эмас. Шунинг учун ҳам янги жорий этилган сиёсий программалар, асосан, жамиятни демократлаштиришга қаратилган ва улардаги сиёсий ҳокимиятга дахлдорлик фақат яна ўша ҳоким табақа — КПСС аъзолари орқали ўз ифодасини топмоқда. Болтиқбўйи ва бошқа минтақалардаги сиёсий ҳаракатларнинг раҳбарлари аксар коммунистлар эканлиги бунинг мисолидир.
Коммунистлар ким ўзи?
Улар бир алоҳида ирқ эмас. Улар биз билан ёнма-ён яшаётган яқинларимиз, оталаримиз, акаларимиз, опаларимиз, ука ва сингилларимиздир. Лекин улар уйдан чиқиб, давлат хизматчисига, зиёлига, деҳқонга айланадилар. Яна нарироқ бориб, давлат деб аталган баҳайбат машинанинг кичик, аммо зарур мурватларига айланадилар. Улар ишга тушар экан, имтиёзли ижтимоий қатлам — ҳоким синфга айнадилар. Ҳокимлик мақоми фақат сиёсий дастак билан эмас, балки, иқтисодий рағбат билан ҳам мустаҳкамлангандир. Бу мақом давлат идоралари, жамоат ташкилотларидан, оилавий муносабатларгача ўз таъсирини ўтказишга қодир.
Бугунги коммунист шахс сифатида ким?
Коммунистларнинг аксарияти турмушсевар, нисбатан иродали, ҳокимиятга интилувчи ва бу интилишдан уялмайдиган, ҳаётга кураш деб қарайдиган ҳушёр кишилардир. Уларнинг ичида идеалистлар (улкучилар) деярли йўқ. Улар идеалга (улкуга) ишонмайдилар. Шу жумладан, уларни ўз паноҳига олган коммунизм идеалига ҳам шубҳа билан қарайдилар. Бир сўз билан айтсак, коммунистлар материалистлардир — улар ҳар бир нарсани қўл билан ушлаб кўрмаса, ишонмайдилар. Албатта, айнан шу маънода улар ҳақиқий марксчилардир.
Қолаверса, улар ижтиомий ҳаётни ниҳоятда сезгирлик билан кузатадилар ва иқлимга мослашув қобилияти уларда ўткир. Бугун фирқа билетини ташлаётганларга қараб, “нега бу ишни Брежнев даврида қилмадинг?”, деб дашном берадилар. Менимча, бу ўринсиз дашном. Ҳар ҳолда бир неча минг коммунистнинг фирқа билетини улоқтириши бутун бошли компартияларнинг ўз номидан воз кечишлари олдида ҳеч гап эмас. Бу ҳақиқатни коммунистлар ёддан билишади.
Советлар қурултойининг дастлабки босқичида мухолифат томонидан киритилган радикал таклифлар бугун коммунистларнинг программасидан жой олди. Улар халқ ҳаракатлари ва янги тузилган сиёсий уюшмаларнинг эртага қандай талаб билан чиқишини олдиндан кўришга интилмоқдалар ва таъбир билан айтганда, “қичийдиган жойин бир йил олдин қашлаб қўйиш”га уннамоқдалар.
Хуллас, коммунистлар бугун ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаётда энг фаол кучлардан бири бўлиб қолмоқда.
Тўғри, кўп жойларда коммунистлар сайловда ютқаздилар, аммо ютқазса ҳам, кўпинча сафдошларига — коммунистларга ютқазишди. Улар ҳокимиятдаги айрим позитсияларни бой беришмоқда, аммо кетаётиб, ўз курсисини кечаги сафларига — бугунги мухолифатчиларга — яна ўша коммунистларга топшириб кетаяптилар. Қайта қуриш сиёсати коммунистлар ташаббусидир, аммо унга фаол қаршилик кўрсатаётганлар ҳам коммунистлардир. Фақат бошловчилар эмас, бошланганни тугатишга уринаётганлар ҳам жиддий кучлардир. Совет Иттифоқи Конститутсиясидан VI-модданинг олиб ташланиши ҳам, кўппартияли тузумга хайрихоҳлик ҳам коммунистларнинг ўз кучига бўлган ишончидандир.
Бу куч Совет Иттифоқида КПССнинг ҳокимлик муддатини бироз чўзишда ҳал қилувчи рол ўйнаши шубҳасиз. Аммо бунга ҳалал берадиган биринчи ва энг хавфли фактор — иқтисодий зилзиладир. Бунинг олдини олиш учун жорий этилаётган эркин олди-сотди сиёсатини ҳаётга тинч йўл билан тадбиқ этилишини таъминлаш зарур. Бу тадбирнинг давоми ўлароқ, ўз харажатини қопламайдиган колхоз-совхозларнинг ер ва сувини шахсларга абадий бўлиб бермоқ лозим ва ҳоказо.
КПССнинг олдида турган иккинчи тўсиқ, маълумки, миллий масаладир. Қайта қуриш сиёсатини бошлаб берганлар иқтисодий муаммо ҳал қилинса, миллий зиддиятлар сусайишини тўғри тахмин этадилар, аммо ўша иқтисодни йўлга қўйиш учун КПСС жумҳуриятларга миллий ҳуқуқлар бериш мажбуриятда қолади. Чунки, биронта жумҳурият ўз ери, ўз бойлиги, ўз ҳуқуқи, яъни миллий ҳуқуқларига эга бўлмай туриб, иқтисодий мустақил бўлолмайдилар. Ва демак, эркин олди-сотди сиёсати, иқтисодий мустақиллик ўзининг мантиқий давомини — сиёсий мустақиллик эҳтиёжини туғдиради. Бу ҳолат КПСС стратегиясида кўрсатилмагандир.
КПСС Иттифоқда ўзининг ҳокимлик муддатини чўзишни истар экан, (бунга шубҳа йўқ) бугунги сиёсатини федератсион эмас, конфедератсион давлат тузиш учун йўналтиришга мажбурдир.
Тан олиш керак, коммунизм қуёши ботаяпти. Уни партиялар ушлаб қололмайди. Зотан, коммунистларнинг фаоллиги ҳам коммунизм ғоясини ҳимоя қилишга эмас, ҳокимиятда ўз мавқеини сақлаб қолишга қаратилган. Баъбир билан айтсак, коммунизм ғояси коммунистлар учун бир худо, компартиялар дин эди, уларнинг худоси кетди,дини қолди. Эътиқоди сўнди, аммо ибодати давом этаяпти. Лекин бу «ибодат» уларнинг сунгги ибодатидир.
Албатта, бу бошқа партиялар фаолияти учун майдон тўла очиқ, деган гап эмас. Янги партиялар ўз ғояларининг ҳаётий эканини амалда исбот қила оладими, халқни ўзига эргаштира оладими — гап шунда. Бунинг учун вақт керак. Бу вақт кимнинг фойдасига ишлаяжагини яна ўша вақт кўрсатади.
1990. 30 Апрел.
(37)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (170-174-саҳифалар.)