O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Коммунистлар ҳийласи

Коммунистлар ҳийласи
352 views
29 December 2016 - 7:00

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(14)

1

 

Коммунистлар ҳийласи

Шу кеча масжидда маҳалла аҳли томонидан маслаҳат уюштирилди. Чунки коммунистлар мутаваллийларга шундай қонун жорий этдилар:

— Фалон куни шомдан то субҳгача масжидлар фирқанинг ихтиёрига берилсин. Фирқа ўз дастурини ўтказмоқчи.

Масжид аҳли узоқ маслаҳатдан сўнг фирқанинг бу ишидан норозилик изҳор этиб комиссариатга шикоят этишга қарор қилдилар. Лекин бу шикоятлар ҳеч бир идора томонидан инобатга ўтмади. Балки фирқанинг ишини на шаҳар комитети ва на комиссариат рад эта олади, дея жавоб бердилар.

Буйруқнинг тўртинчи куни ҳамма жомеъ масжидларида бирваракайига мажлис белгиланди. Маҳалла аҳлларини, кўча юзини кўрмаган боҳаё, мастура, иффатлик аҳлу-аёлларини масжидга олиб келишга мажбур қилдилар. Қуролланган “назоратчи”лар ҳар бир уйга бостириб кириб, эркагу-аёл барчани ҳайвонлардек уйдан ҳайдаб чиқардилар.

Масжид дарвозасининг икки томонига қўйилган бегона икки киши ҳижобли аёлларнинг паранжиларини юлқиб олиб масжид саҳнига улоқтиришарди. Кечаси соат 10 чамасида тўпланган паранжиларга уларнинг кўз ўнгиларида ўт қўйишди.

Шундан сўнг ўз нутқу баёнотларини бошлашди. Нотиқлар бир- биридан ўзарга паранжини таҳқирлаб оғзиларидан кўпик сочиб қизғин нутқ қилар эдилар.

Шу орада улар бир бошқирдистонлик коммунистни нутққа шундай деб таклиф қилдилар:

–Бошқирдистон “Озодлик” коммунистлар партияси масъул аъзоси, бир ҳафта олдин бу ерга келди.

У шундай баёнот қилди:

–“Паранжи, эркакларнинг аёлларга нисбатан қилган зулму-ситамининг аломатидур. Энди мана улар озод бўлдилар. Энди улар завод-фабрикаларда, корхона ва ҳукумат идораларида эркин хизмат қила олишади. Фарғонанинг ҳимматли халқи бу ҳақиқатга етишди. Уларнинг аёллари озодлик неъматидан баҳраманд бўлишяпти. Никоҳ-талоқ жанжаллари ҳам бартараф бўлди. Улар эркаклар зулмидан қутқарилиб озод ҳаёт кечиряптилар. Кошки, ҳозир бу ерда, Фарғона, Самарқанд, ёки Бухоронинг ҳолатларидан бохабар бирор киши бўлса эди, менинг бу сўзларимни тасдиқлаган бўлар эди.

Бу дин, худо, Росул, Қуръон, Қиёмат, ҳисоб-китоб, фаришта, жаннат-дўзах ҳаммаси руҳонийларнинг заминдор бойлар билан биргалашиб тўқиган тузоғидир. Ўртоқ Ленин ва Сталин бу тузоқларни чок-чокидан йиртиб ташлашди. Уларнинг баёнотларини сиз, халққа етказиш ва сизларга тўғри йўлни кўрсатиш учун партия ходимлари бу мажлисни уюштиришди”.

Унинг бу баёнотлари ҳеч чидаб бўлмас даражада эди, лекин ундан сўнг бошқа бир коммунист ҳам минбарга кўтарилиб оғзига келган нарсани сўзлай бошлади. У ҳатто меҳробга қараб туфлади, бир оздан сўнг бурнини ҳам қоқди. У шу қадар ифлосликка етдики, баногоҳ токчадаги “Қуръони карим” ни кўриб қолиб маймунга ўхшаб сакраб бориб қўлига олди, масхаромуз ҳаракатлар ила саҳнага етиб бориб паранжи-чодирларнинг ёниб тугаган қайноқ кулига улоқтирди. Сўнгра томоғини йиртгудек бўлиб қичқирди:

–Биз Шаҳрисабз мусулмонлари аҳд қиламизки, бундан буён хурофотчиликларнинг юксалишига йўл қўймаймиз. Бухоро, Самарқанд ва Фарғонада руҳонийларнинг марказларини ишғол қилганимиздек ва у ернинг халқи ўз ихтиёрлари билан руҳонийларнинг ҳийла ва фирибларини пора-пора қилгани каби шу услубда ҳаракат қиламиз.

Менинг қувватим сабру-бардошимдан ғолиб келиб, ўрнимдан ирғиб туриб бу очиқдан-очиқ туҳматларга жавоб бермоқчи бўлган ҳам эдимки, Темурбек мендан олдин унинг гапини рад эта бошлади:

–Сен яҳудий боласисан, бу мусулмонларнинг маҳалласидир. Шаҳарда сенларнинг олтита ибодатхоналаринг бор, аввал шуларга ўт қўй, токи коммунистлигинг билинсин. “Фарғона, Бухоро ва шу каби бошқа ерларда уламолар ва оммавий халойиқ коммунизмни розилик ва хурсандлик билан қабул қиляптилар”—деган сўзингни барчаси ёлғон ва уйдирмадир. Бу йигит менинг сўзларим ҳақиқат эканига гувоҳдир, — дея менга ишора қилди.

Ўрнимдан ирғиб туриб тўлқинланиб сўзлай бошладим:

–Бу шахснинг барча сўзлари нотўғридир. Фарғона ва бошқа ерлардаги уламолар коммунистларнинг барча туҳмат ва бўҳтонларига якдиллик билан кураш олиб бормоқдалар.

Сўзим шу ерга етгандаёқ мажлис ҳолати ўзгариб кетди. Шаҳрисабзлик боҳиммат мусулмонлар ул бадбахтларнинг устига ёпирилиб кела бошлашди. Тезда аскарлар етиб келиб мажлис тамом бўлганини ва одамларни ўз уйларига тарқалишларини талаб қилди.

Қизил аскарларнинг қон тўкмай, қирғин этмай тарқалишни талаб этишлари ҳайратлик эди.

Аслида бунинг сабаби бошқа экан: коммунистлар шу каби мажлисни бошқа масжидларда ҳам уюштиришган. Мусулмонлар эса қўзғолон қилиб бир неча масжидларда улар билан тўқнашувлар бўлган, ёрдамга етиб келган қизил аскарларнинг қуролларини тортиб олиб ўзларига ҳужум этишган. Тарқоқ ҳолда қолган аскарлар ўз кучларини йўқотиб, бизнинг масжид аҳлини қирғин этишга муяссар бўла олмаптилар.

Эртаси соат 12ларга яқин қизил аскарлар ўз қаророгоҳларига қараб равона бўлгач, тоғам турган қалъа ҳам озод бўлди. Бу ниҳоятда кутилмаган ҳодиса эди. Дарҳақиқат коммунистлар бир тажриба ўтказгандилар. Мақсадлари халқнинг онги, тушунчаларини таҳлил этиш, содир бўлаётган охирги жараёнлар борасидаги муносабатларини билиш, мамлакатда юз бераётган воқеалардан хабардорми ёки қудуққа тушган бақа каби ғафлатдами, шуни билиш, уларнинг ўз динларига бўлган муносабати, ўз ақидалари ва аҳкомларини ҳимоя қилиш даражалари, авом халқнинг асл ақидалари, дин уламолари ва халқнинг нуқсон ва заиф ерларини билиб олиб, ушбу маълумотларни халқнинг зарарига истеъмол этиш эди.

Улар ўз тажрибаларини хар-ҳил жойларда қўллашарди. Улар аввал янги, тажрибасиз югурдакларини аввалги қаторга қўйишар, мабодо халқ томонидан норозиликлар кучайса: “Бу ишларга коммунистлар ҳукуматининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки бир неча тарбиясиз ходимларнинг ўзлари содир этган ишларидир” — дея эълон этишар, ҳатто баъзи бирларини “халқ душмани” деб дорга осишга ҳам боришар эди. Буларнинг барчаси авом халқни бу ҳукуматдан хотиржам ва беташвиш қилиш учун қилган чора-тадбирлари эди. Ушбу тадбирлар уларнинг янги макр-ҳийла тузишига имконият яратиб берарди.

Аскарлар қайтиб шаҳар тинч ва осойишта бўлиб қолди. Темурбек билан очилиб суҳбатлашдик. У тоғамнинг сиёсий маслаҳатчиларидан бўлиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентга бир неча бор бориб келган экан. Кечаги воқеаларни эслаб: “Булар яна бошқа бирор режаларини тажрибадан ўтказадилар” — деди. Сўнг тоғамдан хабар олиш учун қалъага кетди. Бир қанча вақт ўтиб чеҳраси ёришган ҳолда шундай хабар олиб келди:

— Маҳалладаги бир неча яҳудий коммунистларининг шикоятига биноан қизил аскарлар Ҳазрат Ҳўқандийнинг уйини тинтув этишибди. Уларнинг шикояти: ”Бу эшон пир авом халқнинг қонини сўриб ётибди ва халқни фирқага қарши этиб тайёрлайди” — деган сўзлардан иборат эди.

Тинтув вақтида ҳазратнинг ҳужраларидан фақат 2 та ювилган кўйлак, бир жуфт оёқ кийим, ошланган бўри териси, бир қалин кўрпача, бир чойдон ва мис чойнак чиқипти. Бу ҳазратнинг ҳамма уй анжомлари эди. Меҳмонхонадан эса сарф-харажат ҳисоби битилган дафтар топишипти. Унда нима қаердан келди, қаерга сарфланди, ким олиб келди, ким қабул қилди каби барча муомалалар қайд этилган эди. Буни кўрган аскарлар зобити ҳайратда қолиб аскарларни қайтариб олиб кетипти. “Лекин бу уларнинг бошланғич амалларидир. Уларнинг бу ҳийласи бекор бўлди. Энди улар тўра ҳазратни йўқотиш учун янги тадбир қўллайдилар” — деди Темурбек.

Орадан бир ҳафта ўтиб Шаҳрисабздаги барча мажлис ўтказилган жойларга: “Ўтган ҳафта коммунистлар партиясининг баъзи бир ўзбошимча ходимлари томонидан содир этилган бемаъниликларда айбдор бўлганларга жазо берилди. Ҳукуматнинг бу ишларга алоқаси йўқдир. Ушбу ҳукумат фуқаронинг диний, мазҳабий муомалаларига аралашмайди. Лекин бирор киши ўз хоҳиши билан фирқага аъзо бўлса, ҳукумат уни мутаассиб мулла ва пирларнинг қаршилигидан ҳимоя этади” — деган эълонни жарчилар қичқириб тарқатардилар.

(давоми бор)