O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Конияга (Иконага) саёҳат таассуротларим

Конияга (Иконага) саёҳат таассуротларим
167 views
31 July 2013 - 13:10

Алҳамдулиллаҳ, саёҳатни ёқтиришим туфайли дунёнинг Австралия мустасно, бутун қитъаларига оёқ босиш насиб қилди. Аммо саёҳатнома ёки хотиралар ёзишга негадир ҳафсалам йўқ. Кундалик машғулотларим Ўзбекистон ва дунё сиёсатига оид долзарб мавзуларда мақолалар ёзиш, ҳаракат сайтини бошқаришда иштирок этиш, ЎХҲ даги биродарлар билан ҳаракат фаолияти ҳақида суҳбаташиш, хориждаги биродарлар билан турли учрашувлар ўтказиш каби ишлардан иборат…1068927_10200173432085754_391789383_n

Мана шундай тез юрар поезд тезлигида оқиб кетаётган кунларда бир дўстимни зиёрат қилиш учун Истанбулдан Конияга йўлга чиқдик. Бу дўстим, яъни мусулмон биродаримнинг Исми Дурмуш Хўжа (Durmuş Hoca) ва мен у билан ўн йил муқаддам Олмониянинг Кёльн шаҳрида Туркиялик мусулмонларнинг анжуманида танишган эдим. (Ушбу суратда менинг ёнимда Иброҳим Солиҳ, Дурмуш Хўжанинг ёнида Усмон Ёсин бор. Орқамизда Салимия жомеъси, Усмоннинг орқасида узоқда Мавлона даргоҳи ўрин олган).

Онадўлида (Туркиялик) мусулмон биродарларимизнинг касбидан қатъий назар устозларига ва оқсоқол инсонларга “Хўжа”, яъни устоз, дейишлари удумдир. Дурмуш Хўжа (Онадўли туркчасида “Дур” тўхта, демоқ, яъни дўстимнинг ўзбекча исмини Тўхтамиш, дейиш ҳам мумкин) узоқ йиллардан бери Данияда ўқутувчилик қилади, бу мамлакатда мусулмон болалар учун очилган мактабнинг мудири (директори)дир. Ўзининг айтишига қараганда, узоқ вақт бефарзандликдан кейин, Аллоҳ таоло бу оилага эгизак ўғил ато қилган. Ўғилларининг исми Иброҳим Солиҳ ва Усмон Ёсиндир…

Истанбулда Конияга учоқ сафаримиз 50 дақиқа давом этди. Ҳаво майдонида бизни Дурмуш Хўжа оиласи билан кутиб олди. Учрашмаганимизга ҳам беш олти йил бўлганди. Охирги марта кўришганимизда бу биродарим оиласи билан бизнинг Норвегиядаги уйимизда меҳмон бўлишганди…

Мен Кония номини кўп эшитгандим ва ажабо бу шаҳарнинг исми қандай маънога келар экан, дея ўйлар эдим. Кония ҳам тарихий обидаларга ҳамда замонавий биноларга эга, аҳолиси бир миллион юз мингга яқин замонавий шаҳар экан. Шаҳар Истанбулдан фарқли ўлароқ текисликда ва денгиздан анча узоқда жойлашган.

Биз Конияда тўрт кеча ва уч кун қолдик. Илк кунимиз асосан уйда суҳбатлашиш билан ўтди. Рамозон ойи бўлгани учун ифтор вақтида оғиз очиб, бирга овқатландик. Онадўли турклари ўзбеклар каби меҳмондўст ва дастурхонларида доимо лаззатли таомлар бўлади. Ифтор вақтида биродарим шундай деди:

–          Кеча бир ўзбек билан танишдим, истасангиз сизни ҳам таништирай…

Бу таклифга мувофиқ ифтор зиёфатидан кейин ҳамшаҳаримнинг уйига яқин бўлган мажсидда хуфтон ва таровеҳ намозини ўқиш учун йўлга чиқдик. “Ўзбек” танишнинг исми Абдуқодир бўлиб, асли афғонистонлик ҳамшаҳарларимиздан экан. Абдуқодир домла афғонистонлик ўзбеклардан бўлиб, ўз мамлакатиадн Туркияга қочиб келган ва БМТ қочоқ мақоми олиш учун мурожаат қилган экан. Унга бу мақом берилганига қарамай деярли уч ярим йилдан бери БМТ қочоқлар бюросининг бирор давлат таклиф қилишини кутаётган экан. Бу биродаримиз билан ярим соатча суҳбатлашдик ва мен у билан муҳожирлик тажрибаларимни баҳам кўрдим. Биз ўзаро гаплашар экан, Дурмуш Хўжа бизнинг ўзбекча суҳбатмизни мароқ билан тингларди…

Уйга кеча соат 12 ларда қайтдик, бироз суҳбатлашиб, дам олишга қарор бердик. Дурмуш Хўжа шаҳарнинг бир чеккасида ўзи ва укасига оид беш қаватли уйда яшашади. Бизга бешинчи қаватдаги бўлимни ажратишди. Зотан, кеча соат 3 да саҳарликка туришимиз керак эди. Бироз ухлаган бўлдик…

Саҳарликда эрталаб шаҳар айланишга ва биринчи навбатда фақат Конияда эмас, бутун Туркияда машҳур бўлган Мавлона Жалолиддин Румийнинг қабрини зиёрат қилишни ният қилдик. Мен Мавлона ҳақида кўп эшитгандим, унинг қабридаги ажойиботлар, яъни инсонларнинг бир қисмининг ундан ёрдам сўраб ёлворишлари, қабрга пул тангалар отишлари ва шунга ўхшаш ширку бидьат амаллардан албатта хабардор эдим…

Мавлонанинг даргоҳи шаҳар марказига яқин жойда экан. Даргоҳга биз келган томонда шаҳарнинг катта қабристони ҳам жойлашган. Автомобилда кетар экан марҳумлар руҳига “Ассалому алайкум дарул қавмул мўъминун. Инша Аллоҳу наҳну бикум лаҳиқун! Аллоҳумма вағфирланаа ва лаҳум” (Сизга салом бўлсин эй қабрдаги мўминлар! Инша Аллоҳ биз ҳам сизларнинг орқангиздан бу ерга келамиз. Аллоҳим бизларни ҳам, буларни ҳам мағфират айла), дея дуо ўқидик…

Мавлона даргоҳи Усмонли замонидан қолган масжидда жойлашган экан. Даргоҳнинг масжид эканлигини унинг деворларига ёзилган хулофаи рошидинларнинг исмларидан ҳам билиб олиш мумкин эди. Даргоҳ масжиддаги Жалолиддин Румий ва унинг яқинларини қабрлари ва атрофдаги илова бинолардан (ҳужралар, ошхона ва ҳк) иборат эди. Даргоҳнинг кириш қисмига араб ҳарфлари билан “Ё Ҳазрати Мавлона”, дея ёзилганди. Ислом ақидаси кўра бундай илтижо ва нидо аввало Аллоҳ таоло, кейин эса тирик инсонларга айтилади. Бу нидо тирик инсонларга айтилганда “Эй, фалончи, менга мана бу ишда ёрдам бериб юборинг”, деган маънога келади ки, инсоний ирода нуқтаи назаридан тирикларга бундай мурожаат хато ҳисобланмайди. Аммо марҳумларга қарата бундай нидо ва илтижо қилиш, албатта тўғри ҳисобланмайди. Чунки эътиқодимизга кўра аҳли қарблар инсонларга ҳеч бир масалада ёрдам бера олмайдилар…

Даргоҳга киришда ўнг томонда Мавлонага яқин шахсларнинг тобутлари ўрин олган. Тобутларнинг олдида эса мавлонага оид эски қўлёзмалар қўйилганди. Мен бу ерларга узоқ тўхталмай, даргоҳнинг тўрига ўтдим. Ўнг томонда одам бўйини икки марта ошадиган баландликда баҳайбат қабр ўрин олганди. Мавлонанинг қабри шу эканлиги ўз ўзидан маълумди. Қабр ёнида асосан аёллар қўл очиб дуо қилишарди. Мен аёлимга ичкарига кирмасдан, қабрларга қарата қўл очиб дуо қилмасликни тайинлагандим. Ўзим ҳам Мавлонанинг қабри қаршисида узоқ турмасдан, юзимни чап томонга бурдим. Бу томони масжиднинг намоз ўқиладиган қисми бўлиб, тахта девор билан ёпилганди. Аммо орадаги бўшликлардан масжиднинг эски гиламлари кўриниб турарди. Хуллас, Мавлонанинг қабрини ундан кейингилар ўзига яраша ибодатхонага айлантириб олган эдилар. Ҳолбуки Муҳаммад (сав) “Аллоҳ аҳли китобларни лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжидларга айлантирдилар” , дея (Имом Бухорий ривояти) мусулмонларни бундай ишлардан тақиқлаган эдилар…

Ташқарига хомуш ҳолда чиқиб, илова биноларга ва ҳужраларга кўз югуртирган бўлдим. Хоналарнинг каттаси узунлиги ва кенглиги ўн метрча бўлган Мавлона замонига оид ошхона экан. Хонанинг ичида мумдан қилинган ва ўша замоннинг либосларига ўралган инсон ҳайкаллари ўрин олганди. Буларнинг “ижодкорлари” бу ҳайкалларга тирик инсон шаклини бериш учун роса заҳмат чекишган бўлишса керак. Чунки ҳайкалларинг кўзлари, қошлари, соқоллари тирик одамларникига ўхшашди, айни пайтда инсонни ҳуркитадиган моҳиятда эди. Бу бўлимларни ҳам тезда кўриб, ташқарига чиқмоқчи бўлган эдим, Мавлона талабаларининг ҳужраларидан бирнинг деворида ёзилган “Уни (Аллоҳни) излама! Зеро У мен, мен эса У ман”, деган ёзувга тушди…Мавлона Жалоллиддин Румийнинг бошқа бир шеърида ҳам айни маъно ифодалангани ёдимга тушди:

“Онҳо, ки талабгори худоед, худоед!

Берун зи шумо нест, шумоед, шемоед!

Чизе, ки накардед гум, аз баҳри чи чуед,

Вандар талаби гумшуда аз баҳри чароед?

Исмеду ҳуруфеду каломеду китобед,

Жибрили аминеду расулон шумоед”

(Эй Худонинг талабида юрганлар, ўзингиз Худосиз. У сиздан ташқарида эмас, балки сиз билан биргадир- сиздир. Йўқотмаган нарсангизни нега излаб юрасиз, йўқ нарсани нега излайсиз? Исмлар ҳам, калому китоблар ҳам, сўз ва маъно ҳам сизсиз. Жаброилу пайғамбарлар ҳам ўзингизсиз). (Қаранг: Нажмиддин Комилов, “Тасаввуф” китоби)

Бу ёзувни ўқир ўқимас ўзимни ташқарига отдим. Чунки бу ерда ортиқча туриш нафақат бўш вақт ўтказиш, балки имонни задалаш маъносига келарди…images (4)

Маълумки “Аллоҳ инсон, инсон эса Аллоҳдир” ақидаси “Ваҳдати вужуд” эътиқоди бўлиб, тасаввуф ва унинг турли тариқотларида асос ҳисобланади. Ўз вақтида Бобурнинг невараси Акбаршоҳ ҳам бундай ақидадан таъсирланиб, “Илоҳий” динни кашф қилган ва бу динни Ислом, насронийлик ва ҳинд динларининг йиғиндиси, деб атаганди. (Расмда: Мавлано даргоҳидаги сўфилар тимсоллари) Яъни, у Ҳақ дини бўлган Исломни бошқа ботил динларга қўшиб юборишга уринганди. Акбаршоҳнинг бу диний ихтиросига ўша замоннинг сўфиларидан имом Роббоний қарши чиққан, мен “Лаа Илоҳа илло Аллоҳ” ақидаси (“Лаа вужуда илло Аллоҳ” эмас) учун масъулман, дея ўзининг “Ваҳдати вужуд” ақидасини тарк қилганини ҳам эълон қилганди. Кейин имом Роббоний сўфиликда “ваҳдати шуҳуд” номи билан янги ақидани ҳам ўртага ташлаганди…

Мавлонанинг даргоҳида чиқишда ўнг томонда Усмонлиларга оид катта масжид жойлашган. Бу Усмонли даврида қурилган Салимия жомеъси экан. Ушбу масжид ҳозирда реставрацияда бўлишига қарамай, ундан намоз ўқишга рухсат бор экан. Мавлона даргоҳига Дурмуш Хўжанинг ўзи биз билан келмаганди. Тиззасидаги роҳатсизлиги туфайли поликлиникага бориши керак экан. Даргоҳга биз билан мезбонимизнинг катта ўғли Иброҳим Солиҳ борганди…

Усмонийларнинг жомесига кириб икки ракаат тавба намози ўқиб, истиғфор айтдим. Бироздан кейин масжид курсисига бир ёш ҳофиз чиқиб Қуръон  Каримнинг Каҳф сурасини тиловат қила бошлади. Маълумки, бу сурада Мусо (ас) ва Аллоҳнинг “бандаларидан бир банданинг” сафар ҳикояси ўрин олган. Унда марҳамат қилинишича, Мусо (ас) Аллоҳнинг бу бандасидан ўзига илм ўргатишни сўрайди. Аммо бу “банда” (баъзилар уни Ҳизр номи билан атайдилар, бошқалар эса бу банданинг бир фаришта ёки пайғамбар эканлигини айтадилар ки, тўғриси шу бўлса керак. Чунки Мусо (ас) каби улуғ пайғамбарга ўзи каби пайғамбар ёки бир фариштанинг илм ўргатиши мантиқийдир) Мусо (ас)га “Сен мен билан сафар қилишга сабр қила олмайсан”, дейди. Йўлда бу зот аввал кеманинг деворини тешади, сўнгра ёш болани ўлдиради ва охирида қийшайиб қолган бир деворни тиклаб қўяди. Мусо (ас) ҳар гал сабр қила олмай, бу ишларнинг ҳикматини сўрайди…

Ёш ҳофиз Қуръони Каримни катта маҳорат билан тиловат қилар экан, биз Дурмуш Хўжа билан Илоҳий Китобимиздан ўқилаётган ояти каримларни таъқиб қилиб бордик. Қуръони Каримнинг оҳанги қалбимни юмшатиб, руҳимни роҳатлатди. Масжиддан чиқишда бир инсон ёнимга яқинлашиб, араб тилида “Биз Суриялик муҳожирлармиз, Аллоҳ ризоси учун ёрдам этинг”, деди. Бу кишига ёрдамимизни аямай, масжиддан узоқлашдик. У ерда ўқиган намозим, тавба истиғфорларим, Қуръони Карим тиловати, муҳожирларга берилган ёрдамдан анча ўзимга келиб, Мавлона даргоҳига зиёратимни унутгандай бўлдим…

Кония зиёратимизнинг иккинчи куни Селжуқли турклари замонида қурилган Аловиддин жомесини зиёрат қилдик. Бу тарихий асар Кониянинг кичкина тепаликларидан бирида жойлашган экан. Жоме атрофида замонавий парк ўрин олганди. Бу жомени ҳайрат билан айландик. Чунки бу мен Туркияда кўрган энг қадим, яъни дерли 9 асрлик кўҳна ва муҳташам жоме эди. Жоменинг кириш деворида тарихий маълумотлар ўрин олган лавҳа бор эди. Унда Кония исмининг румча “Икона”, яъни бут маъносида эканлиги айтилганди. Бу шаклда бу шаҳарнинг исмининг маъносини ҳам ўргандик. Буни Дурмуш Хўжага айтганимда, конияликларинг кўпи буни билмайдилар, деди.  Аловиддин жомесининг устунларидан баъзилари эски рум, яъни Византия меъморлигига  оид эди. Жоменинг минбари ҳам тарихий бўлиб, ёғочдан қилинганди ва ёғочларига ояти каримлар ўйиб ёзилганди. Жоменинг оёқ тарафида  бири бўш иккинчи эса Онадўлини фатҳ қилган Селжуқли султонларининг қабри ўрин олган турбалар (мозорликлар) ўрин олганди.  (Афсуски Усмонли замонида қурилган масжидларнинг кўпида бундай турбалар қибла тарафда жойлашган).AA CAMI

Масжиддан чиқиб, султонларнинг қабрларини зиёрат қилдик. Булар ҳақиқатан ҳам Ислом қаҳрамонлари эдилар. Чунки Ислом дини учун янги тупроқларни фатх қилгандилар. Қабрлари бошида аввало ўзимизга , кейин марҳум султонлар учун Аллоҳ таолодан мағфират сўрадик…

(Расмда: Кониядаги тарихий Алоуддин жоме)

Ўша куни кечқурун яна шаҳар марказига келдик. Шаҳарнинг 42 қаватли энг юксак биносининг 41 қаватида жойлашган ошхонада ифторлик қилдик. Ошхона айланиб тургани учун овқатланиш асносида шаҳарнинг ҳар томонини томоша қилиш мумкин эди. Ифтордан кейин шаҳарнинг марказий жомеларидан бирида хуфтон ва таровеҳ намозини ўқидик. Жамоат бир неча саф бўлса ҳам, имом илмли ва хушовоз ҳофиз экан. Йигирма ракаат таровеҳ намозининг барча ракаатларида Аллоҳ таолонинг мўминларга хитобан “Эй Мўминлар (Ё аюҳал лазина аману..) маъносидаги илоҳий амр ва насиҳатлардан иборат ояти карималарни ўқиди… “Эй, мўминлар, Аллоҳдан ҳаққи билан қўрқинглар ва фақат мусулмонлар сифатида вафот этинглар …”, “Эй, мўминлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизнинг учун бир фурқон (яхшиликни ёмонликдан ажратиш) яратади ва гуноҳларингизни бағишлайди ”, “Эй мўминлар…”..

Тўғрисини айтсам, бу таровеҳ намози ушбу рамазонда ўқиганим энг яхши намозлардан бири эди. Руҳим сокин, ақлим тиниқ, вужудим руку ва саждага “ўйнаб кулиб” эгиларди..

Сафаримизнинг охирги куни Жума кунига тўғри келди. Жума намозини ўқиб, шахар паркларини айландик. Конияда парклар жуда кўп экан. Ҳаамаси тоза, хушҳаво, ям яшил парклар экан. Зотан, Туркия мусулмон мамлакатлар ичида тозаликка энг кўп эътибор берадиган давлатдир…

Шанба куни эрталаб, сафаримизни тугатиб Истанбулга қайтдик. Кония сафаримнинг қисқа таассуротлари шулардан иборат…

Намоз НОРМЎМИН

23-27 июль 2013 йил

Истанбул -Кония

http://namoznormumin.blogspot.com/