КОНСТИТУЦИОН ТУЗУМНИ НЕЧТА КИШИ АҒДАРИШИ МУМКИН?
“Бобомурод Абдуллоҳ-Усмон Ҳақназар иши” бўйича ҳибсга олинган 4 та кишидан 3 таси сўроқ қилиниб, кўрсатмалар беришни тамомладилар.
Булар – журналист Бобомурод Абдуллоҳ, ишбилармон Ровшан Салаев ва ресторанчи Шавкат Оллоёровлар.
Бобомурод Абдуллоҳнинг кўрсатма бериш жараёни шу қадар кенг миқёсли ва кенг қиррали бўлдики, у маҳкаманинг учта ўтиримига зўрға сиғдирилди. Қолган 2 айбланувчининг кўрсатма жараёни эса бир ўтиримга жо бўлди.
Бу айбланувчиларнинг нафақат шаҳсий ва ижтимоий вазнини, балки уларнинг интеллектуал савияси ва кишилигини белгилайдиган ҳам бир жиҳат эди.
Ҳақиқатан ҳам, Бобомуродни сукунат ва уч кун давомида ҳайрат ичида тинглаган 60 кишилик оломон навбат Ровшан Салаевга келганда сабрсиз ва асабий бир жомиага айланди.
Бу жомиа саҳнага яна бир Бобомуродмонанд маҳбус чиқаолмаслгини билиб турган бўлса-да, унинг ўрнига келган одамдан лоақал маҳкама жараёнини жўнлаштирмаслигини истарди гўё. Бу инсонлар уч ўтиримда олинган маънавий ва интеллектуал завқни йўқотишни истамасди.
Афсуски, кутилганидек бўлди.
Бобомуроддан кейин кўрсатма берган Ровшан Салаев ўз ролини ўйнади – бачкана, ёлғончи ва хатто бир даюс ролини ўйнади. Бутун айтган гаплари аҳлоқсиз ва маданиятсиз бир услубда Бобомуродга хуруждан иборат бўлди. Ҳеч бир исбот ва далилсиз хуружлар. Пойма-пой бири иккинчисга зид сўзлар. Масхаробоз оҳ-воҳлари, тиз чўкиб “севгили давлат”га ишқ изҳорлари.
Бу характери билан бу кимса Каримов режимининг қамоққа тушиб қолган кичик модели эди гўё.
Ровшан ўзининг кенжа қизига гўё Бобомурод хуштор бўлганини эьлон қилганда залда ўтирганлар бу даюсликка қарши ўз жирканишини узун бир “уффф” билан ифода этдилар.
Ундан “Жатва” ҳақида сўрадилар. У “Жатва” 2006 йилда бошланган, Муҳаммад Солиҳ Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга бостириб кирмоқчи эди”, деганда зал мийиғида кулди.
Кейин “Жатва” деган нарсани биринчи марта қаерда эшитдинг, деб сўрадилар.
Ровшан киприк ҳам қоқмасдан “биринчи марта “Жатва” ҳақда яқинда МХХ тергов изоляторида эшитдим!” деб, ўзининг мудҳиш парадокси билан асабий зални қах-қах отишга мажбур қилди.
Аммо…аммо шу ақл савияси билан ҳам, шу маданият ва шу қашшоқ иймон билан ҳам бу зот Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексидаги 159/4 моддасидаги конституцион тузумга тажовуз айбини бўйнига олгани йўқ!
Идрокларни сочдай ҳурпайтирган он – бу ондир!
Ровшандан кейин чиқиб гапирган уятчан, мўмин ва оддий ресторанчи Шавкат ҳам бу айбни бўйнига олмади.
Бобмурод Абдулла зотан биринчи бўлиб унга қўйилаётган бу даҳшатли айбни кескин рад қилганди.
Бу тўртта айбланувчилардан сўнггиси бўлган журналист Ҳаётхон Насриддинов ” мен айбимни тўла бўйнимга оламан” деб эълон қилганди илк ўтиримда.
Душанба куни Насриддинов сўзидан тонмаган бўлса, битта кишининг ҳам бу савил Конституцион тузумни бемалол ағдариб ташлаши мумкинлигини дунёга намойиш қилиши керак.
Намойиш қилса қилди, қилолмаса ҳам, барибир ундан юз ўгирмаймиз.
Бу сафар бўлмаса, бошқа сафар.
Бу ишни мутлоқо БИТТА ўзи уддалайди!
Муҳаммад Солиҳ