(Озодбек Назарбековнинг «Хуш келдингиз» номли концерти ҳақида)
Шу кунларда Тошкентдаги Истиқлол санъат саройи, яъни олдинги халқлар дўстлиги саройида Озодбек Назарбековнинг «Хуш келдингиз» номли концерт дастури давом этаяпти.
Бу концерт дастури 10 апрелдан 29 апрелгача давом этиши ва Тошкентда бошланиб АҚШда тугаши режаланган.
Шу концертга тушган Тошкентлик мухлисимиз бизга ўз кўрган кечинмаларини ёзиб юборган. Қуйида шуни матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Кеча биз Озодбек Назарбековнинг консертига тушдик. Хонанданинг чиқишини кутаяётган одамлар кўзи ўнгида залда чироқлар ўчирилиб, экранда кинофилм намойиш этила бошланди. Одамлар концертгами ёки кино кўришгами ,нимага келганини ҳам яхши тушунишмади.
Консерт залиниям бир сиёсий кураш майдонига айлантиришибди.
У роликнинг бошида, Ўзбекистондан бошқа дунёнинг ҳамма жойларида уруш, жанжал бўлаётганини, одамлар очликдан ўлаётганини, қаерларнидир тўфону офатлар босиб вайронагарчиликка айлантирётганини кўрсатадида, залдаги томошабинларни даҳшатга солади. Ундан сўнгра, биздаги “чиройли” қурилган бинолару “тинчлик осойишталикни кўрсатиб,” ҳаммани мана сизларга шунча шароитлар яратиб қўйгани учун ИАК га шукур қилинглар деган мавзуда даъват қилинади.
Бу ролик учун танланган мусиқани-ку айтмасангиз ҳам бўлади. Олдинига қандайдир бомба портлагандек гумбурлаган овоз … кейин одамларнинг бақир-чақири, қийқириқлари … ернинг силжиши, ўшанга ўхшаш бир нарсалар. Хуллас бало-ю офатларни эслатувчи, кишини даҳшатга солувчи мусиқий оҳанглар. У роликни кўрсангиз, ғирт аҳмоқлик.
Энди шу концертга келган одамларни нималарнидир қўрсатиб бекордан бекорга қўрқитиш қолганди ўзи.
Ишонч билан айтаманки атрофимда ўтирган 100 фоиз одамлар вой энди бир дам олишга келдик дегандик, булар нималарни кўрсатишаяпти деб, энсаси қотди. Хуллас, ҳаддан ошириб юборишган менимча.
Буларнинг дастидан концертда ҳам бемалол дам олиб ўтириш имкони қолмабди. Сабаби, концерт орасида Озодбек Назарбековнинг ҳам ИАКга қайта қайта миннатдорчилик билдириб “гуллаб яшнаётган мамлакатимизнинг бахтига омон бўлиши” таъкидлаб турилди.
Бунақа концерт кимга керак?!
Бунақа уйдирмаларга қачонгача ишониш мумкин?!”
Суннатуллоҳ
Тошкент