Тўлқин Қораев
Швеция.
Ўзбекистон Республикаси! Бу мамлакатни кимлар нима деб атамади? Энг сўнгиси – уни “Коррупистон” деганлари бўлди. Сабабки, мамлакат бутунлигича, яъни юз фоиз коррупциялашган ва унда биров ҳақиқат излаши мутлоқ кераксиз бир фаолиятдир. Бугунги Ўзбекистонда ҳақиқатни одамлар бир хилда тушунадиган бўлиб қолишган: “кимнинг пули кўп бўлса ҳақиқат ўшанда”! Бошқача қилиб айтганда, “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин”.
Бир неча ойдирки, Қарши шаҳрида менинг яқинларим, синглим Гулшан ва укам Санжарга нисбатан таъқиблар бўлаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалаяпди. Бу хабарларни асосан синглим Гулшан Қораева тарқатмоқда. Унинг асосий айби эса, Ўзбекистон МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси билан ҳамкорлик қилишни рад этганлиги бўлди. Албатта МХХ бунақа “сурбетларни” хуш кўрмайди ва имкон қадар, уларни турмаларда чиритишга интилади. Лекин МХХ укам Санжарга бунақа таклифни қилмаган ва нима учун уни ҳам таъқибга олинганлиги каминанинг ва Гулшаннинг фаолияти билан боғлиқ. Ўзбекистонда хориждаги режим мухолифларининг яқинлари гаровда сақланаётгани ҳам кўпчиликга тушунарлик бўлса керак.
Қарши шаҳар ИИБ терговчиси Илҳом Шералиев шу кунларда қўли қўлига тегмай очган жиноят ишини тугаллашга уринаяпди. 1967 йилда туғилган укам Санжар Қораев ЎЖК 109 моддаси билан, 1978 йилда туғилган синглим Гулшан Қораева ЎЖК нинг 139 ва 140 моддалари билан айбли топилиб, судда уларнинг айблари тасдиқланиши керак.
Ўзбекистон судларида эса бирор иш бўйича оқлов ҳукми чиқарилмаган ва келгусида ҳам чиқарилмайди. Ҳар неки, токи ҳозирги режим иқтидорда экан, бундай “кўргулик” содир бўлмаслигига ишончимиз комил! Бордию судялар бирор иш юзасидан иккиланаиш билдиргудек бўлишса, терговчилар улар томон югуриб қолади. Совға салом қилиб бўлсада, ишни ўзининг фойдасига тўғирлаб олишга эришишади. Чунки бу бизнинг “ҳақиқат” ва бу бизнинг адолати синган Ўзбекистонимиздир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир коррупция Ўзбекистон учун нормал ҳолат!
Масалан, шу йилнинг февраль ойида Швецияда яшаб келаётган ўзбек имоми Обид қорига нисбатан суиқасд уюштирилди. Гарчи суиқасд иштирокчиси топилмаган бўлсада, унга яқиндан кўмак берган эр-хотин Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ҳибсга олинди. Суд эса уларни озод қилиб юборди. Бунинг боиси, судланувчилар ўзларининг ёлғон кўрсатмаларида маҳкам туришгани ва айблов томони эса уларнинг сўзларининг ёлғон эканлигини асослаб бера олмагани бўлди. Бундай манзара Швецияда кузатилиниши мумкин, лекин асло Ўзбекистонда эмас!
Энди Қаршида бораётган ишга қайтсак. Гулшан Қораевага нисбатан очилган жиноят иши унинг 27 август кунида тарқатган бир мақоласи асосига қурилган. Тергов томони даъвосига кўра, хабарда Гулшан қўшни аёллар, она-бола Ойдин Ортиқова ва Барно Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атаган. Терговчи Илҳом Шералиев 2012 йилнинг 5 сентябрь кунида “google.co.uz” қидирув порталида Гулшан Қорева деб ёзган ва унинг 27 август кунида тарқатган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишади” деб номланган мақоласига кўзи тушганлигини келтирган. Гарчи, бу мақола юзасидан биров жабрланганлигини кўрсатиб арз қилмаган бўлсада, у жиноят ишини очди. Терговчининг айблов хулосасида ёзганига кўра, мақолада қуйидаги жумлалар бўлган:
“Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар аслида бошқаларга жабр етказувчи фоҳишалардир, – деб ёзилганлиги аниқланди” – дея иддао қилади у.
Аслида у эса бу мақоладаги айни жумлалар мана бу шаклда битилган: “Сизнинг қўл остингиздаги қонун посбонлари ардоқлаётган она-бола “жабрланувчилар” аслида бошқаларга жабр етказувчилардир”.
Хўш, Илҳом Шералиев ўзининг бу “тадқиқотини” ҳужжатлаштириб қўйганмиди? Йўқ! Негаки, туҳматни ҳужжатлаштиришнинг мутлоқ имкони йўқ. Бу мақола 27 август кунидан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг веб саҳифасида турибди (http://uz.hrsu.org/archives/4102) ва унга бирор ўзгартириш киритилмаган. Бундан ташқари, у юзлаб, балки минглаб электрон почталарга тарқатилган ва тағин бир қанча сайтларга ҳам қўйилган. Демак уни ўзгартириб қўйиш мутлоқ имконсиз! Нега Илҳом Шералиев даъвосига асос келтира олмаяпди? Негаки, асоснинг ўзи йўқ! Бироқ кўзланган мақсад бор: туҳмат қилиб бўлсада, ҳукуматга ёқмаётган кимсаларни жазога тортиш! Ўзбекистонда жиноятчилар эмас, балки аксинча, жиноят қилмайдиганлар ва жиноятга қарши курашадиганлар жазоланишади!
Юқорида эслатиб ўтганимиздек, бу бизнинг Ўзбекистон экан, унда адолат, ҳақиқат изламоқлик зим – зиё қоронғу хонада қора мушукни излаш билан баробар. Ҳаттоки ўша қора мушук ўша қоронғу хонада бўлмаса ҳам.
12 октябрь кунида Қарши шаҳар ИИБ Санжар Қоравевни, уни оиласи бўлган Зилола Пўлатовани, уларнинг ўғли Барҳаёт Қораев, ҳамда воқеа гувоҳи бўлган қўшни аёл Ўғилой Ёқубоваларни сўроқ қилди. Эслатиб ўтадиган бўлсак, шу йилнинг 19 июль кунида Қораевларнинг қўшниси бўлган Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоевалар орасида бўлиб ўтган жанжалда Қораевлар айбдор бўлиб чиқишмоқда. Ўша куни ўзбошимчалик билан дарахт кесган икки аёлнинг даъвоси бўйича, уларнинг бири тилла сирғасини, иккинчиси қимматбаҳо мобиль телефонини “йўқотиб қўйган”.
Албатта бу қуруқ туҳматдан иборат бўлган жанжал аслида милиция томонидан режалаштирилиб қилинганига энди бирор шубҳа йўқ ва табиийки, милиция ҳам ўз ишини уддалаяпти!
Қаршидан келаётган хабарларга кўра, Илҳом Шералиев терговда воқеа гувоҳи бўлган Ўғилой Ёқубованинг гувоҳлик кўргазмасини ҳаттоки жиноят ишига ҳам киритмабди. Яъни унинг ҳеч қандай тилла сирғаям, мобиль телефон ҳам бўлмаганлигини таъкидлагани “ёзилмай” қолибди. Балки терговчи эшитмагандир, балки ёзишни “унутгандир”. Боз устига, бир томонлама бораётган бу тергов ишида Санжар Қораев ва Зилола Пўлатоваларнинг ҳам айтганлари бузиб талқин қилинмоқда экан. Бунда Ойдин Ортиқованинг Гулшаннинг уйига кириб тўпаланг қилгани, касалхонага бориб жанжал кўтаргани, “халқ душмани”, “ватан хоини” дея қилган ҳақоратлари кирмай қолмоқда.
Гулшан ва Санжар Қораевларга нисбатан иш очган Қарши шаҳар ИИБ албатта бу ишни “енгиб чиқади”, аммо бошқа бир масалада улар енгилишади: Ўзбекистонда судида яна икки ноҳақ айблов бўйича суд жараёни ўтганлиги дунё жамоатчилигига аён бўлади. Бундан Ўзбекистон ҳуқуқ “посбонлари” қўрқиб қолаётганлари ҳам йўқ. Шармандага шаҳар кенг деганларидек, бунданда йирик қонунбузарликлар уларга чивин чақганчалик таъсир қилмаганми, буниси ҳам таъсир қилмайди.
Бир куни келиб улар ҳам қўрқиб қолишади албатта. Қачонки Ўзбекистонга қиличини ялонғочлаб ҳақиқат кириб келса. Унда ҳукуматда турган Ислом Каримов Саудия Арабистони, АҚШ, ёки Исроилдан бошпана олиб кетган бўлади. Халқ билан бугунги оқни қора, қора оқ дегувчи судялар, прокурорлар ва терговчилар қолади. Шу халқ уларни кафанлаб кўмадиган, шу халқ уларнинг тўйларида хизмат қиладиган. Лекин улар ҳозир буни идрок эта олишмайди. У кунлар келгунигача қанчалардир вақт бордир, унгача ҳали қанчадан қанча бегуноҳлар қамоқларда чирийди, тағин қанчаси қайнаб турган қозонларга ташланади. Бугун эса Ўзбекистондаги режим Қораевлар оиласига қарши курашмоқда! Билиб қўйинг режим гумашталари, Қораевларни синдириш мумкин, қамоқларда чиритиш мумкин, ҳаттоки ўлдириш мумкиндир, лекин енгиб бўлмайди!