Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(9-қисм)
Мантиқий далиллар
Биринчи далил. 16 февралдан олдинги дамларни тасаввур этайлик. Ичкарида иқтисодий аҳвол ҳам, ижтимоий вазият ҳам яхши эмас ‒ ваъдаларга қарамай аҳолининг турмуш тарзи тобора ёмонлашиб бормоқда; республикада диний вазият оғир, айниқса 1997 йилги Наманган воқеаларидан кейин давлат диндор аҳолисидан хафсаласи тўла пир бўлган, таъқиб-тазйиқни кучайтирган; натижада ичкарида халқда турли норозиликлар уйғона бошлаган, ташқарида мухолифат ва чет давлатлар кўзида президент демократия душмани сифатида тобора обрўйи тушиб бораётган ҳолат; булар устига, президентлигининг иккинчи муддати ҳам тугаб қолган…
Бундай вазиятда иссиқ ўрнини сақлаб қолиш учун президент ҳамма нарсага – “давлат манфаати” деб ҳатто халқининг бир қисмини қурбон этишга ҳам тайёр эди. Мамлакатида террор хавфи борлигини оламга кўрсатиш учун жуда қалтис ўйинга кирди. Шундай қилса, ичкарида халқ бир муддат алданиб туради, ташқарида эса халқаро ҳамжамият кўзи бўялади. Баҳонада президент теварагини сиёсий рақиблардан тозалаб олади.
Булар устига, Республика президенти БМТ минбаридан хитоб қилиб, Афғонистон мисолида дунё жамоатчилигини халқаро террор хавфидан огоҳ этганига ҳали ҳеч қанча бўлмаган. “Мана ‒ исботи! Ҳатто Ўзбекистонгача кириб келди улар!” дея олади энди.
Иккинчи далил. Ислом динига эътиқод кучайиб, Ўзбекистонда одамлар дин таъсирига буткул тушиб қолиши хавфи туғилди. Бу дегани, сал бўш қўйилса, деярли тўла хусусийлаштириб олинган ҳокимият қўлдан кетди деганидир. Ислом дини юксалиб турган бир паллада унга қарши очиқ курашиб бўлмайди, фақат зимдан курашиш мумкин, бунинг учун эса жамиятда динни ёмонотлиқ қиладиган, ҳеч бўлмаса одамларда шубҳа-иккиланиш туғдирадиган нимадир шов-шувли бир иш қилиниши керак эди.
Учинчи далил. 16 феврал воқеалари манзарасини хаёлда бир тикланг: Президент йиллик ҳисоботни ўқиб эшиттириш учун Вазирлар Маҳкамаси биносига келиши белгиланган… Бир жойга Президент борадиган бўлса, Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари қандай кўрилишини ҳамма билади ‒ у келадиган йўлдан ташқари йиғилиш ўтадиган жойга яқин ҳамма йўллар олдиндан тақа-тақ беркилади; айланасига қават-қават текширув нуқталари қўйиб ташланади; теваракдаги биноларнинг томигача мерган (снайпер)лар жойлаштирилади. Президент бор жой устидан қуш ҳам учиб ўтолмаслигини бутун дунё билади!
Ҳолбуки, рақами ва ҳужжати тайинсиз, “портлатиш учун атай кечагина бозордан сотиб олинган” (ҳукуматнинг расмий тушунтириши. ‒ Н.М.Р.) иккита эски шалоқ мошина… қаттиқ ҳимоя остига олинган бош майдонга… Президент келишидан бор-йўғи ўн дақиқача олдин… бемалол кириб келяпти ва бино тагигача боряпти.
Тўртинчи далил. Кортеж келяпти, ичида президент йўқ! У бошқа мошинада кеяпти!
Бешинчи далил. Ижрочи мошинадан тушиб, берироққача чопқилаб келиб, “Оллоҳу акбар!!!” дея ҳайқириб (воқеадан салгина кейин Президент ўша майдоннинг ўзида телевизор учун берган суҳбатида шундай деди! ‒ Н.М.Р.) мошинани портлатгач, катта майдон бўйлаб яна ўша ҳайқириқ билан тумтарақай қочиб (бемалол!) боряпти, яқин орада унинг йўлини тўсиб чиқадиган ва ушлайдиган биронта хавфсизлик хизмати ходими йўқ (бўлиши мумкин бўлмаган ҳол. ‒ Н.М.Р.)!
Президентнинг кунда ўтиб юрадиган йўлида салгина шубҳали ҳаракатни ҳам кўздан қочирмайдиган, лозим топилса, у шубҳали “обйект”ни битта ўқ билан ер тишлатишга тайёр турадиган мерганлар Президент икки соатдан ортиқ вақт қолиши мўлжалланган бино атрофига битта ҳам қўйилмаганмиди ё?! Қўйилган бўлса, улар қаерда эди?!
“Сўнгра террорчилар майдон бўйлаб тартибсиз қочиб бориб, Анҳор яқинидаги Ўрда йўлига чиқиб, йўловчи мошина тўхтатиб, Қорақамиш томонга қараб қочишди” (ҳукуматнинг расмий тушунтириши. ‒ Н.М.Р.) деган эртак-изоҳга ишониб бўлмайди.
Нега?
Вазирлар Маҳкамаси биноси тагидан Ўрда йўлигача орадаги масофа тўрт юз-беш юз метрча чиқади ва шу узоқ масофа ҳар қандай чалғитувчи ҳаракатлар билан қочилганида ҳам анча-мунча вақтда босиб ўтилади ‒ шунча вақт ичида ҳатто энг нўноқ тансоқчи уларни ё тириклай тута олган бўларди, ё битта эмас, мингта ўқ билан ер тишлатган бўларди (“Оллоҳу акбар!” деб қочганини эшитибди-ку, демак, уларга яқин ерларда туришган азаматлар!).
Ҳолбуки, униси ҳам, буниси ҳам юз бермади, олдиндан тузилган режада белгиланганидек учинчи ҳол юз берди – “террорчилар” эсон-омон қочиб қутулишди. Яъни, давлат портлатувчиларга: “Сизлар қойиллатиб портлатиб беринглар, мен сизларнинг жонларингни сақлашга ваъда қиламан!” деган қасамини тутди, уларга тегмади.
Олтинчи далил. Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги қандай аҳволда эканини ҳаммамиз биламиз. Айниқса, телевидение. У ҳар қандай сиёсий мавзуни фақат юқорининг топшириғи билан ёритади, ходимлар ташаббус қилган тақдирда минг чиғириқдан ўтказиб, кўринмас кимсалардан розиликларни олиб, шундан кейингина қўл уради.
Аммо бу ерда ажойиб ҳодиса: ҳисобот йиғилишини ёритишга келган давлат телевидениеси Вазирлар Маҳкамаси биноси тагида портлаш юз берган заҳоти камераларини ишга тушириб юборади! Мухбир бола бирдан (худди олдиндан тайёргарлик кўриб келгандай!) воқеаларга келажакда берилиши лозим бўлган изоҳлар руҳида сайрай бошлайди! Қачондан бери бунақа ҳозиржавоблик?!
Сўнгра бу “жасоратли мухбир” қисқа муддат ичида телемансабдорлардан бирига айланди!
Еттинчи далил. Тасаввур қилинг: пойтахтнинг бош майдонида ва яна тўрт-беш ерида сира кутилмаган портлашлар юз берди… бунақа иш илгари ҳеч кўрилмаган… халқ ҳайрон… нималар бўлаётганини бирданига англаб етиш қийин…
Аммо бўмбалар портлаганда кўтарилган чанг ҳали босилиб улгурмасидан майдонга президент, МХХ бошлиғи, ИИВ бошлиғи бемалол кириб келишди ва… бу жирканч ишни қилганлар аниқдай уларга ишора этилди ва ҳатто номлари ва гуруҳлари айтила бошланди! Портлаган жойда туриб “жасоратли” телемухбирга берган суҳбатида “жасоратли” президент жиноятчилар жиноятларини “Оллоҳу акбар!” деб қичқириб амалга оширганини эълон қилди! Ким портлатганини биламиз, буни диний экстремистлар қилди ва уларни тезда ушлаймиз, деди! Ва бўлғуси тергов-суриштирув йўналишини режада белгиланган томонга буриб юборди – айбдорларни диндорлар орасидан ахтариш лозим, тамом-вассалом!
Агар бу иш атай уюштирилмаган бўлганида, ҳеч йўқ, “Жиноятчилар ким бўлишидан қатъи назар, биз уларни албатта топамиз!” деган маънода умумий оҳангда гапирилиши, ҳар хил тахминлар камида бир-икки кундан кейин чиқиши лозим эди. Ўшанда ҳам айрим ашёвий далиллар топилса!
“Ижрочилар”нинг тирақайлаб қочаётиб тинмай “Оллоҳу акбар!” деб ҳайқиришининг ўзи атайинликни, уюштирилганликни билдиради.
Саккизинчи далил. Портлаш жойлари – жиноят жуғрофияси ҳеч бир мантиққа тўғри келмайдиган даражада бир-бирига боғланмайди:
1. Агар бу ишни президентга суиқасд деб баҳоланса, суиқасдчилар бутун кучларини бир ерга тўплаб, асосий диққат-эътиборни президент келадиган Вазирлар Маҳкамаси биносига қаратсалар (эски шалоқ аравани бемалол майдонга олиб кириш йўлини билишар экан-ку!); шов-шув учун эмас, аниқ бир натижага эришмоқчи бўлганида, ҳамма бомбани бир ерга тўпласалар, мантиқан тўғри бўлмасмиди?!
2. Агар у “ёвуз ниятли қора кучлар” мамлакатдаги барқарорликни бузиш билан:
а) ўзларининг кучларини кўрсатиб қўйиш;
б) мамлакатда ғулғула уйғотиш ва давлатбошини довдиратиб саросимага солиш;
в) давлатбошини ўзлари билан ҳисоблашишга мажбурлаш;
г) диндор бўлсалар, динга қилинаётган зуғум учун, демократ бўлсалар, демократларга кўрсатилаётган тазйиқ учун ўч олиш… каби мақсадларда бу ишни қилди, дейилса, унда президент келадиган жой бўлгани эътиборидан энг кучли ҳимоя кўрилган ва қўлга тушиб қолиш эҳтимоли кучли бўлган бош майдонсиз ҳам бу ниятларини амалга оширишлари, янаям жиддийроқ тайёргарлик кўриб, янаям жиддийроқ хавф туғдиришлари ва ҳатто бирон натижага эришишлари мумкин эди.
3. Уларнинг мақсадида биринчи ният ҳам, иккинчи ният ҳам бор эди, дейиладиган бўлса, бунда ҳам ижро жойлари ва усули мантиққа тўғри келмайди.
Хуллас, бу воқеа содда одамларни Ўзбекистонда “қора кучлар” борлигига ишонтириш ва давлатнинг бундан кейин у “қора кучлар”га қарши қўллайдиган ҳар қандай жазо усулига олдиндан рози қилиш учун ўйналган шов-шувли томоша (спектакл)дан бошқа нарса эмас.
Тўққизинчи далил. Президент “тезкор” телевидениенинг “жасоратли” мухбирига суҳбат бераркан, орқада – йигирма қаватли бино тагида охирги портлаш юз берди. Елкаси оша бир қараб қўйдию гапида давом этаверди. Майли, президентни қўрқмади дейлик, лекин бу портлаш президент теварагини қуршаб олган хавфсизлик хизматчиларини қаттиқ саросимага солиши, эҳтиёт чораси учун чопа-чоп бошланиши лозим эди. У ерда нима бўлди? Ҳамма хотиржам эди. Худди бу портлашни олдиндан ҳаммалари биладигандай, “Мана, эсон-омон охиргисини ҳам портлатиб олдик”, дегандай енгил тортиш сезилди бу ҳолатдан.
Бир пайтлар ўзбек – турк можароси чоғи Бўкадаги тўс-тўполон ичига президент отда кириб борганида туғилган “Қўрқмадилар!”; “Ўзларини йўқотиб қўймадилар!” каби афсона ва шов-шувлар яна керак бўлгандир балки?
“Портлаб турган майдон ўртасига қўрқмасдан кириб келдилар!” Унда, майли, президент ўзини йўқотмасдан телевидениега суҳбатини бераверсин. Биз ҳам бомба пақиллаган заҳоти президент орқа-олдига қарамай қочиб кетсин деяётганимиз йўқ. Биз айтаётганимиз – ҳеч бўлмаганда теварагидаги масъулларда қандайдир саросима қўпиши, қўшимча хавфсизлик чораларини кўришга қанақадир ҳаракат сезилиши керак эди. Бунинг ўрнига биз “ҳамма нарса режа асосида кетаётган”ини билган одамлар ҳолатини кўрдик: хотиржамлик!
Ўнинчи далил. Портлатган шахслар ва орқасида турганлар ҳақида хилма-хил тахминлар айтила бошланди, аммо аниқ қайси бири экани айтилмади. Ички ва ташқи жабҳада ҳаммасига қарши бирдан кураш бошланди.
Ҳеч бир айбнома охирги вариантда тасдиғини топмади – то шу кунгача ҳуқуқий асосланган, исботланган бир гап айтилмади, аниқ бир якуний хулоса йўқ! Айб ҳеч бир шахс ёки ҳеч бир ташкилотнинг бўйнига қўя олинмади.
Зотан, қандай қўярди, бош айбли давлатнинг ўзи-ку! Баҳонада, президент сиёсатига қўшилмайдиган, очиқ ё яширин мухолиф бўлган тоифалардан гумон остига тушмагани қолмади. Иш ўзи шубҳали, қамалганлар ҳам шубҳа билан айбланиб қамалди, аммо қийин-қистоқлар, азоблар чинакам эди, кўплар бу иш бўйича ҳали ҳам қамоқларда чинакамига қон қусиб ётибди.