O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

КОСОН ТОҒИДА ЁНГАН ОДАМ

КОСОН ТОҒИДА ЁНГАН ОДАМ
27 views
25 October 2013 - 10:21

ШУ ЙИЛ ЯНВАРЬ ОЙИНИНГ 14-КУНИ ТАРҚАЛГАН ХАБАР КОСОНЛИКЛАРНИНГ КЎПИНИ СЕСКАНТИРИБ ЮБОРДИ. ТУМАН ТОҒИНИНГ ЧЕККАСИДАН ИЧИДА 2 КИШИ БЎЛГАН МАШИНА ЁҚИБ ЮБОРИЛГАН…
Халқимизда шундай ҳикматли гап бор:
“Неча-неча яхшилардан бир ёмон пайдо бўлур, ул ёмоннинг дастидан мавж урган дарё қурир”.
Воқеа Косоннинг Жиззалик маҳалласида яшовчи Санобар Очилованинг уйдан чиқиб, бир ойдан ошиқ бедарак кетганидан бошланди. Санобарнинг 25 ёшли акаси Лазиз Очилов синглисини излаб топишга уринди.
Унинг суддаги кўрсатмасида айтилганидек, 2012 йил 26 ноябрда уйдан чиқиб кетган синглиси Санобар аввалига телефон қўнғироқларига жавоб бермайди, кейинчалик телефонни ўчириб, бошқа сим карта қўйиб олади. Лекин бир ойлардан сўнг, яъни 2012 йилнинг 27 декабрь куни тўсатдан Косон шаҳрининг Арабхона маҳалласида яшайдиган холасига қўнғироқ қилади, лекин ўзини таништирмайди. Холасининг ўғли Мирза Боборажабов ўз телефони орқали қайтадан Санобарга қўнғироқ қилиб, унинг ким эканлигини англайди, аммо ўзининг кимлигини билдирмайди. Узоқ вақтлардан буён кўришмаганлиги сабабли Санобар ҳам унинг овозини танимайди. Бундан хабар топган Лазиз Мирзадан Санобарга қайта телефон қилиб, ўзини гўёки у билан яқинроқ танишмоқчидай кўрсатишини, бошқа ном билан аташни, иложи бўлса, учрашишга кўндиришни сўрайди. Шу тариқа улар Санобарнинг Тошкент шаҳрида эканлигини билиб оладилар. Телефонда Мирза ўзини Бобур, деб таништиради ва Санобар билан Тошкент шаҳрида, Чилонзор метроси ёнида, янги йилнинг биринчи кунида учрашишга келишадилар. 1 январь куни Тошкентга етиб боришган Лазиз Очилов, унинг отаси Ғайрат Очилов ҳамда Мирза Боборажабов келишилган жойда Санобарни топишади ва эртаси куни ҳаммалари Косонга қайтишади. Лазиз синглиси Санобарнинг қўл телефонидаги “Аброр ака” деб ёзиб қўйилган рақамдан келган қўнғироққа жавоб беради. У телефон қилган кишидан кимлигини сўрайди. Қўнғироқ қилган йигит “Санобарнинг акасиман, ўзинг кимсан?” – деб жавоб беради. Бу савол-жавобдан сўнг Лазиз Очилов билан қўнғироқ қилган йигит Аброр Қосимов ўртасида тортишув юзага келади. Улар телефон орқали бир-бирларини оғзаки ҳақоратлашгача борадилар. Лазиз синглисидан қўл телефонида рақами ёзилган Аброрнинг кимлигини, у билан ораларида қандай муносабат борлигини сўрайди. Синглиси уни танишини, телефонда гаплашиб юрганини, яшаш жойини билмаслигини айтади.
Лазиз Очилов билан Аброр Қосимов 2013 йилнинг 1 январидан 8 январигача телефонда оғзаки тортишиб, бир-бирларини ҳақоратлаб, бир-бирларига ҳақоратли хабарлар ёзишади. Лазиз Аброрнинг чап билагида операциядан қолган чандиқ борлигини билиб олади. Уни юзма-юз гаплашиб олиш учун Косон ва Қарши шаҳарларининг турли жойларига учрашишга чақиради. Аброр бу жойларга келмайди. Лазиз Очилов жияни Мирза Боборажабов билан бирга Аброрни топишга кўзлари етмагач, 2013 йил 8 январда тоғаси Илҳом Аминовга мурожаат қилади. Лазиз тоғасидан бу йигитни топишга унинг таниши бўлган қиз- Озода Юсуповани жалб қилишни сўрайди. Илҳом Аминов ўзига таниши бўлган Касби туманининг Талишбе қишлоғида яшайдиган, ушбу тумандаги 9-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 1998 йил 12 декабрда туғилган, вояга етмаган Озода Юсуповага Аброр Қосимовнинг телефон рақамини бериб, бу йигит билан телефон орқали танишишини ва бирор жойга учрашувга чақиришини тайинлайди. Бу илтимосининг сабабини изланаётган йигит “бир жиянининг тилла тросини ва 30 минг сўм пулини ўғирлаб кетган, уни топсак, ўлдирамиз”, – деб изоҳлайди. Бу илтимосга Озода Юсупова розилик билдиради ва Аброр Қосимов билан телефон орқали танишиб, 2013 йилнинг 8 январидан 13 январигача ғойибона гаплашиб туради. У суҳбатлари мазмунини Илҳом Аминовга ва Лазиз Очиловга телефон орқали етказиб беради. Озода телефон орқали Аброр билан Косон-Касби йўлида, ўзи яшайдиган Талишбе қишлоғидаги бекатда 2013 йил 13 январь кеч соат 17 дан 30 дақиқа ўтганда учрашишга келишиб олади. Шу куни Лазиз Очилов жияни Мирза Боборажабов, тоғалари Илҳом Аминов ҳамда Отабек Аминов билан биргаликда кечга яқин, соат 16 яримда Талишбе қишлоғига боришади. У Лазиз, Мирза ва Илҳомга Озода Юсупованинг уйида кутиб туришини айтиб, катта тоғаси Отабек Аминов билан Косонга қайтишади. У Косонда амакиси Зоир Ражабовга мавжуд аҳволни тўлиқ айтиб, Мирза билан Илҳом уларни Талешбеда, Озоданикида кутиб туришганини, улар излаган йигит Толешбега борса, уни ўша ерда ушлаб олиб, уриб ўлдиришларини айтади. Шу мақсадда келишиб олишгач, Лазиз Очилов ва Отабек Аминов Зоир Ражабов билан биргаликда, Зоирга тегишли бўлган “Урал” русумли транспорт воситасида Толишбега қайтишади.
Шу тариқа Лазиз Очилов бошчилигида тузилган уюшган жиноий гуруҳ вояга етмаган қизни жиноятга жалб қилиб, ўз сафига қўшиб олиб, Аброр Қосимовни ўлдириш ҳақида жиноий режа тузади. Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан Лазиз Очилов, Илҳом Аминов, Зоир Ражабов Талишбега мотоциклда етиб келишиб, Озода Юсупованинг уйидан 1 дона 6 сантиметр узунликдаги темир бўлаги ва 2 дона таёқ олиб, Аброрнинг келишини кута бошлайди. Улар Озода Юсуповани уйда қолдиришиб, бешаласи Зоир Ражабовнинг “Урал” мотациклида қишлоқ ички йўли орқали Касби-Косон йўлидаги Талишбе қишлоғи бекати сари отланишади. Озодага Аброр билан телефон орқали гаплашишни, у келганда хабар беришини тайинлашади. Кеч соат 20 лар чамаси Озода Юсуповадан 18 П 1657 рақамли сариқ “ВАЗ 2106” русумли жигулида Аброрнинг Талишбе томон келаётганлигини билиб олишади. Зоир Ражабов бошқариб бораётган “Урал” мотоциклидаги беш киши Талишбе қишлоғидан катта йўлга чиқаверишда сариқ жигули уларнинг ёнидан ўтиб кетади. Қишлоқ томон бурилган машина йўл ёқасида тўхтайди. Унда ўтирган йигит телефонда гаплашаётганди. Лазиз Зоирга мотоциклни буриб, шу машина изидан бориб тўхташни айтади. Лазиз тез бориб машина эшигини очади ва рулдаги йигитнинг қўлидаги телефонини тортиб олади. Йигитнинг телефонидан ҳозиргина Озодага қўнғироқ бўлганди. “Сен Аброрсан?” – сўрайди Лазиз йигитдан. “Мен Аброрнинг дўсти Фарруҳман Аброрнинг қўл телефонини ишлатиб юрибман, олганимга уч кун бўлди”, – деб жавоб беради йигит. Лекин Лазиз бирдан машинадаги йигитга ташланиб уни ура бошлайди. Лазизга тоғаси Отабек Аминов ва бошқа шериклари ҳам ёрдамлашади. Улар машинадаги йигитни тушириб олиб, орқа ўриндиққа мажбурлаб ўтқазишади. Унинг этиги ипларини ечиб олиб, қўлларини боғлайдилар. Машина рўлига Мирза Боборажабов ўтиради ва уни тўғри Косон тоғи томон ҳайдайди. Орқаларидан Зоир Ражабов ва Илҳом Аминов “Урал” мотоциклида етиб келишади. Тоғда бу йигитни машинадан тушириб олиб темир ва таёқлар билан дуч келган жойига уришиб, турли хил тан жароҳатлари етказишади. Узоқдан кўринган номаълум машина чироқларининг ёруғи уларни ҳушёр торттиришади. Аммо жуда қисқа муддатга йигитни машинага қайта миндиришиб, ҳаммалари Лазизларникига йўл олишади. Уйда Лазизнинг синглиси Санобарни ҳовлига чақириб чиқиб, машинадаги йигитнинг ким эканлигини айтишни талаб қилади. Санобар унинг Аброр эканлигини тасдиқлайди.
Уюшган жиноий гуруҳ Аброрни тасдиқлатиб олгач, уни қўллари боғлиқ ҳолда қайтадан машинага кирғизишиб, ҳаммалари биргаликда Косон тоғи томон жўнайди. Машинани Мирза Боборажабов бошқаради. Зоир Ражабов “Урал” мотоциклида уларнинг изидан эргашади. Тоққа етиб келишгач, Аброр Қосимовни яна темир бўлаги ва таёқлар билан боши, елкаси, юзи, кўкраклари ҳамда бошқа жойларига уриб, тепиб, роса қийнаб азоб беришади. Лазиз Очиловнинг уйидалигида ҳам қўллари боғлиқ, қаршилик кўрсатишга ожиз ҳолда бўлган Аброрни роса уриб, дўппослашган эди. Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ана шундай шафқатсизлик билан Аброр Қосимовни қийнаб, азоблаб қасддан ўлдиришади. Шундан сўнг тоғда машинага ва унинг салонида бўлган Аброр Қосимовнинг устига бензин сепиб ёқиб юборишади. Улар бу ваҳшийликлари билан жиноятларини яширишга уринадилар.
Лазиз Очилов ҳамда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг айблари тўпланган ҳужжатлар, фактлар, далиллар асосида тўлиқ тасдиқланди. Суд психатрия экспертизасининг тегишли хулосаларида жиноий гуруҳнинг олти аъзоси ҳам муқаддам ҳамда жиноят содир қилган вақтда ўзларининг ҳаракатларига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлганликлари, руҳий соғлом эканликлари кўрсатилган.
Лазиз Очилов, Илҳом Аминов, Мирза Боборажабов, Отабек Аминов, Зоир Ражабов ҳамда вояга етмаган Озода Юсупова жиноятларни содир қилганлиги сабабли суд ҳукмига асосан, Лазиз Очилов 22 йил 6 ой, Илҳом Аминов, Мирза Боборажабов, Отабек Аминов, Зоир Ражабовларнинг ҳар бири 21 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланди.

Даврон Хуррамов