ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(32)
КОТИБЛИК
Ёзувчилар Уюшмасига котиб бўлиб сайлангандан кейин нафақат шеър, мақола ёзишга ҳам вақт қолмади.
Йўқ, мен Уюшманинг иши билан машғул бўлмадим. Уюшма раиси ёзувчи Одил Ёқубов ва яна мендан бошқа икки котиб бор эди – уюшма иши билан улар шуғулланишди, соғ бўлсинлар. Менда бюрократик тажриба йўқди ва бу тажрибани орттириш истагим ҳам жўшиб турмаганди.
Менга тушган иш Уюшмага тўп-тўп келаётган, деҳқонлар, ишчилар, ўқитувчилар ва бошқа турли касбдаги турли характердаги инсонларни қабул қилиш ва уларнинг арзи-додини тинглаш бўлди. Гдлян бошлаган террор ҳали ҳам тўхтамаган ва ҳақсизликдан халқнинг фиғони кўкка чиққанди.
Судга, милицияга, прокурорга, партия қўмитасига, ижроқўмга, марказқўмга бориши керак бўлган инсонлар оқиб Ёзувчилар Уюшмасига келарди. Ўғли ноҳақ қамалган оқсоқол ҳам, ишдан ноҳақ ҳайдалган ёш йигит ҳам, уйига ўғри тушган пенсионер ҳам, ҳатто мансабидан айрилган номенклатурачи ҳам Уюшмага кела бошлагандилар.
Ёзувчиларнинг катталарга сўзи ўтади, деб ўйлардилар. Ёзувчининг обрўси катта, тепадагилар ёзувчидан қўрқишади, деб ўйлашарди. Бир нави тўғри ўйлашарди. Нисбий сўз эркинлиги ёзувчиларни дарров халқ орасида машҳур қилди. Бу тепадагиларнинг жиғига тегса ҳам, Уюшма билан очиқ конфронтацияга боришни истамасдилар. Марказқўмнинг секретарлари, Уюшмага келиб, маъруза қилган бўлар, бу билан гўё ёзувчиларга нақадар эътибор беришаётганини кўрсатган бўлишарди.
Албатта, дунёда ҳеч бир давлат ёзувчилардан биздагидай ҳадиксирамасди, чунки, ҳеч бир давлатда халқ ёзувчиларга биздагидай ишонмасди. Давлат ёзувчилардан эмас, уларга эргашаётган халқдан қўрқарди.
Саксон саккизинчи йил Ёзувчилар Уюшмаси халқ уйига айланди. Раис Одил Ёқубов бир-икки марта тўнғиллаб қўйди, лекин одамларни менинг чақириб келмаётганимни биларди. Бу «босқинга» сабр билан чидади аммо бошқа бир сабабдан бир оз ранжиганди: ҳар бир котибнинг мақом креслоси узра Доҳий портрети осилиб турарди ва мен ишга келган биринчи кун ўз кабинетимдаги Доҳий нусхасини девордан олиб, ўрнига Охунов деган рассомга буюртириб чиздирганим Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон портретини осдим. Бу номенклатурадан олган биринчи қасосим эди. Уюшманинг котиби ҳам номенклатурага кирарди, ўзининг мақом машинаси, «вертушка» телефони, қабулхонаси ва унда секретари бўларди. Бу неъматларнинг ичида энг хайрлиси, «вертушка» эди. Бу телефон тўғридан-тўғри минстрга ёки бошқа катта мансабдорга уланар эди. «Вертушка»дан энг кўп фойдаланган йилим саксон саккизинчи йил бўлди. Шикоят билан келган халқни ўша «вертушка»га гапиртирдим. Бу менинг номенклатурадан олган иккинчи қасосим бўлди.
Учинчи қасосим – номенклатурани етиштирган компартияга кириш таклифини рад этдим. Бу Ўзбекистон Компартиясига қилинган энг катта ҳақорат эди ва у то 1991 йил хунтадан кейин ўз-ўзини бекор қилгунга қадар мени таъқиб этди, ўшаҳақоратнинг хусурини чиқаришга уринди.
Марказқўм котиби Холмухаммедов Уюшма раисини чақириб, Уюшма Котиблигигида коммунист бўлмаган киши ўтирмаслигини айтди, Одил ака буни менга айтди, мен «ундай бўлса коммунистни қўйинглар», дедим, ҳаракат қилишди, аммо қўйишолмади, коммунист йўқлигидан эмас, замон ўзгарганлигидан. Уюшмада демография, экология, тарих ва давлат тили каби бир-бирига ўхшамаган масалаларнинг ҳаммаси муҳокама қилина бошлади. «Шоир-шеърини ёзса, ёзувчи романини ёзса, бу халққа фойда келтиради, нима қилади ёзувчилар ўзи билмаган ишга аралашиб», дея писанда қиладиган одамлар кўпайди. Лекин ёзувчиларни қўллайдиганлар бунга нисбатан уч-тўрт баравар тезликда кўпая бошлаганди.
Уюшмада тузилган «Орол қўмитаси» жуда фаоллашди. Унинг аъзолари бирор ерга борсалар ҳурмат билан кутиб олишарди. Маҳаллий раҳбарлар ўз бўлгаларидаги экологик вазиятни «Қўмита» аъзолари билан муҳокама қилишдан аввалгидек қўрқмасди.
Ёзувчилар Уюшмасининг иккита зали бор эди, ҳар иккаласида ҳам ҳар куни, ҳар соатда бирорта мажлис ёки машварат ўтаётган бўларди. Бу мажлисларда қатнашаётганларнинг саксон фойизи ёзувчиликка алоқаси йўқ одамлар, муҳокама қилинаётган масалаларнинг ҳам адабиётга алоқаси йўқ эди.
Уюшмага чет элликлар ҳам тез-тез ташриф буюрадиган бўлиб қолишди. Улар бу ерга Ўзбекистоннинг на давлат, на-да бошқа жамоат ташкилотида эшитиши мумкин бўлмаган фикрларни эшитиш учун келарди. Уюшма 1988 йилга келиб, том маънода расмий тан олинмаган, аммо таъсири катта бир мухолифат марказига айланганди.
Ўша йил, октябр ойи эди чамаси, мен «Нъю йорк таймс» газетасининг Москвадаги мухбирига интервъю бердим. Жуда кўп нарсаларни очиқ сўйладим. Кейин маълум бўлишича, мазкур интервъю мени фақат Уюшмадан узоқлаштириш учун эмас, менга қарши жиддийроқ тадбирлар қўллаш учун баҳона вазифасини ўташи керак бўлган.