Матбуотда хабар берилгани каби, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбариятининг ташаббуси билан 11 майда Истанбулда 2005 йил 13 май куни Андижонда тинч намойишчиларнинг қатлиомига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ баъзи сабаблар билан иштирок эта олмаган анжуманда ҳаракатимиз Муассислар Мажлисининг аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин, ЎХҲ Туркия бўлимини Раиси Алибой Йўляхши, Туркия жамоатчилигининг вакиллари, Туркиялик машҳур ёзувчилар Абдурраҳмон Дилипок ва Фаруқ Кўса, Шарқий Туркистонлик вакиллар, Англиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Моррей, “Fergananews” хабар марказининг бошлиғи Даниил Кислов, ББС ўзбек хизмати мухбири Паҳловон Содиқ, Озодлик радиоси ўзбек хизмати мухбири Шуҳрат Бобожонлар қатнашдилар.
Йиғилишни Алибой Йўляхшиев қисқа кириш сўзи билан очди. Ёзувчи Абдурраҳмон Дилипок ўзбек халқи диктатор Каримов режимидан қандай қутулади, деган мавзуда гапирди. “Fergananews” хабар марказининг бошлиғи Даниил Кислов Ўзбекистондаги режимнинг ўз халқига ўтказаётган зулми ҳақида тўхталди.
Намоз Нормўмин ЎХҲ нинг бугунги кунда Ўзбекистонда ва хорижда олиб бораётган фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Шундан кейин минбарга Англиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей чиқди. Жаноб Мюррей ўзининг ярим соатлик маърузасида Ўзбекистондаги бугунги сиёсий аҳволни атрофлича таҳлил қилди. У ўз сўзларини Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлар, хусусан Андижонда руё берган қатлиомига сабаб бўлган инсонларнинг мол мулкларини тортиб олиш ҳодисалари билан бошлади. Жаноб Мюррей 2005 йилдаги Андижон қатлиомининг сабаби Каримов режимининг ўзбек халқининг кўзини қўрқитиш эканлигини айтди. Шунингдек, Крейг Мюррей хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонда фаолият олиб боришидаги муаммолар, хусусан Гулнора Каримованинг бизнес қароқчилиги ҳақида далиллар келтирди.
“Мен 1999 йил 16 февралда Тошкентда портлашлар содир бўлган жойларни бориб кўрган эдим, деди К. Мюррей. Менга мана шу икки жойда портлаш бўлди, дейишди. Булардан бири банк биносининг ёнида, иккинчиси эса марказий майдонида эди. Банк биносининг ёнида кичик бир чуқур бор эди. Буни мулозимлар портлашга далил қилиб кўрсатмоқчи бўлдилар. Ҳолбуки, у ердаги дарахтларнинг барги ҳам тушмаганди. Яъни, порташ аломатлари йўқ эди. Марказий майдонда эса ёниб кетган бир машинани кўрдим. Аммо яна портлаш аломатларини кўрмадим. Менимча бу машинани милиционерларнинг ўзлари ёқиб юборган эдилар…”.
Шунингдек, Англиялик собиқ элчи ғарб давлатларининг дунёда ва хусусан Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини ҳам танқид қилди. Бундай сиёсат дунёда нафрат уйғотаётганини ва ундан фақат йирик сармоя ва қурол ишлаб чиқарувчи ширкатлар фойда кўраётганини айтган жаноб Моррей “мен ҳозирги ғарб сиёсатчиларига ўхшамаганимдан фахрланаман”, деди.
Крейг Моррей сўзининг давомида ўзбек мухолифатининг фоалиятига ҳам тўхталди ва мухолифат ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилиш хотимасида хорижий меҳмонлар ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан учрашдилар.
ЎХҲ Ахборот Маркази
12.05.2013