Америка Қўшма Штатлари ўзбек ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганига қарамасдан, Андижон воқеаларининг навбатдаги санаси юзасидан махсус баёнот эълон қилган ягона ғарб давлати бўлган.
Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг айтишича, Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишга тайёрланаётган ғарб, жумладан, Британия Президент Каримовнинг ғазабини қўзғаши мумкин бўлган ҳеч қандай амалга қўл урмайди. Истанбулда Андижон воқеаларининг 8 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этган британиялик собиқ дипломат ғарбнинг Ўзбекистондаги тузум билан ҳамкорлигини “шармандали” деб атаган. Би-Би-си билан суҳбатда жаноб Мюррей ғарбнинг Каримов ҳукуматига дастаги Андижондаги каби воқеаларнинг такрорланиш эҳтимолини янада кучайтиришини айтди.
Крейг Мюррей: Бир ҳукуматнинг ўз фуқароларини отиб, ўлдириши даҳшатли бир ҳодисадир. Бундай ҳодиса ҳар куни содир бўлмайди. Бу каби миқёсдаги фожиа, афсуски, дунёда ҳар ўн йилда бир такрорланганига гувоҳ бўламиз. Андижон воқеаларини фақат Пекиннинг Тянанмен майдонидаги қирғинга қиёслаш мумкин. Биз бу фоижада қурбон бўлганларнинг хотираси олдида қарздормиз ва шунинг учун ҳам бу воқеанинг навбатдаги санасини эсламайдан ўтолмаймиз. Андижон фожиаси бизга ўзбек халқи қанчалик шафқатсиз бир диктатура остида яшаётганини хотирлатади. Аммо фожианинг миқёсига қарамасдан, Андижон воқеалари борасидаги бор ҳақиқат ҳанузюзага чиққани йўқ. Ва бу нафақат Каримов ҳукумати гувоҳларни йўқ қилгани, балки ғарбнинг ҳам ҳаспўшлаши туфайли содир бўлаяпти. Ғарбнинг Андижон борасидаги сиёсати шармандалидир. Дунё тарихига қарасангиз, ҳеч қачон диктаторларнинг бир ўзлари оёқда туришмаган, диктаторларнинг ҳаммаси жаҳон ҳамжамияти ва қудратли давлатларнинг дастаги билан ҳокимиятда қолганлар. Афсуски, шундай.
Би-би-си: Британия ҳукумати Андижонда тинч намойишчиларнинг ўлдирилишини қоралаган ва мустақил текширув ўтказишга чақирганди. Аммо ҳозирда Президент Каримов ҳукумати билан мулоқот сиёсатини ҳимоя қилаяпти. Бу каби мулоқот сизнингча, Андижон воқеалари борасидаги ҳақиқатни юзага чиқаришга ёрдам бериши мумкинми?
Крейг Мюррей: Афсуски, мутлақо ёрдам бермайди. Чунки Британия ҳукуматининг Ўзбекистонга қизиқиши фақат ва фақат Афғонистон билан боғлиқ. Британия Президент Каримовнинг жиғига тегиши ёки хафа қилиши мумкин бўлган ҳеч қандай амалга қўл урмайди. Британия ҳукумати Андижон борасидаги ҳақиқатнинг юзага чиқиши учун ҳеч нарса қилаётгани йўқ. Бунинг битта мисоли, айтайлик, британ ҳукумати Би-би-си журналистларининг Ўзбекистонга қайтиши учун ҳеч нарса қилаётгани йўқ. Чунки Андижон воқеалари борасидаги ҳақиқатни ўрганишнинг энг яхши йўли журналистларнинг қирғиндан омон қолган гувоҳларни топиб, воқеа жойининг ўзидан бу нарсаларни тадқиқ этишлари бўлур эди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати хали ҳам Би-би-си ва бошқа хорижий журналистларнинг мамлакатга киришларига рухсат бермаяпти.
Би-би-си: Ғарбнинг Каримов ҳукумати билан мулоқоти ҳеч қурса, Андижондаги каби воқеаларнинг такрорланишининг олдини олади, деб ўйламайсизми?
Крейг Мюррей: Афсуски, ғарбнинг Каримов ҳукумати билан мулоқоти қайтага, иккинчи Андижоннинг юз бериши эҳтимолини кучайтиради. Чунки ғарбнинг дастаги Каримовга жазодан қутулиб қолганлик ҳисси ва ишончини беради. Шунча одам ўлди, аммо ҳеч ким ҳеч нарса қилолгани йўқ деган бир ишонч. Ва Каримов ҳозиргача Ўзбекистонни қандай диктаторлик услубида бошқариб кела бўлса, яна шундай бошқараверади. Менинг хавотирим шундаки, агар Ўзбекистонинг қаеридадир яна шунга ўхшаш бир норозилик чиқиши юз берса, бу яна бир қирғинга олиб келиши мумкин. Чунки Ўзбекистондаги каби бир тузум, яъни бир ҳовуч одам ҳаддан ташқари бойиб, қолган халқ қашшоқликда, қўрқув ичида кун кечираётган бир тузум сиёсий жиҳатдан барқарор бўлиши мумкин эмас.
Би-би-си: Андижон воқеалари юз берган кунларда Президент Каримовнинг узоқ вақт ҳокимиятда қололмаслиги ҳақида башоратлар янграганди. Яқин Шарқдаги вазият билан бутун ўхшашликларга қарамасдан, Араб давлатларидаги каби халқ исёнлари ҳам юз бергани йўқ. Бу нарсалар Ўзбекистон ва минтақадаги тузумларнинг сиёсий жиҳатдан ҳануз анчайин барқарор эканликларини кўрсатмайдими?
Крейг Мюррей: Мен Марказий Осиё давлатлари инқилобий сиёсий ўзгаришлардан ҳимояланган, деб айтмаган бўлардим. Пировардида бу ўзгаришлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга ҳам келади. Албатта, бу ўзгаришларни юзага келиши Марказий Осиёда Араб давлатларидагидан кўра қийинроқ бўлиши мумкин. Чунки интернет ва ижтимоий тармоқлар минтақда хали унчалик оммалашгани йўқ. Бундан ташқари, хавфсизлик аппарати катта ва яхши жиҳозланган. Хусусан, Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари АҚШ, Олмония ва Швеция каби давлатлардан телефон сўзлашувларини тингловчи жиҳозлар ва кузатиш камераларини олишган. Одамлар интернетда хоҳлаган нарсаларини чоп этишдан қўрқишади. Бундай шароитда одамларни сафарбар қилиш қийин. Аммо бу дегани араб давлатларидаги каби ўзгаришлар бўлмайди, дегани эмас. Албатта, ўзбек мухолифати бу ўзгаришларни, дейлик, Туркиядан туриб, амалга оширолмайди. Аммо мухолифат муқобил ижтимоий дастурларни йўлга қўйиши мумкин. Мен бу ерда ўзбек мухолифати вакиллари билан суҳбатлашдим ва уларнинг ғоя ва фикрларидан руҳландим. Ўзбекистон ичкарисида аҳолининг мавжуд тузумдан норозилиги кучли. Мен бунга хали элчилик пайтим Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқлари, хусусан, Фарғона водийси бўйлаб сафарларимда қайта ва қайта гувоҳ бўлганман. Менимча, ўзбек мухолиф гуруҳлари анчайин яхши ташкилланган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашишлари керак.