Оврўпа Иттифоқи Москва билан муносабатларнинг чигаллашуви натижасида ўзининг Россия монополияси бўлган “Газпром”га нисбатан энергетика қарамлигини юмшатиш мақсадида Оврўпага газ етказиб беришнинг муқобил йўлларини изламоқда.
Оврўпа мазкур йўналишда Россияни айланиб ўтган ҳолда газ етказиб берувчи бошқа манбаларга эга бўлишни истайди. Озарбайжон эса шундай имкониятга эга бўлган кам сонли газ етказиб берувчилардан бири саналади. Бу ҳақда жорий йилнинг июль ойида Бокуга ташриф буюрган Буюк Британия энергетика вазири Майкл Феллон ошкора баёнот берганди.
Оврўпага борадиган озарбайжон гази Трансадриатика газ қувури (ТАР) орқали амалга оширилиши мўлжалланган. Мазкур йўналишдаги газ Каспий минтақасидан Юнонистон, Албания ва Италия жанубидаги Адриатика денгизи орқали ўтиб Россияни айланиб ўтган ҳолда Ғарбий Оврўпага етиб боради.
Бундан ташқари, Трансонадўли газ қувури (TANAP) ҳам мавжуд бўлиб, бу йўналишда Озарбайжоннинг Шоҳ-Денгиз конидан Оврўпага газ етказиб берилиши мумкин.
Ҳозирда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида илк қадамлар қўйилди. Озарбайжон газини Оврўпага етказиб беришда артерия ҳисобланган Жанубий газ йўлаги шу йилнинг 20 сентябрда қурилиш ишларини бошлайди. Озарбайжон президенти Илхом Алиевнинг буйруғига кўра Жанубий газ йўлаги учун ер ажратиш Asan Xidmət томонидан амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш ишлари бир ҳафтадан сўнг бошланади. Ушбу лойиҳа натижасида SCPX, TANAP ва TAP газ қувурлари орқали 25 млрд. куб газ ўтказилиши мумкин. Уларнинг ишга туширилиши 2017 йилга мўлжалланган.
Бироқ, бу ҳаракатлар расмий Кремль манфаатларига мутлақо тўғри келмайди. Шу туфайли ҳам кўпгина экспертлар Россия жорий ҳукуматининг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашув сиёсати натижасида ушбу лойиҳа белгиланган муддатларда тугалланмай қолиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу биринчи навбатда, Россиянинг йиллар давомида босим воситаси сифатида фойдаланиб келган тоғли Қорабоғ ҳудудидаги низо билан боғлиқ.
Шу мақсадларда яқин ойлар ичида Кремлнинг тоғли Қорабоғ ҳудудида янги фитна уюштириши кутилмоқда.
ЎХҲ таҳлил бўлими