O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Куз жумаси

Куз жумаси
209 views
17 September 2021 - 22:49

Ўзбек адабиёти Рауф Парфини, Матназар Абдулҳакимни, Абдували Қутбиддинни йўқотган монанд бугун – илиқ куз жумасида ОЛИМ ОТАХОНни ҳам йўқотди. Тошкентнинг Ибн Сино мавзесидаги буюк ёзувчи ва таржимоннинг бўшаб қолган уйидан қайтар эканман, бўғзимга дум-думалоқ йиғи тиқилиб қолган эди. Бу йиғи узилмайдиган қилиб тикилган тугмадек кўксимга қадалиб турибди.

70-йиллар авлодига мансуб баъзи ижодкорлар ўз авлодлари билан аҳён-аҳёнда мақтаниб қолишади. Аслида бу мақтаниш эмас ғурурдир, фахрдир, яна билмасам. Уларнинг мақтанса арзигулик Рауф Парфиси, Мурод Муҳаммад Дўсти, Олим Отахонларию ва бошқа гигантлари, айсберглари бор эди. Уларнинг асосий қисми катта ижодкор бўлиш билан бирга Адабиётнинг катта билимдонлари эди. Бугунги адабиётимизнинг тақдири эса бир гала қулоғига наушник таққан сўзамолларга қолди. Учар бўлсангиз, адабий шантажни қойиллатсангиз, бўғизингизни йиртиб шеър ўқий олсангиз, тармоқларда кўп like йиғсангиз марра сизники! Сиз Шоирсиз, Ёзувчисиз!

Бугунги авлод Олим Отахонни биладими? Унинг “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза”, “Қисмат”, “Одамлар излаётган Мустафо” ҳикояларию, Кортасар, Кавабата, Борхес ва бошқа жаҳон классикларидан қилинган таржималарини-чи? Олим Отахон ҳаётининг сўнгги паллаларида “чет”га чиқиб қолган ижодкор эдими? Унинг фақат грантга йўналтирилган университетида ўқишга қай биримиз эриша олдик? Ўзбекнинг интеллектуал, тафаккур адабиётига босилган мураккаблик тамғаси инкубациялашаётган адаби-ётчилар учун текин паттами? Хуллас, Олим Отахон бу оламни тарк этди. У бутун бошли умрини бағишлаган адабиёт эса қолди: жавонларда, юракларда, нашриётларда… Уни ўқийдиган хос ўқувчилар эса ўлмаган, қулоғидаги тиқинни бир кун улоқтирадилар, ёки қони тозаланган авлод майдонга келажак.

Ҳа, ёзувчи жума тонгида умр бўйи ўзига ҳамфикр, ҳаммаслак, ижодий ишларида энг яқин кўмакдоши бўлган гўзал аёли билан бирга уйғониб, бу оқшом ётоғини алоҳида қилди. Ётар жойингиз ёруғ бўлсин, ўзбекнинг улуғ ёзувчиси! Сиз марварид монанд терган сўзлар юракларимизда ярқираб туражак!

Гўзал Бегим

17 сентябрь, 2021 йил