O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Кулган бошқалардир, йиғлаган менман”

“Кулган бошқалардир, йиғлаган менман”
149 views
17 February 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

1-ҚИСМ

Учоқ зулматга шўнғир экан, Ўғуз Думан авваллари фақат исмларини эшитган домлалари билан танишганидан хурсанд эди. Икки кундир улар билан бирга эди. “Отатурк ҳаво майдони”да учрашиб, регистрациядан ўтгандан сўнг, бир учоқда Москвага парвоз этишганди. Учоқда Ўғуз профессор Mаҳмат Эрйигит ёнига тушди. Кўп гапиришни севмаган Эрйигит Ўғузнинг қайси факултетни тугутгани-ю, олий ўқув юрти дипломини қайси мавзуда ёзганини сўраб, қисқа жавоблар олди ва яна мовий кўкка қараб, жимгина кетаверади.

“Космос” меҳмонхонаси рўпарасидаги Коинот символи… Москванинг бу қисми Советлар Иттифоқининг келажагини тамсил этарди… Ўғуз белига боғланган камарлари-ла коинотга илк қадамини ташланди… сўнгсиз қоронғилик ва ҳаяжонли қала-ғовур ичида ўзини йўқотганди у. Икки сония аввал ўзининг эмас, онасининг чинқириғини эшитгандай эди… У қоронғу ва тор бир бўшлиқдан, вужудини чирмаб олган тўрвадан қандай қутулганини бирданига англай олмасди. Миттигина мияси фақат мажҳал шакллар ва сасларни қайд этганди…

Белидаги кордонни тортиб, фазо кемасига боғлиқлигини текшириб кўрди.

Бўшлиққа томон икки одим отди… ва орқасига қайтди…

Самимий ҳаракат билан унинг тиззасига уриб, “қани Ўғуз, айтчи, Tошкентга бораяпсан, хурсандмисан?”, деган бир овозни эшитди, бу профессор Арслон хўжа эди.

Ҳа, улар Tошкент учоғида эдилар ва Ўғуз бу сафар профессор Арслоннинг ёнида эди. Арслон хўжа профессор Эрйигитга ҳеч ўхшамасди. Самимий ҳаракатлари илк дақиқаданоқ Ўғузга маъқул келганди. Хўжага хурсандлигини айтиш учун бир неча сўзни фазо бўшлигига ташлади, аммо сўзларнинг бу бўшлиқда ҳаракат этмасликларини у унутганди. Қизиқ, овозим чиқмаяпти, дея бўғзини ушлаб кўрди Ўғуз. Кейин ўксириб кўрди.

Ўрхон Нодий хўжанинг йўғон овози эса фазода ҳаракат этарди:

–Хўжам!, — деди, Ўрхон Нодий профессор Арслонга юзланиб, — Эшикнинг устидаги ёзувда нима ёзилганини биласизми?

–Йўў-қ, нима ёзилганмиш?

–Не курит, ёзилган, хўжам. Сигарет чекилмасин, дегани эмиш.

–Ўрхон, тушунилди, беш соат сигарет ичмаймиз…

Ўғуз эса, (хаёлида) Москва кўчаларида эди. Биноларнинг юксак деворларидаги йирик ғиштлар, ким билади, неча юз йилларнинг сасларини ўзида яширган. Дарвоза ва деразаларнинг очиқ тургани йўқди. Улар ҳам баҳайбат ва юксак эди. Ким билади, қанча умрнинг мажороларига шоҳид бўлар. Ўғуз дарвозалардан бирини очиб, ичкари кирмоқ истади, аммо кучи етмади. Кирганда ҳам, рус ҳаёти ҳақида нима биларди-ки…

Озорий бир йигит уларни бир хусусий ресторанга олиб борганди. Озарий йигит Туркиядан келган домлаларнинг “водка” ичишни истамаганини кўриб, ҳайрон бўлган бўлса ҳам, у тажрибали эканини кўрсатди. Расмий курси 68 копеек бўлган долларни 2 рублдан алмаштириб берганди. Бу “ресторан” дейилган макон авваллари хусусий уй бўлганлиги кўриниб турарди. Ёғли гўштлар бўлган товақларни столларга қўйган Людмила балки бу уйда турмуш кўрганди. Унинг тирсиллаган болдирларида худди бу уйда кечирилган турмуш хотиралари титраб турарди. Гагарин фазога чиқаётганда нимани ўйлаган экан-а? Янкага қарши қозонган ғалабасини ўйлаганмикан? Ёки фазода Тангрини кўришни ўйлаган эдими?… Аммо тарих Шумердан бошланганди. Тангри илк одамни Мессопотамияда яратганди. Илк одам бир нуфта, бир томчи қондан яратилганди. У ғалати зим-зиё бир тўрвани ёриб чиққанди, аммо яна қандайдир Кордонга боғлиқ эди.

Ўғуз қўлларини беихтиёр камарларига теккизганди. Учок ҳаво бўшлиғига дуч келгандай, бир оз силкиниб қўйди.

“Космос” меxмонхонасининг залида Mаҳмат Эрйигит хўжа ҳикоя қилаётганди:

–Сиэтллда Арслон Алптекиннинг уйида еганим ўзбек мантиси ҳеч эсимдан чиқмайди. Буғда пишган мантилар ҳар бири кафтимдай келарди. қанча еганимни билмайман, аммо бунақа мантини сўнгсиз ейиш мумкиндай туюлганди…

Сўнгсиз ҳам сон бўладими?, деб ўйлади Ўғуз.

Кейин саволни тескари қўйди: сон сўнгсиз эмас, сўнгли (тугайдиган) бўлолмасди. Ҳеч нарса сўнгли бўлиши мумкин эмасди. Борлиқнинг сўнггига етиш имкони йўқди. У ҳолда нега одам тўрвани ёриб, ташқари чиқди?…

Дижла ва Фирот дарёлари бирлашган жойда бир денгиз бор эди, денгизнинг ўртасида эса Адн жаннати бор эди. Шумер афсоналари муқаддас китобларнинг илк матнларидан ташкил топганди. Тангри одамларни ер юзига юборганда улар қандай кўпайди?…

Ҳар уйда бир илоҳ бор эди ва бу бир бўлган Тангрига ёқмасди. Одамларни тўфон билан жазолади. Гагарин мактабда диний дарслар ўқиганмиди? Бир ортадокс роҳибнинг ваъзларини тинглаганмиди?… Пиёзсимон қубба нақадар муҳташам эди! Кремл майдонидаги бу кафедрал (черков)нинг ичига кира олмагандилар, лекин Ўғуз сут ранг жубба кийган роҳибларнинг (илоҳийларини) диний қўшиқларини худди эшитаётгандай эди. Юз йилларча бу кафедралдан “илоҳийлар” айтилганди ва Тангри уларни бир ерга қайд этган бўлиши керак эди. Қизиқ, инсон овозининг фазода абадий қолиши тўғрими?

Агар шундай бўлса, профессор Эрйигит каби Ошкинни ҳам омадли деб бўлмасди. Истамбулнинг Яшилкўй ҳаво майдонида учрашгандан бери профессор Сомий Ошкиннинг гаплашганини ҳеч кўрмади. Кўзойнак таққан бу юмалоқ бошли хўжанинг исмини авваллари ҳеч эшитмаганди. Узоқ йиллар хорижда ишлаганини айтишди. Хорижда узоқ йиллар ишлаган яна бир хўжа бор эди, Ўғузни энг кўп қизиқтирган ҳам ўша домла эди. Профессор Тарик Тўра саёҳат бошлангандан бери гуруҳдан айрилгандай мақомда тўрарди. Кўпчилик у билан суҳбатлашишни истаётганини айтиб бўлмасди. Фақат Ўрхон Нодий хўжа Тарик Тўрадан ора-сира баъзи нарсаларни сўраб кўярди холос. У энг омадли киши эди. Фазода унинг овози қанча миқдорда қайд этилган экан-а? Бу овозлар бир куни инсон тарафидан кашф қилинажакми? У xолда Ўғуз Кремл деворлари орқасида гаплашилган гапларни тинглашни истаган бўларди.

Чор ва унинг маликаларидан ҳам, Совет раҳбарларининг гапирган гапларини тинглашни xоҳларди. Янги тарих бўлишига қарамасдан, уларнинг даври ўтган асрлардан ҳам махфийроқ эди. Политбюро суҳбатларини қайд этадиган воқеанавис малаклар, шубҳасиз, бор эди. Ўғуз бирдан Оллоҳнинг Басир ва Олим эканини хотирлади. У ҳар нарсани кўрар ва ҳар нарсани биларди. Зотан, бутун қилиниши лозим бўлган ишлар ва барча сўйланиши керак бўлган гаплар азалдан “Лавҳи маҳфуз”да қайд этилганди-ку!

Бечора инсон. Ер ва кўк орасида сўнгсизликни ахтарган ожиз тафаккур. У тор тўрвадан қутилиб, ўзини сўнгсизликда ҳис этди. Aслида унинг эшитган ва билганлари ниҳоятда чекланганди. Бутун фазода фотиҳ каби айланиб, юлдуз урушларини муҳокама қилаётган инсон, аслида, ҳозиргина пилладан чиққан ипак қуртига ўхшарди ва яқинда қўпадиган қиёматда йўқ бўлиб кетиши керак эди.

Ойдамир хўжа, ҳар ҳолда, на қиёматни, на тангрини ўйларди. Ўғузнинг энг осон муносабат кўргани хўжа шу профессор Сўнар Ойдамир эди. Оқ сочли, оқ мўйловли, татар юзли профессор Ойдамир енгил мавзулардан сўз очиб, узоқ суҳбатлаша оларди. Унинг бу қобилияти Ўғузнинг ишини анча енгиллаштирганди.

Ўғуз икки кундан бери Ойшахоним хўжа билан гаплаша олмаганди. У ҳайъатнинг энг ёши улуғларидан бўлган домла Ойша Қиличдан бир оз тортинарди.

Профессор Эрйигит:

–Бу саёҳатда ҳаммадан ҳам кўпроқ Боймирза Ҳайитнинг бўлишини xоҳлардим, — деган эди бир емакда.

Кейин у Боймирза Ҳайитни Анқарадаги уйида меҳмон қилганини, биргаликда Комилжон Отаниёзовнинг пластинкасидан қўшиқлар тинглаганликлари ва Ҳайитнинг Ўзбекистон ҳасратини тушунтирганди.

Ўғуз Боймирза Ҳайитнинг мақолаларидан бирини ўқиганди. Фитрат ва Чўлпоннинг ҳам ўша пайтда ўрганганди. Чўлпоннинг “кулган бошқалардир, йиғлаган менман” мисрасини яна бир неча ерда учратганди.

(давоми бор)