O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

КУНДУЗ (достон)

КУНДУЗ (достон)
20 views
20 December 2012 - 13:06

Иккинчи қисм

 ҚОРА ДЕНГИЗ

У гўзал ва улуғ! Унинг дўсти дунёнинг гўзал одами. Эслаб йўл юраман.  Коинот битта ишқ достони.

Айниқса, ўзбек тилида ёзиш қийин. Рухсат сўраш керак. Лекин кимдан?

Тонг эди. Мунажжим айтди: «У Афғонистонда яшайди. Бугуноқ йўлга чиқамиз. Шай туринг. Кечга келаман».

— Йўлкирамиз йўқ-ку, қандай борамиз?

— Уёғини ўйламанг. Қисқа йўлни биламан. Эсон-омон бориб келамиз.

Д.Н:”Йўлда толиқдим. Мунажжим мени опичлаб кўтариб олди.”

«Сиз озиб-тўзиб кетдингиз. Қуриган дарахтга ўхшаб қолибсиз.» Яна нима ўйлар хаёлидан ўтувди. Уларни бирма-бир айтса, йўл тугамайди. «Йўлбошловчимга раҳмим келувди. Ачинувдим. Йўлда ғорга дуч келдик. Кирдик. »

— Бу асалдан тотиб кўр. Йўл узоқ, жонингга қувват киради.

— Бошқача экан. Маст бўлиб қоляпман. Асал еб маст бўлган кишини учратмагандим.

— Асал ариларим бор эди. Борлиғим аъзоларини чақиб асал йиғишган. Энди шу ғорда яшайман. Ўтган-қайтганни меҳмон қиламан. Бу одат дунёнинг гўзал одамидан қолган. У менга хурмо совға қилган!

Йўл юришда давом этдик: «Бундай сафар одам тушига ҳам кирмаган», деб ўйлардим. Атроф саҳро, афғон шамоли тинмай эсади. Йўлда ёввойи қушлар кўп ва улар оч эди. Икки елкамдан чўқиб яна осмонга кўтарилишади. Мен билан ўйнашаётгандек, мунажжимга тегинишмайди.

— Олдингизга келувдим. Сабабини биласиз. Бу, албатта, беадаблик. Мени кечиринг! Йўлда қўрқдим. Дайди ўқ тегиб йўлдан озаман, деб. Худога шукр, етиб келдик. Менга рухсат беринг?

— Оқ йўл, — деди у.

Мунажжим шу ерда қолиб ўзим йўл юрдим. Сафарим доира шаклида бўлиб, яна уйимга қайтиб келдим.

Хонамда китоб ўқиб ўтирувдим. Мунажжим деразадан кириб келди. Қўлида хонтахта ушлаб олган. Ихчам ва енгилгина бўлса керак.

— Бу қадимий хонтахта. Ким ясаган ва қайси асрда ясалганини ҳеч ким билмайди. Энди шунда ёзасиз.

— Чарчагансиз, озроқ дам олинг. Раҳмат!

Мунажжим оёғини уқалай бошладим. Кейин бошимни унинг оёғига қўйиб ўзим ҳам ухлаб қолдим. Тонгда уйғондим. Мунажжим уйда йўқ эди. Хонтахтани ушлаб кўрдим. Туш эмас. Ўнг бурчагида ёзув бор. Пичоғ учида ҳарфлар ўйиб ёзилган, шекилли, ўқидим:

«Келиб қолган жойдан бошлаш керак».

2

Дунёнинг гўзал одами коинот кемасида учган. Унга оғир бўлган. «Сен бўлмаганингда дунёларни яратмасдим.» Унинг шаънига айтилган.

— Рембо бу ҳақда ёзган. «Ишқ кемаси.» Кейин бу кемани излаб Африкага кетган.

— Нега, айнан, Африкадан излаган. Тушунмайман.

— Сен Африкага боришни орзу қилганмисан. Биламан, бормагансан, қизлари ёқмайди? Тушунарли, иссиқ. Тўғри, жазирама. Коинот дарвишлари Африка жазирамасини назарига ҳам илишмайди.Аммо у ерда бошларини кундага қўйишгандай кўзларини  ерга қадаб юришади.

-Бошлари кўк томига тегиб Мусонинг гапини яна қайтаришларидан қўрқишадими?!

Билсанг, дарвишлар коинотни елкаларига кўтариб юришган. «Ҳеч тасаввуримга сиғмайди. Ҳар қанча уринсам ҳам. Лекин кўряпман. Мен аллақайси кафеда сигарет чекиб ўтирибман. Ойхон эрталаб ишга кетяпти. Шохлари синса-да. Дарахт панасидан пойлаяпман. Анови қора тош.» Юриб кетяпману, ўйлардим, хазонга айланиб қолсам. Фаррошлар мени ҳам бошқа хазонларга қўшиб ёқишса. Куз эди. Самолёт Қиримдан учиб келди. Ёки аксинча:

— Яқинда онамнинг олдига кетаман.

— Мен эса денгизга. Сиз шошилманг. Масалан, Фарангистонга кетинг.

— Бизни ҳеч ким тушунмайди.

Кейин ўтирдик. Сокин денгизга қараб. «Онангизнинг исми Сокина, а», ўлганига неча йил бўлди? Бир, икки… Мен денгизга тош отмасликни ўргандим. Соҳил совуқ бўлади. Қуш полапонини қаноти остига олгандек, мунажжим тўни ичига кириб олдим.

— Раҳмат. Сиз менга кўришни ҳам ўргатдингиз. Тушларимни ҳикоя қилиб ёзардим. Бир куни мени консерваторияга олиб киришди. Саҳнада менинг аксим, худди ўзим, фиръавн кийимида. Ёнида тан қўриқчилари. Қуролланган. КА. Менинг ҳам қўлимда қурол бор экан. Тансоқчилар мени отиб ўлдиришмоқчи эди. Абжирлик қилдим. Фиръавн ҳам ҳалок бўлди. Ўшандан бери уйқум келмайди. Қўрқаман. Кимдир мени пойлаётгандек. Эсланг. Акутахавани кимдир таъқиб қилган. «Самарқандга кетиш керак», деб у кундалигига ёзган. «Келиш керак» эди. Самарқандда йўлбошловчисини топарди. Ўзини осмасди. Ҳалиги кўлканинг қўлида пичоғи бор. Мендан нима истайди. Ўзимни ўзим қўриқлаётгандек, деярли ухламай қўйдим.

Унинг хаёлини туш кўриб қоғозга  туширардим. У энди хаёл сурмайди. Чанг чалади. Чангнинг етмиш тори бор.

Мунажжим деди:

— Бизни ҳеч ким тингламайди.

— Чунки ўзларини эшитишмайди.. Мени кечиринг.

Болалигимда уйқум келмай тоғорага чакка томишини тинглардим. Ярим кечаси. Тоғорага томаётган ёмғир томчисига илашиб хаёл зинапоясидан томга чиқардим. Осмонда турнақатор самолётлар учарди. Биттаси қир тепасидаги текисликда қўнувди. Мен югуриб бориб самолёт кабинасидан тушган учувчига девдим:

— Сизни танийман. Бугун кечки пайт радиодан гапирдингиз. Аргентинада ишларкансиз-а? Мен ҳам сизга ўхшаб ёзувчи бўлмоқчиман.

— Адашяпсан, болакай. Мен радиодан гапирганим йўқ. Радиоҳикоя эшитгансан, холос. Бошқа одам — актёр гапирган. Тушуняпсанми. У бошқа замон.

Радио мўъжиза эди. Китоб катталигича қутича ичидан одамлар гапиришарди. Мен қулоғимни карнайга қўйиб олиб тинглардим.

— Радиодан гапирган одам бошқа эканлигини ақлимга сиғдиролмайман. Лекин нега унда сиз билан гаплашиб ўтирибман.

— Муқаддас китобда ёзилган. Юрадиган икки оёқли афсонавий дарахт бор эмиш. Ўшани излаяпман. Унга Одам Атодан буёғигача яшаган қушлар қўниб сайрашаркан.

— Икки оёғли дарахт. Балки у тоғда ўсар? — девдим.

Мунажжим кун бўйи соҳилда ўтириб уч сарбоз ҳақда ўйларди. Сокин денгиз теп-текис чўлни эслатади, чексиз, ёмғир ёғади:

— Отахон, нега йиғлаб келяпсиз? Сизни ким хафа қилди? Сўрашяпти. Ярим кечаси, пиёда келаётувдим. Ақлимни йиғиб қарасам, кўзимдан ёш оқаётган экан. Ўсмирлар уч-тўртта, кўчада сигарет чекиб туришибди. «Ўзим шундай». Жавоб қайтардим. Узум суви ичамизми? Қизилидан. Қуёш эрталабдан кечгача ишлайди, бечоралар ичишсин деб. Унинг меҳнатини қадрига етмаймиз. Отахон, дейишди. Менми, дедим. Исроф қилмасдан ичиш керак. Туфроққа тез тўкиб юборишда маъно йўқ. Нега йиғлайсиз, қайта сўрашяпти. Овутмоқчидай. Фақирман, дедим. Улар эса таксида уйингизга етиб олинг деб пул беришяпти. Икки оёғли отим бор, десам ҳам кўнишмади, беришди. Дўкондан вино сотиб олдим.

3

 Дунёнинг гўзал одами ёр васлига етганда, коинот қип-қизил гулга тўлган. Гул ҳидидан ошиқлар маст бўлган. Ёр севгилисига севги жоми совға қилган. Унда илоҳий май ичиб маъшуқ ошиғини қутлаган.

Ойхон Олой бозорида жойлашган дорихонада ишларди. Мен унга хат ёзгандим:

«Сенинг қоп-қора сочингда яшайман. Сочинг чексизликни қамраб олган. Унда йўллар кўп аммо битта йўл бор. Ўша йўлдан кетяпман. Товоним шишиб кетса-да завққа тўляпман. Қизил ҳиндуларга ўхшаб қизариб кетяпман. Йўл ёқасидаги дарахтларни силаб қўяман. Шавққа тўлиб дунёдаги ҳамма одамни қучоқлаб  олгим келяпти. Сочларингни ҳидлаб, асраб юрган сўзимни қулоғингга айтмоқчиман. Қалтирайман. Титрайман. Қўрқаман. Бозор ёнидаги метродан чиқиб кафеда чой ичаман. Пиёламда осмондаги қуёшнинг акси тушади. У пиёла тубида қалқийди. Вужудимда юрагим раққоса қизлардек ўйнайди. Пиёлага яна бир қарасам қуёш акси уялиб ундан чиқиб кетадигандек,жоним ўйнайди.Юрагим юқорига балқиб чиқмоқчи. Йўлдан йўловчи ўтиб кетади. Зикр айтиб. Уни тўхтатаман. «Мени чалғитинг», дейман. Яна:

— Йўл бўлсин?

— Шарққа кетяпман.

— Озроқ дам олинг. Нафас ростланг. Танишайлик.

— Сизни танийман, — дейди у. — Сигаретингиз борми?

— Бор.

Чекамиз.

— Оқ йўл, — дейман.

— Сизга ҳам.

— Айтганча, дунёда ёмон одам йўқ. Фақат ёмон қилиқлар бор.

— Шундай. Қилиқлар кийимга ўхшайди. Кимдир ўлса уни ечиб кетади. Бошқаси кийиб олади.

— Афсуски, шундай. Шундан кўплар бир-бирини танишмайди.

— Ҳа. Омон бўлинг!

— Омон бўлинг!

Ва ҳоказо!»

«Жон қуши дарахт шохига қўниб афсона айтишни бошлайди. Жимсиз. Кўкрагингизга бошимни қўйиб ётишни яхши кўрардим. Баданингиз сўлиган гулга ўхшарди. Нафас чиқарардим-у баданингиз ҳидини ичга ютардим. Мен айтдим:

«Менинг биринчи осмонимсиз момо».

“Тонгги тўртда Ойхон ва мен тунги кафедан чиқардик. Воронсов хиёбонидан ўтиб соҳилга тушардик.”

— Марям! Худди эртак қаҳрамонларига ўхшаймиз.

— Персонажларига.

— Ойга қачон учиб кетасан?

— Ҳазиллашяпсанми?

— Момом ҳам ойда яшайди. Ишон. Қара, дарахтлар қоронғуда қўғирчоқларга ўхшайди.

“Мен эслашим керак. Қуёш ўн тўққизинчи сентябрда денгиз сатҳидан чиққан, адашмасам, демак шу тонг Ойхон ва мен Айвазовский қоясига чиқиб тонгни кутиб олувдик.”

— Марям, бу кунни эсдан чиқармасам керак. Менга парда бўл?

— Нима?

— Менга парда бўл. Ва мен ҳам сенга парда бўламан.

— Бу нима дегани? Қуёш чиқишига қанча бор?

— Орқамизда турган дунёни кўрмаслик учун. Сен менга ва мен сенга парда бўламан. Қуёш чиқишига ярим қути сигарет чекилгунча вақт бор.

— Сизларда денгиз борми? Совқотиб кетяпман. Мени қучоқлаб ол. Оти нима?

— Бор. Тошкент денгизи.

— «Қора денгиз»имдан каттами?

— У сув омбори.

— Қизиқ эмас экан.

— Яна битта денгиз бор!

— Бор? Айт. Чекма.

— Лекин у кўринмайди.

— Қанақасига?

—…

“Қуёш денгиз четидан икки марта сакраб чиққан куни,эслайсанми? Марямга сен ҳақда гапирувдим. Ёки уч марта сакровдими? Эсимда йўқ.”

— Қара. Қора денгиз. Қуёш. Бахт.

— Унинг олдида бу денгиз ёмғир томчисидай ҳажмга эга.

— Қара. Қуёш чиқяпти! Миттивой! Ҳатто менинг юзимдан ҳам кичкина. У сиққан жойга сен сиғмайсанми? Худбинсан.

— Бу ҳақда ўйлаганман.

— Демак, ойда сенга торлик қилади. Мен сенга парда бўлолмайман. Кечир.

— Марям! Сени тушунаман.

— Қуёшда қора доғлар бор дейишади. Балки улкан тоғлар бордир. Лекин мен кўрмаяпман, қара.

“…Ва ҳоказо. Ойхон пари қуёш нурига тоб беролмай қордай эриб денгизга чўкиб кетувди. Аслида…»

Одам туфроқдан, авлоди «отилиб чиқувчи суюқликдан» яратилган. Биз келиб кетамиз. Тана туфроққа айланади. Ернинг оғирлиги анчага ортган.Қанчага, ҳеч ким билмайди. Соҳил бўйидаги уйни пахсадан қурувдим. Туфроғини эринмай ҳар жойдан қопларда ташиганман. Шунда тушунувдим: бизнинг миллат кўп туғдиради. Демак, туфроғимиз ҳам кўпаяди. Маъно: ҳеч нарсаси йўқ фақирлар уй ва йўл қурсинлар. Яшасинлар ва йўл юрсинлар!   Ғойибдан овоз девди: «Осмондан ёғилаётган тошлардан бошпананг бўлсин».

Бир кун қир тепасидаги текисликда самолёт қўнди. Икки момони кутиб олдим. Қир ёқалаб соҳил томонга юрдик.

— Сизларга уйни кўрсатмоқчиман. Боғи ҳам бор.

— Бу ажойиб!

— Чироқ керак эмас. Кечаси деворидан нур таралади. Туфроқнинг фосфори бор. Қабристоннинг туфроғи-да.

— Бу янгилик эмас.

— Ҳа, албатта. Телевизор ҳам керак эмас. Дунёни кўрсатадиган ойна бор. Сафарга борганимда совға қилишган.

— Биз доим сафарингиз ҳақда эшитгани келамиз-ку. Севимли акаларимиз ҳақдаги ҳикояларингизни тинглашни ёқтирамиз. Боғингиз гуллари чиройли экан. Ҳавоси ҳам.

— Боғдаги туфроқни танишган жойимиздан олиб келдим. Акаларингиз изи теккан. Боғ ҳавоси денгиз шамолидан.

Танишувимиз қизиқ бўлганди. Ўша куни Ойхонга: «Менга парда бўл», дегандим, у бармоғига тақилган узукни кўрсатиб: «Сиз кечикдингиз», девди. Сўнг бозор ёнидаги ёзги кафеда, шунчаки, пиво ичувдим. Қаршимда, фонтан ёнидаги дарахт атрофини икки момо сув сепиб супуришувди.

Соясида уфққа қараб хомуш ўтиришди. Ўзимни чалғитмоқчи бўлдим, уларга:

— Бу ерда қуёш ботишини кузатишни яхши кўраман, —  дедим.

— Биз ҳам, бизнинг тилимизга тушунар экансиз, — деб менга табассум қилишди. Кейин ўзлари ҳақда сўзлашди:

«Биз ҳар йили чет элдан учиб келамиз. Қуш тилини сизга ким ўргатган?»

«Айтганча, чет элда менинг момом ҳам яшайди. Қайтиб борганингизда номимдан унга салом айтинг. Унга кўп хат ёзаман. Эсингиздан чиқмасин. Давом этинг, узр.»

“Бизнинг севимли акаларимиз шоир бўлишган. Шу дарахт соясида ўтириб қуёш ботишини томоша қилишган. Уларни фалон йили отиб ташлашган. Қабрлари йўқ».

«Улар учта бўлишган. Бу метро бекатига учинчиси номи қўйилган».

— Уч сарбоз: уларни «ёт унсурлар» деб отиб ташлашган. Ҳукм ҳақ бўлган. Чунки улар: сув, ҳаво, туфроқ, оловдан ташқари- бегона бўлишган. Бирингиз акангизнинг бу мисраси:

«Менинг севгим абад билан туташган,

Азал билан қучоқлашган, ўрашган», гувоҳ бўлади.

Қабрининг рақами 481. Зиёратга борганингизда, адашманг дейман, холос.

Уч сарбоз. Улар йўл юришаркан. Отларини излаб. Бу ҳақда немис ёзувчиси Юсуф К. ёзган. У ёқади. Айниқса: «Милена! Сени севаман. Шундан бутун дунёларни яхши кўраман»,дегани. Миленани турмада отиб ташлашган. Озроқ чалғидим.

Сарбозлар подшо, султон, президент бўлишни исташмаскан. Нега? Ўзим ҳам билмайман.

Сиёвуш ҳам коинот чопари бўлган. Подшодан мактуб олиб сафарга чиққан. Вазифаси эсон-омон қайтиб келиб мактубни подшога топшириш экан. Хуллас, уни саройга киритишмабди. Подшонинг тан қўриқчилари:

— Сен ақлдан озгансан. Турар жойинг жиннихона, — дейишибди.

— Ҳеч бўлмаса, хабар олиб келганимни подшога етказинг.

Маълум қилишмаган. Аксинча, Сиёвуш ёт унсур дейишган. Ўзини унутган подшо қатлга фармон берган. Сиёвушнинг учқур оти ўғлига мерос қолган.

         Мен, шоир ва унинг хотини Барно хоним хиёбонда жойлашган кафеда ўтирибмиз. У одатдагидек вино ичяпти, мен Барно хоним билан чой. Кеч тушган. Қуёш ботганига дақиқалар бўлган. Негадир, иккиланиб ўтирибман: бир хаёл қиламан – қишлоққа пода қайтиши эсимга тушади, давоми бўлиниб, фикрлай бошлайман. Нима ҳақда ўйлагандим шунда, ёзгим йўқ. У фикримни: «зулмнинг боши кесилсин», деб бўлиб юборгани эсимда. Шу пайт кулдим, мийиғимда, кўзим хиёбон панжараси ортидан бизга тикилиб турган одамда экан. Нигоҳимни у одамдан олиб қочдим. Хавотирландим: миямдан «сезиб қолмасин», деган фикр ўтди. (Қизиқ, нега?)  Қизаргандай бўлдимми, билмадим, лекин сигарет тутуниданми, кўзим ёшланди. Чап қўл бармоғим орасида қисилиб турган ва ярми чекилган сигаретни ҳавода у ёқ-буёққа ўйнатдим, негадир. Кўзи тутундан ёшланди, деган фикр уйғотмоқчи бўлдим, чоғи. Кўчада тикилиб турган ҳалиги одам қўли билан имлаб мени чақиргандай бўлди. Мен унинг олдига бориб, қайтдим. Барно хоним: «Нима гап?», деди. «У одамга хиёбонга қайси тарафдан киришини кўрсатдим», деб жавоб бердим.У винодан ҳўплади, хотини: «Хиёбон дарвозаси ёнгинасида-ку», дея менинг жавобимга таажубланди. Мен елкамни кўтариб туширдим. Барно хоним: «Ёки танишингизми?», деб сўради, «Биринчи бор кўриб туришим», дея жавоб қайтардим. Шунда у эри томонга ўгирилиб, ҳадик билан қаради – кўзлари пирпирарди. «Мендан қўрқяпти», деган фикр миямда пайдо бўлди. Мендан нега ва нима сабабдан қўрқиши керак? Нима ёмон иш қилдим? Барно хоним: «Кеч тушиб қолди, энди уйга қайтайлик», деб эрига гапирди. Мен унинг гапини маъқуллаган бўлиб бош қимирлатдим. Қўзғалдик. Хоним йўл бошлади, икков орқасидан эргашдик. Хиёбон дарвозасига зинапоядан тушилар эди. Зиналардан секин туша бошладик. Чунки У кўпроқ ичганди. Мен, ҳар эҳтимолга қарши, унинг қўлидан ушлаб олдим. Зинапоядан ҳали тушиб ҳам бўлмовдик, ён-атрофимизда ўтиб қайтаётган одамлар пайдо бўлди, худди тушдагидек. Бу ҳолат менга метронинг «Чилонзор» бекати зиналаридан кўтарилаётган ва пастга тушаётган йўловчиларни эслатди. Тўсатдан одам кўпайиб кетганига ақлим етмовди. (Бу ҳолатда эр-хотин нима ўйлашганини билмайман.) Хуллас, шу пайт менинг ва унинг қўлини кимлардир қайириб, сўнг бизни зинапоя ёнидаги деворга тираб киссаларимизни пайпаслай бошлашди. Барно хонимни аёл бўлгани учун, албатта, қўлини қайиришмади, фақат сумкасини қўлидан юлқиб олишди. Бизнинг қўлимизни қайирган барзангилар бухороча кураш бўйича мамлакат чемпионларига ўхшарди. Ўшанда: «Э, булар ҳақиқатан мамлакат чемпионлари-ку», деган гап миямдан яшин тезлигида ўтувди. Улар ҳайбати ҳўкизникидай, кучи айиқникидай бўлгани учун ҳам балки шундай ўйлагандирман, яна қайдам, билмадим. Улар қўлимизни қайирганча хиёбон ичкарисига олиб киришди. Бир маҳал олдимиздан текис асфалтланган кенг майдон чиқди, футбол майдонига ўхшаган, аммо унинг тўрида машина турадиган қатор бокслар жойлашганди. Майдоннинг ҳар-ҳар ерида эркагу аёллар ўтиришган, бокс дарвозалари очиқ, ичи бўм-бўш, фақат у ер-бу ерида сумкаю кийим-кечак ва шунга ўхшаш лаш-лушлар ётарди. Мен қўрқувдан титрардим, оёғимнинг қалтироғини тўхтатиш учун панжаларимни маҳкам қиса бошладим, шунга қарамай икки туфлимнинг учи асфалтга ёпишмади. Фақат туфлимгина совуқда қолиб кетганидан қалтирай бошлаган одамни эслатарди.  Гўё шеърнинг мисраси такрор ва такрор оғзимдан отилиб чиққандай, «бисмиллоҳ» айта бошладим. Ёнимда ҳамма нарсага бепарво турган у менинг пичирлаётганимни, албатта, эшитмасди. Шоир бўлаётган воқеани шунчаки кузатиб турарди, қўлини қайиришганда ҳам, майдонга мажбурлаб олиб келишганда ҳам лоақал бир оғиз сўз демади, ҳатто товуш чиқармади, юзида қўрқув аломатини сезмадим, хотиржамлик бор эди, холос. Барно хоним эрининг хотиржам туришини кўриб, ўзига келганга ўхшардию лекин уни хавотир тарк этмаганди, чунки у тўрт тарафга тинмай кўз югуртирарди.

Кўп ўтмади, бир-икки дақиқа ўтгандир, холос, майдонда ўтирган эркагу аёл ўрнидан туриб, биз томонга қарашди. Бизни қўриқлаб турган (ўлай агар, улар бизни қўриқлашаётувди) барзангилар ҳам орқаларига ўгирилишди. Мен ҳам қўрқув ва қизиқсиниш билан бошимни бурдим. Бу ҳалиги одам эди; бизни аввал озроқ кузатган, мени ёнига имлаган, кейин кўздан ғойиб бўлиб қолган. ҳойнаҳой, буларнинг бошлиғи бўлса керак, деб ўйладим. Шунақа чоғи, кўрсаткич бармоғи билан шоирни кўрсатиб, барзангиларга уни орқамдан олиб келинг, дегандек имлаб, майдоннинг чап тарафига шахдам қадам ташлади. Мен у юрган томонга қарадим; майдон четида оғоч тикка қилинган, ерга кирган жойи яхшилаб сементланган. Оғочнинг юқорисида кўндаланг қилиб иккита ғўла қоқилган. Ҳар икки ғўланинг тўртта чет қисмида арқон маҳкам боғланиб, учи ерга тегар-тегмас қимирлаб турибди.

Шоирни икки барзанги икки қўлидан ушлаб олиб кетди. Мен нажот кутгандек атрофга қарадим, нимани ҳам ўзгартира олардим, ичимда яна қўрқув денгиз тўлқинидек жумбушга келган бўлса, ғулғулани айтмайсизми? Чунки тайёр эмасдим, охирги лаҳзада ичимдан сўзлар портлаб чиқиб кетиши мумкиндек, ҳар лаҳзани иродамга бўйсундиришга ҳаракат қилардим. Қўрқув устун келгандек эди, унинг тўлқини эркимнинг деворига келиб урилганда «ана-мана, ҳозир таслим бўлиб ётиб оламан», деган фикр калламга келарди, балки бу гап вужудимни қамраб олган бўлса керак, менга шундай ҳам туюларди, ўшанда, бутун аъзои-баданим ана шу гап-фикрга айланишига озроқ қолгандек, лекин, худога шукр, қўрқув тўлқини орқага ҳам чекинарди.

Фикримни чалғитиш, ҳатто уни адаштириш учун атрофга олазарак қараб бошладим. Бокс чироқлари майдонни тўла бўлмаса-да, ҳар ҳолда ўтирган-юрган одамларни кўришимга имкон беради. Мен билан ҳам содир бўладиган воқеага (воқеами бу) ўзимни тайёрлашим керак эди ва миямда аридай айланиб юрган фикрдан қутулмоқ учун аввал ерда доира шаклида ўтирган аёлу эркакларга қарадим. Балки бирорта аёлнинг нигоҳини ушлаб оларман. У мени овутар. Унинг нигоҳи саксафон куйига монанд  бўлса, негадир шунда бу чолғу асбоби чалинишини жуда истагандим. Ана-мана мени ҳам шоирни олиб кетишган жойга олиб боришади. У ёққа қарадим. У ёқда…

У ўнг қўлидан осилган эди. Ўнг қўлини арқонга боғлашибди. Оёғи ердан бир қадамча узилган. Икки барзанги унинг белидан ушлаб ҳаракатга келтиришади. Уларнинг бошлиғи стулда ўтирибди. Қўлида дафтар  бўлса керак, нимадир ёзяпти. Ёнимдаги барзангиларга қарайман, бири менга табассум қилади: бопладикми, дегандек. Кимдир: «Яхшимисиз?», дейди. Қарайман, ўтирганлар орасидан биров қўлини кўтаряпти. Яна «Яхшимисиз?», деб овозини  баландлатади, «Нега кўринмайсиз?» Қарайман, у қўшним-ку, биринчи қаватда туради. Боласи эрталабгача магнитафон қўйиб чиқади. Ёнидаги маҳалламиз оқсоқоли! Кўнглим кўтарилади. Яна қарайман, анави аёл танишдай, эй, ҳа – уйимиз ёнидаги кафеда офисант бўлиб ишлайди. Гоҳида унга кўпроқ чой-чақа берардим. Чиройли қиз. Сўровдим. «Ҳали қизман», девди. Кулгули. Лекин ўшанда шуларни эсловдим. Ўшанда. Шундай деб бўладими, “ўшанда”ни? Қўшнимни чақираман: кўзимни юмиб очиб, бошимни қимирлатаман, ёнимда турган барзангилардан бири ҳаракатимни тушунади. «Ўзингиз боринг», дейди. Танишларим томонга юраман. Яқинлашиб борсам, яна танишлар: анави йигит тил ва адабиёт факултетида мендан бир курс юқорида ўқирди, доим сақич чайнаб юрарди. Бу ерда турган-юрганларнинг ҳамма-ҳаммасини деярли ҳар куни кўриб тураман-ку! Анови тиланчи, буниси мен доим ўтирадиган кафе хўжайини, ходимлари ҳам олдида, бу ким, ҳа-я, газета дўкони сотувчиси, бу-чи, Қатортол кўчасидаги фоҳиша-ку. Бошқалар ҳам кўзимга иссиқ кўринади.

«Бориб қўшним билан кўришай, балки бошлиғига унинг гапи ўтар.» Қўшним билан қуюқ сўраша кетдим. Кейин муддаога ўтдим. У «Ҳеч иложи йўқ, буйруқ шунақа», деди. Кейин «Сизнинг хабарингиз йўқмиди?», деб менга маъноли кулимсиради. Мен барибир ҳеч нарса тушунмасдим. Барно хоним нажот кутгандек мендан кўзини узмасди. Мен «Нажот кутманг», дегандек кўзимни ундан опқочиб, бокс тарафга қарадим. Ўйлаб олишим керакмиди? Фикримни жамлаб, «Нима бўляпти ўзи?» дердиму ишонинг, нима бўляпти ўзи, англамасдим, мен мен эмасдим, йўқ, шундай деб гўё ўзимни оқламоқчиман. Шу пайт ойна излагандек бўлардим, лекин топилмаслигини хоҳлардим, гапнинг индаллоси, бировдан ойна сўрашга уринганим ҳам йўқ.

«Одам бунчалик ўзини севмаса», дерди кўпинча қўлидан осилган шоир. Мен шу гапни эсладим. Менда куч пайдо бўлгандек бўлди. Ёнимда турган барзанги томон шартта ўгирилдим ва: «Мен тайёрман, мени ҳам осинглар», дедим. Барзанги аввал ҳайрон қолди-ёв, нима, дегандай бўлди, эшитмади, деб ўйладим, гапимни яна қайтардим: «Мени осинглар». У кулди, сўнг жавоб берди: «Сиз ўзимиздан-ку».

. . .

Улардан қандай қилиб қутулиш усулини Д.Н. ҳар кун эсида сақлаб туролмайди. Бу усулни ён дафтарига қайд этиб қўяй деса… Чунки кўп бор бу ишни ёки тажрибами, қўллаб кўрган, натижа эса қуруқ, яъни дафтарда ёзилган нарсалар, уларни фақат нарсалар дейиш мумкин, нари борса чўпчак, хуллас, чўпчакдан бошқага ярамай қолади ва қизиғи шундаки, бу чўпчакдан иборат нарсаларни Д.Н. китоб ҳолига келтириб, «Тошкент битиклари» номи остида нашр эттиришни мўлжал қилиб қўйди. Бу  мўлжали, балки улардан қутилишдир? «Йўқ, – деб жавоб беради ўзига Д.Н. – бу машғулотга шўнғиб кетсам, уларни унутаман, холос. Шугина ниятим.» Ва мийиғида кулиб қўяди-ю, тўсатдан қўйидаги воқеа эсига тушади.

Бу аслида воқеа эмас. Улардан қутилишнинг ихчамроқ усулини кашф қилгандай бўлди. Бу осон. Кўзни катта-катта очиб юриш, холос. Уйда эса деразаларни беркитиш, орқасидан пардани тушириш, девордаги осиғлиқ картинага эса қараш – шарт эмас. Ва тинмай китоб ўқиш. Аммо ўнта кам бешда уйғониб кетадиган одат чиқарди. Биринчи, иккинчи куни эсига келгани йўқ. Улар туш орқали ичига киришаётган экан. Учинчи куни эрталабки ўнта кам бешда уйғониб қолганда, бу кашфиёт ҳам ўринсиз топилди. Балки улар билан келишиб яшаш керакдир? Бошқалар шундай яшашяптими? Кимдан сўраса, у ҳақда эшитишган, ўқишгану лекин ўзларини кўришмаган. Бунга ҳеч ишонгиси келмади. Балки ҳамма бир-биридан яширар. Ҳамма улар билан шу ҳақда ҳам келишиб олишганми?  Охир-оқибат шу бўлди. «Мен улар билан келишиб яшамайман, аксинча, курашаман», деб олдин узлатга чекинган бўлса, энди узлатдан чекинди; телевизор кўрадиган, радио эшитадиган, чап кўзини сал қисиб юрадиган одат чиқарди. Чунки ҳушёрликни қўлдан бериб қўйса, у кутмаган балолар бошига ёғилиши мумкин. «Ҳушёрман, деб юрганим, менга бало бўлиб чиқмасин», деб Д.Н. ухлаш ўрнига мижжа қоқмай чиқарди. «Балки мижжа қоқмаганимнинг ўзи балодир.» Баттар ўзидан қўрқиб қоларди. «Аҳвол шундай давом этаверса, жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.» Д.Н. ҳаётини шу шаклда давом этишини хоҳламаганидан «Тошкент битиклар»ини ёза бошлади, албатта, бу ҳаракати аввалида чиндан ҳам иш берди. Кун бўйи миясида ҳар хил фикрларни чархлаб, китобий жумлага келтириб юрди. Бу ҳол тўсатдан пайдо бўлгани йўқ, олдин ҳам лекин аҳён-аҳёнда содир бўларди. Шундай, лекин кейинроқ, у ўзи билан эмас, бир неча кишилар билан гаплашиб юрибди, кўпини ҳатто танимайди. Кўчада ёнидан ўтиб кетган ёки метрода ёнида ўтирган йўловчими-ей.

Мавзуни Д.Н. танларди. Чунки хоҳиши унинг, бу суҳбатдошларига хаёлидан жой берди. У гапирар, камдан кам ҳолатда шериги гапга аралашарди. Ушбу суҳбатларда ҳеч кимни ҳеч қачон хафа қилган, камситган эмас. Фақат бир куни бундан мустасно, анча бўлмади, эсида бор. Борса-келар мамлакати раҳбарини сўроққа тута бошлади. Унга ҳар хил айблар қўйди. Тинмай савол кетидан савол берди. Раҳбар бирорта саволга жўяли жавоб беролмади. Уни оғиз очгани – ўзини оқлашга уринмоқчи бўлгани, Д.Н.нинг саъй-ҳаракати билан беҳуда кетди. Д.Н. буни тан олади. Мамлакат раҳбарига нисбатан адолат қилмади. Нима эмиш, «Бу киши ўз фуқароларига зулм қилавериб, шу мукофотга эришди.» Ахир ўз-ўзини тинмай оқлаб турмаса, унинг хатти-ҳаракати – амали беҳуда. Одам амалини тинмай ёқлаб туриши заифликнинг кўриниши бўлса керак. Шунда яна бошқани қўшмай, ўзига нисбатан аёвсиз, ҳушёр гаплашадиган одат чиқарди. Энди ўзини оқламас, ҳар бир гапи ва гапига жавобидан кир қидирадиган бўлди. Ўз-ўзи билан қилган сўроқлари унга яна кўп олдин билмайдиган ҳақиқатларни юзага чиқарди. Унинг ўзи ўзига бу ҳақда шундай дейди: «Мен нотўғри йўлдан юриб кетаётган эканман. Худо хоҳласа, энди тўғри йўлдаман». Чунки Д.Н.нинг душманлари туппа-тузук одамлар қиёфасига кириб, унинг ичида бемалол суҳбат қуриб ўтирган чиқди. Айтишга осон. Д.Н. бу қилмишини тушуниб етганда ичида нималар кечганини бировга айтмади. Ёки кечмишини бошқаники билан солиштирса бўларди.

 1

 Аниқ эсимда шу пайт хат ёзишим мумкин-ку, деб ўйлай бошладим. Хат! «Арман қизига хат ёзаман. Ва хат ёзилган қоғозни унинг қўлига тутқазаман.» Мана, ҳозир хат ёзишим мумкин-ку! «Сизга, албатта, бу хат ғалати туюлади. Балки: «Бу жинни ким бўлди?», деб куларсиз». Агар шундай ўйласангиз, бу ўйловингиз тумандай тарқаб кетишини хоҳлардим – тошга, ёмғирга, қорга, шамолга, машинага, яна алламбалоларга ва далаларга-да кўз қараш сингиб кетганидек, рости сизни бекатда биринчи бор, бундан ўн кун аввал, эрталаб, иккинчи кун ҳам, қизиқ, учинчи кун ҳам кўрганимда ўз-ўзимни йиғиштира бошладим, ҳамма нарсаларга, ҳамма одамларга сочилиб, ёйилиб кетган борлиғимни йиғиштира бошладим. Мен «бўм-бўш миямда бир азиз авлиё излаётувдим», деганидек бир франсуз шоири, биласизми? Фақат ўзимга ва барчага тегишли яккаю ягона ва нимагадир, биламан, шундай – у одамлар ичида етимдай яшайди. Яшайдими? На чора, энди қўрқинч ва титроқ билан (сизни ҳали топмаган бўлсам-да) йўқотиб қўйишдан қўрқаяпман, йўқ, чини – излаётиб, орқамдан кимдир мазах қилиб кулади, қарайман, ҳеч ким йўқ, оғир, тушуняпсизми?

2

Чекинаман, менга озгина вақт бўлса-да, юпанч, далда беришингизни ҳоҳлайман. Ўзимга ишончим ошиб, сизга хат ёзиш ғояси пайдо бўлди, бу албатта, сизнинг кучингиз – таъсирингиз ва ҳимматингиз натижаси, ҳалиги, мени доим таъқиб қилиб, устимдан кулиб юрган нарса – махлуқ йўқолди. Тушуняпсизми?

3

Орадан икки кун ўтди. Хатни «у кулган» жойидан қўзғатолмаяпман. Ўтган куни ва кеча уни  яна учратдим. Ўтган кунгисида маршрут таксида бирга кетдик. У олдинги қаторда, мен энг орқада  унинг сочига термулиб кетувдим, чунки унинг қоп-қора сочи кўринарди, унинг сочига тикилган пайтни эслагим келяпти. Хатнинг давомини ҳеч ёзгим йўқ.

4

Унинг қоп-қора сочи манзарами? Автоуловда кетаётиб фикрлай бошлайман – бу яхши, кўнглим тўқ бўлади, бу ундан яхши, ўзимни одам каби ҳис қиламан, дейман ўзимга, одам бўла туриб, ҳали автовокзалга анча бор, шунгача мен бахт нималигини ҳис қилмайман, аксинча, бахтнинг ўзига айланаман – ўлимини бўйнига олган ва кейин у автовокзал бекатида тушади. У билан танишишни хоҳлайман, лекин хоҳламайман ҳам, ичимни тимталаётган бу “бекат”ни ўзлаштираман, шундагина ўзимга рухсат беришим  мумкин – анови арман қизи билан танишишга ва ҳоказо, хатни қўлига тутқазарман ҳам. Уни кўрсам бўлди. Ҳар кун эрталаб. Ҳозир эса троллейбусда китоб бозоридан қайтаяпман, қўлимда бир файласуфнинг «Мен фалсафани қандай тушунаман»и. Мен файласуфга айтаман: Агар фикрлашни ва энг асосийси фикрлаётиб фикр қиляпман, деган махлуқни ҳам одам ўзидан “қуритса”. – Сиз шуни ҳеч тажриба қилмовдингизми?  Тўғри, мен тушунтиролмаяпман, ўз-ўзидан, демак, ўзим ҳам бу ҳақда (бу ҳақдами?) маънога эга эмас. Фақат сезгим бор биласизми? Буни қандай чиқаришим мумкин, ҳа, тўғри айтасиз, ўхшатиш билан, тасаввур билан, ҳеч қурса тимсолда. Тимсолда мумкиндир, фақат уни ўхшатиб ёки тасаввур қилиб бўлмайди. Жаноб файласуф, йўқ нарсани қандай қилиб бор қилиш мумкин? Мен ҳозир ўша нарсага яқин-яқинман. Сезяпман. Йўқ, уни эмас, унга яқинлашиб қолганимни сезяпман. «Демак, – дейди файласуф,- у ҳақда, агар уни ҳақиқатан ҳам у дейдиган бўлсак, сиз буни ўз гапингизда тасдиқлаяпсиз, ҳатто «фақат сезгим бор» ҳам деяпсиз, бу дегани ўз-ўзидан кўринадики: сиз бор-йўғи тўқияпсиз, қуп-қуруқ сўзлардан, ўлик сўзлардан нимадир яратмоқчисиз. Бунинг иложи йўқ, яна қайдам?» «Жаноб файласуф, мен ҳар куни эрталаб беш-ўн минути кам-кўп соат саккиз ярим атрофида бекатда бир қизни учратаман. Ва биласизми, нима? Уни кўриб ўзимни бўм-бўш идишга ўхшатаман, ўша мен сизга айтган нарсага жой ҳозирлаб қўйганимни яққол сезаман, қудуқ сув туриши, сақланиши учун қазилганидек. Қудуқ одамларга эмас, сувга хизмат қилади, сув эса одам жонига. Мана нима учун у билан танишолмаяпман. (Арман қизини кўрсам – менга эслатаверади-эслатаверади.)  Тушунган бўлсангиз керак? Унинг олдида мен фикрлай олмайман, дейлик, қудуққа айланаман, холос. Унгача эса қудуқман сувини кутаётган, қиз сув албатта келишини эслатади. Сувни кутавериб сабрим чидамайди, кейин кун бўйи у билан хаёлан гаплашаман, чунки ҳалиги мендаги ишонч-қудуқ йўқолиб, ўрнини туман, совуқ ҳаво иккови эгаллайди, энди қизни эслайман, юзи туман ичида кўрина бошлайди, туман ичидан унга томон юраман, яқинлашаман, у мени илиқ кутиб олади, начора, у менинг асирам.

5

Мен уни кўрдим, бекат томон келяпти. Унга тикиламан – юзини эслаб қолмоқчидай, қадам ташлашига эътибор бераман. Одамнинг юриши унинг миясида кўп йил йиғилган, ташлаб юборилиши керак бўлган, лекин бундай қилинмаган, бундай бўлмайди ҳам, фақатгина ўзига тегишли, бошидан ўтказган ҳаётининг хулосалари ёки нусхасими, дейлик, ҳар қадам ташлаганда жонланиб туради. Юз эса алдамчи. У бекинмачоқ ўйнашга мойил ва шу иш билан кун кечиради. Айниқса, аёл, эркак ҳам қолишмайди. «Мен сизга тикилишни яхши кўраман», дердим, Ойхон: «Нега ҳадеб кўзимга қарайверасиз, қизариб кетяпман», жавоб қайтарарди қизармаган бўлса-да, энди билсам, ўшанда ўзим билмаган саволимга жавоб излаган эканман. Ойхонга: «бу юз ифодаси менга минг йилдан бери танишдай, қачондир биз учрашгандек, лекин қачон? Эслай олмаяпман», деб ўзимни оқлардим, лекин бу гапларимда заррача ҳам ёлғон йўқ эди. Учрашувга вақтидан олдин келиб, скамейкада кўзим тўрт бўлиб ўтирардим. Унинг шошилиб юриб келаётганини кузатардим. Кечикаётган бўлса-да, шошиларди, бир ками югурарди. У ошиғини кўришга интизор маъшуқа ролини ўйнарди, унда юзидаги ифода машаққатли ролининг чарчоғи бўлиб чиқади.

          Одам ўзига қарашга уяладими? Ёки бу эринишми? Йўқ, одам ўзини кўриш учун ойна ясаш керак. Қадимий фалсафа бу, албатта. Қани, кимга иш қилиш ёқади. Афтимни бошқаларга хунук кўрсатмаслик ва ўзим башарамни кузатиб туришим керак эди-ку. Ўшанда менинг ҳолатимда шунақа кайфият, об-ҳаво ҳукм сурарди. Об-ҳаво, кайфият бўлган жойда майли ҳар хил турда, кўринишда бўлсин об-ҳаво ва кайфиятдан бўлак ҳеч вақо бўлмайди, яъни ўзи учун жавоб бермайдиган, қаердан келгани номаълум ва тезда ўзидан яна милён-милён сохта таассурот уйғотадиган фикрчаларни болалашади. Натижада одам кайфияти тушкунми, баландми, қандай бўлмасин, шунчаликка ўзидан узоқлашади. Мен ўзимни қаерда, нима аҳволда, тўғриси сезмаган эканман, унга қараш илмини билмаганимдек, фақат сохта ойна ясаш билан шуғулланганман – Ойхонни, йўқ Шарлоттани излаганман, у қандай кўринишда бўлмасин, ўзимда маҳкам сақлаганман, қўйиб юбормаганман. Жавобини берсам, мени тушкунлик қамраб олади-ку, ичим бўм-бўш, ҳеч вақосиз қолади-ку, чексизликда тентираб қоламан ва бу ҳеч вақосизликда ўзимни қандай топаман? Тушкунлик мени хароб қилади-ку ва ҳоказо. Мана нима учун, яхши кўрган, севганимизни ичимизда ушлаб турамиз. «Асира»дай. Вертер!

Биз ўзимизни ўзимиз топиш, излаш ўрнига яхши кўрган кишиларимиз бизга ўзимизни эслатиб туришини ҳоҳлаймиз, ёнимизда эслатувчи – ҳеч ким бўлмаса, спиртли ичимлик, мусиқа, китоб, хуллас атрофимизни ўраб турган ҳамма-ҳамма нарса ёрдамга келади. «Одам ўзини бунчалик севмаса» (аямаса), дерди кўпинча Устоз ва эътиборини пиёладаги винога қаратарди. Бу гапни, масалан, кафеда қуршовида ўтирганларга айтарди. Ҳар ҳолда, ўзи эсига тушса керак, бўлмаса бу гапни айтмасди. Мени кўпроқ Ойхон қизиқтиради. У рол ўйнамаган бўлиши ҳам мумкин. Мен унга эслатувчи, эсига туширувчи бўлиб хизмат қилган бўлишим керак. Ўзини эмас, агар шундай бўлганда, мендан юз ўгирмасди, Вертер.

6

Ям-яшил яйловда худди картина ичига тушиб қолгандек эдим. Мен тумшуғимни осмонга қаратиб бақирдим, роса бақирдим. Шаҳарда бундай бақириб бўлмайди. Ёнимдагилар қулоғини беркитиб олишди. Мен нуқул бақирардим. Ўзимни тушунмасдим, нега бақираяпман? Лекин бу ҳолат май шамолига ўхшаб ёқимли эди. Бундан роппа-роса ўн йил аввал бақирганимни, энди, ўзим эшитяпман, такси ичида, қаранг.

Агар одамга ўзини эслатиб турувчи бирон киши, нарса бўлмаса ҳаёт маъносиз бўларди.  Мен ўшанда ўзимни йўқотиб қўйган эканман, лекин бундайлигини билмасдим, сезмасдим. Менга бақириш завқ бағишлаганди. Мен ўрмонга кириб, адашиб ва йўқолиб қолган эканман, энди билсам, унда ўрмон ҳайвонлари яшарди. Улар ўрмонга кириб қолган содда ва ишонувчан бегона одамларнинг гўштини еб тирикчилигини ўтказаркан. Мен гаранг бақиравериб, уларга ем бўлиб қолишимни ҳеч ўйламаганман. Бахтим – тасодиф ёки тақдирми – ўн йил аввал бақирганимни энди эшитганим, ўрмон ҳайвонлари зуғумидан ҳеч ким қутқармаслигини англаганим ва жоним омон қолгани.

Мен бу ўрмондан ташқарига – дунёга, ёруғ ҳаётга чиқиб кетолмасдим, хоҳлаган тақдиримда ҳам бировнинг ёрдамисиз (бу зулматдан, энди шундай ўйлаяпман)  мушкулим осон бўлиши гумон эди. Ўрмонда қўзиқоринларини, ёввойи олмаларини еб кунимни ўтказардим, энди билсам, заҳарланиб кетган эканман, ёруғ дунёга чиқишга ҳаракат ҳам қилмай қўйгандим. Бу ғоя қизиқтирмасди ҳам, рост ҳар-ҳар замон ичим қизирди. Шунда ўз-ўзимга: «Мен буюк зерикувчи», деб қўярдим, бу ҳам иш бермаса, бировга, кимгадир фарқи йўқ хат ёзишни мўлжал қилардим. Кундаликка нима  туширганимни ўқисам, кўзимни туман қоплаб оларди, кечаги менинг ҳаяжонимми, ўйимми ёки фикримми, қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмасди. Улар эскириб, таъмини йўқотган, бузилган овқатга ўхшарди. Ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетардим. Мен ўрмон хўжайини, унинг подшоси, бу ердаги ҳамма-ҳамма нарса меники, ўрмон ҳайвонлари – фуқароларим, лекин улардан бекиниб юрардим, дарахт панасидан бўлса ҳам кўзларига қарашга қўрқардим. ҳеч бир иш қилмасдим, чунки ҳамма нарсам бор эди. Бу текинтомоқ экан, дегани эмас. Мен бу ерда борлигимнинг ўзи меҳнат эди;  ўрмон аҳолисининг мавжудлигини ўзларига билдириб турардим, холос.

7

         «Мен бекорчилар мамлакатининг президенти», деб ўз-ўзимга ҳар замон айтардим. Нега Устоз «Жиннистоннинг амири», тушунмасдим. Агар шоирникига меҳмонга борсам, «қани, жиннистонингизни кўрсатинг-чи,» деб сўрайман, нима бор экан у ерда, жиннистон қанақа экан?  Бекорчи одам учун қизиқ, албатта. Лекин қандайдир сабаблар орага тушиб саволимни беролмадим. Энди бу мамлакат ҳақида сўрашга ҳожат қолмади. Ойхонга хат ёзганимдан кейин ғайритабиий бу мамлакат ҳақида сал тасаввурга эга бўлгандек бўлувдим. Одам бир нарсадан қанчалик узоқлашса, у нарсани тиниқ ва равшан кўраётгандек туюлаверади. Энди эса шу мамлакатга бораяпман, хўжайин бўлиб юрган қаерга борса хўжайинлигини ташламайди, мени бу безовта қиляпти. Бу ерда қул бўлишга ҳам розиман. У ҳеч қаерда йўқ, на чегараси бор, на ери. Бу мамлакатни ишғол қилиб, бўйсундиришни хаёл қилиш мумкин, холос. Унга кимдир кирдими, тамом, у кўздан йўқолади, ғойиб бўлади, у топилган заҳоти ўз кучини йўқотади, гўё вазифасини ўтаб бўлади. Мен бу мамлакат ҳақидагина шундай тасаввурга эгаман, Жиннистоннинг айнан ўзи ҳақида эмас.

8

Уч кун бўлди, уни кўрганим йўқ, ажабтовур мамлакатлар ҳақида бош қотирдим, кетаман, деб ўзимга аччиқ қилдимми, йўқ, нимагадир суянишинг керак-ку, «мен энди кимга суянгайман», скамейкада суянганча Ойхоннинг юзини эслашга ҳаракат қилардим. Ёзиш унутишга ёрдам беради, деб ўйлаганман, аслида ўзимни, ўз аслимни китобдаги воқеаларга адаштириб ва ҳар хил рангларга бўяганман. Қочгинг келади, қачонки ичинг бўм-бўш қолса, чексиз, маркази йўқ, қуп-қуруқ ҳаво каби. Мен нимадир кетган, йўқолган, лекин ўрни ҳали совуб улгармаган бу бўм-бўшликда ўзимни эслатиб турувчи, борлигимни йўқлаб туради, деган умидда китоб ёзишга шўнғиб кетгандим, чарчаганимда хиёбондаги ўша скамейкада соатлаб ўтирардим. Энди билсам, унинг юзи эмас, ўзимни қандай бўлган бўлсам шундай асл ҳолатимни эслашга ҳаракат қилган эканман. «Хотира уйғонса гўзалдир.» Бу мисра ҳар замон кулгимни қистатарди, аччиғим чиқарди. Нега? Ўзингиз биласиз, мен ҳам ўшанда шундай билардим. Мен хотирадан озиқланишга ўрганибман, ўзимнинг қачондир яшаб ўтган ўзидан, энди эса ўлик ўша ўзидан фойдаланиб яшаётган эканман.

9

         Фарҳод ойнада Ширинни кўрганда, Шириннинг Ширинлигини билмасди, охир-оқибат Ширинини топди-ку, шу менга илинж беради.  Кўрган тушимни эслай бошлайман.

Арман қизи билан танишишга қулай вазият туғилувди, у соатига қараб қўяди, ишга кечикяпти, чоғи, билмайман, қаерда ишлайди, касби нима, автовокзал бекатида тушиб қолади, холос, мен эса… Абдухолиқ Қалқоннинг  ўн-ўн иккиларга тўлган пайти омборхонасига кириб, отасининг этиги турган жойга ўтириб олганини. Қоп-қора этик, қалин чарми донача-доначали, ичида терлаган, кир, бир жуфт пайтаваси бор. Шу жуфт пайтавани ҳидлаганини, қўлига маҳкам ушлаб унга термулганини, яна ҳидлаб, отаси чўлдан икки ёки уч ойдан сўнг келганини (у чўпон бўлган чамаси), у эса бекинганини эслайман. Ғалати ҳолат. «Биламан, мен ўз ҳаётимни яшамаяпман, қани ким бор ўзининг ҳақиқий ҳаёти билан яшаётган? Ўзимни оқламоқчиман ва ҳаммани», деб ҳукм чиқаришимнинг ўзи менинг асл, чин, ҳаққоний умримнинг парчаси, бир бўлакчаси эмасми. Ёки бу ҳам ўз-ўзини оқлаш ёки ёлғондир, нега унда Абдухолиқ Қалқон отасидан яширинарди? Нега бу қиз кўзига «шунчаки кўзим тушди», қилгандек бефарқ, ўлик кўз билан қарайман. Ҳар кун ўтаётган умримни, кундалик ҳаракатимни оқлашга уринмоқчи бўлдимми ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетади. Шунда одам тинмай-тинимсиз ўз-ўзига хат ёзиши керак. Масалан, Мирёқуб Марям билан хат ёзишиб танишувди, аслида ўша хатни ўзимга йўллаган эканман, девди менга. «Балки ўзимни алдаётгандирман, – деб бошланарди ўша хат. – Лекин шуниси қизиқ, алдов билан осон ва билинар-билинмас яшаса бўлади. Сизга ёзяпману ўйлаяпман ва ўйлаётганимни сизга ёзяпман, у бундай: мен бу хатим билан сизга таъсир қилишдан, яна энг қўрққаним – хатим сизга ҳеч қанақа таъсир қилмаслигидан қўрқаман. Яхши ҳам қўрқув бор, ҳам ёмон.

Биласизми, хат нима учун ёзилади? Одам ўзи хоҳлайдиган, ҳали номаълум дунё эшигини очиб кириш учун. Сизга нима ёзишни билмасдан қуп-қуруқ хат ҳақида «фикр» қилиб ўтирибман, қизиқ, хат ёзиш осон, деб ўйлардим. Қийин томони шундаки, уни сиз қандай қабул қиласиз? Нима бўлса бўлар, хатни сизга юбораман. Бу хатга-да ўхшамайди. Эслайсизми, «Онегин»да адашмасам Татяна бошида Онегинга, Онегин эса охирида Татянага айтади: «Мени қутқар!» Татяна бу мисрани эртачи айтади, Евгений эса кечикиб. Мен хоҳлардимки, бу гапни эртачи ёки кечикиб такрорламай.”

  . . .

         Мен ўзимни жиноят қилганликда айблай бошлайман. «Рюноскэ! Рюноскэ!» Рюноскэ эшитмайди. У одамлар орасида кўздан ғойиб бўлади. Орқасидан қувмоқчи бўламан. «Унга етиб олишим керак.» «М., уйқунг келяптими, мудрайсан? Сергей сузсанг-чи. Кейин троллейбусга ўтирдим. Учтаси ўзининг тилида гапириб кетяпти. “Ҳей”, дейман уларга, улар ялт этиб менга қарашади, қаерда яшаётганлигингни унутиб қўйдингми? Учови менга қараб ҳўмраяди. Тўнкалар. Кондуктор хола орамизга тушди. Оғзингга қараб гапир, дейди у, хола-да, ким бўларди, “тўнка”ларга раҳми келди-ёв, қўйсанг-чи, Сергей, қизиқсан, сен ҳам тўнкага ўхшайсан, нима дедим, шунчаки айтдим-қўйдим, ҳазиллашдим, бўлди-бўлди, бас қил! Яхшиси ичайлик, ростдан хафа бўлдингми? Эҳ Сергей, бизда ўриснинг қони кейин, ўзинг биласан, бу ҳақда кўп тортишганмиз, яҳудийнинг мияси бор, М., нимани билсин, мияси – тўнка, ухлаяптими – мудраяптими?» Рюноскэ! Рюноскэ! Шошма, қаёққа кетяпсан? Эшитсанг-чи, нимага, нима учун тўқияпсан ва шунга ўзингни ишонтиряпсан, ахмоқ. Узр, узр, мени кечир. Лекин сен ўзинг айбдорсан, поччангнинг ўлимига,.. балки, билмадим, ҳозир нимагадир, шундай, тўхта, йўқ, бундай эмас – мен қўрққаним йўқ. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Рюноскэ, сен бор-йўғи тўқиганингга ишондинг. Аҳмоқсан! Эшитяпсанми? «Ўзинг-чи?» Ўзим-чи? Мен одаммасман. Одам ҳеч қачон тўқимайди. Рюноскэ! Биз кафеда ўтирардик. Ишдан кейин, албатта. Мен ичмасдим. Ароқ. Ароқ ичиляпти, Рюноскэ. Мен чой ичяпман. Нима бўпти. Ҳукм чиқарма, ҳаққинг йўқ. Ўзинг ўзингни осганингда «Менинг ҳеч нарсам йўқ, пулим-ку йўқ, бева опамнию етим болаларини боқишга, бу тушунарли, қалбимда йўқ», дегансан. Шундай дегансан. Бор эканми, йўқ экан. Бор эканми? Мен кулмайман. Пиёладаги чойни ҳўплайман, ҳўпловдим. Яна. Яна. Лекин ёмон бу, кунлардан бир кун, а, Рюноскэ, мен ҳам синаб кўрсам – бор эканми, йўқ экан. Йўқ тўқимайман. Тўқимайман! Нега бақирасан. Кар эмасман. Кўрсан. Гунгман гунг. Агар гапирсам, “тешик қулоқ”лар эшитиб қолади. Мени асир олишади. Ана, қара, телевизордан одамга ўхшаш бир нарса «Демократман», деяпти. Эшитсанг-чи, қара, Москва, буниси коммунист экан. Қайси бири одам? Қуръа  ташлаб билиш мумкинми? Қара, қара, “террор”чилар изидан тушишипти. Уларни тутиб ўлдиргани одам-аскарлар бошқа қитъага йўл олишяпти. Қара, қара. Мен гапирмаслигим керак. «Мен гунгман, ўртоқлар.» Тилим йўқ менинг. Билиб қолишади. Миям қуруқ – тўнка. Чириган. У ҳатто ўйламайди. Мен жиноятчиман. Одаммас. Ўзимни жиноят устида ушлаб олдим. Ўзимни кишанлаб, зиндонбанд қиламан. Олег гувоҳ. Сергей гувоҳ. Лекин улар билмайди. Айтганим йўқ. Айтсам билишади. Нимани айтай? «Мен тўқиётувдим, ўртоқлар, яъни ҳозир, боя, ичиб ўтирганимизда, мен ичимда ҳикоя тўқиётганимни билиб қолдим», дейми? Улар: «Ҳа, ҳа» – кулишади. Мен жиноятчиман. Аниқ эсимда: Шоир кўкрагини кўрсатиб, «шу еримда шайтон бор», девди. Мен ана-мана ҳозир шоирнинг оғзидан шайтон отилиб чиқса керак, деб ўйловдим. Унинг айтган гапининг ўзи, энди билсам, Рюноскэ, мен тўқиётганимнинг ўзи, менинг ўзим-ку, шунда, мен бор-йўғи, ахир, бу сабаб бўладими? Ўйлаб кўр, тўхта. «Раҳмат! Мен ичмайман, тамом.» Ёки ичайми? Шу қутқарадими? «Алишер Ғиёсиддинович гулоб ичган. Зўридан.» «Навоий ичганми?» деб сўралганда, шоир шундай деганди. Ёки мен сўровдимми? Нима фарқи бор. «Фарқи бор», дейди Рюноскэ. Ёки Сергей айтадими? Рюноскэ. «Ҳа.» «Қарагин, сени бир қиз чақиряпти. Қўлини силкитяпти. Телевизорга қараб ухлаб қолдингми, М.?» Таня! «Ким улар?» «Бирга ишлаймиз.» «Мен кечикдимми? Юр бошқа кафега борайлик. Кафенинг телевизоридан кўзингни узмайсан. Мен ойна ортидан қўлимни силкитаман-силкитаман. Сен эса кўча тарафга қарамайсан-қарамайсан. Кўзинг йўлда, деб ўйловдим. Нега жимсан?» Ҳикоя тўқиётувдим. «Ҳикоя ёзаётувдим, миямда, Таня.» «Қизиқ. Нима бўлаётувди, қанақа воқеа, нима ҳақда, а?» «Рюноскэ ҳақида.» «Нима у?» Нима сен, Рюноскэ? Сен-чи? «Акутахава. Шундай ёзувчи ўтган. Татяна исмли машҳур гуржи маликаси ўтган, а, Таня?» «Билмасам. Ёзиш роҳат бўлса кераг-а?» Одам ҳеч қачон ёзмайди. Бу мумкин эмас. Таня сени ёмон кўраман, деб айтиши керак эди, Онегин, аксига олиб, «мени қутқар» дейди, Рюнскэ, «ёзиш дарёдан ўтишимизга ёрдам берадиган қайиқ, а?» деб сўровдим, хуллас, бир куни. «Мен учун ёзиш дарёнинг у тарафи, мақсад» девди у, мен тушунмовдим, англамовдим, Таня, сендан – мен ўзимдан қўрқиб кетяпман. «Таня, ёзиш энг гўзал ҳаракат. Ҳаракатимизгина гўзал.» Рюноскэ, шуни назарда тутган, «одам бўлиш учун ҳаракат қилиш – ёзиш», демоқчисан. Рюноскэ, мен яна ўзимни кишандан озод этаман, «Таня ёмғир ёғяпти», «ёмғир ёғяпти», сени яхши кўраман, пичирлайман, у эшитмайди, «тангрига эзгулик етишмайди, биз, биз бечоралар унга эзгулик етиштириб берамиз.» Рюноскэ менга шундай дейди, мен қўрқиб кетаман, баданимни титроқ босади, нима керак ёзиб, бу – зулм-ку? Рюноскэ бошини қимирлатади. Мен эслайман. Маҳмуд Қидиров айтади: «Сен биласанми, Мамардашвили қандай ўлганини ва қаерда?» «Йўқ.» «Москвада, шундоқ аэропорт ёнида деворга суяниб ўлиб қолган.» У деворга суянган пайт нима ҳақда фикр қилганини билмайман, лекин бу қизиқ, лекин гўзал бўлиши керак, аниқ биламан, жони чиқаётган маҳал «Менинг охирги ўйловим шу ҳақда бўлди», деб ўйлаган. Дарвоқе, Москва кўчасида юриб бораётган аёл нима ҳақда ўйлайди? Яна беш, ўн минутдан сўнг меҳмонхона ёнида белидаги портловчи модда ишга тушиб кетади, мен эса ўзимни кишандан озод этаман, ёзгим келади. Ҳамма ёқда-ҳамма ёқда ўзини ҳам портлатиб юборувчиларни излашмоқда, тутишмоқда, кейин зиндонбанд қилишмоқда. Мен-чи? Ўзимни ўзим эплай олмайман, «Мени қутқар», дейди Онегин. Таня. «Таня, балки кўргазмага борармиз.» Одам ўзини бунча яхши кўрмаса, тўхта, шошма Рюноскэ. «Тишли ғилдирак, тишли ғилдирак» ғажисин сени, Рюноскэ. Рюноскэ, наҳот мен ўзига ўт қўйган аёлчалик бўлолмайман? Фақат ҳаво бор. Ёки ҳавога айландимми? «Нималар деяпсан, М.?» «Таня, кўргазмага бормайлик. Юр, кафега кириб чой ичамиз. Кўк чой.»

Мен чой ичаман. Шоир: «Сузинг», дейди. Сўнг: «Журналга пиеса таржима қилдим», деб гапира бошлайди. «Унда  битта киши нуқул одам борми, одам борми, деб бақириб юради.» Мен чой ичавераман. «Таня, кўк чойнинг мазаси зўр-а? Ҳа, сен биласанми, афсуски, билмайсан.» «Нимани?» «Сабр мамлакатини. У ерда фақат чой ичишади.» «Бу мамлакат қаердайкин, қизиқ?»

Мен яна чой буюраман. Ароқ ҳам. Бир шиша. «Бу зулм», дейди шоир, «қани» девдим мен, шеригим кулувди, бирови жим. «Таня, у мамлакатда фақат чой ичишади.» Японияда саке ичишади, Рюноскэ. Россияда ароқ. Онегин кўк чой ичсайди. «Ҳарорати тушиб кетарди.» Рюноскэ шундай деб кулади. Аччиқ кулади. Аччиқ кулгани учун аччиғим чиқмайди. Тушунаман, Россия совуқ. Мен тушимни эслайман, Рюноскэ. Шоирни дарахтга осишувди. Ўнг қўлидан. Мен қўрқоқ. «Таня у мамлакатга борган киши дарахт ўстириши, кейин унга ўзини осиб, ёқиб юбориши керак.» «Нима деб валдираяпсан, М.? Чойдан маст бўлдингми?» Менда фақат ҳаво бор. Бўшлиқ. Тупроқ керак. Сув керак. Дарахт ўстириш учун. Кейин олов. Рюноскэ, эшитяпсанми?

 . . .

          У деди: «Ўликни кўтар». «Кўтармайман.» Қўрқдим. Юриб кетяпмиз. С., олдинда ўлик болани икки қўли билан кўтариб олган, қоронғу ўрмон, ўнг тарафимизда, чамаси, саккиз-ўн қадам нарида асфалт йўл – ҳар замон машина ўтиб қолади, унинг чироғи бизни ҳам ёритиб ўтади. Шунда С., ўтириб олиб ўлик болани (ёши беш-олтиларда) аста-секин ерга қўяди. Ўликнинг юзи менга С.нинг ўғлини эслатади. «С., бундай бўлиши мумкин эмас. Ким бу?» «Ўзим ҳам билмайман, бу воқеа қандай содир бўлди. Уни ҳеч ким тополмайдиган қилиб кўмамиз, кейин қутиламиз.» «Аниқ қутиламизми?»

«Менга ишон», дейди С. Мен ишона бошлайман, ўлик болани мен ҳам кўтаришим керак, С. чарчаган, юрагим сиқилади – бу қаер, қайси ўрмон? Болакайни биз ўлдирдикми, қандай қилиб ёки нима учун? Ҳеч жавоб ололмайман, балки С.нинг машинаси йўлда болани уриб юборгандир, «бекор бундай йўл тутдик.»

«С., балки орқага қайтармиз, боланинг ота-онаси бор. Бор-ку. Уларнинг хабари йўқ.» Шундай деб, хаёлимга: «Булар – С. ва ўлик бола – у ёлғондан ўлган бўлиши, мени синаётган бўлиши мумкин», деган ўй келди. «С., мен бу ишда иштирок этмайман.» У: «Нима, ақлинг жойида эмасми?», деб шивирлайди, бу муҳим иш дегандек. Теварак-атрофга олазарак қарайман, ҳеч ким бизни кузатмаяптими, дарахту бута панасидан, машина ўтиб қолганда чироғи ёруғида кимнингдир сояси кўрингандек ёки қўрққанда шундай туюладими, билмайман, «С., ёмон иш қиляпмиз», у эса: «М., ерни чуқур ковлаб болани кўмамиз, тупроқни текислаб, устидан хас-хашак, бута ташлаймиз, ҳеч ким билмайди» дейди, менга сал жон киради, ваҳима мени озроқ бўлса-да, тарк этади.

«Энди бундай яшамайман», деган ўй келади. «Қандай яхши, ҳеч ким билмайди.» Уйғониб кетаман. Қўйнимда кимдир ётибди – бошини чап кўкрагимга қўйган. «Шайтоннинг боласи-ку!» – ҳали кўзимни очганим йўқ, шайтоннинг боласини урмоқчи бўламан, қўлим юрак жойлашган томонга тегади. «Шайтоннинг боласи қочиб улгурди.» Ён-атрофимга қарайман: «У ғойиб бўлди.» Ваҳима аралаш қувонч мени чулғаб олади. «Мен улгурдим.»

«Унинг кўзига қарамоқчи эдим, Т., жисмининг ранги қанақа? Билмоқчи эдим.» Шайтон қалб билан ўйнашни яхши кўради. «Айниқса, тушда», «Т., Малевич шайтонни ушлаб олиб, «қора тўртбурчак» ичига беркитди?» «Бу саволми, М.?»

Сен мени эшитмайсан, ҳатто англамайсан, чунки бизни менинг англамаганим, менинг ожизлигим ажратиб туради. Лекин сен билан кечаю кундуз гаплашаман, бундан хабаринг йўқ.

У айтди: «Мен кулганим йўқ.» Унда ким? «Сен тўқияпсан.» «Буни сен айтдинг.» «Қиримга дам олгани бўлажак руҳий беморлар, лекин ҳеч қачон касалга чалинмайдиганлар келишади.» Эсла, бу шарт эмас, қайси куни Таняга дединг: «Қандай яшашни билмасдан яшаяпман.» Ва одамлар Қора денгиз бўйига дам олгани келишади. Шунда дединг: шоир айтарди-ку: «Одам ўзини бунча яхши кўрмаса-я». «Мен эса ўзимдан қай йўсинда қутулишни билмайман.» «Зерикканимдан нафсим билан яшинмачоқ ўйнайман.» У гоҳ-гоҳида яширинган жойингдан сени топа олмайди. Балки у сенга ҳар замон эрк бериб қўяр ёки зерикканидан шундай иш тутяптими? Буни ҳозирча билмайсан.

Унга айт… «Айтинг…» Мен айтдим: «Аня! «Мени ҳали яхши билмайсан», деганинг менда қўрқув уйғотди». Мен шунда эсладим ва Т.га буни гапира бошладим. «Шунда қўрқув қуп-қуруқ ҳавони ёриб бошлайди. Унинг ичидан зулм фаришталари кўринади, кўзи кўрларнинг кўзини ўйиб ўзларини ошкор қилишади. Аняга дедим: «Сен менинг ярмим. Мен ўттиз тўртдаман». Эсладим, унинг дугонаси мендан сўрайди: «Сен умринг давомида товба қиладиган иш қилганмисан?» Мени қалтироқ босади.

У эса: «Тушунмадим», дейди. «Қандай яхши, мен сени учратдим.» Аня эса: «Тасодиф», дейди. «Йўқ, йўқ, асло тасодиф эмас.»  Т., тасодиф эмас. Унинг ҳукмронлиги ва кучи тасодифда. У айтганди-ку: «Мени ҳали яхши билмайсан». Лекин метродан чиқиб, ишхонага бораётганимда «Аня, тақдиримнинг йўлидан изга тушганман», шунда қадамимни санаб бошладим. Бир, икки, уч… «Аня, негадир кўнглим ғаш» дегандим-ку кеча, равшан бўлди бугун: «Одам кекирганда унинг ичидан…». Инсон зулм ташийвериб чарчаб кетмадими? Шунда, «Аня, сен ва дугонанг менга фаришталарни эслатиб қўйдинг», бу ҳақда «иймон келтирдик», деган икки жўрамга айтдим: «Сизлар жин, икки дугона одам наслидан. Шунинг учун йўлингиз туташмаган». Улар аксинча, «фаришта»ларга чиройли сўзлар айтади, бу икки дугонадан айириб, мени «дўстимиз» деган бу икки ёлғизликка дучор қилди. «Ёлғизлик кимнинг ватани.»

Бу ерда фақат ўтган кунлар эсланади. «Бир куни Воронсов саройи ёнидаги хиёбонда ухлаб қолдим. Майса устида. Қўлимда китоб. Шу кунлари икки дугона менга ҳамроҳ эди. Аня айтади: «Ҳалиги, кўряпсанми, кишидан илтимос қилдик, бизни суратга туширишга, қизиқ чиқади, сен ухлаяпсан, биз икки елкангга тирсагимиз билан…». «Менга хат ёзганингда суратни ҳам қўшиб юбор.»

Дунёда тасодиф йўқ эди. Йўлимда оёғимга теккан ҳар бир кесак энди тасодифдай туюлади. «Икки жин қизларнинг хаёлини ўғирлаб қўйишгани-чи?» Билмайман. Мен Ойхонга: «Мени қутқар!» деб хат ёзганим-чи?

. . .

         Ҳеч нарса томон йўл узоқдай туюлади. Худонинг карбонад ангидриди мени ҳар хил ковакларга ёки ғорларга учириб боради. Бу ковакларда хотираю фикру хаёллар яшайди. Ҳар хил балою қазодан асрасин, шу бўлса керак, ёдимга келади, ҳи, куламан, ёқимли, бўйсуниш ҳам ёқимли бўлади.

Мен – ҳаво. Мени ҳеч ким эшитмайди. Нуқул ковакдан ковакка кираман. Вазнсиз бўшлиқ, шунинг ўзи қўрқинчли, ҳам ёқимли, аввал фақат ёқимли эди, энди ҳар замон, ҳозир кўпроқ ўзимни тутиб оламан. Ва ковакларга кирмай қўяман.

Фақат ҳаво, «йўқ ҳавоси сўриб олинган ҳаво» – шундай мисра бор, шундай ҳолат бор махлуқда, унда бу абадий давом этади, гўё, йўқ, ҳа, “гўё”, деб ўзимни овутаман ёки бу ҳавонинг ўзими ҳеч нарса, йўқ, бу ҳаво – нарса, нарсалардан бири.

Мен шошилдим. Ахир, бу ҳаво кибр-ку, кибру-ҳаво. ҳаволаниб ўтирардим. Чой ичиб. Яна эслаяпман. Йўқ, яхшиси бу тубсиз, ери йўқ чексиз, осмони йўқ ҳавода учиб юргим бор. Озроқ бўлса-да. Лекин.

«Қуруқ сумбатингга чой ичиб ўтирибсанми?», деган овозни эшитаман. Яна. Яна такрорланади. Ким бу? Бу мен эмас, лекин, таниш бу овоз, узоқ йиллардан бери қадрдон, ғаму ташвишимда, қувончимда шерик бўлган. Ким у? «Бу менсан.» Сени танимайман. «Бўлмаса қуруқ сумбатингга чой ичиб ўтиравер, ҳаволаниб, буғланиб.» Майли ҳаволанай, буғланай, лекин сенга қулоқ тутиб булғанмай.

Мен бу кибру ҳавони неча кундан буён тарк этганим йўқ. Мени тинмай чақираётган овозга гоҳ таслим бўлгим келади, унинг орқасидан у қаерга йўл бошласа, шу ёққа кетиб қолишимга сал қолади, лекин ўйлайман: «У ёқда нима бор, ўша-ўша давлат, ҳеч бир янгилик, ҳеч бир ўзгариш йўқ, куним қуруққа ўтиб кетади», бу ерда яна озроқ сабр қилай, майли, кибр диёрида яна бир неча кун нафас олай…

Қаёқдадир еру дарахт, қурт-қумурсқаю одамлар қуёшни кутади. Улар қуёш ёрдамида кўкармоқ исташади. Шунинг учун Суқрот қуёшни худо деган, фикрни, одамнинг йўлини ёритиб борадиган фикрни худо деган, йўқ, бу ёш болакай шимаётган хўрозқандга ўхшайди, ширинлик тамом бўлса, бола яна йиғлай бошлайди. Бу чексиз давом этади.

 . . .

Қиримдан қайтганингдан сўнг бир кечаси, эсимда йўқ қайси куни, «қулоқ сол», деганим ёдингдами, кейин «юрагинг зарбини эшита бошлайсан, шунда узоқдан шовқин тўлқини юрак «дук-дук»идан устун кела бошлайди», деб сен ўзингга эмас, аксинча, мен сенга эслатиб қўйувдим. Сафардан қайтганингдан сўнг денгиз шаклидаги бутга сиғиниб бошлаганингни бугун сезиб қолганингда, мен сенга ёрдам бериб юрганимни билдинг. Метродан чиқиб кутубхонага бораётганингда «Қиримдан жомадонинг тўла бут олиб келдинг», деб сенга таъна қилдим. «Жомадонимда кийим-бошу ҳали ўқилмаган китоблардан бошқа нарса йўқ эди.» Лекин. Эшит, сенга «қулоқ сол» дейишимдан олдин, йўқ, аввал сендан эшитиб кўрмоқчиман. Кейин, мен ўша кечаси нима ёзганимни ўқиб бераман. Сенинг адашишингни хоҳламайман. «Қўшнимнинг хўрози тонгги соат тўртда қичқиради. Аммо менга эслатган кунинг тонгги соат тўрт бўлишидан икки соат олдин қичқирди.» Шунда, эшит ёзганимни ўқияпман, «у танасида айланаётган қонини кўрди. Қон қоп-қора. Ва…», у ёғидан хабаринг бор, бут Қора денгиз шаклига кирганини фаҳмладинг. Буни энди билсанг-да, ўшанда еттинчи сура икки юз биринчи оятни эслашга ҳаракат қилдинг, шунда хўроз қичқирди. «Асраш-эслаш қийинлигини билсанг эди. Мен ҳозир кўнглимдан ўтказган кечмишим, сен шунчаки ёзиб қўйишинг учун бўлмади.»

Эслаганимда бутлар кўз ўнгимдан йўқолди.

2

«Кутубхонадан чиқиб, йўлкира эсимга тушди.» «…эсига тушди». «Эсингга тушди.»

«Борса-келмас» чегарасида миршаблар – бири «Андижон полка»га, иккинчиси «Хоразм лазги»сига ўйинга тушяпти. Назоратчи аёл қўлини кўксига қўйиб, «марҳамат ўтинг» дейди менга, шериги хуржун кўтариб кириб келган чолга «бобо мундоқ нафасингизни ростланг», деб қўлидаги пиёлани узатади. «Хоразм лазги»сига ўйнаётган миршаб чолнинг елкасидан хуржунини олиб, «бобо, вагонгача қарашвораман», деганини элас-элас эшитаман.» «Унгача чегарадан ўтиб кетаётган бўласан.»

3

«Шоирни кўриб қоламан.» «Борса-келмасда-я.» «Метрода. Миршабларга гапиряпти. Ёпирай. Шоир «онаскэ, онаскэ, онаскэ», деяпти. Иккови қўли кўксида жўровозда ташаккур, ташакккур, катта раҳмат, устоз, дейишяпти. Қулоғим яхши эшитади. Кўзим кўр эмас. Қўрқиб кетаман. Қўрқув аралаш хотиржам уларга яқинлашиб, икки навбатчи ходимга шоир «Р»ни гапиролмайди, бировингиз япон ёзувчиси Рюноскэ Акутахавага ўхшаркансиз, десам, бир-бирига қараб кулишади, лекин майин, худди чақалоқ кулгусидай, сўнг бараварига шоиримиз олтмиш ёшдан ошиб сўконғич бўлганлардан хабардормиз, бизга японча сўкишлари ёқади, дейишиб, «бизнинг номимиздан ҳам вино ичингда, устоз», деб чўнтагидан пул чиқаришиб, сўконғичга беришади. «…сўконғичга беришади.»

4

Қўрқмагин, бу Амир Темур метро бекати эмас. Борса-келмас. Бу ердагилар қарғишини ичига ютиб, одамларни яхши кўриб, ҳар хил тилларда меҳр билан сўкадилар. «Мен сени кўриб турибман.» «Мен кўринмайман.» «Қаршимда чап тарафдаги столда пиво ичяпсан. Мен эса дунёдаги энг арзон ичимлик – чой ҳўплаяпман, ҳатто метро чиптасидан ҳам арзон.» «…метро чиптасидан ҳам арзон.»

5

«Кеча радио диктори эртага ёмғир ёғади, деб айтганига бугун кутубхонадан чиқиб, ёмғир остида пиёда қаёққадир кетаётганимда ҳақиқатан ишондим. Шунда ўша диктор қизни рост гапиргани учун эмас, бугун ёмғир ёққани учун яхши кўриб кетдим. Ваҳоланки, ҳамма рўй-рост гапиради. Телевизорлар, радиолар, газеталар, китоблар, ҳатто иблис Ҳақ қошида бандангни ундай қиламан, бундай қиламан, деб очиқчасини айтади.» «Нафақат ёлғонни чин гапирувчиларнинг ҳам устози иблис бўлганда, демак», – дейди Собит Маҳмудий. Тўсатдан унинг бошидан икки шох ўсиб чиқади. «Собит Маҳмудий, шохингиз борми.» Кулади. «Менда шох нима қилсин?» «Ойнага қаранг.» Қарайди. «Жуда ҳазилкашсиз.» «Ҳазил қилмадим.» «Унда ёлғон гапирдингиз.» «Йўқ.»

6

Собит Маҳмудий кафедаги телевизорга қараганча кўзи лўқ қотиб қолган: «Шунақами» дейди, кейин «Қаранг, қаранг, телевизордан бир така чиқиб архитектор бўлмоқчиман деяпти.» Собит Маҳмудийнинг бошдаги шохи яшин тезлигида йўқолади.

7

Шу куни кечаси Собит Маҳмудий менга қўнғироқ қилади. «Эшитяпсизми, Амир Темур метро бекатида бир гуруҳ така кўрдим. Эшитяпсизми, одам такага айланиши мумкин, така одамга – ҳеч қачон.» «Яъни?» «Иблис одамга ҳеч қачон.» Кейин мен: «Собит Маҳмудий». «Лаббай», деган овоз эшитилади. «Ҳозир юрагингизни тинглаб кўринг-да», дейман. «Тинглаяпман. Қулоғим ёнида нимадир ғинғирлаяпти тинмай.» «Шуни эшитаверинг-чи», деб телефон гўшагини қўяман.

Телефон жиринглайди, яна Собит Маҳмудий. «Эшитяпсизми, телевизордаги така эмас эди. Метрода ҳам такалар эмас, йўловчиларни кўрувдим», дейди ялингансимон. Мен жим.

«У ҳам жим. Мен айбдорман бунга.» «Нега?», дейди Абдухолиқ. «Негаки, ўша куни эрталаб шаҳарнинг шарқ тарафига пиёда бораётгандим, қаршимда афтидан ароқхўр, тўхтаб, салом-алик йўқ, «Илтимос, юз сўм беринг», дейди. Мен унга ҳатто ҳеч нима демай йўлда давом этдим. У эса орқамдан: «Шохинг борми?», деб бақирди.

«Қизиқ. Қаёққа бораётувдингиз, эрталабдан, ишламасангиз?»  «Мен ҳар кеча уйқусизликдан, деб ўйламанг яна, хат ёзаман, нимадир иш қилишим керак-ку, ахир. Кейин хатни конвертга жойлаб устига ўзимнинг яшаб турган манзилимни, исмимни кўрсатаман.»

«Ўзингизга ўзингиз хат ёзасизми?» «Абдухолиқ ҳам шундай дейди, нимаси қизиқ ўзига ўзи хат ёзишнинг. Гап бунда эмас. Мен ҳар куни хат баҳона шаҳарнинг бир чеккасига пиёда бориб, конвертни почта қутисига ташлаб, яна пиёда қайтаман. Бу қизиқарли машғулот.»

«Менинг сабрим чидамаса керак бунга», девди Абдухолиқ. Ишонасизми? Ҳали бирорта мактубим ўзимга етиб келгани йўқ. Абдухолиқ почта хизматчилари бизда яхши ишламайди, дейди. Йўқ-йўқ, асло. Ҳамма бало ўзимда. Конверт устига манзилим-исмимни аниқ ва хатосиз ёзяпман, деб ўйласам керак. Ҳеч бўлмаса бир донаси етиб келиб, қўлимга тушиши мумкин эди-ку.»

«Умидсиз бўлманг. Хоҳлайсизми, мен сизга хат ёзаман. Хатни қўлингизга тутқазаман. Яна у ҳам почта идораларида йўқолиб кетмасин.»

«Сиз мени умидсиз, нотавон одам, деб ўйлаяпсизми, девдим. Собит Маҳмудий, айтинг-чи, шундай одамга ўхшайманми? Ўшанда Ойхонга айтувдим, агар умидсиз бўлганимда, ҳеч қачон ўзимга хат ёзмаган бўлардим.» «Ҳатто ҳали ҳам кеч эмас.»

«Ойхон ҳам ўшанда шунақа гап айтиб, қўлимга менга ёзган хатини тутқазувди.»

«Мен ҳеч қачон аёл зотидан хат олмаган эканман. Хотиним бундан мустасно – у бир марта ишхонамга келиб, хат эмас бир парча қоғозда келганини ёзиб кетган, холос», дейди Абдухолиқ Қалқон. Мен эса ундан Устоз ҳақда сўраб-суриштираман. У бепарво ёки ўзини атай шундай кўрсатяптими? «Билмасам, балки борса-келмасга кетиб қолгандир», дейди. Кейин озроқ ўйланиб, бу масалада сизнинг олдингизга боришимни тайинлади.» «Борса-келмасга бориш ҳақда мен ҳам кўп бош қотириб юрганман. Энди хаёл ҳам қилмайман. Бола-чақалиман. Оиламни ташлаб кетолмайман-ку, ахир. У ёққа бориш сизга осон туюлар балки, ҳали уйланмангансиз, бу ҳали ҳеч нарса эмас, йўлга тушмасданоқ борса-келмаснинг йўлини йўқотиб қўйибсиз. Таажубланманг, шундай.»

Мен «сиз доим чин гапирасиз, шунинг учун доим сизга қулоқ соламан, лекин», деганимда, «Бировга тез ҳукм чиқарманг. Шошилманг, азизим», девди.

Шунда у билан анча тортишиб қолдим. Мен айтдимки: Сиз ҳамма вақт ўзингизни оқлайсиз. Бошқага ҳукм чиқаришга шошилма, деганингизнинг ўзи шундан далолат беради. Агар ҳозир нега ишламай юрганимнинг боисини айтсам, сиз эътироз билдириб, «Ҳеч бундай эмас-ку», дейсиз десам, у аввал жим қотди – ўйлаб олди, шекилли, сўнг бирдан қизишиб, «Вайсанг-чи», деди.

«Рост. Қани вайсанг-чи, нега ишламай юрибсиз? Хат ёзишни баҳона қиласиз», деб Абдухолиқ Қалқон мендан сўради. «Қалқон, мана қаранг, ўйлаб кўринг, менинг қаердадир ишлашим ўзимга зарар-ку. Ишласам, солиқ тўлайман, тўғрими, ҳукумат эса бу маблағ ҳисобига борса-келмасга ҳеч ким бормасин, деб чегарани мустаҳкамлаш билан овора. Газетаю радио эса «борса-келар»имизни гуллаб-яшнаётганини ёзишу айтиш билан банд.»

Абдухолиқ Қалқон эса нутқимдан қизишиб кетиб, «чиндан, эй, нега ҳукуматимиз «борса-келмас»ни очиқча ёмонламайди?» девди. Кейин бу саволига ўзи жавоб берди: «Қўрқишади.»

«Ойхон эса, «Сизни тушунаман. Бу гапларни миянгиздан чиқариб ташланг, биров билиб қолмасин», деб қўлимга хат тутқазди. Эшитингда Собит Маҳмудий, айниқса, мана бу сатри: «Сенинг ўй-кечинмаларинг мен учун ҳам қизиқ, ҳам азиз, аммо ғалати. Ўкинма. Ташвишга тушма, ҳаёт – имтиҳон. Биз биргаликда бу имтиҳондан аъло даражада ўтамиз». Ҳам ёқимли, негаки, умид уйғотади. Ҳам қўрқинчли, гўё ҳамма тил бириктириб, мени синаш-имтиҳон қилиш билан машғулу, мен эса буни билиб билмасликка олиб юргандай эдим. Кейин сал кўзим очилгандай бўлди. Бир пайғамбар айтгандай, одам нима қилаётганини ўзи билмаскан. Шунда ташвишга тушмай қўйдим. Мамлакатда нима ишлар содир бўлаётган бўлса, шахсан менга ҳеч алоқаси йўқ. Сизни тушунаман, агар мени «ватанпарвар эмассиз», деб айбласангиз. Ва сизга бу масалада заррача эътироз билдирмайман.

«Шунда Собит Маҳмудий менга ҳеч нима демасдан Устознинг, англашимча, «борса-келмас»дан туриб, унга ёзган хатини ўқиб берди. Абдухолиқ, агар сизга бу хат қизиқ туюлаётган бўлса, эсимда қолган жойларини айтиб беришим мумкин.» «Хўш-хўш. Ишонсангиз, мен учун ғоят қизиқ. Аммо хатни нега энди «борса-келмас»дан ёзган экан ва у ёқдан бу ёққа етиб келиши-чи, менда шубҳа уйғотмасдан қолмайди. Ҳа, майли.»

8

«Хат менда оғир кайфият туғдирди, ўшанда. Негалигини икки йил ўтгандан сўнг билдим. Яхшиси сизга негалигини айтмай. Ўзингиз тушуниб оларсиз, қачондир. Хат «Мен борса-келмасдаман», деб бошланарди. Кўп жойида «борса-келмас»дан шикоят қилаётгандай эди. Хат эгаси. Чунки хатда «менга қийин бўляпти», деган жумла камида тўрт-беш марта учрарди. Менга ёққан жойи, Абдухолиқ, ҳатто шеърдай ёд олганман, бу эди: «Борса-келмас»нинг табиати мени мафтун қилди. Қуёшнинг бир четида холи бор. Ойда эса доғ йўқ. Одамлари фақат жилмайиб юришади.» Хатнинг охири эса, назаримда анча қайғули нотада тугалланган эди. «Сўнгги пайтларда,- деб ёзганди Устоз,- ҳаловатимни йўқотяпман. Бу ернинг табиатидан, одамларидан ҳеч тинчим йўқ. Қуёш нурлари баданимга найзадек ботиб кетяпти. Ёш дўстим Собит Маҳмудий, ўзингиз ўйланг, бу беҳисоб найзалар… танамда тешилмаган жой қолмади. Бу ерда қийин бўляпти.» Шунақа».

«Бу хат ҳақда энди сиздан эшитиб турибман. Собит Маҳмудий менга гапирмаган экан.»

9

«Бир куни эшигим тақиллади, очсам, почтачи қўлимга конверт тутқазяпти. Хурсанд бўп кетдим, Собит. Ниҳоят, ўзим ёзган хатимнинг бири кепти, деб ўйлагандим-да. Йўқ, хат Устоздан экан. Барибир қувондим. Лекин қувончим узоқ чўзилмади. Хат қайғули эди.

«Қандай бўлмасин борса-келмасга бориб, Устозни излаб топиб, касалхонага олиб боришимиз керак», дейди Абдухолиқ Қалқон. «Собит Маҳмудийга бу хатни ўқиб берганимда, у ҳам «Зудлик билан Устозни табибга кўрсатиш керак» деб, Абдухолиқ эшитяпсизми, қўлимдан хатни юлиб, «у касал эмас», деганимга жавобан бу жойини ўқувди: «Менга бу ерда оғир бўляпти. Кундузи қуёш, кечаси ой йўқ. Шифоси йўқ жойга ўхшайди.»

«Собит, Устоз хатида чин ёзмаган, лекин ёлғон ҳам эмас» десам, «Нималар деб валдираяпсиз», девди.

«Айтинг-чи, сиз менга ёзган хатингиздаги ҳамма гаплар ростми?», деб мендан Ойхон сўровди.

«Абдухолиқ, нима дейишни билмай қолдим.» «Демак, ёлғон ёзгансиз-да?» «Йўқ, аксинча, ичимда нимани ўйлаган бўлсам, шуни ёзгандим. Соф. Лекин, биласизми, нима?»

«Нима?», сўровди Собит Маҳмудий. «Одам бировга яхши кўриниш учунгина чин гапирар экан. Унга чин гапириб, уни ўзимга севдирибман.» «Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Устознинг бир жумласини тушуниб етганимдан сўнг бадтар ўз-ўзимга хат ёзишни кучайтирдим.» «Қайси жумласини?»

Абдухолиқ ҳам «қайси жумласини», деганда тилимни тишловдим. Шу куни кечаси бу жумла ҳақда ўзимга хатда ёза бошладим.

«Шу хат ўзингизга етиб, яъни қайтиб келдими?», деб Собит Маҳмудий менга савол берувди. «Йўқ», девдим.

«Лекин ишончим комил.»

«Нима деб ёзгандингиз, айтинг-чи», деб Абдухолиқ Қалқон сўраганди.

«Менга ҳам айтинг-чи.» «Собит, ой қуёшнинг ёруғидан ўзини чиройли кўрсатиб, ҳаммани алдайди. Қуёш эса ўзи қандай бўлса, шундай кўрсатиб, ҳаммани ўзига қаратади.»

Бу гапимга жавобан бири: «Демак, унинг касал бўлмагани ҳақиқат» деса, иккинчиси: «Демак, унинг касал бўлгани ҳақиқат», девди.

 *   *   *

 «Сўнгра мен кафеда узоқ ўтирдим, аввал чой, кейин пиво ва қаҳва ичдим, балки тўрт соат ўткандир, Марям келди.»

Ёнингдаги ким?, деди Д.Н. Оля ҳайрон қолди. Чунки кафеда улардан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

«Марям менга айтдики: «Д.Н. сен франсузга ўхшайсан-у лекин франсуз эмассан». «Ёнингдаги Ким?», деб мен қайта сўрадим. У эса индамади. Мени билмайди, деб ўйлаганда, чоғи.

Оля жиддийлашди ва: «Балки рақсга тушсам Д.Н. менинг учрашувга кечикиб келганимни кечирар», деб ўйлаб, ўриндиқдан туриб, кафе фонтани деворига чиқди-да, рақсга туша бошлади.

«Марям икки қўлини икки ёнга ёзиб қимирлатган сайин ёнидаги кампир сочларини тўзғитиб, овози борича бақирарди. Марям кампирни кўриб кўрмаганликка олаётгандир, деб ҳам ўйладим. Офисиант қизни чақириб, «Уввос солаётган анави кампирни кафедан чиқариб юборинглар», десам, у ҳам Марям каби икки лабини бир-бирига қисиб, орқага тортди. Ҳатто кўрсаткич бармоғим билан кампирни кўрсатдим ҳам.»

Оля чарчади. Келиб ўтирди. Д.Н. эса сўради: «Чарчаб қолдингиз, шекилли».

«Мен Марям ёнига келиб ўтириб олган шум кампирга пичинг қилувдим. Марям мендан сўраяпти, деб ўйладими: «Чарчамадим, мусиқасиз узоқ рақс тушиб бўлмайди», деди, мен: «Кампир доира чалди-ку», деб сўрадим. У эса: «Қанақа кампир» деб безрайди. Кампир эса менга чап кўзини қисиб, қўлидаги тугунни ечди.»

Улар орасида жимлик чўкди. Балки уч-тўрт минут ўткандир. Оля офисиант қизга имо қилди. «Бизга иккита қаҳва, илтимос, меники сутли бўлсин», деди.

«Мен кампир қаҳва ичмайдими, деб Марямдан сўрадим. Сўнг офисиант қизга иккита эмас, учта қаҳва, буюрдим. Бу вақт кампир адашмасам кашта тикаяпти. Бошини кўтармайди. Ишига қаттиқ берилган, чоғи.»

Д.Н.: «Момонгиз бўладими?», деб сўради. Оля ажабланди. «Қанақа момо? Қани? Сизга нима бўлди.» «Ёнингизда ўтирган ким?» Оля ўнг ёнига қаради, ҳеч ким йўқ, чап ёнига қаради, ҳеч ким йўқ. Кейин: «Кўп ичдингизми?», деб сўради. Д.Н. қандай ичимлик ичган бўлса шуни айтди. «Балки банг чеккандирсиз, Паша икковингиз», деб сўради Оля. Павел ҳам Киевдан, талаба, ёзда пул ишлагани Қиримга келади. Оля билан Киевдаги университетда ўқийди.

«Марям, биласиз-ку, банг чекмайман», десам у: «Мени Марям деманг, онам қўйган ўзимнинг исмим бор-ку», деди жаҳли чиққандай. Кашта тикаётган кампир бошини кўтармай кулиб қўйди. Кўрдим. Кейин бошини кўтариб, чап кўзини яна қисди. Мен ҳам жавобан чап кўзимни қисдим.»

Оля таажубланди: «Сизга нима бўлди, менга кўзингизни қисяпсиз. Ростдан ҳам банг чеккансиз». «Павел кундузи соат икки атрофида чеккан эди», деди Д.Н. жавобан ва офисиант қиз келтирган қаҳвадан ҳўплаб, сигарет чека бошлади.

«Ҳой, кампир, қаҳва совиб қолмасин, ичинг, – дедим. У жавоб қайтармади, эшитмаганга олди. Билдим. Кейин тикаётган каштасини буклаб, тугунига ўради. – Қаёққа отланяпсиз, қаҳвангизни ичиб кетинг-да», дедим. Индамади.»

Оля: «Шошилаётганим йўқ.Қаҳвани ичяпман-ку. Паша ҳам ҳали замон келиб қолса керак», деб соатига қаради. Д.Н.: «Неччи бўлди», деб сўради.

«Йигирмата кам бир», деди Марям. Кампир соат неччи бўлганини эшитиб, «Кечга қолибман-ку», деди менга қараб, сўнг ўрнидан туриб кафе қаршисидаги улкан магнолия дарахти томон юрди. Мен қизиқиб дарахт томон қарадим».

2.

Оля: «Эй, эй менга қарагин. Скамейкадаги қизларга ҳушинг кетдими», деб бармоғини чертди. Д.Н. унга қараб кулди. Оля ҳам.

«Сўнг Марям: «Паша ҳали замон келиб қолади», деб соатига қараб қўйди. Мен эса магнолия дарахтига қаровдим ҳам, кампир дарахт тепасидан ҳуштак чалиб, ўнг қўлини силкитди. Мен ҳам.»

Оля: «Паша келяптими», деб орқасига ўгирилди. Кўча томонда ҳеч ким кўринмасди. Сўнг дарахт ёнидаги скамейкада ўтирган қизларга қараб: «Бу қизларни танийсизми. Москваликларга ўхшашяпти, чамамда», деб Д.Н.дан сўради. У эса «йўқ» маъносида бошини чайқади.

«Шу пайт магнолия дарахти тепасидан қизлар туша бошлашди. Кампир уларга ҳуштак чалган экан, менга эмас. Фонтан ҳовузчаси атрофини ўрашди. Ва қўллари билан қарсак чала бошлашди. Ҳовузча ичидан ёши қирқ атрофида аёл юзини чиқарди. Аввал балиқми, деб ўйловдим. Марямга кўряпсизми, десам «йўқ», дейди, аввал жиддий айтди. Чунки мен жиддий сўрагандим-да. «Скамейкада ўтирган қизларни кўряпман, олдиларига йигитлар ҳам келишди», дейди. Анови қиз-парилар эса ҳовузча деворига ўтириб олишди. Сув ичидан чиққан аёл эса уларга бир нима дея бошлади. Менга қизиқ туюлди, албатта. Марямга: «Ҳозир келаман», деб ўрнимдан қўзғалдим. Фонтанга яқинлашдим. Париларга: «Сиз кимсизлар», девдим улар мен томонга ўгирилишиб, жиддий қараш қилишди. Ҳайрон қолишгандек, ҳеч нима гапиришмади. Мен жойимга келиб ўтирдим,»

Оля Д.Н.дан «Ҳовузча ичида балиқ кўриб қолдингизми?», деб ҳазиломуз сўради. У эса: «Париларни кўрмаяпсизми?», деди. Оля кулимсираб: «Москвалик париларними?», сўради. «Йўқ, магнолия тепасидан тушган париларни», жавоб берди Д.Н. Орага битта сигарет тутатилиб, чекилиб тугатилгунча вақт жимлик тушганда Павел кафега кириб келди. «Яна банг чекиб келяпсизми?» Оля сўради. Паша жавоб бермади, фақат столда турган қаҳвани ҳўплаб: «Совуб қопти-ку», деди. Яна жимлик чўкди. Бу сафар учови икки мартадан сигарет чекишди. Кейин Д.Н. жимликни бузди: «Паша ҳамма ёқ сароб, бўм-бўш, эшитяпсанми?», деди. Павел индамади, фақат кўзи олайиб кетди.

«Менинг бу гапимдан Марям хафа бўлдими, юзини мендан тескари ўгириб олди. Энди мен ундан хафа бўлдим. Кейин фонтан ҳовузига қарагандим, ҳовузча ичидан бошини чиқариб турган аёл менга табассум қилди-да, кийикка айланиб кўча тарафга, худди биров қувлагандек, югуриб кетди. Ҳовуз атрофидаги қизлар эса магнолия дарахти тепасига чиқиб ғойиб бўлишди. Мен ўрнимдан қўзғолиб, кийикнинг орқасидан қувиб кетдим. Алупка шаҳрининг марказий кўчасидан югуриб борардим. Кийик кўринмасди. Югуришимни бадтар тезлатдим, олдинда зоғ кўринмайди. Шу кетишда «Воронсов» хиёбонига кириб қолдим. Атроф қоронғу. Бир вақт бошимга мушт тушди. Бошим айланиб, ерга йиқилдим. Атрофимда ҳалиги раққоса қизлар ҳадеб мени қўлларидаги хивич билан уришади. Юзимни қўлим билан бекитиб олганман, майли, дейман ўзимча, жоним оғриса оғрисин, уларнинг башарасини кўрмайин. Бир вақт «Д.Н. турсангизчи», деган овозни эшитдим. Марямнинг овози. Кўзимни очиб қарасам, Марям. Кулиб турибди. Ҳайрон қолганимни билди. «Мен Марямман» деди. Ишонқирамадим. Чунки кафеда у: «Мен Марям эмас, Оляман», деб такрор-такрор айтганди. Хўп.

Хуллас, «Туриб, орқамдан юринг», дейди. «Қаёққа», дедим. «Юринг, кейин биласиз», дейди. Ётган жойимдан қўзғолмадим. Аксинча, «Мен сиздан хафа бўлдим, Марям», деб бор ҳолимча бақиргандим, яна раққосалар пайдо бўлиб баданимни чимчилай кетишди. Уларнинг юзини кўрмайин, деб кўзимни жоним борича юмиб олдим. Шу вақт дупур-дупур туёқ товуши эшитилди. Қизлар ғойиб бўлишди. Кўзимни очиб қарасам, бояги кийик яна аввалги аёл ҳолига қайтиб, мени қўлимдан маҳкам ушлаб ҳавога кўтарилди.»

3.

«Самолёт ҳавога кўтарилганига ярим соатдан ошди ҳам «чурқ» этмайсиз?», деди ёнида ўтирган киши. Д.Н. эса унга хўмрайиб қараб: «Сизни танимасам», деди. Ҳамроҳи жавобан кулди. Д.Н. эса: «Кеча киевлик танишларим билан хайрлашишни унутибман», деса ҳамроҳи: «Иллюминатордан қаранг, қандай чиройли кўриняпти, Қора денгиз», деди кўнглини кўтармоқчидай.

«Мени қўлимдан олиб ҳавога учган аёл: «Менга қарама, пастга қара» деди. Қарадим, «Устозни кўряпсанми?» сўради, мен эса: «Кўрмаяпман, қирни кўряпман фақат», дедим, у: «Яхшилаб қара», деди, тикилиб қарасам Устоз қирда тиззалаб ўтирибди, бошини ерга тегизиб-тегизиб оляпти, нега у бундай қиляпти, десам пари-аёл индамайди; «Борса-келмасда ҳам у азоб чекяптими», деб кеча бақирганим эсимга тушди. Аммо ёнимда ўтирган одамга бу ҳақда гапирмадим. У менга ҳар хил саволлар бера бошлади. Қиримнинг қаерида бўлдингиз, нима қилдингиз, қандай дам олдингиз ва ҳоказо.»

Шунда Д.Н. унга қараб: «Эй, сиз кечаги ҳалиги жинлардан эмасмисиз, мени хивич билан урган», деб сўради. Ҳамроҳи: «Мени кимгадир ўхшатяпсиз, шекилли», деб жавоб қайтарди. Д.Н.: «Майли, ўтган ишга саловот, ростини айтинг, улар сизни мени орқамдан пойлоқчи қилиб юбордими?», деб сўради. У: «Эсингизни еб қўйганмисиз. Мен тошкентликман. Қиримда ўғлим, келиним билан яшайди. Шуларни кўргани борувдим, энди қайтяпман», деди. Д.Н. эса: «Аммо овозингиз кечаги жинлардан биттасиникига жуда ўхшаб кетар экан», деди. Сўнг улар орасида самолёт то ерга қўнгунча жимлик чўкди.

4.

«Ниҳоят Тошкентга ҳам келиб қўндик», деб жимликни Д.Н. бузди. Ҳамроҳи эса: «Қанақа Тошкент. Бу борса-келар, қани бунинг оёқ-қўлини боғланглар», деб чапак чалганди, олд-орқа ўриндиқлардан ҳалиги қизлар туриб, Д.Н.га ёпирилишди. У бечора эсини йиғиб олгунча кўп вақт ўтган экан, қўли, оёғи боғлиқ қоронғи ертўлада ётганини пайқади. Ертўлада ундан бошқа яна битта одам бор экан. Танишди. Исми Юсуф К. экан. Қиримдан эргашиб келган қизлар уларни қийнай бошлашди. Ҳар куни уч маҳал баданларини чимчилаб, ўйиб олишарди. Уч кун ўтди. Тўртинчи кун эрталаб Юсуф К. Д.Н.га айтди: «Сенга яхшилик қилсам, қўлимдаги хатни севгилим Зулайҳога олиб борасанми?» «Жоним билан», деди Д.Н. Унга бундан буён нима қилиши кераклигини уқтириб, сўнг севгилисининг манзилини конверт устига ёзиб қўлига тутқазди.

Шу пайт ертўла эшиги очилиб рўмол ўранган чиройли жувон кириб салом берди. Д.Н. жувонни таниди. Эски таниши. Жувон: «Юринг бу ёққа», деб Д.Н.ни ертўладан олиб чиқиб кетди. Юсуф К. унинг орқасидан: «Айтганимдай қил», деб пичирлаб қолди. Улар ҳовлига чиқишганда аёл: «Мени танидингизми? Дилдор бўламан», деб ҳовли ўртасида ёнаётган гулханга рўмолини сўнг кўйлагини ечиб ота бошлади. Шунда Юсуф К. уқтиргандай Д.Н. аёлга яқинлашиб, уни гулханга итариб юборганди. У бир пасда худди қоғоз ёнгандек ёниб кул бўлди. Д.Н. югуриб бориб отхонага кирди. Дуч келган отга миниб, дашт томон уни чоптириб кетди.

 5.

«Йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Кун ботиб атрофни қоронғулик қоплаганда бир бино олдидан чиқиб қолдик. Дарвозасини очиб кирдик. Ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Отимни устунга боғлаб эшикни очиб, ичкарига кирдим. Кенг саҳнадай ичкари, лекин ўртаси темир панжара билан тўсилган, нарёғида ёш-ёш болалар. Мени кўриб қий-чув кўтаришди. «Мени кўриб нега қўрқдинглар», десам, «Бизни ўтхонага ташлагани келдингизми?», дейишди. Тушунмадим. Бегоналигимни билишганидан сўнг тушунтиришди. Эрталаб уларни ўтхонага ташлаб ёқишаркан: «Кўряпсизми – дейишди – трубаси ҳам бор. Шу трубадан тутунимиз мамлакатга тарқалади. Шунда янги туғилаётган чақалоқлар ўлик туғилмайди. Руҳимиз тутунга ўралиб, улар ичига киришади-да». Уларнинг гапини эшитиб, тупугимни ютиб юборибман. Улар: «Амаки, биз атиги битта эртак эшитмасдан ўлиб кетяпмиз, илтимос, чўпчак бўлса ҳам айтиб беринг», деб илтимос қилишди.    Мен у ёқ, бу ёққа олазарак қараб: «Сизларни қўриқлаётган қоровул борми?», десам, «Улар иккита, эрталаб келишса керак. Бир танишиникига тўйга – ош ейишга кетишди», деб кулишди.»

Д.Н. ўйлаб кўрса, битта ҳам эртак эсида йўқ. Шунда у ўзининг болалигини эртак қилиб айта бошлади.

 6.

«Бир бор, бир йўқ қадим замонда Д.Н. деган сиз тенги бола ҳам бор экан, ҳам йўқ экан», деган ҳам эди, болалар: «Бу қанақаси – ҳам бор, ҳам йўқ бўлиши мумкин. Ишонгимиз келмаяпти», деб шовқин солишди. Д.Н. эса: «Болалар, агар сўзимни бўлиб, мени чалғитсангиз, эртакни айтмай қўяман», деб огоҳлантирди. Сўнг давом этди.

«Хуллас шу болакай момосини, момоси уни яхши кўраркан. Момоси касал бўлиб қопти. Ётган ҳолатда нуқул: «Ана ўламан, мана ўламан», дермиш. Бола нима қилишини билмай қийналибди. Оймомо буни кўриб турган экан. «Нега йиғлаяпсан?», деб сўрапти бир оқшом. Болакай: «Момом ўлаяпти», деб жавоб берибди. «Хоҳлайсанми, сенга ёрдам бераман», дебди Оймомо. Бола эса: «Сизнинг қўлингиздан нима иш келади», деб ишонқирамабди. «Мен ахир тақдирмомоман-ку», деса бола: «Сиз бор-йўғи кашта тўқийсиз, фақат», дебди. Оймомо кулиб: «Йўқ болам, мен кашта тўқийдиганларнинг тақдирини тўқийман», деб жавоб қайтарибди.»

«Болалар ерга ўтириб олиб жим тинглашар эди. Ўшанда Оймомо айтди: «Агар ҳар куни қуёш билан ўйнасанг, сен хоҳлагандек бўлади». «Масалан, қанақа ўйин?», дегандим. «Ўзингга ёққани», деди.  «Унда бекинмачоқ ўйнайман, аммо эрталабгача узоқ, момом ўлиб қолмасин», деб Оймомога ёлвордим.  У: «Ўзингнинг умрингдан бир кунини момонгга бероласанми?», сўради. «Ҳа. Бир кунини», деб айтдим. «Йўқ. Икки кунини», деб қайта айтдим. У: «Болакай ҳозирча бир кунинг етади. Қуёш чиққунча. Кейин кўрамиз», деди. Тонг отиб қопти. Ухламагандим. Момомга қараб чиққандим-да, қуёш нурлари кўзимни қамаштириб, мени уйғотиб юборди. Ёнимдаги момомнинг ўрни бўш. Хурсанд бўлиб кетдим. Сўридан тушиб қарасам, момом сигир соғяпти. Бирдан тундаги ваъдам эсимга тушиб, совқотгандек қалтироқ босди. Кейин қуёш билан бекинмачоқ ўйнай бошладим. Уйга кириб яшириндим. Деразадан қуёш нурлари уй ичига тушувди. Сандиғимизни очиб, унинг ичидан лаш-лушларни олиб ташлаб, ичига кириб, қопқоғини ёпиб олдим. Кечгача, қуёш ботгунча чиқмадим.»

Битта болакай: «Улар фақат бекинмачоқ ўйнашипти», деб сўраса бошқаси: «Қуёш уни тополмаптими?», деб сўради, яна бошқаси: «Д.Н. жуда бахил экан, бор-йўғи умридан икки кунини момосига бағишлабди», деди. Д.Н. эса: «Жим, болалар, бўлмаса қолганини айтмайман», деб эртагининг давомини айта бошлади.

«Болакай икки-уч кун қуёш билан бекинмачоқ ўйнапти. Қуёш уни тополмапти, албатта. Кунлар ўтибди, болалар, жим эшитинг, момоси яна ана ўламан, мана ўламан дермиш, бола энди тақдирмомога: «Беш йилимни момомга бердим, у ўлмасин», депти. Оймомо жавобан: «Қуёш билан тағин бирон ўйин ўйна» депти. Хуллас, шу тахлитда давом этибди. Бир куни лойдан одамча ясаб, қуёшга: «Элликка довур санагунимча одамчани қурит, қуритолмасанг мен ютаман», деб бола саноғда адашмай, айтилган сонгача тез санаркан. Қуёш ютқазаверибди. Яна бир куни бола уйи ёнидаги ахлатхонада қўғирчоқ кўриб қолипти. Ҳовуздай чуқур ахлатхонага ҳалиги ташландиқ қўғирчоқни олгани тушибди. Олибдию қайта чиқишга қийналипти. Оёқ яланг экан, ахлатхона иссиқданми ёна бошлапти.»

Шу пайт бир бола Д.Н.нинг ҳикоясини бўлиб, «қуёшнинг жаҳли чиқиптими?», деб сўради, бошқаси «ваъдасини бузгандан кейин шундай бўлади-да», деб айтди. Д.Н. давом этди.

«Ахлатхонадан чиқиб олипти-ю, оёғи куйган товуқдек, ерда сакрар эмиш, чунки иккала оёғи ҳам куйипти-да. Шу-шу тақдирмомо ундан хафа бўлиб гаплашмай қўйипти. Лекин берган ваъдасига турипти. Момоси ўлмапти.»

. . .

Муюлишга бориб қолишганда М. қушга: «Бўлди энди уйга қайтайлик ёки бирорта кафега кириб, сал нафас олайлик», деди. Қуш уни тинглагиси келмади, ҳатто, ўн қадам наридаги метро бекатига кирди. Қуш у ёққа – бу ёққа олазарак қарайди ва гўё бир нимани ҳидини олгандек, бурнидан тез нафас олиб, тез чиқаради. Унинг орқасидан югуриб келган М. бурнини жийириб, «уф», дейди. Поезд келади. Улар ҳам вагонга чиқишади. Қуш вагон деразаси ёнидан жой олади ва вагон деразаси токчасида турган тувакдаги гулларга суқланиб қарай бошлайди. Сўнг М.га: «Боя менинг бир яхши нарсанинг ҳидини сезганимни сиз қилғилик, деб ўйлаб, бурнингизни жийиргандингиз. Қаранг, бир яхши гуллар. Чиройли-ку, деб айтмайман, ҳар ҳолда чидаса бўлади». «Балки вагон полидан хас-чўплар топиб, туваклар ёнидан уя ҳам қурарсан, оёқ кийимлардан қолган чангдан ён-верини суваб ҳам оларсан.» Бу кесатиқ қушга заррача таъсир қилмади, чунки у энди гул ҳидидан маст эди. Маст эди-ю, лекин гулни чўқиб олмайин, деган ҳадик ҳам бор эди. М. қушнинг гапига парво ҳам қилмаётганидан, табиийки, жаҳли чиқмади. Бу унга қимматга тушишини, албатта, тушунарди. Анча вақт ўтмади. Қуш юзини М. томонга буриб: «Дарвоқе, гапингизда жон бор. Менга дабдурустдан ёқиб қолган бу гулшанда қаср қурсам, хўп яхши иш бўлар экан. Сиз-да азизим, менинг дарвишчасига қадам ташлашларимдан анча вақт қутиласиз. Хуллас, бир тўхтамга келдик, деб ўйлайман. Сиз бу гулга қаранг, йўқ, шамолда учган ҳидини ҳидланг». «Сенинг нозларингдан чарчаб кетдим. Менинг ҳузур ҳаловатимни сен атайлаб… эшитяпсанми, нега менга қулоқ солмайсан… бузяпсан? Ҳаётимга нега тўғаноқ бўласан?» «М., рост, бу ерга қаср қуриб яшамоқчиман. Негаки, сизнинг ҳатто кўчага чиқишга пулингиз бўлмайди. Сизга-ку қолса, чиқмайсиз, тушунаман, мен сабаб бугун чиқдик, шундаймасми, азизим, бугундан, йўқ, ҳозироқ ажралишамиз, мени кечиринг, сизни ўзимнинг орзу, сиз айтгандай, эрмакларимга кўпроқ ошно қилиб, аксинча, мен сизнинг талабларингизга кам эргашганим учун, балки мастдирман, лекин бу сўзларим  ишонинг самимий.» «Эй, қуш, энди шу етмай турувди. Мени эл орасида шармандаи шармисор қилишнинг янги усулини топибсан, балли,  энди мен сенга қандай илтифот қилишим керак, қизиқ, ўйлаб қўйгандирсан.»

«Сиз доим менинг ҳар бир хатти-ҳаракатимдан ўзингизга қарши исён қидирасиз. Сизнинг вос-восингизга мен сабабчи эмасман. Ҳар бир айтган гапингизни, наҳотки, таҳлил қилолмасангиз? Сабабчи ўзингиз-ку, ахир. Тушунаман, йўқ, биламан, сизнинг хаёлингиз элнинг  назарида: «нима дейишаркин», «қандай ўйлашаркин», «кўзига қандай қарайман», «уятдан кўзимни ердан кўтаролмай қолдим-ку» ва ҳоказолар. Сизга неча марта айтганман, эътибор бериб чалғитманг ўзингизни, ахир, менга ҳеч бўлмаса ҳафтада бир кун тўлиғ қулоқ солинг.»

«Майли, розиман. Фақат бунда уя қуриб, мени эса бу вагонда тиламчилик қилишимга йўл қўйма. Мен-да сен истаган нарсани истайман, лекин ҳар куни кўчадан буғдой тўла қоп кўтариб, мункиллаб кетаётган кампирга бўйин эгган ким? Айт? Илтимос, яна ёмон хаёлга борма. Кейин: «Қўйинг бу гапингизни, яна бошидан бошладингизми», деб айтма ҳам. Барибир қайси бир куни икков дангал гаплашиб олишимиз керак эди. Шу кун бугун экан-да, аммо қанақа шиддатли воқеликни менга таклиф қилишингни ҳатто хаёлимга келтиролмайман. Чунки, айнан шу сенинг орзу-умидларинг йўлида менинг бошимга қандай кулфатлар тушишини, ишон, ҳар кун, ҳар соат ёдимга келтираман ва сенга таъна-дашном қилишимнинг ҳам сабаби шу бўлса керак. Ва бу билан ўзимга қийин бўлса-да, лекин, майли, илтимос, бошқа мавзуга ўтайлик. Илтимос, бу ердан кетайлик. Майли, сен айтганча бўла қолсин, бунгача-да, сен айтганча бўлаётувди.»

«Сизнинг исёнингиз-чи, азизим?» «Сен мени тушунарсан, деб ўйловдим. Рўй-рост гапирсан-ку бошқа, хўп, яхши, демак, фойдам тегяпти.»

«Сизнинг камтарлигингиз менга ёқади, бирам.»

«Менга айтаяпсанми ёки анави гулга? Қара. У уялди. Бирам. Лекин тушунсанг-чи, қачонгача кампир орқалаган қопи тешигидан дон териб юрамиз. Авваллари яхши эди.»

«Сиз рози эмасми?»

«Нималар деяпсан? Ҳатто хаёлингга келмасин.»

Қуш дарди ичида тўлғанаётган эканми нола қила бошлади: «Қачонки, кимдир сизни хафа қилса, менинг олдимга югуриб келасиз ёки бошқа вазият бўладими, нима фарқи бор ёки ёлғиз қолганингизда мен сизнинг эшитадиганингиз. Яъни, қилғиликни сиз қилиб қўйиб, мен жазосини тортаман. Шундан менинг-да гапларимга ҳар замон қулоқ тутасиз-да. «Керак», десангиз керак ичингизда».

«Яна бошидан бошладингми таъна-дашномларингни», деб М. овозини сал кўтарди. Бу ҳаракат билан қушнинг ноласини пасайтирмоқчи бўлди, албатта. Лекин, минг афсус-ки, М. нинг ўйлагани унинг ўзи учун калтак зарбаси бўлиб қайтди. Қуш шундай чинқираб юбордики… Йўқ, бу чинқириқ  товуши зарбидан вагон деразаси ойнаси чил-чил синмади. Ёки ён-веридаги йўловчилар қўрқувдан ҳушдан кетмадилар. Ёки кимнингдир боласи йиғлаб ҳам юбормади. Қизиқ. Йўқ, ғалати ҳолат. Жуда ғалати ҳолат. М.да шунинг учун куярди-да. Қушга-да буни неча йиллаб таъкидласа, у бепарво, М.га: «Улар билан нима ишингиз бор, ғалатисиз», деб тескаридан келарди.

Хўп, майли ҳозирча қайтайлик. М. дир-дир титраб кўзига ёш олди. Йиғлаш осон, дейсизми. Сўраманг. Фақат аёлларгина қачон хоҳлашса шу пайт йиғи-сиғи қилишаркан. М. эса қушнинг раҳмини келтиришининг бирдан-бир чорасини қўллади. Лекин бу сафар олдингисидай чиқмади. Қуш:

«Энди сизнинг йиғи-сиғингизга ёлғон аралашган, деб қарайман, аслида шундай бўлиб чиқяпти», деди.

М. кўзидаги ёшини артиб бир нима эсига тушгандек, ўйланиб қолди. Қуш нимага шаъма қилаётганини англаб етиб, энди қушга қайси йўл билан қандай мулозамат кўрсатишни мўлжалламоқчи ҳам  бўлди-ю, лекин унинг ҳар қандай талаби ичида нима борлигини қушнинг зийрак фаҳми фош этишини у айтмаса-да англаб етди. Қуш нима деса бунга кўнмай иложи йўқ энди, чунки бунга кўп йиллар бурун дон тўла қоп кўтарган кампирнинг, (дарвоқе, қуш уни тақдирмомо, деб атарди), халтасини тешишга  қушни М. ундаган ва бунинг эвазига кейинчалик у нима деса, бу жаноб ҳеч шак- шубҳасиз бажаришини билдирган эди. Қуш миннат қилмаса-да, лекин М. кўзи олдидан ўша суронли воқеалар бирма-бир гавдаланди. Тўғри, кейинчалик М. насибасини бечора кампирнинг энди бошқа кимдир илма-тешик қилган қопидан тушган донларни қуши икковлон кўчама-кўча жавлон уриб териб юришди. Бу-да қушнинг ҳиммати, албатта.

 2.

Улар манзилга етиб келишганди. М. боши эгик ҳолда метро зиналаридан чиқа бошлади-ю, аммо қуш ҳам вагондан чиқдими-йўқми хаёлига келтирмади. Чунонам,  беғамликми бу, йўқ-йўқ, асло, шу он қуш унинг орқасидан учиб келди-ю М.ни юпата бошлади:

«М. анови токчадаги гуллар ўликдан фарқи йўқ. Фақат мендан хафа бўлманг. Мен боя ҳазиллашдим. Яна ўйламанг, синаяпти, деб.» М. эса ҳеч нарса демай юришда давом этди. Қуш унинг нима ҳақда ўйлаётганини билгиси келарди. Унинг ниманидир билгиси, эшитгиси ҳаётининг мазмуни эди-да. Қуш энди элангансимон:

«Тувакдаги гулни ҳидладинг нимаю, мурдани қучдинг нима – ҳеч фарқи йўқ. Лекин, тушунинг мени, одам қайси бир куни ўзгача бир кайфият, ҳолат истаб қолади ва ўз уйидан узоқларга кетиб қолади.»

М. юришдан тўхтаб:

«Эй қуш, менинг уйим энди сенга торлик қилиб қолдими?», деди.

Қуш жавоб бермади. М.нинг орқасидан кета бошлади. Чунки М.нинг хатти-ҳаракатлари унга маълум эди. Фақатгина қушнинг сукути, балки бу жимлик бир кунга чўзилар, лекин натижа берарди. М. улар ўртасида тортишув ва жанжал бўлмагандек яна дўстлик қонун-қоидаларини бажараверарди. Бу ҳолатда ҳам шундай бўлди:

«Мен сенга бу воқеани айтиб берганманми, йўқми шу ҳақда ўйлаб бораётувдим», деб М. секингина гап бошлади. Вазиятни юмшатиш керак-ку. Қуш унинг орқасидан ҳаллослаб юриб кетаётган бўлса, энди бу гапни эшитди-да икки қанотини ёйиб ҳавога кўтарилди. М.нинг ўнг елкасига қўниб олиб:

«Хўш, жаноб, сўйланг, вужудим қулоққа айланди», деди.

«Мактабда ўқиб юрганимда ичи ҳар-хил суратларга тўла дарслик китоб бўларди. Бир суратда қафас ичида Марабу исмли қуш боши эгик ҳолатда акс этганди. Унга қандай овқат келтиришмасин емасмиш, сув-да ичмасмиш. Хафамиш. Сенда ўшанга ўхшайсан.»

«Унда сиз, жаноб, унинг атрофини ўраб турган қафас бўлиб қолаяпсиз. Тағин хафа бўлманг. Тамом.»

«Энди ўйлаб кўрсам, у доим ватани ҳақида ўй сурар экан.»

Бу икковлон яна нималарни гаплашгани ҳақида ёзиш ишонинг жуда оғир, қаламимнинг кучи етмайди, демоқчиман, ҳам бўлмағур хаёллар оқимига қўшилиб қолишингиз мумкин.

Вақт ҳам бўлди. Менинг кўчамдан бир жонон ўтади. Деразам пардасининг бир четини секин кўтариб, унинг юзига тўйиб олмоқчиман. Лекин у менинг пойлаганимни билиб қолмасин. Яхшиси, дераза пардасини кўтармай, қадамининг товушларини эшитай. Ёки қулоғимни-да бекитиб олиб, унинг бугун-да менинг кўчамдан ўтаётганидан завқланай.

М.нинг уйқуси қочиб кўчага чиқди. Йўлни тўзғитган писта пўчоғларини битталаб терди. Сигарет қолдиғию хас-хашак, тошчалардан тозалади. Вақт тез ўтмасди, уйқуси келмасди. Кўча бўйидаги дарахт танасига ёпишган чангни қўли билан кеткизди. Кейин дарахтга чиқиб олиб, чанг ёпишган чангларни пуфлади. Кўп баргларда чанглар қотиб қолганди, буларини қўли билан кеткизиб, қолганларини тупугидан кафтини намлаб артди. Дарахт баргларидан чангни тозалаб бўлдию лекин бу ишидан кечагидай кўнгли тўлмади, тонг отишига вақт бор, шундан энди кўз ёши билан чангдан тозаланган баргларни сувда ювгандай артиб бошлади.

Бу кўчада пистаю қурт сотгич кампир унинг тирикчилиги ўтиб туриши учун чойчақа беради, эвазига М. кечаю кундуз кўча супуради. У кампирдан рози кампир бундан. Кампир М.дан кўча топ-тоза туришини астойдил сўрамаган эса-да, барибир, кўнглини олишга тинмай ҳаракат қиларди, бечора, энди келиб-келиб, бу ишини қилмаса уйқуси келмайдиган, кундалик одатига айланди-қолди. Ажаб, энди одатини ташласа виждони қийналадиган, чунки “кампирдан ул-бул олиб тураман-ку”, дерди танида ялқовлик сезилса. Бу ишини ўзининг фойдаси учун қилаётганини тушунарди; агар уйидан кўчага бир кун чиқмай қўйса, унда телбалик аломатлари сезиларди.

М. ҳам уйида асалари ушлаб турарди. Уларга шароит бекаму кўст яратиб турди. Ҳовлисидаги бўш, ҳеч нарса экилмаган ерни қўл панжалари билан ағдариб чиқарди. Қўли билан кесакларни ғалвирдан ўтказгандек майдалаб, ерга уруғ қадашидан олдин бир, икки ой майин тупроқни уқаларди, она боласи бошини силагандек, кейин тупугидан ерга уруғ қадарди. Тупукдан бўлган уруғ ердан униб чиқиши учун қуёш нурларига ҳожат йўқ эди, М. уруғ қадаган жойга мийиғида кулиб қўйса ёки бирор қўшиқ ҳиргойи қилса бўлдийди. Суғориш анча қийинроқ, сув ишлатилмасди. Бўш пиёлани кун тун кўз ёшидан тўлдириб тупроқдан бўй кўрсатиб чиқаётган ёш ниҳолларнинг ташналигини қондирарди, бечора.
М. қушнинг валақлашларидан безор бўлиб, уйида жини чиқиб у ёқдан бу ёққа тинмай юрарди. Юришдан чарчаб тўхтаб қолдими, қуш унинг бошидан, юзидан ёки оёғидан чўқиб-чўқиб оларди. М. оғриққа чидолмай ҳовлисига югуриб чиқарди. Қуш орқасидан етиб келиб яна тинмасдан жаврай бошларди. Шунда М. қушни қўрқитмоқчи бўлиб шундай дерди: “Сен сайрайвер. Мен буларни оқизмай-томизмай қоғозга тушираман”. М. қўлига қалам олиб, қоғозга ёзишни бошлаган заҳоти қуш нола қилишдан тўхтаб: “Виждон борми? Булар ёзилмайди. Ота-боболаримиз ушлаган одоб доирасидан четга чиқманг”, дерди. М. уялганидан кўчага отилиб чиқиб, дарахт панасига ёки бировнинг уйи девори орқасига яшириниб олса-да, қуш уни топиб олиб баданини бадтар чўқиб ташларди. Бу ҳолат унинг гапларини эшитишдан енгилроқ эди. М. қачонки қўлини бекитган қулоғидан туширса қуш чўқишдан тўхтаб нола қилишга ўтарди. М. бу оғриққа чидаш беролмасдан йиғлай бошларди. Шунда қуш М.нинг олдига челак қўйиб, бу идишга кўзёш томишини эшитаётгандек жимиб қоларди.

. . .

       Яхши одамлар машинасида ўтиб кетишади. Мен ҳам яхши одам бўлганимда ёнимдан ўтиб кетаётган анави кишининг ҳам машинаси бўларди. Анови киши хотинини уришмасди. Кеча қайсидир йигит қайси бир қизга ёлғон гапирмасди. Кимдир боласига қанд эмас, эртак китоб харид қиларди.

Яхши одам бўлганимда…

Ёмғир ёғиши энди тезлашади. Қанча кўп ёғса унинг раҳми келиб эшигини очиши мумкин. Ҳеч бўлмаса ёмғирда ивиб кетмасин, деб ўйлаши мумкин. Биз олдин ёмғир чангини ювиб кетган дарахт баргида яшардик. Ўтган-кетганни кузатиб. Кейин барг узилиб ерга тушди. Хазонга айланди. Қизиқ, биз қаримадик. Аксинча, ерда туриб одамларни кузатардик. Ҳозир ойнаванд кафеда ўтириб ўтган-қайтганларни кузатаман. Ташқари аквариумга ўхшайди. Хоҳлаган аёл нигоҳини овлашим, лекин унинг-да тузоғига тушиб қолишим мумкин.

Дарвоқе, унинг эшигини тақиллатаман. Лекин: «У эшикни дафъатан ҳозир очиб қолса-чи». Қўрқиб кетиб, кафедан чиқиб кетаман, офисиант қиз орқамдан югуриб келиб, чойчақамни қайтаришга тушади. Ортиқча, дейди. «Наҳот ортиқча.»  Унга бундай демайман. «Бор-йўғи яхши одам бўлмоқчи эдим.» Бу гапни-да унга гапирмайман, албатта. Кулиб қўяман, холос.

Метрога кириб, юриб кетаётган вагон деразасига суяниб олганимда борса-келар мамлакатининг хони қўлини чўзган ҳолатда олдимга келади. «Уялмайсизми?» У: «Нега ундай деяпсиз?», дейди билмоқчидай. «Кўр эмасман, кўриб турибман», дейман унга. У қўлини тушириб: «Кўрдингизми, ҳеч ким мени тушунмайди. Мени кечиринглар. Қутқаринглар. Ёрдам беринглар, десам. Халойиқ менга садақа беради. Натижада, кундан кунга бойиб кетаяпман». «Сизга шу ёқса керак-да.» У: «Ўрганиб ҳам қолдим-да», дейди. «Унда мендан нима истайсиз?» «Мендан нима истайсиз?», қайтараман. У эса метродан чиққанимда ҳам орқамдан эргашиб келаверади. «Мени кечиринг», дейди. Нима дейман. Ҳеч нарса демайман унга. Ёки: «Овимга халақит қилманг. Жўнанг», дейми? «Қаёққа?» деса, нима дейман? Унга гап уқтириб бўладими ўзи. Зарб билан ўзимдан сўрайман-у, йўл ёқалаб кетавераман-кетавераман. Бир зоғ ҳам кўринмайди. Лекин қора тўртбурчак машина кўринади.  «Ёрдам берворинг», дейди жувон. Ўзи чиройли.

«Нима бу?» сўрайман.

«Тупроқ.»

«Нима қиласиз?»

«Нима ишингиз бор?»

«Қизиқда.»

«Тупроқни улуғ боболаримиз қабридан олдим. Бало-қазолардан асрайди.»

«Улар шу учун йўл юришган экан-да», дейман.

Бошқа нима дей. У индамайди. Ярим халта тупроқни машинаси багажига жойлашвораман. У бир қаричча ҳайкалчани халтадаги тупроқ ичига беркитади.

«Нима учун бундай қилаяпсиз?», қайта-қайта сўрайман.

«Ҳайкалча менга ўхшайдими?», сўрайди.

«Ўхшайди.»

Лекин ўйлаб қоламан: «Бу жувоннинг тузоғига тушиб қолмай тағин». Қочаман. Йўқ, йўл юришда давом этаман. Ов қиламан деб. «Яхшимисиз?», дейман.

«Яхши, нимайди?»

Тўғрисини айтаман: «Ов қилаётувдим». Туфлимга қарайди. Шимимга ҳам. Туфлим унга ёқмайди. «Кечирасиз», дейди. Кетиб қолади. Бошқа бир чиройли кийикни кўриб қоламан. Ёлғон ишлатаман. Гапим унда хушкайфият уйғотади. Кейин: «Ёлғон ишлатдим. Кечирасиз». У ҳам: «Кечирасиз», деб телефон гўшагини тарақлатиб қўяди. Севимли рақамни қайта-қайта тераман. Гўшакни кўтармайди. Начора ов қилиш қўлимдан келмаса, деб эшикни тақиллата бошлайман. Эшик нарёғидан мусиқа эшитила бошлайди.  У худди бу мусиқага мослаб қўшиқ айт, агар зериксанг, деб айтаётгандек.

Мен: «Хон қизи! Хон қизи!», дердим. Хон қизи кафтимга қўнарди. «Хон қизи! Бориб айт. Унга. Унинг кимлигини биласан-а?  Хон қизи.» Хон қизи мени эшитиб, икки қанотини ёзарди-да учиб кетарди. Хон қизи энди мени гўё мени эшитмаганга олади.

Ёмғир чангини ювиб кетган дарахт баргида яшардик. Кунлардан бир кун барг узилиб ерга тушди.

«Бу нақоратими?» Мен: «Ҳа», дейман. Ойнаванд кафедаги офисиант қизга яна чой буюраман.

«Кўкчой.»

«Ҳозир.» Эшитсанг-чи, барибир, эшигингни тақиллатавераман. Лекин қўрқаман. Шундан кўчада ўтиб кетаётган жувоннинг нигоҳини тутиб оламан ва ундан сенга ўхшаш томонларини қидира бошлайман. Зора топсам. Баттар чекаман.

Йўқ, Фиръавннинг хотини Осиё ҳақдаги ўйларимни тутунга ўраб ташқарига чиқараман. «Зора, мени тушунсанг, эй, қўшни столда ўтирган қиз ва олдимга келсанг», деб хаёлан унга айтаман. Йўқ, у гўё эшитмаганга олиб, мусиқа чалишда давом этади. Мусиқа асбоби чанг эмас, дутор эмас. Рубоб ҳам эмас. Гитара-да эмас. Сурнай. Асло. Мен эса мусиқага мос бир нималарни эсламоқчи бўламан. Бир нималарни. Ҳа-я, «ичиб туриш керак», девди У. Кейин секингина қўшиб қўювди: «Алкаш деб ўйлашсин». Яна чой буюраман. Офисиант қиз: «Намозхон бўлса керак», деб ўйлайди. Ёки ўйламайди. Балки: «Мени севиб қолган», деб шеригига айтар. Билмадим.

 . . .

         У мамлакатни кимгадир совға қилмоқчи эди. Лекин тақдир ўйин кўрсатиб, ҳеч ким қабул қилмади. «Бу оддий сўз-ку» дейишди. М., «Яшашдан маъно йўқ-ку», деб тонг маҳали қайиққа ўтириб, кимсасиз денгизда суза бошлади. У чўкиб ўлишни ҳам мамлакатини чўктиришни ният қилгандай эди, чунки мақсадсиз йўлга чиққанди.

М., сокин денгиз ўртасига бориб, ўзини отмоқчидай бўлиб сув тубига қараганда кўзи қамашиб кетди. «Қуёшнинг аксими», деб ҳам ўйлади. «Бу гўзалнинг исми нима экан» деб ҳам ўйлади.

Ёруғликдан қамашиб юмган кўзларини очди у гўзални кўраман деб, лекин сувда сузиб юрган балиқлардан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Кўзларини яна юмиб, яна очди: «Бу тушимми, ё ўнгимми.»

Ёз кечалари Д.Н. сўрида ёнбошлаган ҳолати ойга термулиб қоларди. Буни сезган Оймомо: «Нега ҳеч уйқинг келмайди, болакай, мени ухлашимни кутасан чоғи», деб сўради. Бола деди: «Оймомо кашта тикишингизни томоша қилишим ёмонми?» Оймомо юзида табассум уйғонди. Боланинг пешонасига ой шуъласи тушди. Оймомо айтди: «Йўқ, болам мен кашта тўқимайман, аксинча, кашта тўқийдиганларнинг тақдирини тўқийман». Бола сўради: «Менинг тақдиримни ҳамми?» «Сенинг тақдирингни ҳам.» «Тақдиримни тўқишда сизга ёрдам бергим келяпти, момо.» Оймомонинг юзида яна табассум югурди ва айтди: «Болам бу иш сенга оғирлик қилади». «Унда тақдиримдан сўйлаб беринг, тақдирмомо.» Тақдирмомо айтди: «Яхшиси бугун ухла, эртага айтиб бераман». Бола ухлаб қолди.

Кузатувчи! Оғир. Иложсизлик. «Бу сенинг қалқонинг – ҳимоянг. Уни ёмон кўрсанг-да, у сенинг бу ерда яшашингнинг бир манбаи: бу ҳолатингга агар шундай ном берилса. Агар бошқача бўлса, демак бошқача.» Сени тинглашдан енгилроқ кузатмоқ иши, лекин мудҳишлик бор. Сени-да тинглаш гўзал, абадий енгиллик, лекин денгизга чўкиб кетиш эҳтимоли бор. Шундан кузатувчиман.

Йўлда йиғлаб кетаётган болага ўхшарди, бу мусиқа. Ва: «Тумандай тарқаб кетсам эди», деб хаёл қиларди. Ҳеч кимга ёрила олмаганлигидан.

– Кимсиз? (Шу савол тинмай жаранглаб турса.)

– Мен ўзимга хат ёзишга тинмай уринаётган кимса. (Нигоҳим унинг оёғига йиқилади.)

– Тушунмадим. (Ёқимли овоз мени хат ёзишга бадтар ундайди.)

– Одам хат ёзиш билан жонини сақлаб қолади.

– Ҳи, касалмисиз? (Ўлимдан қўрқасизми, ҳам демоқчи бўлди, лекин ҳамма бундан қўрқади, деган фикри буни айтишга йўл бермади.)

– Аксинча.

– Унда… (қисқа ўйлаб) мен касалга ўхшайман.

– Нега? (Мен тутуриқсиз гапирдим. Энди нима бўлади?)

– Ўзимга ўзим хат ёзишни билмас эканман. (Изтиробга тушади.)

– Аввал менга хат ёзиб кўринг.

– Албатта сизга хат ёзаман. (Мен ўзимга хат ёзиш ўрнига бошқа бировдан хат кута бошлайман.)

Булут юзига чақмоқ тош билан бир сўз ёзилади. Мен уни ўқиб-ўқимай, дарахт панасига яширинаман ҳамда эслайман: «Юзни асраш керак», девди, барибир қўрқинчли – яшамоқ, ҳатто нафас олмоқ ва буни асраб қолиш учун бўлган ҳар нафасдаги ҳаракат лекин бу узоққа чўзилмаслиги, оқибати ваҳимаси ҳамма ёқни – хотирадан бошлаб ҳозиргача чулғаб олгани ва: «Тумандай тарқаб кетсам эди», деб ўз-ўзингни пайқаб қоласан. Ва кутишни бошлайсан. Ҳеч кимни кутмаётган бўлсанг-да, кутиш баҳона ўзингни чарчатишни хоҳлайсан. Лекин кутишинг жараёнида меҳмонингнинг шарпасига айланасан ёки соясига. Шу жойда кучинг етмайди, худди уйғонолмай қўрқинчли тушни кўраётгандай.

Севги мен бораётган манзилнинг қисқа йўли. «Озгина муҳлат бер», деб «тумандай тарқаб кетсам эди», деган одамдан сўрайсан.  Кафеда. Кўчада. Уйда. Йўлда. «Аммо ундан-да қисқа йўл бор.» «Қулоғим сенда», дейди.  «Айт.»  Майли, айтаман.  Гуноҳкорлик. Кафе. Иссиқ қаҳва буғининг сигарет тутуни билан қоришиб кетиши. Қайта-қайта. Кетма-кет. Бўшлиқни сигарет тутуни билан тўлдирса, деб ўйлаб қоласан, сўнг «ҳавони ҳаво билан тўлдирса бўладими», деб зарб билан ўзингдан сўрайсан. Шунда умидсизлик фариштасини кўриб қоласан, автобусда ўтиб кетади ёки скамейкада ўтирган ўтган қайсидир йилнинг кунини эслайсан. Умидсизлик фариштаси гуноҳларинг ҳадя қилган севги, агар  унга суянсанг бугун қил кўприкдан ўтасан, деган овоз сен бораётган манзилдан эшитилди.  Қулоғингга чалинди-ю, нега ишонмадинг, афсус, умидсизлик фариштаси сени тарк этди. Автобусдаги манзилига етган. Скамейка бўм-бўш.

Булар хаёл ҳақда хаёл. Хаёл хақда зулм. Хаёл ҳақда ҳаво. Бош оғриғи зиндону сен унинг ичида зиндонбанд. Зиндонни кузата бошлайсан. Уйғониб қолган минг йиллик шарпалардан бу зиндонда жон сақлайсан Юсуфдек.

“Фақат оғриқ ўлдиради зулмни. Уни нафасимга яширишга ўрганяпман.”

“Урушда одам рақибини ўлдиради. Ўз  жонини сақлаш учун. Мен эса ўзим билан урушяпман. Уруш тўрт йилки кечаю кундуз давом этмоқда. Кимгадир ёрилиш, очилиш, сочилиш керак. Бу дегани, таслим бўлмоқ-ку. Кимгадир уруш очмоқ-ку, ахир.”

Қачонгача давом этиши мумкин? Нега бундай, деб сўраяпсан, айтганча кеча ҳам, бундан кейин –  индин-да шу каби эди. Албатта шу каби эди. Лекин қачонгача, деб эртага ҳам сўрайман-ку. Шундай. Йўқ. Бунга чек қўйиш вақти келмадими?  Келган. Эҳ-ҳе, қачондан буёғи. Шунча вақтгача ечимини тополмаслик мумкинми? Тушунмадим, ниманинг?  Рости, тушуниш қийин. Фақат давом этаяпти. Мен худди қир ёнбағрида писиб ётган одамдек, йўқ, шундай. Унчалик эмас. Кўпинча.

Д.Н. дарё лабида ёнбошлаб олди. Чарчамаган. Лекин чарчаган одам тусига кирмоқчи бўлди. «Шу баҳона, – деб ўйлади у, – бош оғриғидан қутуламан. Эшитганман, бошидан ўтган воқеаларни одам қайта хаёлидан ўтказса ёки ҳеч бўлмаганда хотирласа бош оғриғи қолармиш. Дори ичишга ҳожат қолмасмиш».

Д.Н. дарё оқишини бироз кузатиб, бошини ерга эгди. Қарагиси, ҳатто дарё шовқинини эшитгиси келмади. Урушаётгани эсига тушди.

«Бу тушдан уйғонса бўлади, – деб ўйлади, – лекин шунда кўриб қўйган тушинг ваҳимаси билан қандай аҳволда кун кечирасан.» У кўзини ердан кўтаргиси келмади. «Шу ҳолат тинмай давом этса», деб ўйлади. Сўнг дарё оқишини эшита бошлади: орқага қайтиб бўлмайди. Олдинга юриб, ўнгга ва чапга ҳам бир жойда туриб – яшаб ҳам… Ёд бор. Озгина чалғиш ҳам.

«Халқа ичида қуршовга олинганман. Бундан чиқиб кетишни биламан, Юсуфдек, лекин у – халқа ташқарисидаги бўшлиқда бу ердаги гўзалликдан халтамга солиб борсам, у ерда қайси куйга тушаман, а?», деб Д.Н. ўзига эмас дарёга гапира бошлади. «Қуршовда ўрганиб ҳам қолдим-да, бироқ… Лекин. Озроқ шошмай. Сени тинглашдан озроқ чекинай – бу-да гуноҳ.» «Энг яхши тадбир сен билан гаплашмоқ – лекин сени тинглашдан, йўқ, мен сенинг… Ожиз бўлсам-да тингловчингман, барибир.»

Сизни соғиндим. Эй, Буюк Қирга бирлашиб кетган. Эй, шунда ҳам қайғу ва саждадан бош кўтармаган. Эй, кеча қайсидир осмонда кўришганим. Раҳмат нурлари муборак бўлсин!

Уни тинмай қийнасанг-да – савол кетидан савол берсанг-да, ёки ўтмишингни эртак қилиб айтсанг-да – чексиз, туну кун, барибир. У мақсадига етишини ўйлайди. Сени тинмай тингласа-да туну кун хаёли аслига қайтишда.

«Ҳей, шошма», дейсан ора-сира. У эса, сени диққат билан тинглаётгандек; «Яхши ҳикоя экан, давом эт», дейди-ю, қизиқ, сен ҳам: «Бу яхши ҳикоя», деб унинг хаёлидаги мақсадини билиб билмаганликка оласан. Бошқа чоранг йўқда чунки. «Озроқ шошма», деб қайта айтасан.

Ухлаб қолмаслик керак! Ёки дафтарга ёзмаслик керак. «Чунки у ухлаганимдан ёки дафтарга бир нима ёзаман, деб ҳушёрликни бой бериб қўйишимдан фойдаланиб мени тарк этмоқчи бўлади. Тонггача уни чалғитаман.»

Тонг отади. Шунда умид фариштаси олдингга келади.

– Ассалому алайкум!

«Майлими, қўлингизни ушласам», дейман. Ҳайрон қолса майли, фақат безраймасин. Агар рухсат берса, хоним, бармоқларини силайман, шунда, худди она қўйнида ётган гўдакдек ёки ёнидан ўтиб кетаётган йўловчидан чўчимай кўлмакдан сув ичаётган мусичадек ёки ҳали бу воқеа бўладими-йўқми, шу вазиятни эслашдек ҳали бўлмаган бўлиши гумон бўлса-да, барибир, шунинг ўзи мени денгизга чўкишдан сақлаб, «Ойиша мени гапга тут», деган овозни денгиз томондан эшитаман.

Болакайни қутураган кучуклар талаяпти. Бола яшин тезлигида фикрлаяпти, шунда. Фикрлашгина уни қутураган дунё ваҳимасидан олиб қочади. Масалан, у: «Биринчи гуноҳим нима эди?», деб сўрайди. Ва шу он жавобини ўзига айтади: «Биринчи марта ойнага қараб  ва унда аксимни кўриб, «бу – мен», деганим эди». Шунда кучуклар талашдан тўхтаб болакай атрофида вовиллай бошлашади. Чунки: «Болакай ҳам ўзимиздан экан-ку» деб, улар ўйлайди.

Бағримдаги бағримни бағримга босаман. Йўқ, мен уни тинглаб-тингламайман, оғринаман, тугамасин эртагимиз.

«Умид қилма», деб неча бор айтган эдим. У эса: «Шошмай тур, ҳали кўрасан сенинг сабрсизлигингни оқлайман», деганди. Энди унга айтаяпман: «Мана , кўриб қўй, бу сенинг сабрсизлигинг». Ва ўйлаб қоламан: «Энди мен сабрсизлик қилмаяпманми?» У айтади: «Йўқ. Биласанми, биз айбдор эмас. Дунёнинг шиддати ва ҳийласига бас келиш қийин».

Бу ҳадя. Умидсизлик севгидан-да яқин йўл. Лекин оғир, у йўлда ҳар хил шарпалар, алдамчи ва риёкор – руҳ кийимида кўзингга кўринади.

Ишонма! Вафо йўқ. Чунки сенгача вафо йўқлигини исботлашган.

«Майли, мени севмасин. Мен уни кўриб туришим керак. Майли ҳатто билмасин, гумон ҳам қилмасин севишимни», деб ҳар куни ўз-ўзингни алдайсан.

Мен кулингман арзимайман заифман кулингнинг кулиман кечир хафа қилганим учун сенсиз чиқарган нафасим учун ҳатто нафасим сен учдирган елга таъсир қилгани учун сенинг нафасингни бўлмағур ўйга ишлатганим, топтаганим учун мен қулингман буни эсдан чиқарганим учун-да мени кечир сенга суянаман сенга суянишни эсдан чиқарганим учун-да кечир менда кечган сенсиз кечмишларимни кечир.

Матнни қўштирноққа олиш керак. Гўё сен айтмаяпсан, у билса-да, барибир бу ҳам бир ҳимоя чизиғи ҳам қўштирноқ унинг улуғворлигидан сақлар, эҳтимол. У сенга ҳужум қилолмайди. Қўштирноқ қулфининг калити сенда фақат. Унда ҳам калит борга ўхшайди. Чунки қўштирноқлар матндан ечилиб сўзлар ёниб кетмоқда. Аслига қайтмоқда.

Денгиз томчиси кетма-кет тепаликлардан ўрмалаб бошлайди. Пастга қулаб кетмай деб, қияликларда ўсган томирларга маҳкам тирмашади. Йўлида учраган харсанг тошлардан сакрайди, сакраб ўтолмаганидан чирмашиб бўлса-да ўтиб, томоғда сал бўғилади, сал қисилади, бу юмалоқ мавжудот ҳам эзилади, лекин майдаланиб пастга қуламайди – юқорига интилади, аммо манзилга етиб келганда кўз пардасидан ташқарига чиқмай пастга думалайди. Йўлда ҳар хил нарсаларга қаттиқ текканидан гўзал, аммо баданга оғриқли товушлар чиқаради. Ҳар кун ҳар жойда бугун ҳам ҳозирда.

 ***

          Шундай картиналар борки, уларни кўриш керак мен эса деворда илиғ турган суратни тинглайман тун, ой, сой, ёнида йўл, дарахтлар. Исфандиёр гапираверади, айтадики, Бахмалдан қайтаётувдим, ялангликдамиз, қарасам қуёш ботяпти, машинани тўхтатдим. Мен уни эшитаману лекин тингламайман, деворга илинган суратга қараб, кўчага чиққим келади, “метрога кирсам ва кетаверсам-кетаверсаму сўнг ер остидан кўчага чиқиб, пулим бўлса, албатта ойнаванд кафега кирсам”. Кейин иш қуролларини олиб, уфқни шартта чизиб ташладим, дейди Исфандиёр, кейин сигарет тутатади, балки чекмовди. Холландлар бу картинани фалон пулга сўрашди. Бермадим. Айтганча, йигитлар, йигирма тийин етмай турибди. Ўзим чиқиб келаман, дўконга, дейди, “бизда тийин ҳам йўқ, фақат метро чиптаси бор”. Жаҳли чиққандай, ўқимаганлар, дейди, ҳеч нарсани билмайсизлар, дейди. Тинглашдан тўхтайман. Ичишга унчалий ҳушим йўқ, нега ичишади, тушунмайман, унга бундай демайман, Исфандиёрни тингламоқчи бўламан, у Фузулий шеърларидан ўқияпти, сувсаган одамга ўхшайди, сув текин-ку, дейман ичимда. “Исфандиёр, сиз кўп гапирдингиз, мен эса ўзимни тинглаётувдим”, дейман ҳар замон. Кўчага чиқсаму танишсам. Эшитяпсизми, десам, мен болалигимда сиз ҳақда кўп ўйлардим, ҳозир у қаерда, нима қиляпти ёки нима ҳақда хаёл суряпти, мен ҳақдамикан, деб сизга хаёлан табассум қилардим, салом, дердим, булутга қараб, у ҳам ҳозир қуёшга қараган бўлса, мени ўйлаб, демак, дердим, қуёш бизни учраштирди, эшитяпсизми, дердим. Йўқ. Исфандиёр, бизни эшитгиси келмайди, болалигимда, дейди, совуқ, қор, кўчага чиқсам, битта оппоқ соқолли бобо. Хизр. “Мен эса болалигимни эслагим йўқ. У пайтлари қачон мактабни тугатаману ҳозирги кунларга етаман”, дердим ўзимга.

2.

         “Мен болалигимни эслагим келмайди”, деб ойнаванд кафе ташқарисига қарайман. Чиройли юзлар ўтиб кетади. Югуриб бориб танишсам, деб ўйлайман, хаёлимни У “шу, шу оддий”, деб бузади, унга қарайман. У костюмининг юқори тугмасини ушлаб, силаб, “бу оддий, оддий”, дейди. У винодан ҳўплаб жилмаяди. Мен ўзимнинг ҳўмрайиб ўтирганимни сезиб қоламан, чунки, дейман ўзимча, қуёш ботди, сал кейинроқ кафе ташқарисидан ким ўтаётгани кўринмай қолади. “Мен ҳам ичсам бўладими”, дейман, “бемалол”, дейди. Ҳўплайман. Эҳ, дейман ичимда, Сиз билмайсиз-да, мен нима қилишни билмасдим, уни кўрсам бўлди, ўзимни йўқотиб қўярдим, юраверардим, юраверардим. Туфлимнинг пошнаси емирилиб кетарди. Таги йиртиларди. Туфлимда кўлмак ҳосил бўлса-да, оёғим совқотмасди. Ўзимни тўхтатишнинг ҳеч иложи бўлмаса, поездга ўтириб, қишлоққа жўнаб кетардим. Худди магнитафон ўрнатилгандай, ичимда Аҳмад Қоя қўшиқ айтарди. Нима учун қишлоққа келдим, билмасам-да, лекин бу қўшиқлар тугамасди. Қишлоқдан қайтиб бориб, битта сўзни Ойхонга айтсам, хонанда ичимдан чиқиб кетармиди, деб ўйлардим. Эсимга тушади, шундан жилмаяман, лекин гапирмайман, У ҳам жавобан жилмаяди. Нега, демайди. Ёки тушунмадим, демайди. Хўш, гапирингчи, демайди. Фақат сочини силайди. Кейин иягини. Мен эса бош қичиғини қолдирмоқчидай сочимни қўлим билан тарайман.

3.

                 Энди сочимни майин силайман ва шундан жилмаяман. Офисиант қиз ҳўмраяди. Эътибор бермайман. Бурчакка суянаман. Ҳарҳолда, дейман, танам билан деворнинг қариндошлиги бор. Балки, узоқ – беш минг чақиримлик қўшни бўлгандир, бу икки тупроқ. Қадрдонлиги бор, ҳарҳолда, чунки бадан одамнинг хаёлини тупроқ сув ютгандек шимийди, тўйиб қолса ортганини кафе девори қабул қилиб олса керак. Бу ҳақда, албатта, жиддий ўйламайман. Бор-йўғи ўзимни чалғитмоқчи эдим. Чунки осмондан чақинсиз, ҳеч қийналмай, тўлғоқсиз ёмғир ёққандек, кўзёш думалаб, кўз пардасидан ташқарига чиқмоқчи бўлади. Хаёлимнинг қаршилигига учраса-да, беадаблик қилмоқчи, балки “осмон дарвозалари ланг очиқ”,  демоқчими, қўрқиб кетаман. Оёғим қалтирайди ёки аввал бўшашади. Одам кафтича ойнага кўзёшни томдириб, лупа билан уни тадқиқ қилиш керак. Нима ҳожати бор, кундай ойдин-ку, у космик ракетадан кўринган ер сайёрасига ўхшайди, холос. Бу дунё Венесияга ўхшайди. Юсуф Бродский бундай демаган, албатта. Юсуф кўзёши бу шаҳарга томганидан қийналган, шундоқ ҳам Венесияни ҳамма ёғдан сув босган. Лекин бу Ерда ортиқча эканлигидан афсусланмаган.

 4.

         Бродскийнинг битта кўзёш томчиси кучидан Венесияни сув босиб кетмайди. Хаёлини сув босиб кетади. Елкамни деворга ишқайман, кейин чайқаламан. Натижада кафедан чиқиб кетаман. Юраверсам, юраверсам, масалан, Бухорога бориб қолсам, ундан Хивага, кейин автобусда ортимга қайтиб, биронта қабристонга кириб, биронта қабрнинг тупроғини силасам, бармоғим билан албатта. Шунга нима дейсиз? Жилмаяди. “Сиз айтардингиз-ку, оҳангига тушиб ўқинг”,мен ўқирдим. Улар  фаришталар эди. Жилмаяди. “Мен уларни кўрардим.” Жилмаяди. Яна жилмаяди. “Қўрққанимдан эмас, ўзимни тутолмай, соҳилга тушардим. “Осмоннинг қалби денгизга ботарди.”

Ойхонга мактуб:”Эй, Қуёш булут панасидан чиқ. Бола ариқчадан ҳаккаласам, шундай, шундай бўладими деган, ҳар куни осмонга қарашни ва юлдузлар билан суҳбат қуришни унутиб қўйган, саккиз яшар бола зардоли дарахтига чиқиб, қуёшга салом берган, ва эслаган, қирдаги буғдойзор ичида осмондаги булут билан тиллашган: “Ўшанда қайси шаҳарда яшайман, ҳозиргидай ёлғиз бўламанми ёки”. Сени таниб қолиб тунлари эшигинг олдида қўриқчи бўлган, уч юз олтмиш жойидан қуш чўқиганда, тошга бошини қўйиб ётган, кейинги лаҳза ер қимирлайдиган, чунки вақт тўхтаб қолган, қўрқувдан парда-дарвоза ясаган. Сенинг иссиқ нафасингни сезиб қолиб қирма-қир дайдиб юрган, дарахтдаги қушлар шундай деган.

Момо Ҳаво Одамнинг кулбасига ва аксинча Одам Ато Момонинг кулбасига ошиққанида улар нега йўлда учрашишмади, шу саволни ўзига ҳар куни берган. Лекин у бунинг бу унинг кулбасига бориб хаёлан гаплашган ва бунинг тасдиғи бўлиб, қор аралаш ёмғир-чивғин ёққан, у йиғлаганда ёмғир ёққан, шунда вақт узунасида яшаган шоирлар ноласини ва бу яширин муножотни коинот тилида айтиб ҳамма нарсадан воз кечган, хон қизи сабаб “Эй”, деган нидони эшитган,шунда, гўзал одамни унинг сўзлари орқали кашф қилган, агар шундай бўлмаса, унда нега бадани сарғайиб кетган, йўқ, бу қон эмас, нега, товони тез емирилади,ўзига ўзи савол бериб, ўзини денгизга чўкишдан сақлаган, “мени кечир”, “мени кечир”, такрорлаган.

Албатта, “мен яхши одам бўлишим керак”, деган ёзувни ўқишни ўрган бола ва бу дуо ёзилган қоғозни бўйнига тумордай осиб қўйган, кеча, агар, эсласа, бир шоир йўлда кетавериб-кетавериб йўлида учраган аёл ё қиз ё кампир ё чақалоққа “Мени кечир, онажон”, деган. “Тоқатингиз етмас”, сўзини меҳнати жараёнида сезиб қолган. Вақт узунасида яшаган Одам хожа бўлиб сафардан қайтганда қуёшга лекин унга қарамасдан табассум қилган, дарахт баргларидаги қуёш нурлари рақсидан қушлар ҳаяжонга тушган. Қуёшу ойу осмон чин бирликни сезиб, осиёга меҳрини берган.

Сўнг хожа Фарангистон мамлакатини қуриб, унда ўзини эслаган. Ва бу мамлакат одамдан одамга мерос бўлиб келаётган. Қуёш барча хожаларнинг сирини билган, ундан ким сўраса, албатта, айтиб берган, лекин сўрашни билиш керак, деган, ой, кечаси.

Одам бошқага ёмонлик қилганда ҳиқичоқ тутган, шунда осмонни булут қоплаб ёмғир ёққан қирда ўсаётган хайригул хафа бўлган, сўнг қуриб салкам тиконга айланган, нега, сиз эшитмайсиз, кўрмайсиз. Йўқ у кўзлар шимолга қарайди, афсус. У қулоқлар шимолнинг аччиқ шамолини тинглайди, афсус. Шундан оғриниб, бир одам “эҳ, афсус”, деган. Ва тинмай китоб ўқиган. “Бўшлиқни тўлдириш керак.”Сал ўйлаб қолса, қўрқиб кетган, “йўқ, йўқ, ундай эмас” деб фикрини қувган, аммо…”

Кафеда “одам ичганда ўзини унутадиган шароб борми”,  деб офисиант қиздан сўрадим. Ростгўй экан. “Унақаси йўқ. кечиринг”, деди. Чиқиб кетдим.

Юриб кетяпман. Тўхтолмайман. Худди чап кўрсаткич бармоғимни тош устига қўйиб, бошқа тош билан пачағини чиқараётгандай. Мен. Ахир у ёнғоқ эмас-ку, деб ўз-ўзимни гапга тутаман. Юришдан тўхташим керак. “Бундай эмас.” Кейин “Йўқ, шундай”, дейман. Узоқ йиллар чоҳ ичида хаёл урганман. Юсуф қоронғу чоҳда бундан бошқа нима иш қилиши мумкин эди? Энди чоҳдан қутулиб чиқдим-да, дўзахга тутилдим. Билдим. Одамзот азобга йўлиқмайлик, деб хаёл сураркан. Юриб кетяпман.

Олдин хаёл суриб юрардим. Оғриқнинг кучидан шундай дейман. Ҳозир. Ва кулиб қўяман. Дейманки, уларни санъаткор Моний мен учун чизган. “Хаёлларни чизиб бўладими”, сўровди А. Қалқон. Айтувдим. Бўлади. Ойхон айтувди. Бу гўзал. Шунда. Яъни. Сиз чиройли хаёллар сурасиз, девди.

Санъаткор Моний, дейман, у, ҳа, эшитаман, демайди. Сизни тинглайман. Гапиринг. Тезроқ гапирсангизчи, ҳам демайди. Санъаткор Моний девор бетига суврат чизади. Ойхон бу сувратларни томоша қилиб, мени севиб қолган. Йўқ. Бу ёлғон. Хомхаёл. Бундай бўлмаган. Монийни болалигимда учратганман. Балки етти ёшда. Етти ёш бўлақолсин. Севимли рақам. Ўшанда. Ўрик дарахтининг тепасига чиқиб, “қуёш чиқадиган жойга улғайганимда бораман”, деб севинардим. Зерикарли эди. Биламан, дердим, билгандай, юраверсам, юраверсам, қуёш чиқадиган жойга бориб қоламан.

Санъаткор Моний бу хаёлларимни уйимизнинг пахса девори юзига чизган.

“Бўёқ тайёрлашим керак. Сув етишмаяпти.”

“Ариқ тўла сув-ку.”

“Бошқача сув керак.”

“Сувнинг бошқачаси бўладими?”

Бўлади, дейди Моний.

“Озроқ кўзёшингиздан беринг”, дейди Моний.

“Моний. Сендан сўрамоқчи эдим.”

“Нимани?”

“Билиб, нега билмайгандай нимани, дейсан.”

Индамайди. Алдасинми?

“Кўз сувидан сўровдинг-а. Мен қизғанчиқ эмасман. Ол. Хоҳлаганингча.”

Кўринмас нафасни кўринмас аррада арралаб ундан томган кўринмас шаробни кўринмас пиёлада ичиш керак. Яссавий айтган.

Арра олдинга-орқага бориб келаверади.

“Ҳайвон сўйиляпти. Нафаси узилиб-узилиб қоляпти. Узилган жойдан хириллаган овоз чиқяпти.

Буни Моний чизяпти…”

Санъаткор Моний мени чақиради. “Бир манзара чиздим. Кўринг.” Биламан. У айёр. Йўқ. У мен ҳақда қайғуради.

Картинани томоша қиламан. Йўқ. Оғринаман.

“Ҳа. Шундай. Сизнинг кўзингизни шира қоплаган. Шундан мени ўлик кўргансиз.” Овоз картина ичидан чиқади. Санъаткор Моний ўхшатиб чизади, картина ичидан чиқаётган овозни эшитмай, дейман. Қулоғимга чалиняпти, дейман. Мен консерваторияга кирганимда… Саҳна марказида сенинг қабрингга кўзим тушди-ку. Оғир. “Жудами.” Ойхон оғир гапиради. Картина ичидан. Жуда. Кетгим келяпти. Бош олиб кетсам. Узоқ мамлакатга самолётда учиб кетсам.

“Мен эртага учиб кетяпман.”  У: “Сиздан қирқта шеър кутиб қоламан”, дейди. Лекин хайрлашмайди.

Самолёт ойнасидан Қора денгиз қоп-қора кўринади. Эшитяпсанми, дейман. Болакай эса “қутқарувчимисан”, деб сўради. Ҳа. Кейин. У яна денгиз билан ўйнай бошлайди. Денгизга тошчаларни отади. Сув тўлқини боланинг оёғига урилиб орқага қайтади. “Ҳей, денгиз, дейман, болага қаттиқ ҳазил қилма.” Денгиз индамайди. Жаҳли чиқмайди. Нима? Сувидан қўл ясаб юзимга бир шаппат урсинми? Болакай соҳилда турган гидроциклга ўтириб олади. Онаси, лекин чиройли, менга қаради. Мумкинми, дегандай. Мен кўзимни юмиб очаман.

Москвалик она ўғлининг қўлидан ушлаб сув ичига олиб киради. Ўспирин сувдан қочиб чиқади. Унга айтаман: Денгизга шўнғи. Шўнғида сув ичида кўзингни оч. Шунда денгиз сеники бўлади.

Ўспирин сувдан қўрқади. Соҳилда соатлаб хаёл суриб ўтиради. Мен бировга ақл ўргатиш осон экани ҳақида ўйлайман.

“Ҳар кун кузатаман. Сиз китоб ўқийсиз. Лекин кам чўмиласиз. Менга китоб ўқийдиган қизлар ёқади. Сир бўлмаса, китобнинг номини айтинг?” Юля табассум қилади, саволимга жавоб бермай, аксинча савол беради: “Сенинг яхши кўрган одаминг борми?” Бор. “Исми?” Айтаман. У: “Мен севгилинг ҳақида сўровдим”. Индамайман. Юр, дейман. “Қаёққа?” гидроциклни ўт олдираман. Киевлик Юля орқа ўриндиққа ўтиради. Газни босаман. Гидроцикл соатига 180 км. йўл босади.

“Биз соҳилдан анча узоқлашиб кетдик-ку.” Гидроциклни тўхтатиб, чайқалаётган денгиз тубига қарайман. Юля соҳилга. Сўнг: “Нимани кўриб қолдинг?” Сўрайди. Ҳеч нарсани.

Сиз тоғнинг сувратини чизяпсиз. Мен тоғнинг аксини чизяпман, дейди рассом қиз. Жимлик чўкади. Дарахтда бир қуш сайрайди. Гапиринг. Туфроқ, тош эмас тикондан қурилган йўлдан юриб кетяпман. Оғир бўляптими, дейди рассом қиз. Оғир. Йўлнинг охири кўринмаяпти. Шундан… шундан, дейди рассом қиз, сиз ҳар оқшом кафеда соатлаб қаҳва ичасиз.

Соатлаб қаҳва ичаман. Нега? Бир куни йўлдан кетаётувдим. Ўша тиконли йўлданми? Сўрайди рассом қиз. Бир вақт мени ўғирлашди. Ўзга сайёраликларми? Рассом қиз жилмаяди. Йўқ. Мени ўғирлашдию яна шу он юриб кетаётган йўлимга қайтаришди. Аниқроқ гапириб беринг, дейди рассом қиз. У юриб кетаётган йўлимнинг манзили эди.

Саноқ фикр отининг тормози, деган бир одам. Ўша куни ҳам санашда давом этгандим. Ҳам вақтни тўхтатиш ҳақда кескин ўйлаганман. Аслида, вақт йўқ. Ҳеч қайси файласуф бундай демаган ёки деган. Нима фарқи бор. Бор. Чунки Қиримда ўзимдан қутиладиган шаробни татиб кўрганман. Агар айтсам. Нима дейман. Ҳеч нима. Чунки вақт йўқ. Куй бор. У ҳар замон “қириллаб” чиқади. Эшитилади. Боряпман. Валдираб кетяпман. Ўзимга айтяпман:

“Қайт.”

“Қайтмайман.”

“Ёки тўхта. Қайсидир кафега кир.”

“Кирмайман.”

Деб унинг олдига бориб қолдим.

У: “Ичинг”, деди. Ичдим. Ва айтдим. У эшитди. Табассум қилди. Мен ҳам. Сўнг жим ўтирдик. Куй тингладик. Мен яна маст бўлдим шекилли, жавраб кетдим:

“Биринчи марта денгизни кўрганимда “чўлми”, дебман.”

У индамайди.

“Денгиз четидан қуёш сакраб-сакраб чиқади.”

У табассум қилади.

“Унинг оёғи йўқ. Қандай ҳаккалайди. Тушунмайман.”

Ойхон менга табассум қилувди. Унга шундай дегандим.

У деразадан учиб кирганди. Китоб ўқиётувдим. Ҳайрон бўлмадим. Айтдим:

“Сиз! Нега, тез кетдингиз? Айтмай. Йўқ. Айтдингизу англамадим. Роса айтдингиз. Мен тушунмадим. Чунки хаёлим жойида эмасди. Куй тинглаётган эдим. Уни Ойхон чалади. Чанг. Чангнинг етмиш тори бор.”

У эса: “Вино борми?” сўрайди. “Бор.” “Менда эса яхши умид бор.” Яна айтади: “Бу икки шеър сизга”. Ўқийман. У винодан ҳўплаб уёқ-буёққа юради. Сўнг ҳавога кўтарилиб: “Сиз ҳам учинг”, дейди. Унинг орқасидан югураман. Деразадан ташқарига учиб чиққанда орқасидан чақираман: “Мен учолмайман-ку”.

Бу воқеа умидсизликнинг сўнгги нуқтаси эмас экан. Чунки бир одам, у Хизр бўлса керак, энди билдим, айтди:

“Умрингни бўм-бўш ўтказяпсан. Сенга тушунмайман. Яхшиси мардлардан бўл.”

Мен сўрадим: “Менга сал тушунтириб гапиринг”. У айтди: “Ҳов анови қўрғонда хон қизи яшайди. Унинг севгисини қозон”. Ва ғойиб бўлди. Ўша куни кўп ичдим. Кафеда балки беш соат ўтирдим. Чой ичиб узоқ ўтирардим. Сабрим тугаб қолиши мумкин? Ўзимни тушунмасдим. Хон қизининг қўрғони атрофида ойлаб уймалашиб юрдим. Ҳеч ким айтмаган. Маош ҳам тўлашмайди. Қўрғон атрофини ҳар кун супурдим. Сув сепиб, албатта. Чанг чиқармай, дердим. Қўрғон дарвозасини ювардим, артардим. Ҳар куни. Шу аҳвол.

Бошимдан ўткан воқеаларни эслаб боряпман. Оғир бўляпти. Чунки консерватория томондан куй эшитиляпти. Ойхон чанг чаляпти. Юришим оғирлашяпти. Мен Унга айтувдим:

“Хон қизининг қўрғони атрофида итдек изғиб юрардим. Бир куни дарвоза очилиб, хон қизининг канизаклари чиқди. Улар йўлга гул барглари сочишди. Ҳавога хушбўй атир сепишди. Юрагим сезяпти. Бошим эгик. Чунки уяляпман. У: “Эй”, деди. Унинг овозини эшитиб ҳушимдан кетибман. Ўзимга келганимда анча вақт ўткан, шекилли. Чунки у замон “вақт бор”, деб юрардим. Шунинг учун ўзимга-ҳушимга келдим. Кўза қўйиб кетишибди. Ичи тўла шароб. Ичяпман. Ҳеч тугамайди. Мастман. Дарвозадан ичкари киришга ботинолмадим. Бошим оққан ёққа кетдим. Поездга чиқдим. Шаҳрисабз шаҳрига келдим. Оқсарой атрофини айландим. Шунда ичимни тимдалаётган бир нарса йўқолар. Йўқолмади. Такси ёллаб қишлоққа кетдим.”

Олдин. Бир, икки… тўрт йил бўлди. Консерваторияга кирмоқчи бўлганман. Кирмовдим. У “нега кирмовдингиз”, деб сўрамовди. Мени тушунган. Мен ўзимни? Йўқ.

Битта яхши одам айтувди: “Консерваторияга киришингиз керак”. Шоирлар базмига, деб ичимда ўзимга айтувдим. Шунда. Ҳам такрорловдим: “У ерга кириш илмини ҳали билмайман”. Кечиринг.

Момом ўлганига анча йил бўлганди. У гўзал ўлди. Гўзал яшади. Аниқ ҳисоби эсимда йўқ. Ўн йилча кўрпа-тўшакда ётди. Оёғи синганди.

У деразадан ташқарига ўн йил қаради.

“Сен нима ҳақда ўйладинг. Қайси осмонларда сайр қиляпсан”, дейман. У индамайди. Овозини эшитсам ўлиб қолишим мумкин. Буни билади. “Эй”, деб чақирганига ҳушим ўзимдан учиб кетди. Ўшанда.

Мен йўл юриб боряпман. Консерваторияга кираман. Унинг васлига етаман. Аммо худди кимдир янги туққан чақалоғини бўйи бир қарич қор устига ташлаб кетгандек. Бу кимдир афсусланиб қайтиб келганда чақалоқ ўлмагану бироқ йўқолгандек, чангнинг бир сими узилиб, олтмиш тўққиз тори қолгандек.

Б.Р.Р. Деразанинг ойнаси синувди. Совуқ ҳаво кирарди. Сигарет тутунини ҳаво оқимига қарши пуфлардим. ”Яхшиси,сигарет кулини йиғиб, ундан лой қориб дераза ўрнини суваш керак.”  Жинни.  “Ҳаммаси яхши бўлади.”  Нима..

… -Дарахт шохига бир қуш қўниб сайраяпти:”Ҳаммаси яхши бўлади”.

Айтганча, кечадан олдинги кундан бир йил кейин. Кеча туш кўрдим. Бу ҳақда. Жим.

Зардўшт қирда тинимсиз юрган. “Нега..” Чунки қирнинг адоғи кўринмаган. Шунда Спондармаз унга етиб олиб сўзлаган. Йўқ, Хон қизининг нафаси сўзга айланган. Нафас эса Спондармаз бўлган.

Мир Алишер ҳарфлар шаклини ўрганган. Бу ёлғон. Диққатини йўналтирган. Ҳо, Мим, Айн, Сод…

Қип-қизил атлас кўйлак кийган хон қизининг хаёли оғир келган. Навоий бошини тошга қўйиб ётган. ”Булдуруғ,ҳозир ёниб кетасан.”

Р.П. товушларни ўрганарди. У.  Чексиз у.  Унли.  Қушнинг ўнг қаноти. Ундошлар чап қаноти. Товушлардан сўз ясаш ўрнига , улар ичида яширинган одамни кўрганмисиз.. ”Бу дунёда одам борми..”  Боязид Бистомий айтган. Дарахт баргида ёмғир томчиси қўнгандек, Р.П. товушлар устига кўз ёшини индирган. ”Бўлмаган гап.” Ишонмаганлар қулади. Қулайди.

Ҳофиз куйлайди:”ловиллайди баданинг “.

Атлас кўйлаги баданидан олиб тўқилган. Мен сенга қарасам ерга қараган бўласан.Ерга қарасам менга қарайсан. Йўқлик рақамларга айланади.Рақамларни ўрганиб бошлайман. Бир. Кўзим кўзингга тушиш учун бирдан ташқарига чиқишим керак. ”Картинадан ташқарига чиқишим керак.”

Энди, ўзингдан кўр. Қақнус.

Эсимдан чиқмасин. Хон қизи тўқимачилик институтининг фалон босқичида ўқийди. Ҳар куни унинг овозини ўрганаман.

Дарвоқе. Бас. Товушлар ёниб кетиши мумкин. Сен, Рюноске! Бошига силиндр кийган шарпа таъқиб қилган йили, эслайсанми, Абдулҳамидни Тошкент тунлари қийнаган. Девор бетида оёқсиз шарпа кезган. “Тўхта.Чўлпон юрагингни тингла.Ухлама.”  “Нега сенинг бўғзингни бўғиб ётар кўланка?” – Чўлпон ёзган. Саккизинчи осмонда кезган сайёҳ кейин ёзади:”Ёр итлари вовуллашининг йиғиндиси у кўлка. Акутахава. Ҳеч жинни эмассан. Қадамингни кескинроқ боссанг эди.” Ошиқлар аршнинг чексиз йўлида юраверадилар. Юраверадилар. Икки ён қабристон. Тупроқ. Майхона эдику бир вақт. Ҳар қандай жамият қора кўлкани асаб торлари билан ўстиради. Аммо унга қарши энг кучли қурол бор- ожизлик. Ожизлик тангри қудратининг нишон белгисидир. Ожиз одамгина кўлкага асир тушмайди. Йўлни йўқотмайди. Йўл бошловчи томонидан келаётган чақалоқ йиғисига ўхшаш овозни ўчириб қўймайди. Коинотда бўлиб ўтган тўс-тўполонларни ҳам эшитади. Кўради. Коинот ҳамма нарсани архивида сақлайди. Кейинги сафаримизда осмон зиналарини ўрганамиз. Бу тун. Хон қизи нима ҳақда ўйлаяпти экан.Ҳар қандай ўйлардан соқит бўлишим керак. Зеро, тоққа юк билан чиқиш қийин. Айтганча, Чўлпон ёзган:

“Қизил лолалардан бириккан денгиз кенг эди.”

Б.Р.Р.

-Сиз кўп чекасиз?

… -Сиз ҳам.

-Бу фаришталар овқати.

-Дунёда икковдан бошқа бекорчи бўлмаса керак. Нега дарсга кирмайсиз?

-Сиз нега ишламайсиз?

-Яна чекяпсизми? Қизларга ярашмаса керак,деб ўйлайман.Аммо,Сизга “фаришталар овқати” оғирлик қилмайдими?

-Кеча фикрлаш ҳақда гаплашамиз,деган эдингиз.

-Фикрлаш зулм ташийди. Бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Кеча Сиз билан танишмоқ учун билағонлик қилувдим, холос. Одамлар шундоқ ҳам осмонларда юришади. Ерда тупроқдай ётганлар билишади.

-Нимани билишади?

-Ўзим ҳам билмайман. Масалан,менинг бувим. У йиллаб тўшакда михланиб ётган. Фаришталарга овқат тайёрлаган.

-Тушунмадим? Ростми?

-Оғриқ фаришталарнинг таоми. Кечиринг, Яна билағонлик қиляпман.

Пулим кўп бўлганда, бу кафедан у кафега кўчиб юрардик. “Нима қилардик?” Қаҳва ичардик. Сигарет чекардик. Овоз чиқармасдан гаплашардик, шунда. Ёки сен менга қараб қўй. Шунда кулдондаги сигарет қолдиғини ўчираётган бўлай. Мен сенга қараганда, юзингни яширган пардани қўлинг билан ушлаб қўй. “Ошиқ нафаси юзингдаги ҳижоб эмасми”, ёки шунчаки кўча кезардик. Бошқалар фикрласин. Бошқалар осмонда учсин. Бошқалар дунё масаласини ечсин.

Хон қизининг мусиқаси.

Хон қизи кафега чанг асбобини кўтариб келарди. Саҳнага чиқарди.Зал ва саҳна ўртасида парда тортилган. Юзидаги ниқобини  ечмасди… У чанг чалганда кафедагилар маст бўлиб қолишарди.

Кафе хўжайини:”Бу менинг вином таъсиридан” деб ҳаммани ишонтирмоқчи бўларди. Кафеда Хон қизининг мухлислари кўпаярди. Кафе хўжайини бошқача ўйларди. Бошқа кун келсак бўш стол топилмасди.Ҳатто саҳна атрофида столлар қўйилиб унда хўрандалар ўтиришарди.Бошқа кафе излаб қолардик, саҳнаси бўлиши шарт эди.Топардик.

Ойхон ниқобини ечмасди. Мени аярди,шекилли. Дарвоқе,мен чой ичардим.Сабрсизликка қарши энг яхши даво- кўк чой. Ҳолат такрорланарди; мухлислар кўпайиб кетарди. Улар тез маст бўлиб шовқин-сурон қилишарди. Ойхонга бу ҳол ёқмасди.Унинг мусиқасини тинглашмай ўзаро ғийбат қилишарди. Мен ожиз эдим. У чанг чалганда олдига яқинлашолмасдим. Яъни юзидаги ниқобни ечишим керакми-ди? Билмайман. Рост,билмайман..

Аммо майхўрлар унинг зулмига чидай олишмасди: мусиқани охиригича ҳеч ким эшитолмас, саҳна пойида мастлар оёқ-ости бўлишарди. Хуллас,ҳеч ким ўзини нима деб гапираётганини билмасди. Бу балки алжирашдир ёки гўзалликнинг жодусидир.

Бизни охир-оқибат бу кафедан ҳам қувишарди. Бойиб кетган хўжайин тўйхона ёки қават-қават ресторан қуришни бошлаб юборарди. Хон қизини ҳеч қаерда сиғдиришмасди.Мен унга айтардим:

” Мен қулингман.”

Аммо қўрқардим. Бу сўзлар учун жавоб бериш ҳам борку. “Йўқ, итингман.”

Айтишди:”Бодлернинг палтосини шоир Ўлжабой Сулаймон кийиб юрибди”.

Икков,адашмасам,тўрт йил олдин,қиш эди,чача ичувдик. “Жиззахдан олиб келдим.Грузинлар совға қилишди,жўра. 1 литр.” Ярмини ичдик. Ўлжабой сариқ палтосида ўралиб ўтирди. Офисиант қизга айтди ҳам:”Синглим,кўк чой олиб келинг.Совуқ.” Ўлжабой яна айтувди:”Бу яхшида,иссиқлик беради.” “Виночи?” “…Вино бу чачадан ҳам зўр.Аммо борига шукр.”

Хуллас, Ўлжабой кафе орқасига чиқиб  қайт қилувди. “Ўлжабой қаерга тупурсангиз ўша жойда гул ўсиб чиқади.” “Ҳазиллашяпсизми?” “Рост. Чиқит чиқарган жойингизда сарой қуришибди.”  ” Ҳеч кимга айтиб қўйманг, сочларига суртиб юришмасин.”

Давлат қуши ўша пайтларда ишларди. Кейин бўшалди.. Айниқса, миршаблар билиб қолишмасин –ҳеч қайси осмонда рўйхатдан ўтмаган. Адашмасам,паспортини олти марта йўқотган. Қушга паспорт нима керак. Ёки қуш бирор ташкилотда ишлайдими? Гоҳида давлат қуши қўнғироқ қилади:

“Сирдарёдаман”.

Тушдан кейин яна қўнғироқ:

“Жиззахдаман. Нима олиб борай.Вино олиб бораман.Зўри.”

Аммо гап осмон ҳақда эмас. Етти иқлим ва Бодлернинг палтоси хусусиятлари ҳақда..

Мамлакатда қанча фуқаро бўлса дарвишнинг шунча хизматкори бор. Бу Ўлжабой ҳақда айтилган.

Коинотда ҳозир иккита бекорчи бор. Бири Ўлжабой. Анча уриндим. Ҳатто хон қизига хат ёздим:

“Менга ёрдам бер. Мен ҳам яшай”.У эътибор бермади.Яна ёздим:”Сиз бу дунёнинг чеккасига бориб келгунча ,мен ўлган бўламан.”

“Ҳозирга келгунингча 39 йил ўтади. Оқарган сочингга нур ташувчилар қўнади. Набираларингга насиҳат қиласан Ёки сочинг ҳали оқармаган бўлса уларга ақл ўргата бошлайсан. Уларга ёқмайсан,албатта.Ҳозирни эслай бошлайсан. Фақат эслайсан аммо келмайсан. 18 минг оламнинг биттасида ҳам яшамабман,дерсан эҳтимол. Тасодифлар оламининг маликаси! Билсанг, энди бу -шайтоннинг пуфак ўйини экан.”
“Сочларинг баттар оқаради.Сочларингга қўнаман.Сочларингни Хизр қўли билан силайман,севгилим.”

-Ўшанда ақлингиз кирган бўлса кеч бўлади. Ва йиғлаб-йиғлаб урчуқ айлантирасиз. Ёки ўшанда ҳам қанотингизни ёзишни ўрганмаган бўлсангиз невараларингизнинг ҳам қанотини қайирасиз. Бузасиз.

Чўлпон ёзган. “Бузилган ўлкага” Кейин хўп йиғлаган. 1923-йил. Самарқанд темир йўл вокзалида.

Пойлоқчи миршаблар уни шу ерда учратишган , йиғлаганини кўришмаган.Аммо:

” Синглингиз сизни излаб юрибди. Учинчи осмонда бўлсангиз, у сизни иккинчи осмондан излайди. Бир нуқтада кўришолмаяпсизлар. Нега?Нега…” -Ўша осмон миршаблари  кейинроқ дафтарларида шундай ёзиб қўйишган.             Айтганча, Навоий қора палосда ўралиб иқлимларни кезган. Кимдир айтувди:” Шу қора палос келиб-келиб франсуз шоири Шарл Бодлернинг қўлига тушган. Шарлнинг шўрлик онаси бу палосдан ўғлига қора палто тикиб берган”

Балки,шундайдир. Аммо, мен хон қизига ожизлигимдан яна илтижо қилувдим. Айтувдимки, коинотни матода тасвирлаган ҳар қандай санъаткор ёниб кетади. Матодаги тасвири ҳам.  Аммо,ёнаётган бечора устига қора палос ўраб қутқариб қолиш мумкинми?

Кимдир кигиз яхшироқ ,деб кесатувди. Тун эди. Қуш деразадан ичкарига кўз тикиб туради, қор аралаш ёмғир ёғади. Ойхон деразасининг пардасини суриб қўяди ва чивғин ёғишини эшитиб ташқарига қарайди. Кейин кундалигига ёзишда давом этади:

“Ҳар кун уйғонганимда ёстиғим ёнида гул туради. Қизил. Оқ. Пушти. Қирмизи. Аммо уларнинг ҳидларини тасвирлаб беролмайман.Лекин аниқ биламан. Бу ифор ерда йўқ.Балки осмонда ҳам йўқдир.Чунки …ҳеч қачон осмонга учмаганман.Учишнинг имкони ҳам йўқ. Лекин эшитганман. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)ҳазратлари юксак осмонга кўтарилган. Илоҳий кеча ҳақда бувим кўп сўзлайди. Айниқса, болалагимда бу воқеани қишнинг узоқ тунларида сандалда ўтириб олиб қайта-қайта эшитар эдим. Хаёлим узоқ-узоқларга кетар эди.

Айтганча, гулни ким совға қиляпти. Бу ҳодиса бир ойки давом этмоқда. Гул ёнида афсуски, бир дона хат ҳам йўқ. Ўйлайманки, менинг ошиғим жуда уялчанг. Аммо ҳар тунда у хонамга қай тарзда кирмоқда. Бу мени хурсанд қилса-да-унинг мард эканини билдиради аммо қўрқиб ҳам кетяпман. Наҳотки, яна бу тун уни пайқамасам. Ҳар тунгидек ухлаб қолсам. Унинг менга хат ёзишини жуда истар эдим. Чунки ошиғларимдан келаётган телефон хатлари, рости, жонимга теккан. Улар ҳатто Евгений Онегинчалик ҳам бўлишолмайди.Татъянага ёзган хатини яхши кўраман. Бўлди, эртага ёзарман. Бугун 13 ноябр.20.. йил. Биринчи қор ёққан кеча. (Балки бу қор менга бахт олиб келаётгандир.)”

Ойхон кундаликни ёпиб деразага яқинлашди. Қуш тепага кўтарилди. Биринчи қорни кўриб севинди, нимадир эсига тушгандай маъюс жилмайди. Қуш унинг табассумини кўриб турган эди-ю Ойхон буни билмасди. Ёнида у бор эди-ю Ойхон буни сезмасди. Қушга ҳам бу қисмат аччиқ алам қиларди. Қуш осмонга қараб учди. Бу ҳаво унга бир тарихни эслатди. Зеро, у бу коинотда бўлиб ўтган кўп воқеалардан хабари бор эди.

Одам Ато ва Момо Ҳаво айрилиқ азобини чекишади. Жаннатдан қувилгандан сўнг бир-бирини излаб бу дунёни кезишган. Улар қадим Туркистон ерида учрашишган деган гаплар ҳам бор. Икки қир оралиғида бир-бирини кўриб танишган. Шунда бир-бири томон элишган. Кейинчалик бу қирда Зардўшт кезган. Хон қизини излаб. Момо Ҳаво севгилисига қор ёқишини билиб тангридан кўкдан қор ёғишини тилаган. Одам Ато эса аксинча, тангридан ёри учун осмондан ёмғир ёғишини сўраган.Токи улар бир-бирлари билан бу гўзал ва абадий қирда учрашганларига қадар осмондан қор аралаш ёмғир ёққан. Қор ва ёмғир ёғишини шу воқеадан сўнг қадим туркий-ўзбек тилида чивғин дейишган.

Қуш шавққа тўлди,яна нияти –асл мақсади томонга учди. У коинотдан ташқарига айнан бугун учиб ўтаман, деб ўйлади…. Ёзувчи М.нинг жон қуши кўкка сафар қилди. М..нинг танасига эса қуш жойлашиб олди. Фақат ёзувчи М.қушга бир шарт қўйди:

“Мен “Хон қизи”номли достон ёзишни бошлаб қўювдим. Сендан фақат бир балки бу кўпроқ илтимосдир лекин шарт деб тушунма,асло. Чунки эртага нима бўлишин ёлғиз тангридан бошқа ҳеч ким билмайди. ”Хон қизи” қўлёзмаларини сенга топшираман. Илло тангри мадад бериб бу китобни ёзиб тугатарсан.”

Ёзувчи М нинг жон қуши кўкка сафар қилиб унинг танасига бизнинг қаҳрамонимиз қуш кириб ўрнашиб олди. Бугун тонгда у одам шаклида уйғонди. Ювиниш учун ҳаммомга кирди. Ойнага қаради. Юзини ушлаб кўрди. Сийпалади. Ювиниб кўчага чиқди. Пиёда шаҳарни кеза бошлади. Йўлида дарахтлардаги қушлар сайраб унинг унинг сиридан бир-бирларига паст овозда сўзлашарди: ”Миршаблар эшитиб қолишмасин. Атрофдаги йўловчилар, айниқса итлар бу сирдан воқиф бўлишмасин.”   У қабристонга келди. Ёзувчи М..нинг устози қабрини зиёрат қилди. Қабристондан чиқиб метрога кирди. Кечаги воқеаларни эслади. Метродан чиқиб кафега кирди. Ёзувчи М..қолдирган “Хон қизи” қўлёзмасини ўқиб чиқди. Қўлёзмадаги сўнгги ёзувлар бундай эди:

“ДЕНГИЗ ТОМЧИСИ”

   Мен сизнинг юзингизни эслаб ёмғир остида метродан уйгача юриб келдим. “Ёмғир ёққанда, тўсатдан сезиб ва ушлаб олганингда сезгингни.” Ундан Сўз ҳозирлаб, сўз тўқиб Сизга худди очилган гул, гўё чанглари ювилган тип-тиниқ осмон ёки ҳали ишлатилмаган яъни ҳали ҳеч ким ҳиссига қулоқ тутмаган юрак – Сизга Агар эсласам, йўқ, агар, сал ўйласам, бир пас Сизни – исмингизни ичимда такрорласам ёмғир бадтар тезлашади.

Агар Сизга тўсатдан бир Сўз айтсам фавқулодда чин Сўз ҳатто

тўқилмаган Сўз кўзингизда сақланаётган агар айтсам юрагингизда

пайдо бўлар Сўз.

Ёмғир «эй» дейди. «Эй». «Эй». Уйғон, дегандай. Унинг бир

томчисида миллион йилни кезаман Масалан, боягина, кўчада, ёки

олти йил муқаддам, балки яна тўрт, ўн йилдан кейин чексизликнинг

томчиси Сизни ва Мени ёки аксинча Сизга мени эслатиб қўйгандек,

йўқ бу сал сентиментал ҳикоя Биз айрилмас битта шеър.”

Қўлёзмани ўқиб чиқиб ойнали кафедан осмонга тикилди.Яқинда ёмғир ёғиши кутулмоқда эди. Қуш ёзувчи М..нинг илтимосини албатта,бажармайди. У ёзмайди. Қуш учун коинот чизилган ягона картина эди. У бу картина ичида сайр қила бошлади.Зеро,дунёнинг энг гўзал одами айтган :

”Фақирлик-фахримдир.” Бир неча йилдан кейин ёзувчи М. ёзади:

“Д.Н. туғилган юртим Шаҳрисабзга келди.” Қишлоққа келганимда ҳамма мени сиз деб ўйлашди танишмади.Фақат 12 йилдирки, тўшакка михланиб ётган тоғангиз қулоғимга шипшиди:

”Ёзувчи М. ўлдими? Сизнинг асл исмингиз нима?”

Фақат ҳеч кимга айтманг у олис сафарга учиб кетди деб,тоғангизнинг  оёғини силадим. У йиғлаб ҳам олди.

-Ҳазрати Султон тоғига кетяпман.

-Ҳа,тушунаман.

Д.Н. бу қишлоққа тоғдан тушиб келганди ёки тоққа кетаётганда йўлидан чиқди. Унинг ўзи қайси манзилда экани ҳақда ўйламасди чунки ҳар қайси манзил унга тегишли эмасди ёки аксинча. Хуллас,бу қишлоқ аҳли ниқоб тақиб юрганини пайқаб қолди. Қишлоқ кенг ва узун эди, охири кўрингунча яна бир йил ўтар ёки беш йил, билмасди. Қишлоқ дўконларида ниқоб сотилади аммо Д.Н.нинг пули фақат озиқ-овқат сотиб олиш учун етарди – одам юзидан фарқ қилмайдиган ниқоб Д.Н. учун қимматга тушиши мумкин эди: бу қишлоқда қолиб кетишидан қўрқиб юзига лой, балчиқ суртиб қишлоқ оралай бошлади. Балки бир йил ўткандир лекин қишлоқнинг охири кўринмасди.

У қишлоқ балчиқларига чўмилиб юзига лойдан ниқоб “тақиб” йўл юришда давом этди.

Йиллардан бир куни у нон сотиб олиш учун дўконга кирди. Дўкон сотувчиси  Н.исмли аёл эди.

-Кечирасиз! Илтимос,мени кечиринг. -Д.Н. ҳайрон қолди ва бу аёлни нега кечиришим керак, деб ўйлади.

-Кечирасизми,-Аёл сўзини қайтарди.

-Сўзланг.

-Мен “Юз китоби”номли асар ёзяпман.Сизнинг юзингиз қишлоқ аҳли юзидан фарқ қилар экан.

Аёл гапирарди-ю дунёдаги барча аёллар каби ойнадан кўзини узмасдан пардоз-андозини давом эттирарди.

Д.Н. аёл ойнасига қараб юзимдаги ниқобни шу қишлоқ тупроғидан ясаб олдим деди. Ва  чиқиб кетаётиб дўконда оқ мушуклар галасини кўрди. Улар тинмай ҳаракатда дўкондаги сичқонларни қувишарди. ”Бу яхши”.

Қишлоқ ариғи ёнида тўхтаб нон тишламоқчи эди. Нонда сичқон ҳиди ўрнашиб қолганди. ”Қишлоқ балиқлари ейди” деб нонни ариққа ташлади. Юзини ариқ сувига ювиб дўкон тарафга қараб секин шивирлади: ”Сизни кечирдим.”

Кейин  йўлида давом этди, қишлоқнинг охири кўриниб қолганди. Узумзор соясига тўхтаб ёнбошлади. Ғўрадан узиб ичига ютди, баданига сал қувват кирди ва бу жойлар ҳақда билги берган одамининг энг сўнгги сўзини эслади:

-Юзни асраш керак.

У қоф тоғи томон  йўлга чиққанди.

”Қирқ қиз қишлоғида бир тун тунаб яна йўлга чиқаман .”

Манзилга бир кунлик йўл қолганди,холос.Унинг бу қишлоқдаги саргузашти узоқ йилларга кейин асрларга чўзилиб кетди.

”Ишонма ,вафо йўқ, йўлдан қолма “.

Қишлоққа келган  куни қишлоқнинг энг гўзал қизи унга ошиқ бўлиб хат ёзди.Учрашув белгилади.У келди.Учрашди. ”Ҳозир келаман.Сиз  ҳовлимиздаги ўрага кириб яшириниб туринг”-деди. Келмади. Бошқа хонадоннинг қизи  узун сочларини  чуқур ўрага ёки қудуққа ташлаб уни қутқариб олди. Ёки ўша қизнинг невараси эдими?Аниқ тафсилот шарт эмас, деб ўйлайман. Яна учрашувга келди. Яна қудуққа тушди. Асрлар ўтди. У кўкдан  умидини узмади. Яна бир соч уни қутқарди. Аммо Яна зулматда қолди. Яна  маънисизлик балиғи ичида суза бошлади. Юнусдай. Бир кун Юсуф.К. келди. Қўлида иқлимларни ўлчайдиган  узун таёғи бор эди. ”Сени қутқараман.”

Д.Н. Юсуф.К.га айтди:

“Сен бир умр маънисиз иш билан ўз умрингни ўтказиб юрибсан.Буни билсангда,вақт ўтказиш  ва ўз қайғуларингни яшириш учун бу йўлни танлабсан.”

Юсуф.К. қайтиб кетди.

Ёзувчи М..кейинроқ бу ҳақда сўзлаб беради аммо:

-1992 йил эди.Газетада Бухоро амирининг кичик хотини расми чиққанди.Унинг суратдан қараши ёқарди. Расмни қирқиб олиб чўнтагимга солиб юрардим.

Ойхонни йўлда учратувдим.”Эрим мени севмасди. Аммо эримни қора кўлка бошқариб бошлаганди. Уларнинг тўдасини Яъжуж –Маъжужлар ҳам дейишади. Шимолдан бостириб келишди. Хон қизини излаб. Уни топишолмагач ўлкамизни бузиб бошлашди. Хон қизи Ҳазрати Султон тоғи атрофида темирдан осмонўпар девор қурдириб яширинган деб эшитдик.”

Олой бозори ёнида аҳду паймон қилувдик. Кейинги йил келганимда Ойхонни тополмадим. Кафеда соатлаб шунчаки ўтирардим. Совқотганимдан Бодлернинг пальтосини эски – туски моллар дўконидан сотиб олувдим. Узун, ранги қора, кирлиги билинмайди. Ички ён чўнтаги тешик эди, ковлаганман. Ичидан пул чиқади, ўйлаганман. Чиқмади, аксинча қоғозга ўралган банг чиқди. Ҳеч кимга айтмадим. Қизиқувчилар бу нарсалар ёшига камида 140 йил беришарди-пуллаймиз дейишарди.Бангни чекмадим, осмон бўшлиқларини қўриқлайдиган миршаблар қўлига тушиб қолмасин, ташлаб юбордим . Аммо қоғозда франсуз тилида сонет-шеър ёзилган эди. Бу шеър Бодлерники,аммо ҳеч қайси тўпламида чоп этилмаган. Сўнгги шеъри,чамаси ёки бу сонет ёзилган қоғозга бангни ўраб кафеда ошналари билан чекаман,деганми,хуллас билмайман. Пальто иссиқ сақлайди. Унга ўралиб юриш,ётиш мумкин. Сонетни ёдлаб олганман. Бу ҳақда…

Қадрдонлигимиз бор ,анови чинор дарахти, бу арча ёнидан шамол дарёси оқиб ўтади.Дарёда шамолнинг шувиллаб оқиб келаётганидан дарахт шохидаги қуш дарак беради. Кечир қуш,номингни билмайман. Сен севган дарахтнинг ҳам. Аммо, ёдимдасан.

Муғбачанинг энсаси қотмайди.Чой сузиб келади. Чинор ҳақда ўйладим,авваллари ёнида фонтан бўларди,тушдан кейин ишдан қочиб кафега келардим. Ва шамол денгизида оқардим. Бу муҳими эмас. Айтганча,қуш чирқиллайди,хаёлимни бўлади. Кафега хон қизи ташриф буюрди.

Хон қизи тоғда яшайди. Мен қуёшни излаяпман  деганини эшитиб қолганман.Ўша учун ҳам у тоғда яшаса керак. Тонгда қуёш тоғ чеккасидан сакраб-сакраб чиқишини кўраман,деб бу чекка тоғда қолиб кетгандир,эҳтимол. У қуёшнинг уйи шу тоғ орқасида деб ўйлайди.

Сенинг хаёлингни унинг ишхонасида кузатаман. Унинг кимгадир, нимагадир қарашини ўғринча бўлса-да тутиб, хотирамда сақлаб кейин уни тафтиш қилмоқчиман. Демак, дейман, ўзимни тасвирламоқчиман ёки. Ёки шундай, деб азобдан енгил қутилмоқчиман. Унга хат ёзгим. Сен ҳақда билдиргим. Иккиланадими, деб қўрқаман, балки мен унга яқинлашсам сендан узоқлашиб кетаман. Билмайман. Уни кимдир топтаб ташласа, тингламаса, оғритса, деб ёмон ўйлайман. Мана. Юмшоқ ва бир қаттиқ куч билан ўзимни унинг олдига судрайман. Овозим бўғилади. Лекин эзилиб, букчайиб ҳам мункайиб, титраб, сел бўлиб товушлар йиғиндиси дунёни тасвирлайди.
Эҳ, қаршимда бу ким? Оппоқ қор ёғаётган эди. Борлиқ – қорнинг ишхонасидан ўзимнинг ишхонамга кўчаман – қочаман. Бу ердан, бу ҳолда, узоқда, сендан кечирим сўрайман.

Хон қизи кафедан чиқади. Канизаклари атрофида. Унинг йўлига гуллар сочишади. Кемага чиқишади. Шамол дарёсида сузиб яна тоққа қайтишади. Қуёшни излагани.

Аслида қуёшнинг уйи денгиз тубида. Уй оқ зарралар бирикувидан ташкил топган. Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қачон айтмаганман. Аммо шу кафеда, аниқ эсимда 20.. йилнинг ёзи эди, қуёш уйига боришни чуқур ўйлаганман. Балки у қора денгизда яшар деб, Қиримга кетувдим.

——?

Тиламчи кекса чол ва чаван Афанасийдан хат келган эди:

–         Ёқут керакми сенга ё қут? Ёқутистонга яхшиси ўзинг кел. Бу ерда камида олти ой қуёш пастлаб учади,манзарани кўриб шавққа тўласан-ҳаётингда янги уфқ очилади. Бир куни, қайси кунлигини билмайман,кечир, юриб кетаётганингда қуёш бир неча дақиқа тўхтаб қолади, айнан шу ерда қудуққа дуч келган бўласан, агар ёнида ёлғиз дарахт бўлса – билки, бу шу. Қудуқ ичига арқонни дарахтга боғлаб туш,қўрқма,ичи иссиқ ва суви йўқ. Тубига етганингда мушт катталигича ёқутга дуч келасан, унга игна қадалган, суғуриб ол, қўрқма, нимадан қўрқасан, бу қизиқ, балки узоқ йилар вино ичавериб қўрқув ҳиссидан айрилиб қолганманми,бу нарса менга бегона,хуллас,ёнга қараганингда, албатта, қарайсан , чунки сувойнада бир ҳурлиқони парга беланиб ухлаб ётганини кўрасан-узоқ тикилиб қолма, уни ҳаётингда учратганингда ҳам сени барибир танимайди – аммо бир умр сен ҳақда ўйлайди, сени бир умр излайди, нима қиласан,ўзинг биласан, бу бари иллюзиялар – денгиз кўпиклари ёки шунчаки яна бир бор – бу кўпикларда оқмоқчимисан, йўқ бас қил, яхшиси, ёқутдан игнани суғуриб олиб ёқутни сув ойнага от, ойна чил-чил синади ,хулё йўқолади ва игнани ҳам иккига бўлиб синдириб ташла,қўлинг қонаса-қонайверсин, қўрқма, арқонни ушлаб  қайтиб юқорига чиқмайсан аксинча, шунда қуёшдан қудуқ ичига нурли зина тушган бўлади, бу айни қутнинг ўзидир. Кейин ўзинг биласан ,нима қилишни.

Хуллас,сенга тиламчилик қилиб топган танга-чақаларимни рублга айлантириб юборяпман,йўлкира учун,сенинг юртингда гадойлик қилиб ҳам йўлкирага пул ундиролмайсан,чунки қут йўқ. Сен ярамас учун икки ой вино ичмай пул тўпладим,кечир бу албатта,ҳазил. Сени кутаман.Кекса чаван Афанасий.

Тонг оппоқ нуқталардан бириккан.Бу гулшанда ҳар қайси нуқтанинг ўтмиши бор. “Сиз тақдирингиздан сўзлаб беринг.” Кўкдан чакка томарди.. бу мусиқа қайси оқ нуқтанинг ўтмиши эди.

Ҳозир тонг отади. Унинг юзи кўринади. Сўз эмас,ҳатто мусиқалар ёнади. Ҳамма нарса кул бўлиб – йўқ бўлади. Битта севги қолади.