O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Курашмоқ – давр талаби

Курашмоқ – давр талаби
159 views
20 June 2012 - 19:31

Ўзбекистонда кечаётган ҳаёт суронига назар ташланг. Аксарида одамларнинг бахт-иқболдан эмас, балки бахтсизликдан кўпроқ ҳикоя қилаётганликларини кузатасиз. Албатта мамлакатда фаолият олиб бораётган қўштирноқ ичидаги “эркин” оммавий ахборот воситалари бу халқнинг дардини, баъдбахтлигини кўра олмасада. Аксинча, кўп ҳолларда улар мамлакат тарақииёти ҳақида, унинг ўсиб бораётган халқаро обрўси ҳақида, юртбошининг оқил ва доно сиёсати ўз меваларини бераётганлиги ҳақида лоф-қоф урадилар. Аслида эса, тирикчиликда, ҳаётда ҳаммаси бунинг акси эканлигини одамлар тушуниб етганлари қачонлар эди. Ҳаттоки Совет даври тарғибот машинаси ҳам бугунги мустақил Ўзбекистон ахборот воситалари олдида ип эшолмайдиган нўноқ бир минбар бўлиб кўринади. Чунки уларнинг ўша давр бошлиқларга қараб айтадиган мақтов ва ҳамду санолари бугунгичалик даражада эмасди.

Озодлик радиоси тўқинларида янграётган турли туман тақдирлар ҳақидаги ҳикоялар Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг наздида шунчаки, қора кучлар томонидан айтилаётган ёлғонлар холос ва қўйдай ювош бу халқимиз ватанига, президентига содиқ бўлиб, ҳеч вақт унга хиёнат қилмайди. Лекин шундай бўлсада, тез-тез кимларнингдир ватан хоини эканлиги хусусида телелавҳалардан кўриб қоламиз, мақолалар ўқиймиз ёки радиоэшиттиришларни тинглаб қоламиз. Савол туғилади: Ўзбекистонда ватан хоинлари борми, ёки йўқ? Бор бўлса нега Ўзбекистон оммавий ахборот виситаларида улар йўқ деб айтилади? Бор бўлган тақдирда ҳам кимлар ватан хоини экан? Аслида ватан хоини деб ҳукуматга мухолиф бўлганлар эмас, балки ватнига, халқига хиёнат қилганлар аталган.
Ватанга садоқат – бу диктаторга садоқат дегани эмас, демак шу азиз ватан тупроғида туғилиб, ўсиб унинг бойликларини ўмараётганларни ҳам бемалол ватан хоини деб аташга ҳақлимиз.

Диктатура режимлари одатда одамларни бир мафкура атрофида, ёки бир шахс атрофида жипслаштиришга уринади. Шунда ҳам ҳукмдорнинг элга қарши жиноятларидан халқ кўзини юмиши лозим бўлади. Нафақат кўзини юмиши, балки ҳукуматга чақимчилик қилиб гуноҳсиз одамларни қаматиб бериш ҳам анча йиллардан элимиз орасидаги анча-мунча одамлар учун “ватанпарварлик ҳисси” бўлиб қолган.

Сталин қатағони йилларида ҳам бизнинг Ўзбекистонда ўз яқинларини, ҳамшаҳр, ёки ҳамқишлоқларини чекистларга чақиб бериш билан, уларнинг умрларига завол бўлганлар кўп бўлганди. Халқ бу хиёнатни унутди! Бугунги мустақил Ўзбекистонда ҳам маҳаллаларни оралаб юрган МХХ чақимчилари, маҳалла оқсоқоллари ва посбонлар, буларнинг барчаси диктатор режимга бел боғлаб хизмат қилаётган кимсалар бошқаларнинг умрига завол бўлишаяпти. Шунчаки баъзи ҳолларда улар ўзлари ёмон кўрган қўшнилари борми ёки бирор танишими, унга зарар етказиш учун ҳам чақимчилик қилиб донослар етказиб беришаяпти. Халқ бу кўргуликларни ҳам унутиб юборади! Ваҳоланки, хаплқимиз “оқил ва доно” президентимиз айтганидек, жуда кечиримлик ва ҳалимдекгина халқдир.

Режимдан қутилиш бугунги кунда барча ўзбеклар ва ўзбекистонликларнинг бош мақсади мақсади шу бўлмоғи лозим. Айни кунларда мана шу мақсадга етишиш ҳар қачонгиданда муҳимроқ ва зарурроқ бўлиб турибди. Ислом Каримов ҳозирда катта қизи Гулнорани президентлик тахтиравонига ўтқазиш учун тайёргарликларни бошлаб юборган, эл орасида унга обрў-эътибор олиб беришга киришган. Обрў топиш ҳам албатта осон эмас, лекин бир қанча тўю томошолар, текин ошлар ҳалимдек халқимизнинг бўйнидан арқон боғлаб Гулноранинг қўлига тутқазиб бериши ҳеч гап эмас. Чунки биздаги минталитет шунақа.

Эсланг мустақилликнинг илк кунларини. Ҳукумат раҳбари нималарни ваъда қилмади? Эндиликда эса Ўзбекистон қолоқ Африка мамлакатларидан ҳам ортда қолиб кетди. Бу иқтисодий макондаги ўзгаришлар бўлди. Совет даврини ҳам тоталитар давлатчилик деб биламиз, аммо ўша кезларда бировни туҳмат билан қамоққа тиқиш, азоблашлар элга ёт эмасмиди? Совет даврида Тошкентдан топилмаган ҳақиқатни Москвадан топса бўларди, аммо эндичи? Энди эса ўзбеклар ҳақиқатни яратган зотдан сўрамоқда холос. Бошқа умид қиладиган на бир зот ва на бир ҳукмдор қолмади. Шундай бўлсада биз яшаяпмиз!

Ўзбеклар энг яшовчан халқ десак мутлоқ муболаға бўлмайди. Мамлакатда иш жойларининг қисқариб кетгани, узлуксиз давом этаётган инфляция – буларнинг барчаси Ўзбекистон халқи учун “ҳеч” экан. Маҳалларни оралаб альюмин ёки мис идишми, симми, ҳар ниманики топса Қозоғистонга пуллаб бўлса нонини топиб еди бу халқимиз. Бу кунлар ҳам ўтиб кетди. Мана энди эса халқ пачка пачка бўлиб Россия ҳудудларига томон оқмоқда ва “гастербайтер” деган бир ҳамоқатни елкаларига ортиб тағин яшаш учун курашмоқда. Буни яшаш дейиш ҳам нотўғри албатта, тирик қолиш учун дейилса айни ҳақиқат бўларди. Қизиқ, бу эл ҳамма нарсага рози ва ҳар нарсага тайёр, фақат ҳукумдорга қараб бир оғиз бўлсин, қаттиқроқ сўз айтишга ботина олмайди. Мана шу ўзбек учун оғир бир синовдир.

Ўзбек эртакларининг бирида бир подшонинг камбағалона кийиниб тунлари шаҳар атрофини айланиб, фуқаронинг ҳолини кузатгани айталарди. Ўша эртакда подшо бир тунда овлоқ бир жойда чилдирма чалиб хушвақтлик қилинаётган уйга қараб бораркан. Бориб қарасаки, бир одам шаъмлар ёқиб қўйиб, чилдирмасини даранглатиб ўзини ўзи хушвақт этиб ўтирган экан. Суриштирса, у шу ерллик бир ямоқчи бўлиб чиқади. Бир кунда тўрттагина шаъм, бир кечалик егулик ва чойига яраша пул ишласа бас экан. Подшоҳ эртаси куни ямоқчиликни таъқиқлаб фармони олий чиқаради. Ямоқчи уйидаги бисотини сотиб ўша ўзи истаган неъматларини олиб тағин кўнглини хушлайди. Подшоҳ уни ўзига навкар қилиб ишга олиб қарайди. Қарасаки, ямоқчи қиличини сотиб тағин ўша куйи, кўнглини хушлаб ўтираверади. Охир уни саройдан ҳайдаб яна ямоқчилик қилишига буюради. Ямоқчи тағин эски касби билан вақтини хушлаб яшайверади.

Бу ўзбек халқ эртакларидан бирининг қисқача мазмуни. Халқимиз ҳам ўз эртагидаги мана шу ямоқчига ўхшаб қолгандай. Юрт подшоси элнинг бошига нима кунларни солса ҳам миқ этмай, тағин ўзининг муроди учун пул топишдан бошқа нарсани ўйламаяпти. Унинг муроди эса туй қилиш, элга ош бериш каби ўткинчи ҳою ҳаваслар. Миллат қул бўлиб қолиши ҳам элимизни ташвишга солаётгани йўқ. Пул топса, ўғлини уйласа, қизини чиқарса бўлди!

Бугунги кунларда Ўзбекистон халқининг ўртача ҳисобда етти миллиондан ортиғи Россия ҳудудларида мардикор бўлиб юрибди. Бундан ташқари дунёнинг яна қайси мамлакатларида кимдир қочоқ, кимдир гастербайтер ва кимлардир турли найранглар қилиб бўлсин, ўша мамлакатларда яшаб қолиш учун интилмоқда. Ўзбекистонликларнинг Озодлик радиоси тўлқинларида янграётган қисматларини эшитиб биров кулса, биров ёқасини ушлайди. Бир жувон фоҳишаликни ўз ихтиёри билан танлаганлигини, аммо бирор сўм ҳам ортира олмай ватанга қайтганини ҳикоя қилади. Яна бир ҳолатда эса, ўзбек йигитлари Москвада гей бўлиб пул топаётгани ҳақида ҳикоя янграйди. Ўзбекда ор қолдими?

“Тирикчиликнинг айби борми?”, – дейилади халқимизнинг янги “ҳикмат”ларининг бирида. Бу “ҳикмат” Совет даврида пайдо бўлганди. Давлат магазинларидан пештахта остида мол олиб уни чайқов бозорига олиб чиқадиган ўша даврнинг “корчалонлари” ўйлаб топишганди бунақа “ҳикматни”. Эндиликда пештахта остига тиқадиган молнинг ўзи йўқ экан, элимиз ҳаттоки ўзининг минг йиллар давомида яратган миллий қадриятларини ҳам бозорга чиқариб сотмоқда. Яъни элнинг ори, номуси, кенг маънода айтадиган бўлсак – унинг ўзлиги эндиликда бозорда сотиладиган бир матоҳга айланди. Булар ҳаммасига ўша ўзимиз билган “оқил ва доно” президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати сабаб эришиб бораяпмиз.

Бор йўғи қорин тўйдириш, тўйлар қилиш мақсади билан шу даражага тушиб қолдикми? Нега? Негаки ўзбекларимиз чумчуқ “пирр” этса юраги “ширр” этадиган даражадаги қўрқоқларга айланди. Номусни пуллагандан кўра, ҳукумат тепасида турган ўша беномусни қулатиш осонроқ эканлигини ҳали тушуниб етганимиз йўқ. Буни қийин билган элимиз ўзига бошқа йўлларни кашф қилаяпди. Тўғрида, тирикчиликнинг айби бор эканми? Болкаларнинг қорни тўқ, усти бут бўлса бўлди-да!

Киши қўрқмас бўлиши учун унда соғлом ғоя билан тарбият топган бўлмоғи лозим. Оналар алласида бош эгиб яшаш эмас, кукрак кериб яшаш куйланса, балки келажак авлодларимиз бизга ўхшаб мардикор бўлмас. Агар оталаримиз фарзандларига бошлиқнинг юзига тик қарама деб нотўғри ўгит беришдан тўхтатасалар ва фарзандларни мағрур, соғлом ақллик қилиб тарбият этсалар, эҳтимол, келгуси авлодларимиз бугунгичалик номуссиз бўлмас.

Ҳозирда Ўзбекистондаги вазиятни ўнглаш ўрнига унинг бузуқ тегирмонига сув қўяётганларни эса ақли соғлом деб қараш мутлоқ нотўғри бўларди. Нима эмиш, колледжларда доллар ўқирмиш, ўғлонимиз эса Россияга бориб мардикорлик қилармиш. Ўзбекистонда коррупция бу даражада ривожланиб кетишида нафақат порахўр ҳукуматнинг, балки порахўрларга пора берувчи халқнинг ҳам айби кам бўлмаса керак. Агар порахўрга биров пора бермай қўйса мамлакат ўз ўзидан коррупциялашиб қолмасди ахир! Ҳозирда анчагина ватандошларимиз ватаннинг коррупция ботқоғига ботиб қолгани учун яқин ўтмиш бўлган Советлар даврини лаънатлайди. Ваҳоланки, ўтган йигирмай йил давомида коррупцияни буткул йўқ қилиш имконлари оз эмасди. Бироқ ҳукмдоримиз порадан ҳазар қилмайдиганлардан бўлгани учун ҳам коррупция мамалакатда ривож топди.

Ботирга – будун дунё ватан экан! Ўзбекларимиз шу кунларда қалбларида ҳукмрон бўлган қўрқоқлик ҳисларини олиб ташлаб, қаерда бўлсалар ҳақ кўзига тик қарай бошласалар режимнинг умри тез кунларда якун топади. Бунинг учун ҳар бир ўзбек ва ҳар бир ўзбекистонлик ўзида журъат топа билиши керак. Майли, ўша тўйлар бўлмай турсин, майли, орзу ҳавасларингизга бироз кечикиб бўлсада етинг, лекин режимнинг томоғидан бўғиб олинг! Бунинг учун эса сиёсий кураш майдонига тушмоқ лозим!

Ўзбекистон халқи орасида кимлар мардикорликни ва яна кимлардир орфурушликни ўзига раво кўрган экан, бу миллатдан қаҳрамонлик кутиш осмондан чалпак ёғишни кутишдан бўлак ҳеч нарса эмасдир. Лекин халқимиз ҳикматларида айтганидек, чиқмаган жондан умид экан!

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бир йилдирки, ватандаги ва ватандан ташқаридаги ўзбекларни фаол сиёсий ҳаракатга қўшилишга даъват этиб келаяпти. Лекин миллатдошларимизда эса бу каби фаоллик деярлик кузатилинмайди. Қачон қараманг, ўзбекларимиз аксарида ўз исмларини ошкор қилишмаган. Таъқибга учрашдан қўрққан. Ваҳоланки, Каримов режими бутун Ўзбекистонни қамоқ лагерларига сиғдира олмайди. Шундай бўлсада қўрқамиз! Қўрққанга эса қўшша кўринаркан.

Демакки, халқ бир тан, бир жон бўлиб курашга кирса бир ҳафтанинг нари, ёки берисида Ислом Каримов ҳам, унинг гумашталари ҳам худди офтоб чиқганида йўқ бўладиган қора тун каби йўқ бўлиб кетишади! Лекин қани ўша марду майдон ўзбеклар?

Зўрнинг кучи япалоққа етибди дейилади халқимиз ҳикматларининг бирида. Ўзбекларимизнинг кучи эса жуда япалоққа эмас, хотинига, болаларига етадиган бўлиб қолди. Ислом Каримов режими Ўзбекистонни буткул абгор қилди ва келгусида бу “аллома” юртбоши яна қандай сиёсат олиб боришини эса биров тасаввур ҳам қила олмаса керак. Агар миллат ва халқ шу бугунги ҳолида қоладиган бўлса Ўзбекистон келажаги қуйидаги икки йўлдан бирида бўлади. Биринчисида – Гулнора Каримова Ўзбекистон Президенти бўлиб юртни талаш давом этади. Иккинчисида эса, мамлаат бирор кучлик давлат тасарруфига киради. Масалан: Хитой, ёки Россия Федерацияси. Мана бу эса ҳаққоний хоинлик бўлади! Миллатда бугун ватан йўқ экан, миллат ватан учун ҳозирдан курашга чиқмоғи лозим! Буни давр талаб қилаяпди!

Тўлқин Қораев
Швеция