O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кураш

Кураш
112 views
20 February 2016 - 10:04

Ҳикоя

«…Ташқарида тонг ва ёт иқлим
Ва бегона кунлар тартиби…»
Муҳаммад Солиҳ

«Ўзимни… алдасам, майлими?»
Суҳбатдош бу саволни эшитиб кулмади. Унга жим қараб қолди. Бу бир неча сония давом этди.
«Зарурми?»
«Жуда ҳам…»
«Эпласанг, бемалол».

У гапларини гапириб бўлган эди, шунинг учун ўрнидан туриб ташқарига йўналди. У эса унинг ортидан эргашди ва бирдан эсига тушгандек яна сўради:
«Нима деб алдай?»

Суҳбатдош бу сафар ҳам ҳайрон бўлмади.
«Ихтиёринг».

Отаси айвонда китоб ўқиётган эди, онаси оғилда сигир соғяпти: «Жонивор, жим тур, жонивор…»
Сигир тепонғич, эркалаб гапирмасанг, бўлмайди.

У уларни кўриб остонада тўхтади, лекин отаси унинг ўзига-ўзига гапириб чиққанини сезиб улгурди: «Болам, яна ўзингга ўзинг гапиряпсанми?»

У отасини бу сафар нима деб алдаш ҳақида ўйлади: «Нима десам экан? Ерга йиқилиб тушайми? Ё ўзимни карликка солайми? Дадамни алдаш шарт эмас, ўзи алданиб қолаверади. Ўзимни қандай қилиб алдайин?»

«Болам, эсинг жойидами? Қани, менга қара-чи? Бармоғим нечта?» –отаси хавотирга тўлиб келиб унга тўртта бармоғини кўрсатди. Китоби жойида очиқ қолди.

Унинг кулгиси келди: «Мен тентак баҳона излаб ўтирибман-а…»
Кейин дадил деди: «Саккизта қўл! Бармоқ йўқ!»

Ота ҳовлиқиб келиб унинг пешонасига кафтини қўйиб, оғилдаги хотинига бақирди: «Онаси, болангда иситма йўқ. Лекин яна ўқитиш керак, шекилли… Кўзингга нима кўриняпти, болам?»

У отасининг елкаси оша қараб турган суҳбатдошга кўз ташлади. Суҳбатдош қўлларини икки ёққа ёйиб нима қилай дегандек қилди.

«Дада… – деди. – Сизларни алдашган. Биз ҳеч қандай мустақил бўлмаганмиз».
«Валдирама, бола, валдирама…»

«Дада, биз совет давридагидан кўра беш баттар қул бўлганмиз…»

«Совет даврини гўрда биласанми? Ўзинг 2005 йил туғилгансан, тирмизак! Мана, биз кўрганмиз қулликни!»

«Ҳали ҳам қулсизлар…»
«Сенга ким айтди буни?»
«Биламан-да… Менга у айтди!»

«Қани? Ким?» – ота ўғли кўрсаткич бармоғини нуққан томонга боқди: ҳеч ким йўқ! Фақат хўроз товуқни қувиб ўтиб кетди.

Суҳбатдош эса шундоққина отасининг ортида турибди.
«Дада, сизлар уни кўрмайсизлар. Мен кўраман. У менга ҳаммасини айтди….»

«Нима деди?»
«Каримов ҳаммани алдаб юрибди… Одамлар унинг қовоғига қарайди… Битта одамнинг кайфияти билан яшаш эрк эмас…. Қуллик деди…»

Онаси етиб келди.
«Вой болажоним! – қучоқлаб олди. – Тилаб олганим! Нима бўлди? Алаҳлаяпсанми?»

«Ойи, дада…» – ортиқ гапира олмади.

Отаси кимгадир телефон қилар эди:
«Алйў… Ёрдаминг керак, ошна… Бошқа бир психолог топ…»

Онаси эса уни кўрпага ўраб ётқизиб қўйди.

Гўрўғли
Февраль, 2016