O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кутилмаган саволлар

Кутилмаган саволлар
195 views
01 July 2017 - 6:00

“Совет Ўзбекистони санъати” журнали мухбирининг саволлари

Ҳаётда ўзингиз йўл қўйган бирор хато Сизга сабоқ бўлганми. Шу ҳақда сўзлаб бероласизми?

Ўзингизни кечиролмаган дақиқалар бўлганми?

Бировлар сизни алдаганда, хаёлингизда нималар кечади?

Ҳақиқат ҳақида тасаввурларингиз?

2000-чи йилда дунёни қандай тасаввур этасиз?

Мухбир саволларига жавоблар:

1. Албатта, умр тўғри ишларгина эмас, хатолар силсиласидан ҳам иборатдир. Мен катта хатолар қилдим деб мақтанолмайман. Ҳаётда сабоқ олишга арзирли бирор хато қилган бўлсам, бу хатодан жуда нари борса, менинг болаларим хулоса чиқариши мумкин. Мен, ўз навбатимда, бошқаларнинг хатосидан, мумкин қадар “чиройли”роқ хатолардан ўрнак оламан.

2. Ўзимни кечирган дақиқалар кўп бўлган. Акс ҳолда, Сиз билан суҳбатлашишдан, бу саволларга жавоб бериш имконидан аллақачон маҳрум бўлган бўлардим.

Ўксимагин, ўксинаверма
Қийнамаса виждон азоби —
Ер бўлмаса, осмонда бордир
Ҳаммасининг аниқ ҳисоби.

Агар виждон қийнамас экан,
Сабаби бор бунинг ҳам демак;
Авлиёсан, сен бир авлиё
Ё қорни тўқ, шодмон кўрнамак…

Бу шеър ўзимни кечирмасликка яқин бир кайфиятда ёзилган бўлиши мумкин.

3. Бировлар алдаганида хаёлимда нима кечишини деярли эслолмайман. Ўзим алдаган дақиқалар ёдимда равшан гавдаланади, алдаётиб, нимага суяниб турганимни ёки қўлимда нима борлиги, чекаётган эдимми, тамакини ўчираётган эдимми — ҳаммасини эслайман, яъни биринчи саволга қарама-қарши ўлароқ, ўз хатоларимдан эмас, ўз алдоғимдан сабоқ олишга ҳаракат қиламан.

Менимча, ўз ёлғонига шафқатсиз бўлган одамни бошқаларнинг ёлғони чўчитолмайди. Бу борада менинг идеалим бор: “Урилиб-сурилиб, қийналиб-қимтаниб ўсган бир одам, одамзот қодир бўлган барча ёмонликларга дуч келган, жуда кўп алданган, аммо ҳамон мағрур одам, яъни, жоҳил бўлиб қолиш учун барча “сабаблари” бўлатуриб, ҳамон жоҳилликдан йироқ — буюкдир” (кундаликдан).

4. Мен ноумид эмсман. Аммо юксак тушунчалар ҳақида гапираётган кишининг қиёфасидаги зўрма-зўраки жиддийлик менга доим эриш туюлган. Шу хавфдан қутулиш учун бу саволга иложи борича қисқа жавоб бериш керак деб ўйлайман:

Ёлғон —
яшаш усулларидан биридир.
Макр — яшамоқнинг яна бир йўли.
Ҳийла ҳам шунақа.
Демак, тўғри сўзни айтмоқ ҳам
Яшаш усулига кирар, шубҳасиз

5. Карл Маркс капиталистик жамиятнинг касалликларини очиб берди, кутубхонада икки йил ўтириб, “капитализмни гўрга тиқди”. Кейин “гўрда туғилган гўрўғли”лардан бири бўлмиш Зигмунд Фрейд ўша жамиятнинг бир одамини олиб, унинг ички дунёсини ўргана бошлади…

Менимча, жамият ва шахс ҳақидаги таълимот 2000-йилга бориб, янада ривожланади: космос билан бир қаторда, одам ўзини ҳам ўрганишга қаттиқ киришади ва балки шунда 2500 йилни бемалол тасаввур қилиш мумкин.

1982

(18)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (74-75-саҳифалар.)

(давоми бор)