O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Кутубхоначи” қиссасидан таъсирли монолог-парча

“Кутубхоначи” қиссасидан таъсирли монолог-парча
189 views
18 May 2018 - 11:07

“КУТУБХОНАЧИ” қиссасидан таъсирли монолог-парча

“Гапларимни диққат билан тингла. Ғам ва ташвишли кунлар ҳикмати ҳақида ўйлаб кўрганмисан? Аслида сенга берилган юк, сенга ато қилинган дард Яратганнинг ҳадяси эканлигини тафаккур қилганмисан?

Ҳақиқатан ҳам, чўнтагингда бир чақанг бўлмайди, ўзгалардан ёрдам сўраш учун ғуруринг йўл қўймайди, муҳтожлик ва ғурур орасида сарсон бўласан, ичингда бу эҳтиёжмандлик сени куйдиради. Ҳаммаси бир бўлиб бутун оламингни зулматга ташлайди.

Атрофга қарайсан. Аланглаб, қўлларингни чўзиб нажот йўлини ахтарасан. Нур излайсан. Аммо бутун дунё қоп-қора. “Йилт” этган ёғду йўқ. Кўнглинг умидсизликка асир бўлади. Ҳаётни тарк этишни истайсан. Ҳаммасига этак силкиб, ҳаммасидан воз кечиб кетгинг келади.

Одамлар сени тушунмайдигандек, сен чекаётган мусибатларни ҳис қилмайдигандек туюлади. Улар орасидан дўст топишга тиришасан, бир оз суҳбатда бўлиб, уни ўзингга бегона эканини билиб қоласан. Ёлғизман деб оҳ урасан.

Сарфлашга пулинг, ейишга таоминг, яшашга масканинг ҳам йўқ. Ҳатто, соғлигингга путур кетгандек. Гоҳида юрагинг безовта тепади, гоҳида ошқозонинг касали хуруж қилади. Бошқалар кўзига ҳақир кўринасан. Нигоҳларинг ғамгин, юзингда ажин, овозинг паст, бошинг эгилган…

Сен севган, сен соғинган маъшуқанг эса тарк этган. Қалбингда кечаётган туйғулардан у бехабар… Бошқаларга хизмат қиласан, аммо етарлича тақдирламайдилар. Ҳаётда ҳар қадамда ноҳақлик, адолатсизлик. Ожизларни хорлайдилар, зўрлар давр сурадилар. Қорни очнинг қорни тўқ билан иши йўқ.

Бир ерда байрам тантанаси, бир ерда мотам давраси. Сен бир бурда нонга зор бўлганингда бошқалар овқат танлайдилар. Сен умид қилиб соғинган нарсаларни бошқалар қадрламайдилар. Буларнинг ҳаммаси бутун кўнглингга шундай улкан дардни олиб келадики, унинг азобига чидай олмасдан фарёд чекасан. Ўзингни тўрт томонга урасан. Ҳатто гуноҳга рози бўлгинг, гуноҳкорлар сафига ўтиб кетгинг келади. Мен қилмасам, бошқалар шу ҳаром ишни қилмоқда, мен қилсам на бўлибди дейсан! Бошқалар ҳузур ва ҳаловатда яшаганларида бунга менинг ҳақим йўқми деб ўксинасан. Бошқаларнинг юксалиши сени ўзинга янада ғариб кўрсатади. Сен ғариблик ва фақирлик бойлик ва ҳашаматнинг йўқлигидан деб ўйлайсан…

Бир куни келадики, сен истаган давлат пойингда сочилиб ётади. Сен излаган дўстлар атрофингда парвона каби айланадилар. Сенга бош эгмаган душманларинг тиз чўкадилар. Бир оғиз сўзингни ижро қилишга маҳтал бўладилар. Хато қилсанг, тўғри деб маъқуллайдилар. Кулсанг, қўшилиб куладилар. Хўмрайсанг, баравар жўр бўлиб йиғлайдилар. Сенинг суҳбатингга интиқ бўладилар. Хуллас, дунёда шу пайтгача бўлган ҳамма лаззат сенга муҳайё қилиб берилади.

Алал-оқибат, нима хоҳлашинг кераклигини ёддан чиқарасан. Агар ўшанда қалбинг уйғониб қолса, фақирликда ўтказган кунларингни мароқ ва соғинч ила эслайсан. Кимгадир ўша ғариб йилларинг ҳақида гапириб бергинг келади. Шундай бўладики, очлик ва муҳтожликда сарсон ва овора бўлиб юрган ҳаётингга қайтишни истайсан. Ўша ҳаётда қолиб кетишга рози бўласан…”

АКРОМ МАЛИК

facebook.com