(биринчи мақола)
Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?
Ҳодиса
Милоддан олдинги кўҳна даврлардаги Турон давлатининг сўнгги улуғ хоқони Алп Эр Тунга (Афрасиёб) ё машҳур жаҳонгир Искандар Мақдунлига унинг ҳеч алоқаси йўқ. Кушону эфталлар, Турк хоқонлиги замони ё арабларнинг Ўкуз ортига уюштирган босқинига ҳам тааллуқли эмас. На сомонли, на ғазнали Маҳмуд, на қорахонли салтанати, на Султон Санжар ва Гурхоннинг Қатавандизадаги қонли тўқнашувида ҳам у ҳали содир бўлмаганди. Балки шу тобда бирдан Чингизхоннинг етган жойини улкан алангадек кунпаякун қилиб, кулга айлантирувчи енгилмас қўшини кўз олдингизга келгандир. Аммо ўша оловли қўшин бу ҳодиса дунёга келмасдан анча илгари сўниб, ўзи олис ўтмишнинг чексиз кенгликларига сочилиб кетган кулга айланганди.
Бу воқеа бизга Турон кутубхоналари ҳақида хабар беради. Ўнлаб асрларга чўзилиб кетган уларнинг сонини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Бир замонлар Миср коҳинлари қадимги грек муаррихлари оқсоқоли Саланга: «Эҳ, сиз юнонлар худди ёш болага ўхшайсиз, дунёдан бехабарсизлар», деб айтган чоғларда муқаддас Ўкуз ва Яксарт дарёлари атрофида яшовчи Тур миллати анчагина кексайган қавм эди. Ҳа, бу ҳикояда бутун инсониятга ўзлигини топиш учун кўмаклашувчи, унинг бугунини ёғдуга тўлдирувчи ва истиқболи сари тўғри йўл кўрсатувчи қутлуғ даргоҳ – кутубхоналар тўғрисидаги сўзлар хизмат қилади.
Томчилар
Туркистон қадимдан ер юзидаги кутубхоналарга энг бой мамлакатлардан бири эди. XIX асрнинг иккинчи ярми ўрталаридагина ўлкада китоблар чоп қилинадиган илк босмахоналар, нашриётлар пайдо бўлади ва бу соҳа саноатлашади. Унгача китобат ишлари тўлиқ қўлда бажарилган. Уни тайёрлаш жараёнида муаллиф, хаттот (котиб), қоғозчи, муқовачи, наққош, мусаввир, бўёқчи, ёзув қуроллари усталари иштирок этган. Иш қўлда бажарилганига қарамай, юртда минг-минглаб китоблар жамланган бир неча юзлаб кутубхоналар бор эди.
Шўролар даври ва ҳатто, бугунги кунда ҳам гурунглар мазкур мавзуга тақалганда албатта, сўз аввал Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидан бошланади. Келинг, биз ҳам гурунгни худди шу услубда бошлаймиз ва давом эттирамиз. Кутубхоналар ортида шу пайтгача пинҳон турган тарих, воқеаларга назар ташлашга ҳаракат қиламиз.
Мутахассис ёзади: «Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги 1-минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки кутубхоналар пайдо бўлган. Дастлабки кутубхоналар ҳукмдорлар саройларида ва ибодатхоналарда ташкил этила бошланган. Турон халқлари Миср, Эрон, Юнон ва уларга қўшни бўлган халқлар билан яқин алоқалар ўрнатган, ўша даврлардаги мавжуд қўлёзмалар билан ҳам таниш бўлган. Ўзбекистон халқларининг қадимги ёзма ёдгорликлари сақланмаган. Берунийнинг хабар беришича, китоб хазиналари ва уларни сақловчилар турли истилолар даврида (VII – IX) йўқ қилиб юборилган. IX – X асларда Ўрта Осиёда фан ва маданият ривожланди. Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч ва бошқа йирик шаҳарлар ҳукмдорлари саройларида кутубхоналар барпо этилди».
* * *
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси – мамлакатимиздаги энг йирик кутубхона. Кутубхонашунослик ва библиография бўйича Ўзбекистон Республикасининг илмий-услубий маркази. Республиканинг маънавий-маданий маркази сифатида жамиятнинг маънавий ва ахборот эҳтиёжларини қондириш, фан, маориф, миллий маданиятни бойитишга хизмат қилади. Мамлакатдаги барча кутубхоналар учун кутубхоначилик, библиография, методика ва ахборот ишларини амалга оширади. Ўзбекистон миллий кутубхонаси Халқаро кутубхоналар ассоциациясига аъзо.
Тошкент шаҳрида 1870 йилда «Тошкент оммавий кутубхонаси» номи билан асос солинган. 1886 йилдан «Туркистон оммавий кутубхонаси», 1919 йилдан «Туркистон халқ кутубхонаси» деб аталган. 1925 йилдан «Ўзбекистон давлат кутубхонаси», 1929 йилдан «Ўрта Осиё давлат оммавий кутубхонаси», 1934 йилдан «Ўзбек давлат оммавий кутубхонаси». 2002 йилдан ҳозирги номда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфида.
* * *
Бу ахборотлар оғир хаста лабига томизилаётган томчилардир…
Кутубхоначи
Генерал фон Кауфман 1867 йил Туркистон генерал губернаторлиги лавозимига тайинлангач, Петербургдан жўнамасдан бурун Туркистон оммавий кутубхонасини ташкил қилишга киришиб кетганди. У Император фанлар академияси, Император рус жуғрофлари жамияти, Халқ таълими вазирлиги қошидаги олимлар ишлари бўйича Департаментга хат билан мурожаат қилади. Мактубида Туркистоннинг бош шаҳри Тошкентнинг маъмурий бошқарув, савдо-саноат ва маърифий ҳаётда муҳим ўрин тутиши, бу ерга келувчилар ва хизмат қилувчиларнинг ақлий эҳтиёжини қондириш учун оммавий кутубхона ташкил этиш зарурлигини тушунтиради. Ушбу ташкилотлар кутубхоналаридан китоб ажратишларини сўрайди. Константин Петрович илтимоси қондирилади, 1867 йил охирида пойтахт ва бошқа шаҳарлар университетлари кутубхоналаридан рус ва хорижий тилларда ёзилган китоблар Тошкентга жўнатила бошлайди. Бу китоблар бўлажак Тошкент оммавий кутубхонаси ўзагини шакллантиришга хизмат қилиши керак эди.
Ташаббускор генералнинг ўзи ҳам олий мавқеидан фойдаланиб, турли нашриётлар ва олимлар жамиятларидан тўплаган китобларини ушбу кутубхонага топширади. Бу ҳаракатга бошқа шахслар ҳам қўшилади. У ихтиёридаги барча имкониятларини ишга солиб, олимлар ва мутахассисларни Туркистон табиати, унда яшовчи қавмлар, урф-одатлар, тарих каби ҳаётнинг барча соҳаларини тадқиқ этишга рағбатлантиради. Маҳаллий аҳоли орасидан бу ишга бош қўшганларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. «Туркистон тўплами»ни шакллантиришни ўз ишининг устаси машҳур библиограф В. Межов зиммасига юклайди. 1868 йили бошланган ушбу саъй-ҳаракат натижасида Туркистон ҳақида XVIII – XIX асрларда рус, инглиз, немис, француз, испан, итал ва лотин тилларида ёзилган 4 600 номдаги китоб, рисола, журнал ва газеталарда чоп қилинган мақолалар 416 жилдга тўпланади. Йиғилган ахборотлар сиёсий ва ҳарбий тарих (улар боғланган соҳалар билан биргаликда), жисмоний тарбия, математика ва сиёсий жуғрофия, қавмшунослик (этнография), ҳуқуқшунослик илмлари, сиёсий иқтисод, тарихий аниқ фанлар, тиббиёт, математика, статистика (ахборотнома), қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш усуллари (технология), тилшунослик, словесность, санъат ва библиография бўлимларига ажратилади.
Туркистон кутубхонаси айни шаклланиб, фаолияти йўлга қўйилган пайтда 1882 йили 4 май куни генерал фон Кауфман Тошкентда вафот этади. Муаррихлардан бирининг ёзишича, унинг ўрнига генерал-лейтенант Н. Черняев Туркистон губернатори этиб тайинланади. У фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ, генерал фон Кауфман шакллантирган маъмурий бошқарув тизимига кескин ўзгартиришлар киритишни бошлаб юборади. Унинг бу хатти-ҳаракатлари барчага ўзини кўрсатиб қўйишга уринишдан бошқа нарса эмасди. Ниҳоят, кўп вақт ўтмай, у Тошкентдаги Туркистон оммавий кутубхонасига ҳам эътибор қаратади. Бироқ бу «эътибор» кутубхона учун ҳалокатли бўлади.
Шудгордаги қуйруқ
Россия ва Туркистон қўшинлари ўртасида қарийб 23 йил давом этган қонли уруш (Оқ мачит 1853 йил 28 июль – Қўқон 1876 йил 19 февраль) босқинчилар ғалабаси билан якунланди. Давраларда Туркистон халқи мутлақо саводсиз ва маданиятсиз бўлгани, бу ўлкага Россия маданият, маърифат олиб келгани тўғрисида ҳозир ҳам қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Аммо: «Ҳа, улар маърифат ва маданият олиб келди» ёки «Йўқ, асло бундай эмас», дея билдирилган кескин хулосаларнинг иккиси ҳам бугунги ўқувчини сира қониқтирмайди. Бундай баҳслар биз тарихимизни ҳозир ҳам деярли билмаслигимиз оқибатидир.
Жаноб фон Кауфман Тошкентда барпо қилган Туркистон оммавий кутубхонасини ташкил этаётганда маҳаллий аҳолига маърифат улашишни мақсад қилмаган эди. Аксинча, уни мукаммал қуллик занжири билан чирмаб, абадий тутқунликда ушлаб туришни ўйлаб, бу ишни амалга оширган эди. Тадқиқотчи мавзу ичкарисига кириб боргани сари бу кутубхона – шудгорда ётган қуйруқнинг айнан ўзгинаси эканини аниқ кўра бошлайди. Қуйруқ қаердан ва нега шудгорда пайдо бўлиб қолган? Унинг ортида қандай овчи турибди? Кейинги сатрларда бу манзара аниқ-тиниқ кўрина бошлайди.
Ҳоли «вой»
Кутубхона ҳикоясини шундай давом эттирамиз… XVIII аср бошларида Туркистон бир неча хонликларга парчаланиб кетди. Дунё тараққиёт йўлида шиддат билан одимлай бошлаганда туркистонликлар «куф-суф»лар гирдобига ғарқ бўлаётган эди. Ер куррасида маърифат ва жаҳолат бир неча аср мобайнида макон алмашди. Кўп замонлар Оврупо томонларда носаролар оламида ҳукм сурган инквизиция Шарққа – ислом дунёсига кўчди. Бу ҳудудда VII – XV асрларда мустаҳкам қўним топган маърифат (илм-фан) Оврупога кўчди.
Ҳамиша илм ва маърифатдан ажраб қолган миллатнинг ҳоли «вой» бўлган.
Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими