Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири
КЎЗГУ
Гўзал ёрим жамоли акс этиб,
бағрингда жо, кўзгу,
Ўшал ёримни кўрсат деб
этармен илтижо, кўзгу…
Юзидин шуълалар солмиш,
кўзидин ишвалар қолмиш,
Яна қошларданам ул –
неча бир нозу адо, кўзгу.
Сенинг бағрингда қолмиш
лаъли шириндин табассумлар,
Менга кўрсат уларни,
ҳожатим этгил раво, кўзгу.
Шивирлаб сенга айтган
неча ширин сўзлари бордир?
Нечук сўзлар эди, айт,
айлайин жоним фидо, кўзгу.
Қошингда йиғлаган бўлса,
ўшал кўзёшларин кўрсат,
Ўпай кўзёшларин ул
кўзлари кулгунча то, кўзгу.
Муродим улки, мен ҳам
бир куни кўзгуга айлансам,
Нигорим жилваси то
солса бағримга жило, кўзгу.
Жамол дер: ёри жононим
соғинчи ўртади жоним,
Бу дардим борки, бошингда
чекармен оҳ-воҳ, кўзгу…