ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 26
(давоми)
Кўзимизга бу ерлар бошқа бир жаҳондек кўринмоқда эди. Тун бўйи юриб чарчаган кишилар, данг қотиб ухлаб қолмиш эдик. Уйғонишимиз билан саройчимиз: «Ҳай меҳмонлар, ҳукумат исковучлари келиб қолмасдан бу ердан қўзғалиб кетсанглар, баримизга ҳам яхши бўлур эди», дегач, дарров ҳаракат қилиб йўлга тушдик. Йироқ сафардан келаётганимизга белги бўлғудек бирор нарса бизда бўлмагач, сўқма йўлни қўйиб, қатнов йўлига кирдик. Бир икки чақиримча юрганимиздан кейин йўл бўйига қурилган Хитой аскархонаси борлиги йироқдан кўрилди. Ундан 40-50 қадам юқорироқ жойда ясалган минорача устида ҳам, бир қоровул ўтган кетганларни текшириб турмиш эди. Булар олдидан ўтиш биз учун анча оғир бўлса ҳам, бошқа чорамиз йўқлигидан ўтишга мажбур эдик. Бироқ, биз у ерга яқинлашганимизда нима бўлди экан, қараб турган қоровул юқоридан тушиб, шошилганича аскархона қўрғонига кириб кетди. Буни кўргач биз ҳам от юришини тезлатиб, қўрғон эшигидан эллик қадамча ўзған эдик: «Ҳой-ҳой», деган чақириқ товуши кела бошлагач, йўлдошимга «қарама қарама», деб эшитмаган кишидек кетавердик. У ҳам иккинчи чақирмади. Худо ўнглаб бундан ҳам зиёнсиз ўтиб олдик.
Шу юрганимизча ўрталикдаги тўқай ичида кетаётганимизда чегара сақловчи Шива, Солан черикларидан қуроллик бир отлиқ одам олдимиздан чиқа келиб: «Ҳай, тўхта, қаердан келасизлар? Нариги ёқдан ўтган кишиларга ўхшайсизлар. Йўлхатларинг борми?», деди. Бунинг даҳшатин кўргач, бошқа сўз айтқали бўлмади. Йўлдошим Ғиёсохун хитой паспортини кўрсатиб эди, унга қарамай ёнига солиб олиб: «Қани ёмуғо (турмага) юринглар», деб бизни ҳайдаганича йўлга тушди. Йўлдошим иккови хитойчалаб нари-бери айтишиб, ярим соатча юрганимиз сўнггида қарасам, иш кўпаядиганга ўхшайди. Бир тадбир ишлатмоқчи бўлиб: «Ҳай лоя, рухсат беринг, таҳорат синдириб олайлик», деб шу ерга тушдик. Сўнгра уни бир четга чақириб: «Бу кишининг паспорти бўлса, кучлик йўлхатлари ҳам бор, қаерга олиб борилса ҳам фойдаси йўқ, қуруқ оворагарчилик бўлади, ундан кўра бир оз чой пули олиб берсам қандай бўлар экан?», дедим. «Чой пули» қулоғига киргач «моҳу моҳу»лаб, дарров сўзи юмшаб қолди. Йўлдошим бунга рози бўлмаган бўлиб турса ҳам, мен зурлағандек бўлиб кўриниб, 20 тангани қўлига беришим билан орқасига қарамай чопқанича кетди.
Байт:
Қадри йўқ гавҳар сўзинг олчоқ кишилар олдида,
Дурни тақсанг на билур, ит оғзига ташла суяк.
Шу билан бунинг ҳам оғзи ёпилиб, қайтиб кетиши билан биз ҳам шу юрганимизча Суйдинг шаҳрига етдик. Бу эса Или ўлкасида қурилган шаҳарлардан бири, йўловчилар саройида бир кеча ётиб, эртаси куни Ғулжа шаҳрига қараб йўлга тушдик. Бир соатча йўл юрганимиздан сўнгра Қура шаҳрига келдик. Кура Или ўлкасида қурилган тўққиз қўрғон ичида энг аҳамиятлиги, айниқса, ҳарбий томондан ўлка бўйича ҳукумат маркази ҳисобланур эди. Бу ерга келгач, эркин ҳаётда ўз ихтиёрича яшаётган бахтлик кишиларни кўриб, қаттиқ таъсирланмиш эдим. Чунки, совет ҳукумати қурилгандан бошлаб, уларнинг шум қадамлигидан тирикчиликка керак ҳар нарса қаҳатчиликка учрамиш эди. Чегарадан ўтгач қарасак, дўконларда турлик моллар тиқилиб ётмиш эди. Бошқа давлатлардан келтирилгандир деб гумон қилиб сўрасак, бу молларнинг ҳаммаси совет томонидан юборилмиш экандур.
Бу ҳукумат қурилган кунидан бошлаб, ўз халқининг ҳар қанча қийинчилик, оғир аҳволда яшаётганига қарамай, балки бутун нарсаларини иқтисодий тузоқ қилиб, бошқаларни ҳам ўз йўлига тортиш учун, чет элларга чиқариб туришни ўзига қонун тутмиш эди. Совет ҳокимияти зулми остида эзилаётган ерлик халқлар эса, бутун оиласи баробар жон кучлари билан ишлаб, ўз тупроқларида етиштирган меҳнат ҳосилининг юздан бирига ҳам эга бўлолмайдилар. Ёлғизгина меҳнат ҳосилотига эга бўлмаслик эмас, балки булар қўл остида яшовчи кишилар инсоний ҳуқуқларидан ҳам бутунлай маҳрум этилган ҳолда, ҳайвонларча эрк ихтиёрсиз хизмат қилишга мажбурдирлар.
Дунё яратилиб, инсон насли ер устига тарқалган кунидан бошлаб, ҳеч бир замонда бу каби ақлдан ташқари, бузуқ маслакли олчоқ одамлар халқ устида ҳукмрон бўлмаганлиги маълумдир. Шунинг учун энг оғир даҳшатлик кун қайси деб пайғамбаримиздан сўраганда: «Ҳаромзодалар ўғли ҳаромзодалар халқ устидан ихтиёрсиз ҳукм юргизса ўша кун», дедилар. Яна Расулуллоҳнинг айтишларича, ҳар бир инсон умри узулгунча офат балолар ичра яшамоққа мажбурдир, лекин ҳаёт оламида бўладиган барча балолар ичида бутун халқ учун энг ёмонроғи, энг зарарлиги кўрлик балоси экандир. Чунки бундан пайғамбаримиз ўзлари ҳам паноҳ тилаб, ундан сақланишга буюрдилар.
Энди кўр балоси қайси деб сўралур эрса, ўзлари билмаган, билганларига тушунмаган бир қанча жоҳил нодонлардурким, улар ақллик олимлар бошлиқ бутун халқ устидан қурол кучи билан зўрлик асосида ҳукмронлик қиладилар. Халқ тақдири бутунлай улар қўлида бўлгач, булар учун улардан энг даҳшатлик, зарарли офатлар туғилади. Шунинг учун ҳар ишда тўғрини эгридан, яхшини ёмондан ажратқудек ақл фаросатдан йироқ бўлган ҳукумат бошчилари эса, бечора халқ бошига келган кўр бало бўлишлари шубҳасиздир. Пайғамбаримиз айтдилар: «Мен Аллоҳ таоло томонидан бир йўл келтирдим. У эса ёруқ, юмшоқ, теккис йўлдир, тўғри йўлдир. Боши бу дунёда бўлиб, нариги боши у дунёда жаннатдур. Бу йўлнинг қоловузи Муҳаммад алайҳиссалом, қўлланмаси Қуръондур. Агар умматларим унинг кўрсатганича динларини кутиб, у йўлдан четга чиқмас эканлар, бутун офатлардан омонда бўлиб, Аллоҳ ризосини топқайлар». Агар бундай бўлмас экан, Аллоҳ айтди: «Уларнинг бошига бир бало юборурманким, ҳар қандай билимли доно кишиларни ҳам ҳайронликда қолдиради».
Мана, Расулуллоҳ айтганларидек, бутун дунё бўйича энг сиёсий арбобларни ҳайратга қўйиб, чорасиз қолдирган нарса эса, шу устимиздаги коммунизм балосидан бошқа эмасдур. Чунки юқорида айтилган пайғамбаримизнинг мўъжиза сўзлари шу кунларда бўлаётган ишларнинг нақ ўзи эканлигини кўриб турибмиз. Энди бу каби балолардан қутулиш учун Расулуллоҳ кўрсатган ҳақиқий исломият, Қуръон кўрсатган йўлга қайтишдан бошқа чора йўқдир.
Яна ўз сўзимизга келайлик. Сариўзакдан чиқиб, Ғулжа чегарасини беш олти кун йўл бўйлаб келаётганимизда, мени энг ачинтирган нарсалардан бириси, кўчманчи қозоқ қариндошларимизни энг оғир аҳволда кўришим эди. Чунки, совет тупроғи бўйича қайси ўлкада бўлса ҳам, ҳеч бир миллат булар каби вайронгарчиликка учраб, қаттиқ зарар кўрмаган бўлсалар керак. Бунга далил: инқилоб олдида саккиз миллион ҳисобланган қозоқ халқи ҳозирги тарих 1968 йилда олинган маълумотга кўра, уч миллион қолмишдир. Айниқса Болқош кўли атрофидан бошлаб, Қоракўл, Қизилжар қалъаларигача сувсиз, экинсиз Қорақум чўлларида яшаётган, чорвачиликдан бошқа қилар овқатлари бўлмаган, ўзлари учун, халқ учун мол боққан бечора кўчманчи ерликларнинг қўлларидаги борлиқ молларини бу раҳмсиз, тошюрак малъунлар бирданига тортиб олдилар. Бунинг натижасида тирикчилиги ёлғиз чорвага боғланган қозоқ халқи очликдан қирилиб кетди. Бунга қарши ўзларини халқ ғамхўрлари аташган давлат арбоблари коммунист раҳбарлари ҳеч қандай чора кўрмадилар ва 30-йили бошланиб, 33 йиллари тўлиқ кучга кирган, Қозоғистон бўйича тарқалган очарчиликдан қозоқ халқи бутунлай қирилишга бошлади.
(давоми бор)