O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кўзларимиз имконни нега кўрмайди?

Кўзларимиз имконни нега кўрмайди?
251 views
21 May 2020 - 14:01

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

КЎЗЛАРИМИЗ ИМКОННИ НЕГА КЎРМАЙДИ?
(Йигирма саккизинчи кун)

Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг!” – деган. Ва яна: “Ким иймон келтириб, тоғутга кофир бўлса, у, албатта, узилмайдиган ҳалқани ушлабди”, – деб марҳамат этган.

Шубҳасиз, тавҳид – Аллоҳни оламларнинг якка Роббиси деб, Аллоҳни ибодатга лойиқ якка Илоҳ деб қатъиян инониш, барча исму сифатлари ила Аллоҳнинг яккая ягона Илоҳлигини эътироф этиб, Унинггина амрларига итоат этиш инсониятнинг энг улуғ ва, айни пайтда, бирдан бир нажотидир, саодатидир, зулматлардан нурга чиқишда маҳкам тутган арқонидир. Бу арқонни ушламаган, бу арқонни тутиб, сўнг қўйиб юборганларни бу дунёда мақсадсизлик, тушкунлик, маънисизлик, жаҳолат, қайғу, гуноҳлар, охиратда эса аламли жаҳаннам кутади.

Инсонни Аллоҳга боғлайдиган Буюк Сўз, одамзодни шарафлантирадиган Улуғ Калима “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир. У тилда такрор, дилда собит экан, одамзод тутган тавҳид арқони асло кесилмас, ин шаа Аллоҳ.

Яшаётган ҳар инсонда Аллоҳнинг арқонини тутмоқ имкони бор. Иймон соҳибларида эса бу арқон ила нажот топмоқ имкони бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Йўлда озор берувчи тошни олиб ташлаш ҳам иймоннинг бир шўъбаси”, – деган эдилар.

Ҳаётимизни ҳидоят нури ила мунаввар этмоқ имкони, токи яшар эканмиз, ҳамон қўлимиздадир.

Мудом ибодатни кечиктирдик. Мудом хайрларни беҳуда нарсаларга алмаштирдик. Мудом яхши инсонга айланадиганимиз бир фурсатни кутиб яшадик. Бир марра қўйдикки, гўё шу маррадан сўнг ҳаммаси ажойиб бўлади.

Зинҳор ундоқ эмас. Биз ҳамон марра устидамиз. Атрофга кўзларини каттароқ очган мўмин, мусулмон Роббимизнинг чексиз меҳрибонликларини кўради: ота-онангизга бир яхши сўз айтинг, аҳлингизга марҳамат кўрсатинг, сизни банд этган нарса қанчалик муҳимлигини фикр этинг. Қуръонни очинг, ўқинг. Кўзлар йўлда бўлса, дилда зикр нур сочсин. Куйинаётган, жон бериб олишиб талашаётганингиз эртага қолиб кетгувчи бир нарса бўлса, бу қадар бўғилмоққа ҳожат борми?

Ислом турмушига қувонч, рўзғорига барака, оиласига аҳиллик, қалбига ҳаловат бермаган инсон исломнинг ҳам, иймоннинг ҳам шартларини мутлақо бажармагани шубҳасиздир.

Зотан, Аллоҳ икки дунёнинг саодати дея ато этган Иймон ва Ислом унга амал этган ҳар бир одамни абадий бахтиёр этиши исбот талаб этмас ҳақиқатдир.

Кўзларимиз бу бахтиёрлик имконини нега кўрмайди: силаи раҳмни тикланг, ихлос ва сидққа интилинг, гуноҳлардан қочинг, Аллоҳдан сўрангки, У гуноҳлардан ҳаммамизни омон сақласин!

Бир ғофил: “Аллоҳга муножот ва дуо этиб сўраш етарли эмас, ҳаракат керак!” – дебди. Эй ғофил! Сен қачон Роббингдан муножот қилиб сўрадингу, У сени ноумид қўйдими? Сен қачон Аллоҳга йиғлаб қўл чўздингу, У қўлларингни қуруқ қайтардими?

Аллоҳга иймон Аллоҳга муҳаббат ила комил бўлади. Муҳаббатсиз дуо, муҳаббатсиз ибодатда тамаъ бор, итоат йўқ, таслимият йўқ.

Аллоҳдан сўрамоқ бандалик одоби, берганига шодлик ила рози бўлиш муҳаббатдир.

Иймон даъвосидамиз, муҳаббатдан йироқ; ибодатдамиз, итоатдан йироқ!

Қаро зиндонларда Роббим, Роббим деб тилларинг қурийди, кўзларинг саҳрога эврилади, дунёни бир зиндон каби кўрсайдингиз, Аллоҳ деган юракнинг дукури кўксингизни тешгудек бўларди.

Аллоҳим, иймонимизни муҳаббатинг ила комил айла! Бизга яқийну ихлос, сидқу таслимият ато эт!

Гуноҳлардан омон эт, тавба бер, тавбамизни қабул айла!

Ҳидоятингда собит қил, бизни адаштирма!

Биз заифмиз, бечорамиз, бизга раҳм эт, эй Раҳмлиларнинг Раҳмлиси!..

2020 йил, 21 май.