O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кўмир нархи назоратга олинаяпти, халқда табиий газ ҳануз йўқ

Кўмир нархи назоратга олинаяпти, халқда табиий газ ҳануз йўқ
336 views
31 October 2012 - 9:55

Ўзбекистон ҳукумати аҳолига сотиладиган кўмир нархи кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида махсус қарор қабул қилган.

Газга бой Ўзбекистон Хитойга сотадиган табиий гази миқдорини ошириши ҳақидаги хабарлар тарқалаётган бир пайтда маҳаллий аҳоли қишга ўтин-кўмир ғамлаб қўйишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Қиш-қировли кунлар бошланиши билан аввал Қашқадарё вилояти аҳли, кейин Наманган ва Фарғона вилоятида яшайдиган одамлар ҳам газ босими пасайиб кетгани, устига-устак ҳаво совиши билан бир кеча-кундузда узатиладиган электр соатлари ҳам қисқарганини айтмоқдалар.

Мисол учун Фарғона вилоятининг Риштон туманида бир кеча-кундузда 7-8 соат электр энергияси узиб қўйилаяпти.

Аксар ҳудудларда оддий одамлар ўз маиший ҳаётларида фойдаланадиган табиий газ таъминоти сентябр ойи – Ўзбекистоннинг мустақиллиги байрамини нишонланганидан кейин ёмонлашганини айтадилар.

Охирги йилларда қиш Ўзбекистон учун қаттиқ келди.

Жойларда маҳалла фаоллари жалб этилиб, аҳолини кўмир билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Наманганликларнинг айтишларича, шу кеча-кундузда ҳам қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган одамларга бир тоннаси 85 минг сўм(31 АҚШ долларидан зиёдроқ)дан кўмир тарқатишга киришилган.

Фарғонада бир трактор прицепига тўлдирилган ўтиннинг нархи 1,5 миллион сўм ёки 550 АҚШ долларига етган.

Одамлар уйларини иситишнинг ота-боболар давридаги сандал-танча усулларига қайтишга мажбур бўлганларига анча бўлди.

Қаҳратон қиш янги кашфиёту-уйларни иситиш янги усулларини топишга ҳам ундамоқда.

Фарғоналиклар шу кунларда “Олтиариқ печкаси” мода бўлгани ҳақида гапирмоқдалар.

Бу печканинг хусусияти унда фойдаланиладиган арра қириндиси ёки оддий одамлар “апилка” деганда яхшироқ тушунишадиган қурилиш чиқиндиси ёнишига асосланган.

Аҳолига арзон нархда берилаётгани айтилган “Ангрен кўмири”нинг сифати кўнгилдагидек эмас.

Бугунги кунга келиб ҳатто оддий ўзбекистонликларнинг суҳбатларида ҳам “газимиз Хитойга кетаяпти-да, биз нима ҳам қила оламиз”, деган гапни эшитиш мумкин.

Бу халққа ҳисобот берилмайдиган мамлакатда норозилик эмас, фикрни ифода қилишнинг бир шакли сифатида янграйди.

Қайта қуриш йилларида газини Россияга бериб, ўзи тезак ёққан ўзбегим ҳақида шеър ёзилганини эслаш ҳам маъқул кўрилмайди.

 

bbc.co.uk/uzbek