Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 161
(давоми)
ТУЖИБ ҚАБИЛАСИДАН КЕЛГАН ЭЛЧИЛАР
Тужиб қабиласидан эрса, ўн уч киши элчи бўлиб, Мадинага келишди. Закотга чиқаришган чорва молларини бирга ҳайдаб келишган эди. Бу қилган ишларини кўриб, Расулуллоҳ улардан бек рози бўлдилар. Чунки булардан бошқа ҳеч бир қабиладан мундоғ иш кўрилмаган эди. Расулуллоҳ билан кўришиб бўлгач, алар:
— Ё Расулаллоҳ, чорва молларимиздан Аллоҳ буюрган закотларимизни чиқазиб сизга келтирдик, — дейишди.
Анда Расулуллоҳ:
— Кўп яхши. Лекин ҳар ердан олинган закот молларни шу ернинг чоғайларига, касб қилишдан ожиз қолган муҳтож кишиларга бериш керакдир. Бир шаҳардан чиққан закотни, иккинчи шаҳарга келтириб бермак лойиқ эмасдур. Бу молларни ўз ерингизга қайтариб бориб, у ернинг фақир, мискин муҳтожларига берингизлар, — деб буюрдилар.
Анда:
— Ё Расулаллоҳ, ўз еримиздаги фақирларимизни тўйдирдик. Аларни қаноатлантириб, ортиқчасини бу ерда келтирдик, — дедилар.
Анда Расулуллоҳ розилик билдириб:
— Агар банда бир яхшилик иш қилмоқчи бўлса, ул ишга чин ихлос, муҳаббати билан киришмоғи лозимдур. Ул агар шундай қилур экан, билсинки, Аллоҳдан унга тавфиқ етмишдур. Бундай бўлгач, Исломга унинг кўнгли очилур, — дедилар.
Расулуллоҳдан бу сўзни эшитиб, дин ишларига кўнгиллари янада қизғинлашди. Қайтишга кўп шошилмай, Қуръондан қироат ўқишиб, Ислом ҳукмларидан сўрашгани турдилар. Буни кўриб, Расулуллоҳ улардан кўп рози бўлдилар. Чунки буларнинг иймонлари юзаки бўлмай, онгли равишда Исломга кирдилар. Сўнгра ўз юртларига қайтмоқчи бўлишиб, Расулуллоҳдан рухсат олгали келишди. Расулуллоҳнинг одатлари эрса, атрофдан келган элчиларга инъом қилмасдан қайтармас эдилар. Ул зот буюрдиларким, бу қабила элчиларига бошқалардан кўпроқ инъом берилсин. Алар соврунларини олиб бўлгач Расулуллоҳ:
— Сизлардан ҳеч ким қолмадими? — деб сўрадилар.
— Ё Расулаллоҳ, қўш пойлаб бир ёш боламиз қолди, — дедилар:
Анда ул зот:
— Ани келтургайсиз, — деб буюрдилар.
Келгандан сўнг кўрдилар, бир ёш ўғлон эмишдир. Ул айтди:
— Ё Расулаллоҳ, меним бу йўлдошларимнинг барчалари ўз тилакларини топдилар. Энди меним ҳам бир неча тилагим бордур.
Анда Расулуллоҳ:
— Нима ҳожатинг бўлса айтгил, — дедилар.
Анда ул ёш бола:
— Биринчи, Аллоҳ менинг гуноҳларимни кечгай. Иккинчи, раҳматидан мени йироқ қилмагай. Учинчи, кўнглимга қаноат бергай, — деди.
Расулуллоҳ ҳам:
— Омин, шундоғ бўлсин, — деб дуо қилдилар. Яна унга ҳам ҳадя бердилар. Шу билан улар ҳам ўз юртларига қайтишди.
Шу йили Расулуллоҳ ҳажга борганларида, бу ўғилнинг йўлдошларини кўриб қолиб, ул болани сўрадилар, ул эрса бу йили келмаган эди. Улар айтди:
— Ё Расулаллоҳ, бу ердан боргач, ул боланинг ҳоли ўзгарди. Шундай қаноатли киши бўлдиким, агар дунё хазинаси халқ ичида бўлинур бўлса, унга қараб қўймагай, — дедилар.
Анда Расулуллоҳ:
— Андоғ бўлса умид шулдурки, у кишининг ажали етди эрса, хотиржамлик билан кўнгли бўлинмасдан дунёдан кетгай, — дедилар.
Бир киши туриб:
— Ё Расулаллоҳ, кўнгли бўлиниб ўлган киши қандоғ бўлур? — деди.
Расулуллоҳ айтдилар:
— Инсон кўнгли дунё ишларига боғланиб, охират ишларидан парвосиз бўлса, ғафлат босиб, ўлим ёдига келмагай. Мундоғ одамлар кўнглида Аллоҳ муҳаббати ҳам бўлмағай. Агар шундоғ одамга ажал етар экан, дунёсининг қайси бир чуқурига йиқилиб ўлса Аллоҳ ҳам, унга парво қилмагай, — дедилар.
Расулуллоҳнинг бу сўзлари эрса, бутун инсон олами ичра ибратли сўздир.
Расулуллоҳ вафот топгандан кейин иймон, кўнгилларига яхши ўрнашмаган араб қабилаларидан бир нечалари диндан қайтиб муртад бўлдилар.
Ана шу чоғда Ислом дини ҳақида сўзга чиқиб, Худо ва Расулуллоҳни ёд қилиб, ўз қавмига шу ўғил ўткир бир ваъз қилдиким, шунинг таъсири бўлиб, улардин ҳеч ким диндан қайтмади. Разияллоҳу анҳу.