O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кўнмаслик саодати, ҳижрат ва шеърият ҳақида

Кўнмаслик саодати, ҳижрат ва шеърият ҳақида
231 views
21 March 2013 - 14:18
d185d0b0d0b9d180d183d0bbd0bbd0be-d184d0b0d0b9d0b7-2003-d0b9d0b8d0bb-d0b0d184d293d0bed0bdd0b8d181d182d0bed0bdd0b4d0b0

Хайрулло Файз

Муҳаммад Солиҳ ҳақида ёзиш осон эмас
бунга эҳтимол бир неча “калит “ сўзлар сабабдир
Шоир ўз ижоди билан
“қулфлоқ” бўлган мавзуларни очгани учунми
камина ҳам “эрк”инроқ, озодроқ бўлишни “орзу” қилдим

Нима керак сенга?
Нима излайсан?
Кўнсанг бўлмайдими шу ҳаётга?

 

Дўстларим кўрсатган ўша ҳаётга
Атир ҳиди анқиб турган ҳаётга
Узоқ тикиламан
Яна тикиламан…

Кўнмайман.

[soundcloud id=’84250078′ color=’#B8240D’]

ким бор эди етмишинчи йилларда
адабиётда
кўпчилик бугун ҳам бор эмасми
ва таъна маломатлар эмас аммо
шўроларнинг
сунъий боғида бахтиёр шоирлар ленину коммунизмга достон куйлашарди
иссиқхона гуллари каби чиройли эди олам
аммо иссиқхона эдида барибир

кейин бу кўнмаслик баломиди
саодатмиди
аммо иссиқхонадан ташқарида Муҳаммад Солиҳ бор
эди ва бугун қарангки бу даъво эмас
бу бор гапдир

кимдир бугун ҳам кўнмасликка ўнлаб сабаблар борлигини айтади
хақу ноҳақлар беваю бечоралар бой ва камбағаллар билан
тобора кенгайиб бораётган зиндонлар
ётдан эмас ёвдан эмас қўни қўшни қардош ўлкалар сарҳадларига экилаётган
ўлим уруғлари
ўзимизга ўзимиз қазиётган чоҳлар

яна ҳеч ким мен жавоб бераман буларга демайди

Деса эди

Мана шу кетаётган одамларга қараб,
Мана шу кетаётган одамларга мен,
Мен жавоб бераман деса эди кимдир.

Мана шу кетаётган, тинмай кетаётган
Одамларга қараб, шуларга мен жавоб бераман,
Мен жавоб бераман, деса эди кимдир.

Майли бақирмасин,Майли, ҳайқирмасин,
Майли, жар солмасин дунёга,
Майли, пичирласин,
Лоақал пичирласа эди,
Мен жавоб бераман шуларга, дея

1986

шўролар замонида
динни қўйинг миллатни қўйинг ўзини қул қилганлар
озмиди дейсиз
яна бу таъна эмас маломат эмас ва даъво эмас

шеър нима эди Муҳаммад Солиҳга

Муҳаммад Солиҳ: Шеърият мен учун қисқа қилиб айтганда, яшаш тарзи, яшаш шакли эди. Нафас олиш шакли, дунёга қараш шакли эди. Шеърият ҳамма нарса эди…

қани ватан ҳақида ленин ҳақида ёзган шеърларингиз
бунча тушкун ёзганларингиз дея ёзғиришгани табиий ўша пайтлар
ўша пайтлар ўнлаб адабий журналлару газетлар нашр этиларди
минглаб китоблар расталарни тўлдириб турарди
муҳаррирлар бор эди ҳушёрлантирилиб туриладиган

шўролар деярли йиқилаётганида ҳам уйғонишни истаганлар кам эди
адабий газетларда ҳамон режа бўйича кексаю ёш шоирларнинг қасидалари чизилар ва ҳеч ким орадан атиги уч тўрт йил ўтибленин коммунизм шўролар русия ссср деган сўзлар учун бошида калтак синишини
хаёлига ҳам келтирмас эди

ва эҳтимолки ҳатто бу сўзларни етмишинчи йиллардан бери ижодига
ўзига сиғдирмаган Муҳаммад Солиҳ ҳам

Муҳаммад Солиҳ: Энг ёшлик пайтимдаёқ, тўғрироқ айтсам ҳарбий хизматда бўлган кунларимдаёқ менда бу режимга нисбатан аллергия пайдо бўлди ва бу ўша бутун Совет даврида менинг ҳаётим бўйи давом этди. Ундан олдин ҳам мактабда ўқиб юрганимизда ҳам менда бу тузумга нисбатан ҳеч бир муҳаббат бўлмаганди. Балки оиламизнинг ижтимоий келиб чиқиши ва бизга муносабатлар бунга сабаб бўлгандир. Бизнинг боболаримизни шўролар ҳокимияти йигирманчи йилларда қатл қилган. Ижтимоий келиб чиқишимиз сабабли ҳам биз доим ўгай бир оила сифатида ташқарида қолдик. Бу университетдаги талабалик йилларимда ҳам давом этди. Доим бегоналик ҳисси билан яшадим.

тасаввур қилинг
фақат Ўзбекистон эмас
дунёни ларзага солиб турган тоталитар тузумда бу каби бегоналик ҳисси билан яшаш ва бу тузумни мадҳ этмаслик осонми

қийин эди жуда дейди шоир
аммо буни биз тўғри инсонларнинг тақдири деб билардик
бундан ғурурланардик дейди Муҳаммад Солиҳ

Шу сўз учун

Шу сўз учун
Юз йил илгари
Унинг кўзларини ўйишар эди,
Шу сўз учун юз йил олдин
Кесардилар унинг тилини,
Шу сўз учун ўн аср аввал боши кетган бўларди унинг…
Сарсон юрар эди асрлар аро
Ўтмиш йўлларида сочилиб ётган
Ўйилган кўзию йўқотган бошин
Ва кесик тилини излаб юрарди
Бугун айтиш учун ўша сўзини.

1981

ўтган асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётида икки шеърият бор эди
бири Муҳаммад Солиҳ шеърияти иккинчиси ўзбек шеърияти

Ҳамид Исмоил: Ўзбек шеъриятида биргина “юрак “ деган сўзни олинг. Чўлпондан бошласак, “ кўнгил сен бунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг” дейди ва юракни “қул” айлантиради. Усмон Носир юракка “ соз “ деб ном беради. “Юрак сенсан менинг созим…” Олтишинчи йилларга келиб Эркин Воҳидов “юрак”ни уммонга менгзайди… Саксонинчи йилларда эса Муҳаммад Солиҳ “юрак”ни юрак сифатида тасвирлайди. У сўзга сўзлигини қайтариб берган шоирдир.

Уларга айт, севгилим

Сен ва мен биламиз
Муҳаббатнинг
Тимсоли мажнунтол эмаслигини.

Сариқ гул – айрилиқ,
Қизил гул, учрашув дегани эмас.

Айт уларга,
Тушунтир севгилим,
Биз қандай севгандик бир-биримизни,
Қандай севган эдик,
Гуллари узилган оламда!

Ўзбекистонлик адабиётшунос:(исми-шарифини бугун зикр этмоқнинг маълум сабабларга кўра имкони йўқ )
Шоирнинг истиқлолдан олдинги йилларда ёзилган шеърларида “орзу” калимаси ниҳоятда кўп учрайди: “Агар орзулардан чарчасанг…”, Қўлни теккизмоқлик сенга – бу орзу… (1975), “Асрларни тешар Қорачиқ / Ёнган орзуларнинг метин кўмири…” (1975), “Тўрт девор ичида ўтириб / Қанот орзу этмоқ ундан ҳам ёмон…”, Апелсинни орзу қил, ҳеч қаерда йўқ aпелсинни…” (1982) ва ҳоказо. Бу ҳолат бир қанча шеърлари сарлавҳасига ҳам кўчган: “Агар орзулардан чарчасанг”, “ “Ёнган орзулар”, “Орзу қил”, “Орзу фуқароси” ва ҳоказо. Ҳатто “Орзу” деб аталган иккита шеъри ҳам бор.
Дастлаб шахсий кечинмалар ифодаси ўларак пайдо бўлган сатрлардаги ОРЗУ вақт ўтиши билан ижтимоийлаша бошлайди, тинимсиз катталашади ва бора-бора исёнга айланади. 80-йилларнинг ўрталарига келиб, маълум бир маънода сиёсий норозилик тусига ҳам киради:

Мен бу ерлик эмасман асли,
Мен орзунинг фуқаросиман.

ОРЗУ уни рўёбга чиқаришга йўл бермаётган тузумга қарши “Адашганлар қўшиғи” сингари айбловга, миллатнинг чорасизлигидан ачинишга дўнади:

Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,
Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,
Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,
“Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат.

Муҳаммад Солиҳ миллатнинг дардини теран англайдиган шоир сифатида фақат айблов билан чекланиб қола олмас эди. Унинг шеърларида улғайиб келаётган миллат озодлиги ОРЗУси тобора қатъийлаша бориб, муайян ғоя – сиёсий кураш қуролига ҳам айланади. Эҳтимол, бу ҳол унинг кейинчалик сиёсат билан шуғулланиб кетишига сабаб бўлгандир.
Лекин ОРЗУ тадрижи бу билан тўхтаб қолмади. Унинг муҳожирликда ёзилган шеърларига ҳам кўчди ва энди ўзгача мазмун касб эта бошлади:

Орзу этмакдаман: ҳисоб кунида
Раббим кўрар экан менинг ишимни,
менга “қулим Солиҳ” дейиш ўрнига
“солиҳ қулим” дея сасланишини…

бу орзулар шоирнинг дилидан тилидан миллионлар юрагига кўчганида борми

Ўзбекистонлик шоир, ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирлари ва тўқсонинчи йиллар бошида талаба:

Бизнинг авлод ҳали Шўроларнинг илиқ қучоғидан чиқиб улгурмаган эди. Аммо бизга нимадир етишмас эди, қанақадир ишончсизлик бўшлиғи юзага кела бошлаганди… Ўша бўшаб бораётган дунёмизни Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари ва шоир ҳақидаги у ёқ-бу ёқдан эшитган гапларимиз тўлдира бошлади. Биз бирданига, таъбир жоиз бўлса “анойи”лардан эмаслигимизни англаб қолдик. Ёппасига тарихдаги улуғларимиз ҳақида ўргана бошладик, Шўроларга қарши авваллари мисли кўрилмаган нафрат шакллана бошлади ичимизда… Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини ўқийдиган ва баҳс эта оладиган талабаларга бошқалар қандайдир яширин ҳурмат, озгина шубҳаланиш билан қарар эди… “Қарагин-а, қанақа ақлли, шу шоирнинг шеърларини ўқир экан…” Биздаги бу уйғониш Солиҳнинг фақат сиёсийлашган шеърлари эмас, балки бизга авваллари нотаниш бўлган шахс сиймоси билан уйғун кеча бошлади. Масалан, шундай бир шеъри бор адашмасам – “ Бошимдаги оқ қордир, болам. Осмондан эмас, ердан ёққан қор…” ва ёки “Шоирнинг севгилисига ёзган очиқ хати “ ёдингиздами?
“Мунисим, пахтадан бошингни кўтар, кун ботди, келди бош кўтармоққа пайт! Чўлни қувавериб , ўзинг ҳам дилбар, чўлга қувғин бўлдинг, етар, уйга қайт!”… Бунақаси бўлмаганда ўзбек шеъриятида…Аммо биласизми, шу исённи, шу фикрлаш ва адабиётни, шу зеҳниятини Муҳаммад Солиҳ кенг оммага ёймади. У учун Шўролар тимсолида бир душман образи яралган ва Солиҳ назаримда бутун эътиборини шунга қаратганди. Тасаввур қилинг, агар бу “қарашлар” халққа юққанида, эҳтимол Ўзбекистон бугун бошқача бўларди, биз бу даражада маҳдуд бўлмасмидик? Чунки Муҳаммад Солиҳларга ўхшаган шоирлар сўзига илҳақлик бор эди. Эҳтиёж бор эди. Шоир ўз сўзини халққа ёйиши керак эди.

халққа бу орзуларни ёймоқликнинг имкони бормиди

Муҳаммад Солиҳ: Менимча, йўқ эди. Шоир одам халқ учун ( халқ дедик, зотан халқ буюк тушунча) тушунарли бўлади, халққа ёқади ва ё халқни инқилобга кўтариш учун ҳам ўзининг усталик санъатидан воз кечолмайди. Албатта халқ озодлиги йўлида шеърнинг жуда катта ўрни бор. Аммо шоирнинг “менлиги” халқ “менлиги” билан дуч келганида, афсуски, унга бўйсунгиси келмайди. Эҳтимол, шоирнинг ва шеърни ҳам кучи шундадир…

Афу эт мени

Тақлид қилолмадим, кечир, Ватаним-
Тош каби бардошли бўлолмадим ҳеч.
Сапчиб турган эсам, айбситма мени,
Афу эт, ахир, мен ўлолмадим ҳеч.

Кечир, сапчиб турдим оғир уятдан –
Тарихидан жудо бўлган халқ каби
Келажаги қаро инсониятдай –
Энг сўнгги лаҳзада турдим мен қалқиб!

Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,
Шаккок фарзандингни афу эт, ватан –
Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим,
Тушдим, сакраб тушдим тилла тобутдан!..

шоирнинг ватанда қолган дўстларидан бири
эртага бизга ва ёзганларимизга нима бўлишини билмайман
эртага бизни эслашадими йўқми бу ҳам номаълум
аммо Муҳаммад Солиҳ ёзганларининг тақдири кундай равшан дейди
бугунча эса

На гўзал

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга “зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

яна бугунча ҳижрат

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеърий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиши-чун кўзларимга ёш
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлғиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман…

bbc.co.uk/uzbek